Франция Республикаси президенти Эмманюэл Макрон Байонна шаҳридаги масжидга қилинган тажовузни қоралашини билдириб, ислом динига эътиқод қилувчи фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтирилишини қайд этди.
Ўзининг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифасида Макрон бундай хунрезликларга чидаб тура олмаслигини ва айбдорларни жазолаш масаласи муқаррар эканини айтиб ўтган.
Аввалроқ, 84 ёшли франциялик Байонна масжидини ёқишга уринганида унга ҳалақит қилган икки нафар мусулмонга қарата ўқ узгани айтилган эди. Жароҳат олган 74 ва 78 ёшлдаги маҳаллий аҳоли вакиллари эса шифохонага жойлаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Бекобод шаҳридаги Қуръон ва тажвид марказига ташриф буюрдилар.
Марказ маъмурияти ҳамда у ерда таълим олаётган тингловчилар билан бўлиб ўтган суҳбат ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Хусусан, учрашувда Шайх Алижон қори ҳафизаҳуллоҳ Қуръони каримни ёдлаш фазилатлари, бу борада яратилган шарт-шароитларнинг қадрига етиш, шукрона келтириш, вақтдан унумли фойдаланиш каби мавзуларда гўзал мавъиза қилиб бердилар.
Ҳақиқатан, Қуръони каримни ёдлаш, оятлар маъно-мазмунларини тафаккур ва тадаббур қилиш ибодат ва чинакам саодатдир.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир", деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати