Куни кеча ижтимоий тармоқларда “Мусулмонлар идораси тавсияси билан овоз кучайтиргичда азон айтиш тўхтатилди”, деган сарлавҳа билан бошланган хабарда гўёки Наманган шаҳридаги масжидларда азонни овоз кучайтиргичлар орқали айтиш тўхтатилгани иддао қилинган. Ушбу бўҳтон маълумот ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозаларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу воқеанинг келиб чиқиш сабабларига аниқлик киритиш мақсадида, Наманган вилояти вакиллиги мутахассислари билан боғланди. Ушбу вилоят вакиллиги масъул ходимлари ва мазкур ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари Наманган шаҳридаги масжидларда азонни овоз кучайтиргичлар орқали айтиш тўхтатилгани ҳақидаги хабар мутлақо ёлғон ҳамда асоссиз эканини қатъий таъкидладилар.
Аллоҳ таолонинг изни ила диёримиз масжидларида мўмин-мусулмонларни намозга чорловчи азон садолари бундан буён ҳам янграйверади. Бунинг исботи сифатида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги масжидларда мусулмонларимизни намозга чорлаётган, шу жумладан кучайтиричлар орқали айтилаётган азон садолари далил бўлади.
Шу ўринда айтиш керакки, ижтимоий тармоқларда турли хил ёлғон ва бўҳтон хабарлар тарқатаётган кимсаларга Аллоҳдан қўрқинг деймиз. Ҳақ таоло мўмин-мусулмонларни “Ҳужурот” сурасининг 6-оятида қуйидагича огоҳлантиради: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан, бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.
Демак, ҳар қандай хабарни ким етказганига жиддий эътибор қаратиш лозим. Таъкидлаш жоизки, азон масаласида сохта хабарларни тарқатаётган манбаларнинг мақсадлари юртимиз мусулмонлари орасида фитна уруғини сочишдан бошқа нарса эмас.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси юртимиз масжидларида азон садолари бардавом бўлишини таъкидлаган ҳолда Ислом дини қадриятлари, уламолар ва Диний идора шаънига нисбатан айтилган ҳар қандай асоссиз гапларга нисбатан доимо муросасиз эканини маълум қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Мизоб - Каъба томида ўрнатилган, Хатим устидаги тарновнинг номи.
У Каъбанинг Ироқ ва Сурия бурчаклари орасида ўрнатилган бўлиб, ёмғир ёққанда, том ювилганда сувни оқизиб юборади. 1627 йил ёмғирлар натижасида Каъба деворларига шикаст етади. Уни қайта тиклаш жараёнида тарнов ўрнатилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарнов жойлашган томонда туриб дуо қилганлар.
1. Дастлаб бу каби тарнов шакли Қурайшликлар Каъба устига том ўрнатишгандан сунг пайдо булган. Унгача Каъба 4 девордан иборат эди.
2. Тарновнинг бошланишига «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм» ва чап томонига «Ё Аллох» деб ёзилган.
3. Тарнов қушлар қўнмаслиги учун уткир тиканлар билан қопланган.
4. Дастлаб у ёғоч, кумуш ва пўлатдан қилинган. Тарновни илк бор 1573 йили соф олтиндан ишланган.
5. Узунлиги – 2,53 м, кенглиги – 26 см ни ташкил қилади.
Салафлардан келган хабарларда "Хатимда, мизоб остида дуолар мустажобдир", дейилган.
ЎМИ Матбуот хизмати