Қалб, луғатда бир нарсани ағдариш маъносида ишлатилади. У бир хил турмай, у ёққадан бу ёққа ағдарилиб тургани учун ҳам “Қалб” деб аталади.
Демак, ўз номига кўра қалб ҳеч қачон бир хилда, соф, тоза ҳолда туриши ёки аксинча қорайиб қаттиқ ҳолатда бўлиши бироз ҳақиқатга мос эмас. Атроф муҳит, оиладаги тарбия, ақл ва дунё қарашдаги ўзгаришлар қалбга албатта таъсир ўтказади.
Демак, бугун кўпчилик орасида “мен фалон ёмон ишни қилсамда қалбим пок” дея таъкидлаётган ёки ота-онасига қўл кўтариб, зино, ўғрилик, порахўрлик, зўравонлик ва бошқа жиноят ва гуноҳ ишларни қилиб, одамларга қўли ва тили билан озор бера туриб ўзини “қалби тоза”ликда даво қилаётганларнинг сўзларида каттагина ёлғон бор.
Хўш, аслида тоза қалб қандай бўлади? Бу ҳақда Аллоҳ таолонинг Каломи Қуръони карим ҳамда Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида келтирилган қалб ҳақидаги оят ва ҳадисларнинг айримлари билан танишиб ўтамиз!
Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримнинг бир нечта оятларида шундай марҳамат қилади:
“У кунда на молу давлат ва на бола-чақа фойда бермас. Аллоҳ хузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)” (Шуаро сураси, 88-89-оятлар).
“Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳни зикр қилиш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингларки, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олади!” (Раъд, 28-оят).
“Аллоҳ зикр қилинганда мўминлар қалби қўрқувга тушади” (Анфол сураси 2 оят).
“Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келар, (ўша манфаат топар)” (Шуаро сураси, 89 оят).
Ҳадиси шарифларда эса қалбга қуйидагича таъриф берилади:
Нўъмон ибн Башр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Огоҳ бўлингким! Албатта жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким (ушбу нарса қалбдир)”, деганлар”.
Қалбнинг солиҳ бўлиши нима билан билинади? Кўпчилик ўзини солиҳ яъни тоза қалб соҳиблари деб биладилар. Аслидачи?
Қалбнинг ойнаси инсоннинг аъзоларидир. Агар инсоннинг аъзолари Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқларига мувофиқ ҳаракатланаётган бўлса, демак, бу қалб солиҳ қалбдир. Аксинча, унинг аъзолари Аллоҳнинг буйруқларига бўйсунмаса, қайтариқларидан қайтмаса, бу қалб фасод қалбдир, гарчанд унинг соҳиби ҳар қанча покликни, тозаликни даъво қилса ҳам.
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қуйидаги дуоларни айтиб юришимизни ўргатар эдилар: “Аллоҳим! Албатта мен Сендан ишда собитликни сўрайман ва рушдда (тўғри юришда) азму қарорни сўрайман. Мен Сендан неъматинга шукур қилишни, ибодатингни гўзал қилишни сўрайман. Мен Сендан содиқ тил ва солим(соғлом) қалб сўрайман. Мен Сендан ўзинг билган нарсаларнинг шарридан (ёмонлиги)паноҳ сўрайман. Мен Сендан ўзинг биладиган нарсаларнинг хайридан (яхшилиги)сўрайман. Мен Сендан ўзинг биладиган нарсалардан истиғфор сўрайман. Албатта, Сен ўзинг ғайбларни ўта яхши билгувчидирсан”, деганлар”.
Мазкур машҳур дуони мавзумизга тегишли бўлган қисмига эътибор берадиган бўлсак, “Аллоҳим мен Сендан, содиқ тил ва солим қалб сўрайман”, деган қисмидир.
Содиқ тил дегани ишончли, яхши сўзларни сўзлагувчи деганидир. Сўзимизнинг аввалида қалбни ўзгарувчан, доимо бир хилда турмайдиган дея таъкидлаб ўтдик. Хулоса шуки, қалбни доимо тарбиялаб, асраб авайлаб, уни гуноҳ ва масият орзуларидан, дунё муҳаббатидан тозалаб турмоғимиз лозим! Шундагина бутун танамиз пок бўлади ва биз ҳақиқий тоза қалб соҳибига айланамиз!
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғи, маҳалласи ва қишлоғи билан таърифланади. “Ватан” сўзи араб тилида туғилиб ўсган жой, она юрт маъносини англатади. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилат. Бу борада: “Ватанни севмоқ иймондандир” ҳикматини эсга олишнинг ўзи кифоядир. Бизга маълумки, Ватанга бўлган муҳаббат жой, макон ва вақт танламайди. Бу туйғу инсон туғилиши билан вужудга келиб, вафот этиши билан ўз поёнига етади.
Ватанга меҳр эса она сути билан қалбга сингади. Шу ўринда Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғилоний, Қаффол Шоший, Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Фарғоний каби буюк алломаларимиз Ватанга бўлган кучли муҳаббатлари туфайли кўплаб асарларини юрт номи билан боғлаганлари тарихдан маълум.
Буюк аждодларимиз Нажмиддин Кубро Ватан ҳимоячиси қандай бўлишига ёрқин мисол бўла олади. Минглаб муридларга эга бўлган бу тариқат пешвоси мўғуллар бостириб келганлигидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукумдорлари Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишини таклиф қилади. Бироқ, ватанини ўз жонидан устун билган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши жангга киришади, лашкарларни олға чорлаб бораётганида шаҳид бўлади. Жалолиддин Мангубердининг эса моҳир лашкарбошилиги, жасорати ва мардлиги мўғул империяси ҳукмдори Чингизхонни лол қолдиргани тарих саҳифаларидан маълум. У Жалолиддиннинг шаънига мақтов сўзларини изҳор этиб: “Отадан дунёда ҳали бундай ўғил туғилмаган. У саҳрода шер каби ғолиб жангчи, дарёда эса наҳанг (акула) каби ботирдир”, дейди ва ўғилларига юзланиб: “Отага шундай ўғил зарурки, у икки гирдоб – олов ва сув гирдобидан озодлик майдонига чиқа олади”, деб таърифлаши унинг мардлигини тан олганини англатади.
Бир сўз билан айтганда, минг йиллар давомида юртимизга кўплаб босқинчилик ҳужумлари бўлган. Барча замонларда ўз юрти ҳимояси учун босқинчиларга қарши озодлик байроғини баланд кўтарган ватанпарвар йўлбошчилар, миллат қаҳрамонлари душманлар билан тинимсиз кураш олиб борган.
Ватанни севиш уни ҳимоя қилиш савобли иш. Унга хиёнат қилиш эса кечирилмайдиган катта гуноҳ бўлса-да, айрим кишилар ўз ватанини ташлаб ўзга юртларда ватангадолик қилиб юрганликларига нима дейиш мумкин.
Боболаримиздан мерос бўлиб келаётган “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингнинг гадоси бўл” деган ҳикматли сўзга кўра, бу инсонларда на ватан, на инсонийлик, на ота-онага бўлган ҳурмат, ака-ука, опа-сингилга бўлган меҳр, қавму қариндош ва қўни қўшничиликка нисбатан оқибатни акс этмаганини кўришимиз мумкин. Уларнинг айримлари эса турли радикал диний-экстремистик ташкилот ва оқимларга қўшилиб кетаётгани кишини ажаблантиради. Улар ўзга айрим манфаатдор ёвуз кишиларнинг найрангига учиб ўз ватанидан, оиласидан ҳатто ота-онасидан ҳам воз кечиб кетмоқда… Бундай хислат инсонийлик меъзонига хам тўғри келмайди. Зеро, инсон ўз ватани равнақи учун фидоийлик кўрсатиши, бу йўлда керак бўлса, жонини ҳам беришга тайёр бўлиши лозимдир.
Донишмандлардан бирининг айтишича: “Ватан бир боғдир, Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғармаклари даркордир”. Ўзини ватан фарзанди деб ҳисобловчи инсон бутун тану-жони билан юрак қони ила ватан боғини яшнатиш учун хизмат қилиши керак. “Ватан остонадан бошланади”, деганидек ватан ҳар бир кишининг қалбидан, виждонидан бошланади.
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби