Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг мартабалари
Аллоҳ таолонинг ҳабиби, Сарвари коинот, Буюк муаллим, Юксак хулқлар ва камтарлик тимсоли, Аллоҳ таолонинг Ўзи “буюк хулқ узрадирсиз!” деб мақтаган Зот ва оламларга раҳмат қилиб юборилган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари барчамизга муборак бўлсин! Маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам милодий 571 йили Рабиул аввал ойининг 12 куни Маккаи Мукаррамада араблар орасида Қурайш қабиласида таваллуд топганлар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар ва расулларнинг охиргиси, Ҳавзи кавсар соҳиби, умматлари Жаннат аҳлининг учдан бир қисмини ташкил қиладиган Зотдирлар. Ҳатто пайғамбарлар ҳам У Зотга уммат бўлишни орзу қилишган ва башариятнинг саййиди ҳисобланадилар.
Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам барча пайғамбар ва расулларнинг афзалидирлар. Шунинг учун ҳам уларнинг барчалари Қиёмат куни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг байроқлари остида бўладилар. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:
أَنَا سَيِّدُ وَلَدِ آدَمَ يَوْمَ القِيَامَةِ وَلَا فَخْرَ، وَبِيَدِي لِوَاءُ الحَمْدِ وَلَا فَخْرَ، وَمَا مِنْ نَبِيٍّ يَوْمَئِذٍ آدَمُ فَمَنْ سِوَاهُ إِلَّا تَحْتَ لِوَائِي (رواه الإمام أحمد والإمام الترمذي عن أبي سعيد رضي الله عنه).
яъни: “Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидиман ва фахрланиш эмас-ку, қўлимда ҳамд байроғи бўладир. Ўша кунда ҳеч бир набий йўқки, Одам(алайҳиссалом) ҳам, бошқа ҳам менинг байроғим остида бўлади” (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).
Жаннат эшиги биринчи Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам учун очилади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:
آتِي باب الجَنَّة فأسْتَفْتِح، فيقول الخازنُ: مَن أنتَ؟ فأقول: محمدٌ، فيقول: بك أُمرتُ ألَّا أَفتَح لأحدٍ قَبْلَك
(رواه الإمام مسلم عن أنس رضي الله عنه).
яъни: “Қиёмат куни жаннат эшиги олдига келиб уни очишларини сўрайман. Дарвозабон: “Сен кимсан?” дейди. “Муҳаммадман”, – дейман . У: “Сендан олдин бирор кишига очмасликка буюрилганман”, – дейди” (Имом Аҳмад ривояти).
Биринчи бўлиб қабрдан чиқадиган ва биринчи бўлиб шафоат қилишни бошлайдиган Зот ҳам жаноб Пайғамбаримиз алайҳиссалом бўладилар. Бу ҳақда шундай деганлар:
أَنَا سَيِّدُ وَلَدِ آدَمَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، وَأَوَّلُ مَنْ يَنْشَقُّ عَنْهُ الْقَبْرُ، وَأَوَّلُ شَافِعٍ وَأَوَّلُ مُشَفَّعٍ
(رواه الإمام مسلم عن أبي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه).
яъни: “Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидиман. Қабрдан биринчи чиқадиган шахсман. Биринчи шафоат қилувчиман. Биринчи шафоати қабул қилинувчиман” (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таолога беадад ва беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, сизу бизни мана шундай улуғ Зотнинг уммати қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar
Мисрлик ёзувчи Анис Мансурнинг ота-она ҳақида ёзган энг гўзал сўзлари:
"Ота-онанг сени ташлаб кетганларидан сўнг афсусланасан. Чунки сен уларга бирор ёрдам ёки бирор нарса таклиф қилганингда, улар "ҳожати йўқ", "керак эмас қўявер" дейишарди, сен эса уларга ишонардинг, виждонингни тинчлантирар эдинг – ҳақиқатан отамга керак эмас, онам ҳеч нарса истамаяпти, деб ўйлардинг.
Оталарингиз ва оналарингиз "ҳеч нарса керак эмас" деганларида уларга ишонманг. Улар буни сизни ўйлаб, сизни ҳолатингизни инобатга олиб ёки сиздан ҳижолат бўлиб айтишади... Сиз улардан сўрамасдан, уларга такаллуфлик қилмасдан, улардан рухсат олмасдан беринг, ҳадя қилинг.
Кўпчилик одамлар алдангани каби сиз ҳам отангизнинг қарилигига алданманг. Онангизнинг ёши улуғлиги, ожизлиги ёки соддалиги сизни алдаб қўймасин. Чунки уларнинг ҳар бирининг ичида эркалатишга ва эътиборга муҳтож бўлган бир бола яшайди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ