Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

ПАЙҒАМБАРЛИК ВА ДИН

1.11.2019   4568   21 min.
ПАЙҒАМБАРЛИК ВА ДИН

 

بِسۡمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحۡمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ

 

МУҚАДДИМА

Инсонларни ҳидоятга бошлаш, ер юзида турли хил бидъат ва хурофотларга барҳам бериш ва Ўзининг қудратини намоён этиш учун пайғамбарлар жўнатган Аллоҳ таолога Ўзининг улуғлиги ва қудрати қадар ҳамда Одам (алайҳиссалом)дан тортиб, то қиёматга қадар яшайдиган барча махлуқотлар, мавжудотлар ва набототлар ададича ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбарлар саййиди, башариятнинг энг улуғи Расули акрам Муҳаммадга йигирма уч йил давомида босқичма-босқич нозил қилинган, китобларнинг энг улуғи Қуръони каримнинг ҳар бир ҳарфи қадар, ҳаёти давомида мусулмонларга ҳам сўзда, ҳам амалда кўрсатиб бериб кетган муборак насиҳатлари баёнининг ҳарфлари ададича дуруд ва салавотлар бўлсин.

Ул зотнинг ҳадислари бизларгача етиб келишида хизмати сингган ҳар бир саҳоба, тобеин ва табаа тобеинларга Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати бўлсин. Ҳадиси шарифда айтилганидек, Пай­ғамбар (алайҳиссалом)нинг ҳадисини эшитиб, ёдлаб, синг­ди­риб, сўнгра адо этган барча мўмин-мусулмонларни Аллоҳ таоло ғайб хазинасидан неъматлантирсин.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг ҳаётлари асрлар оша башарият учун улкан мактаб ва беназир намуна вазифасини ўтаб келмоқда. Ҳар бир сўзи ҳикматларга йўғ­рилган, ҳар бир амали замирида яхшиликлар яширинган зот­нинг насиҳатлари барча инсонлар учун ўта зарурдир.

У зот ҳаводан олиб гапирмаслигини тасдиқлаган Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿ وَمَا يَنطِقُ عَنِ ٱلۡهَوَىٰٓ

«(Яна у Қуръонни) хомхаёлдан олиб сўзлаётгани ҳам йўқ» (Нажм, 3). Оят давомида гапирган ҳар бир гапи ваҳий экани зикр қилинган. Демак, мана шундай улуғ зотнинг ҳаётини қизиқиш билан ўрганиш, ҳадисларини ёд олиб, билмаганларга етказиш ҳар бир мўминнинг вазифасидир. “Ўзингиз учун яхши кўрган нар­сани биродарингизга ҳам яхши кўрмагунингизча комил мў­мин бўла олмайсиз”, деган ва ҳаётда фақат ўзи учун эмас, балки жамиятни ўйлаб, инсонларнинг маънавий соғлом бўлиши учун ҳаракат қилиш зарурлигини уқтириб кетган Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг юриш-туришлари, одоб-ахлоқларини ўрганишни шараф деб билиш зарур.

Ҳурматли китобхон!

Биз ўзимизни таниганчалик Пайғамбаримизни таниймизми? Бошқа дин вакиллари тан олиб, улуғлигини тасдиқлаган зотнинг қолдириб кетган бебаҳо меросини ўз ҳаётимизга жорий қила оляпмизми? “Мендан бир оят бўлса ҳам, етказинг...” ҳадисига амал қила олдикми?

Мана шу каби саволлар билан яшаш, “бўлса бўлар, бўлмаса, қолиб кетар” каби боқибеғамликлардан йироқ яшашни ўрганайлик.

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васи­ятлари” китоби кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлиб, бу китобни ёзишда “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг васиятлари” номли китоб асос қилиб олинди.

Ушбу китобдан муқаддас динимизнинг беш асоси бўлмиш – имон, намоз, рўза, закот ва ҳаж каби амалларнинг ҳикматлари ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг мав­зуларга тегишли ҳадислари ўрин олган.

Улуғ зотнинг ҳар бир васияти минглаб йиллар ўтса ҳам, ҳар доим ўқилганда худди ҳозир айтилгандек, айни бугун учун айтилгандек бўлаверади.

Азиз ўқувчи, китобдан ўзингиз учун бирон наф кўрсангиз, буюк Аллоҳдан деб билишингиз ва хато, камчиликларни камина ходимингиздан деб билишингизни илтимос қиламан.

Аллоҳ таоло ушбу китобни барчамиз учун фойдали қилсин, омин!

 

 

ПАЙҒАМБАРЛИК ВА ДИН

Аллоҳ таолонинг Ўзига маълум ҳикмати илоҳийси Одам (алай­ҳиссалом) зурриётлари учун вақти-вақти билан расул-элчи юбо­ришини тақозо этди. Башарият учун расул ёки набий юбориш Аллоҳ таолонинг бандаларига ўта меҳрибон экани намунасидир. Ас­лида, Аллоҳ таоло инсонларга пайғамбарлар жўнатмасдан ту­риб ҳам, уларни масъул қилса бўлар эди. Чунки ҳеч бир махлуқотга берилмаган ақл фақатгина инсонга ато этилган.

“Расул” сўзи луғатда “элчи”, “вакил” ёки маълум топшириқлар билан бошқа шаҳарга “юборилган киши” деган маъноларни англа­тади.

Шаръий истилоҳда эса, Аллоҳ таолонинг қонун-қоидаларини Унинг изни ва буйруғи билан башариятга етказувчи, уларга зарурий таълимни берувчи элчи, пайғамбар демакдир.

Ҳозирги кунга келиб, араб тилидан бошқа тилларда “набий” ва “расул” сўзлари ўрнига “пайғамбар” сўзи ишлатиладиган бўлиб қол­ди. “Набий” ҳам, “расул” ҳам пайғамбар дейилаверади. Бу икки сўз бошқа тилларга таржима қилинганда бир-бирига маъно жиҳа­тидан яқинлиги учун шундай урф бўлгандир, эҳтимол. Лекин араб тилида ҳар иккала сўзнинг ҳам ўзига яраша маънолари бор.

Уламолар “набий” ва “расул” сўзи орасидаги фарқларни очиб берган:

Аллоҳ таоло кимга ваҳий юбориб, ўша ваҳийни бошқаларга етказишни буюрса, ўша одам набий ва расулдир. Аммо бошқаларга етказишни буюрмаса, у одам набийдир, расул эмас.

Расул фаришталардан ҳам, инсонлардан ҳам бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда:

«Албатта, у (Қуръон) бир улуғ элчи (Жаброил Аллоҳ ҳузуридан келтирган ваҳий) сўзидир» (Таквир, 19) де­йилган. Оятдаги “расул” сўзидан Жаброил (алайҳиссалом) ирода этилган, дейилади тафсир китобларида.

Расул янги шариат билан келади. Набий эса, янги шариат би­лан келмайди. Балки ўзидан олдинги шариатга амал қилади ва ўзгаларни ҳам унга амал қилишга даъват этади.

Қуръони каримда “расул” ва “набий” сўзлари кўп оятларда зикр қилинган. Жумладан, бу икки сўз Муҳаммад Пайғамбари­миз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нисбатан ҳам ишлатилган.

Аммо “расул” ва “набий” сўзини ишлатишда эътиборли бўлиш лозим. Сабаби, бу сўзлар нозик маъноларни ҳам ифода этади. Қуръони каримда Муҳаммад Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нисбатан “набий” сўзи ўттиз ўринда келган бўлса, асо­сан, ўзаро инсоний алоқалар, никоҳ, мерос ва ўлжа каби масалаларда ишлатилган.

Шу маънода “расул”ни “пайғамбар” деб таржима қилиш, “на­бий”ни эса, таржима қилмасдан “набий” деб атайвериш ҳамда ҳар иккала маънони қўшиб баён қилишда “пайғамбар” деб ишлатиш мумкин экани “Шарҳи талхиси ақоиди Таҳовия” асарида зикр этил­ган.

Одам (алайҳиссалом) Ер юзига туширилганида бўлажак фар­зандларига ота бўлиши билан бирга, уларга Аллоҳ таолони тани­тадиган, Унгагина сиғинишни, Ундангина қўрқишни ўргатадиган расул – пайғамбар қилинган эди. Отамиз Одам (алайҳиссалом)дан кейин Аллоҳ таоло бандалари орасидан ўзига ёққан ва расуллик андозасига тушадиган анчагина кишиларни, улуғ зотларни пай­ғамбар қилиб юборди. Аллоҳнинг иродаси шу бўлди, пайғамбарлик силсиласининг илк вакили Одам (алайҳиссалом) бўлган бўлса, охи­ри Муҳаммад (алайҳиссалом) билан тугатилди.

Илоҳий пайғамбарларнинг барчаси Аллоҳ ҳузуридан битта дин – ягона Аллоҳга ишонч ва эътиқоддан иборат бўлган Ислом ди­нини, мусулмонликни келтирган. Мусулмонлик ҳақиқатан ҳам инсонийлик динидир. Инсонларнинг энг биринчи ўрганган дини Аллоҳнинг бирлигига ишончдан иборат эди. Уларга бу эътиқодни ўз ораларидан танлаб олинган илоҳий пайғамбарлар етказди. Энг сўнгги пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам ай­ни шу эътиқодни тарғиб қилдилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келишларидан олдин аввалги пайғамбарлар тарғиб этган ягона Аллоҳга ишонч­нинг асослари турли кимсалар тарафидан бузилган, ҳар хил са­баблар билан ўзгаришларга учраган эди. Ҳатто, Аллоҳга ибодат ўрнини бут ва санамларга сиғиниш эгаллаганди.

Бутпарастликнинг асоси – табиат кучларини илоҳийлаштириб юксалтириш, расм, ҳайкалларда акс этган бу кучларга инсонларни сиғинтириш билан инсонларнинг қадр ва шарафини ерга уриш­дан иборат эди.

Бошқа пайғамбарларнинг ўз даврида амалга оширган ва­зи­фалари сингари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам давр таъсирида ўзгариб қолган бу асосларни асл ҳолига қайтардилар. Табиат кучларига сиғинишни ман этибгина қолмай, айни пайтда, бу кучлардан тўғри фойдаланишни билдириб, инсоният шара­фи­ни юксалтирдилар. Бинобарин, Аллоҳ таоло Ер ва кўкдаги нарса­ларни, шу жумладан, инсонни ҳам шунчаки яратган эмас, демак, инсонга ақл ҳам бежиз берилган эмас.

Аллоҳ инсонни икки борлиқ – кўз билан кўринадиган моддий ва кўз билан кўринмайдиган маънавий борлиқ билан яратган. Кўпинча инсоннинг моддий борлиғи маънавий борлиғидан устун келади. Ўша пайт инсоннинг иродаси ҳақни таниёлмай қолади. Қалб кўзлари беркилади. Камолот даражасини топ­маган ақлнинг кучи адолат ўрнатиш учун етмай қолади, кўз билан кўрилмайдиган нарсаларни тушунолмай қолади. Бу ҳол маънавий хасталикдир. Бу хасталикни даволайдиган бирдан-бир чора илоҳий тарбия бўлиб, унинг дастури эса, пайғамбарлар воситаси билан инсониятга юборилган ваҳийдир. Ваҳий фақат пайғамбарлар воси­тасида юборилади. Таъбир жоиз бўлса, илоҳий ваҳий – Ер юзига пайғамбарларнинг юборилишидир.

Дин эса, ҳар бир пайғамбар ваҳий орқали Аллоҳдан олган ҳукмлар йиғиндисидир. Дин деганда, ягона Аллоҳ ва Унинг элчиси эсга келади. Ваҳийга суянилмаган, бир пайғамбар томонидан етка­зилмаган кўрсатмаларга “дин” деб бўлмайди.

Аллоҳнинг ҳузуридан пайғамбарлар орқали инсониятни ҳи­доятга чақириш учун юборилган дин Ислом динидир.

Ислом дини инсон яратилгандан буён мавжуддир. Инсоният бор экан, у ҳам албатта туради. “Аллоҳ” фикрининг йўқолиши ин­соният ҳаётига нуқта қўйилишидир.

Исломий эътиқодга кўра, пайғамбарлик Аллоҳнинг бандала­рига берган энг буюк лутфидир. Инсонлик даражасининг энг юксак чўқ­қисидир. Ҳеч ким пайғамбарлик мақомига ўз ақли, билими ва ғайрати билан эришолмайди. Пайғамбарлик мерос ҳам қолмай­ди. Пайғамбарларни Аллоҳ таоло бандалари орасидан Ўзи танлайди.

Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади:

﴿ ٱللَّهُ يَصۡطَفِي مِنَ ٱلۡمَلَٰٓئِكَةِ رُسُلٗا وَمِنَ ٱلنَّاسِۚ إِنَّ ٱللَّهَ سَمِيعُۢ بَصِيرٞ

«Аллоҳ элчиларни фаришталардан танлайди, инсонлардан ҳам. Дарҳақиқат, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир!» (Ҳаж, 75)

Азиз биродар! Бизга ўтмиш пайғамбарлар қанчалиги-ю, улар­нинг шахсий ҳаётларини билиш муҳим эмас. Чунки улар ҳам сиз ва биздек оддий инсонлар бўлган, фаришта эмас! Фақат улар фазилатда, эзгуликда умматларига намуна ва инсон учун икки дунёда ҳам ҳузур-ҳаловат, бахт-саодат бахш этувчи эътиқодга бош­ловчи бўлган (Уларнинг барчасига Аллоҳнинг саломи бўлсин).

Аммо бизнинг билишимиз лозим бўлган нарса шуки, уларнинг барчаси қуйида келтирадиганимиз икки нарсага даъват этган:

Биринчиси. Ақида.

“Ақида” сўзи луғатда икки нарсани бир-бирига боғлаш, тугун маъносини англатади.

Истилоҳда эса, қалб билан соф диний таълимотни бир-бирига мустаҳкам боғлаш, ишониш.

Расуллар умматларини аввало соф ақидага, яъни Аллоҳ тао­лонинг борлиги, бирлигини тасдиқ этиш, унга нолойиқ бўлган барча си­фатлардан пок эканига ишониш, охират куни, ҳисоб-ки­тоб, жаннат-дўзах ҳақлигига имон келтиришга даъват этган.

Ҳамма пайғамбарларнинг ақидаси бир бўлиб, шариатлари ҳар хил бўлган. Ақида бир неча нарсалардан ташкил топган бўлиб, уни қалбга мустаҳкам ўрнатиб олиш ва унга қалб ҳеч қачон гумон қилмаслиги ҳамда қалб унга ҳақиқий ишониши керак. Ақидасиз кишининг ҳаёти ҳаёт эмас. Ақидасиз умр жуда оғир ва маъносиз бўлади. Ақида билан ўтган умр эса жуда яхши, лаззатли ва маъноли бўлади. Бундай дейишимизнинг бир неча сабаблари бор:

Баъзилар одамда руҳ йўқ, фақат танадан иборат дейди. Лекин одамнинг танасида албатта руҳ бор.

Танамизни еб-ичиб қувватлантирганимиз каби руҳимизни ҳам худди шундай озиқлантиришимиз керак. Кишининг ақидаси қанчалик тўғри ва мустаҳкам бўлса, унинг қалби ҳам шунчалик тинч ва хотиржам бўлади. Аммо кишининг ақидаси қанчалик бузуқ ва нотўғри бўлса, унинг қалби ҳам шунчалик нотинч ва ташвишда бўлади. Аллоҳ таоло инсонга тўғри ва нотўғри йўлни кўрсатиб қўйди. Ким тўғри йўлда бўлса, азобдан қутулади. Ким нотўғри йўл­да бўлса, азобда қолади.

Агар кишининг ақидаси тўғри бўлса, у ҳаётида ҳайрон қолади­ган саволларга йўлиққанда, шу саволларга тўғри жавоб бера олади. Масалан: Мен кимман? Мени ким яратди? Нима учун яратди? Шу каби саволларга ақидаси соф одам тўғри жавоб бера олади. Аллоҳ таоло бундай дейди:

﴿  يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ ٱعۡبُدُواْ رَبَّكُمُ ٱلَّذِي خَلَقَكُمۡ وَٱلَّذِينَ مِن قَبۡلِكُمۡ لَعَلَّكُمۡ تَتَّقُونَ

«Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганлар­ни тақво қилишларингиз учун яратган Парвардигорингизга ибодат қилинг» (Бақара, 21).

“Нима учун яратди?” деган саволга жавоб: Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿وَمَا خَلَقۡتُ ٱلۡجِنَّ وَٱلۡإِنسَ إِلَّا لِيَعۡبُدُونِ

«Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилиш­лари учунгина яратдим» (Зориёт, 56).

Ҳаётда ҳар бир киши ўз ақидасига эга. Лекин ақида тўғри ёки нотўғри бўлишига қараб кишини бахтли ёки бадбахт қилади. Ин­сонлар ҳар қанча бой бўлмасин, агар уларнинг ақидаси тўғри бўлмаса, улар бахтсиз ҳисобланади.

Аллоҳ таоло бундай дейди:

﴿وَمَنۡ أَعۡرَضَ عَن ذِكۡرِي فَإِنَّ لَهُۥ مَعِيشَةٗ ضَنكٗا وَنَحۡشُرُهُۥ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِ أَعۡمَىٰ

«Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, (кофир бўлса) бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз» (Тоҳо, 124).

Инсон қанчалик кўп яшамасин, агар унда тўғри ақида бўлмаса, у ўзининг ҳеч кимга керак бўлмай қолганини сезади. Масалан, ким­дир ҳаётини уй-жой солиш, бошқа бири обрў-эътибор топиш, яна бошқаси молу дунё йиғиш билан ўтказиб юборади. Тўғри, улар ўз мақсадларига етади, лекин охирига келганда ҳаммасидан қуруқ қолиб, ўзи учун зарур бўлган нарса бу нарсалар эмаслигини сеза­ди. Уларнинг юраги нотинч бўлиб сиқила бошлайди, бойиган сари уларнинг ҳаловатсизлиги кучайиб боради. “Мен ўлсам, мол-дунём кимга қолади?” каби ўй ва саволлар кўпаяди.

Ақидаси тўғри бўлган одам, бу ҳаётда хотиржам яшайди. У бу дунёдан ўтгандан кейин охират бор, деб аниқ ишонади. Шунинг учун у бу дунёнинг неъматларига кўнгил қўймасдан яшайди ва ҳаётда қанчалик қийинчиликларга дучор бўлмасин, ҳаммасига сабр қилади. Бу дегани илм ўрганма, профессор бўлма, дегани эмас, аксинча, илм ўрган, олим бўл, фақат Аллоҳ учун ўрган, деган ақиданинг тасдиғидир.

Саодат асрининг буюк вакиллари бўлмиш саҳобалар ҳам ўз ақидаларида мустаҳкам бўлиб, уларни дунёнинг ҳеч бир нарсаси чалғита олмаган. Жумладан, ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу)­нинг Аллоҳ таолога бўлган имони шунчалик кучли эди, ҳеч бир нарса унинг имонига халал бера олмас эди. Ўз имони хусусида бундай деган: “Агар парда кўтарилиб, Аллоҳнинг жамолини кўрсам ҳам, имоним заррача кўпаймайди”.

Рибъий ибн Омир деган саҳоба оддий бир киши эди. У киши оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан таълим олган. У киши форс подшоҳига йўлиққан вақтида, подшоҳнинг “Нега келдинг?” деган саволига шижоат би­лан бундай деб жавоб берган экан: “Биз бандаларни бандаларга қулчилик қилишдан қайтариш, бандаларнинг Рабби Аллоҳга қул­чилик қилишига ўргатиш учун ва ҳар хил жабру жафолардан Ислом адолатига олиб чиқиш учун юборилган қавммиз”.

Ҳақиқатан ҳам энг бахтли ҳаёт Аллоҳга ишониб, Унга қулчилик қилиб ўтказилган ҳаётдир. Ақида эса ҳаёт нима эканини ва дунёда қандай ҳаёт кечириш кераклигини ўргатадиган ягона илмдир.

Иккинчиси. Аҳком.

“Аҳком” сўзи луғатда “буйруқ”, “топшириқ”, “ҳукм” деган маъ­ноларни англатади.

Истилоҳда эса: бу имтиҳон дунёда яшаши учун одам боласига бериладиган қисқа умр мобайнида бошидан ўтадиган турли хил жараёнлар билан боғлиқ қоидалар, ҳамда одоб-ахлоқ меъёрлари­дан иборат ҳукмлардир. Пайғамбарлар ўз умматларини кейинги галда шу аҳкомларга даъват этган.

Барча пайғамбарлар, биринчи қисм – ақидада бир хил бўлган ва қавмларини шу ақидага, шу эътиқодга чақиришган. Кишиларнинг эътиқодини ислоҳ қилиш, тафаккурини тарбия қилиш ҳар бир пайғамбарнинг энг биринчи ўриндаги бурчи бўлган.

Иккинчи қисм – аҳкомларда эса фарқ бўлган. Баъзи олдинги ум­матларга ҳаром бўлган нарса кейингиларга ҳалол қилинган ёки аксинча. Чексиз илму ҳикмат эгаси Аллоҳ таоло ҳар бир қавмнинг ўз замонаси, яшаш шароити ва яна бошқа томонларига мос энг керакли, фойдали ҳукмни жорий қилган.

Юқорида келтирганимиз ҳар икки қисм бир сўз билан “дин” деб ифодаланган, номи “Ислом” дейилган. Жамики пайғамбарларнинг дини бир бўлган ва улар одамларни мана шу ягона динга даъват этишга юборилган.

Ислом одамлар ўртасида бир ота-онадан бўлган оға-иниларни­ки каби инсоний бирликни эълон этиш йўлини тутди. У жамият­даги ижтимоий бирликни дарахтга ўхшатди. Шу ўринда Қуръон инсонларга асл инсоний бирликларини эслатиб турадиган: «Эй инсонлар... Эй Одам фарзандлари!» деган лафзлар билан кўп маротаба хитоб қилганини, шунингдек, бир дин фарзандларини миллати, тоифасини ажратмай: «Эй имон келтирганлар... Эй мўминлар!» дея чақирганини мулоҳаза этиб ўтишимиз фойда­дан холи эмас.

Ислом аҳкомларидаги инсоний ўзига хосликни шариат боб­ларининг ҳар бирида аниқ сезасиз. Намозда одамларнинг бар­часи Аллоҳ олдида баробар туради. Унда подшоҳ, ё улуғ, ё олим учун мах­сус макон ажратилмайди. Рўзада ҳам одамлар амир, ё бой, ё ша­рифга ажратилмай, бир хил даражада очликни бошдан кечи­ради. Ҳажда одамлар бир хил кийим кияди. Бир хил жойда тури­шади. Бир хил ибодатни адо этишади. Бу борада ҳамма баробар, куч­ли ва заиф, улуғ ёки омининг фарқи йўқ. Фуқаролик қонун­ла­рига қара­сак, одамлар ўртасидаги алоқаларда устувор қонуни­ят – ҳа­қиқат экани, қонунчиликдан кўзланган мақсад – адолат эка­ни, ҳар қандай эзилган ва мазлум учун қонун қўлидаги байроқ – зулмни даф этиш эканини кўрамиз. Жиноятга оид қонунларда эса, жиноят қилган ҳар қандай кишига жазо бир хил эканини кўрамиз. Ким ўл­дирса, ўлдирилади. Ким ўғирласа, жазоланади. Ким ҳад­дан ошса, адаби берилади. Қотил олим ё жоҳил бўлишининг, мақ­тул амир ё деҳқон бўлишининг фарқи йўқ. Ёки тажовузкор мў­мин­лар­нинг амири ё тўқувчи эканининг, тажовуз қурбони ажам ё араб, шарқлик ё ғарб­лик эканининг эътибори йўқ. Ҳаммаси қонун назарида баро­бардир.

Одамларнинг барчасига дин аҳкомларини бажаришда, ирқла­ри, рангларидан қатъи назар, инсоний мукаррамликни исбот этган пайтда шариат бундан ҳам юксакликка кўтарилди.

Аллоҳ таоло:

﴿ ۞وَلَقَدۡ كَرَّمۡنَا بَنِيٓ ءَادَمَ وَحَمَلۡنَٰهُمۡ فِي ٱلۡبَرِّ وَٱلۡبَحۡرِ وَرَزَقۡنَٰهُم مِّنَ ٱلطَّيِّبَٰتِ وَفَضَّلۡنَٰهُمۡ عَلَىٰ كَثِيرٖ مِّمَّنۡ خَلَقۡنَا تَفۡضِيلٗا

«Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукар­рам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик» (Исро, 70), деб марҳамат қилган.

Одамларнинг ҳаёти, эътиқоди, илм олиши ва умр кечиришдаги барча ҳуқуқларига кафил бўлган бу ҳурмат уларнинг барчаси учун баробар эди. Одамларнинг ҳаммасига бир хил даражада кафил бўлиш давлатнинг мажбурияти эди. Инсонларни Аллоҳ муко­фот­лаши ва жазолаши асослари уларнинг зоҳир амалларига қараб эмас, балки ниятларига қараб бўлишини эълон қилган пайтда шариат юксакликнинг бундан ҳам юқори чўққисига кўтарилди. Ҳадисда: “Албатта, Аллоҳ сизларнинг суратларингизга эмас, бал­ки қалбларингизга қарайди”, дейилган. Демак, жазолаш ва муко­фотлаш боиси ният экан. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, амаллар ниятлар биландир. Ва ҳар бир киши ни­мани ният қилган бўлса, шу бўлади...”, деганлар. Аллоҳнинг ҳузу­рида мақбул ният – яхшилик, одамларга манфаат етказиш ва ҳеч қан­дай моддий ғараз ёки тижорий фойдани кўзламай Аллоҳнинг розилигини талаб қилишдир.

Қуръони каримда:

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱرۡكَعُواْ وَٱسۡجُدُواْۤ وَٱعۡبُدُواْ رَبَّكُمۡ وَٱفۡعَلُواْ ٱلۡخَيۡرَ لَعَلَّكُمۡ تُفۡلِحُونَ۩

«Эй имон келтирган бандалар! Парвардигорингизга ру­ку, сажда ва ибодат қилиб, яхшилик қилингиз! Шояд нажот топсангиз» (Ҳаж, 77) дейилади (бу оят сажда ояти бўлгани боис, ўқилганда сажда қилиш вожиб бўлади).

Дарвоқе, Аллоҳ таоло жорий қилиб қўйган боқий аҳкомларнинг замирида биз билмайдиган улкан ҳикматлар яширинган. Бу ҳик­матларни англаш учун аҳкомларни амалга ошириш ва ҳаётимизга жорий этиш зарур.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) пайғамбарларнинг саййиди ва сўнггисидир;

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сийратлари;

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг таваллудлари;

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Видеолар

Ислом ва илм: Қашшоқликка қарши кураш — жамиятнинг энг муҳим вазифаси

25.11.2024   494   1 min.
Ислом ва илм: Қашшоқликка қарши кураш — жамиятнинг энг муҳим вазифаси

Жаҳонгир Ниғматов 
Тошкент ислом институти талабаси

Видеолавҳалар