Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Январ, 2025   |   16 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:46
Пешин
12:38
Аср
15:39
Шом
17:23
Хуфтон
18:41
Bismillah
16 Январ, 2025, 16 Ражаб, 1446

Ўзингизни текшириб кўринг-чи?!

28.10.2019   2891   4 min.
Ўзингизни текшириб кўринг-чи?!

Қалб, луғатда бир нарсани ағдариш маъносида ишлатилади. У бир хил турмай, у ёққадан бу ёққа ағдарилиб тургани учун ҳам “Қалб” деб аталади.

Демак, ўз номига кўра қалб ҳеч қачон бир хилда, соф, тоза ҳолда туриши ёки аксинча қорайиб қаттиқ ҳолатда бўлиши бироз ҳақиқатга мос эмас. Атроф муҳит, оиладаги тарбия, ақл ва дунё қарашдаги ўзгаришлар қалбга албатта таъсир ўтказади.

Демак, бугун кўпчилик орасида “мен фалон ёмон ишни қилсамда қалбим пок” дея таъкидлаётган ёки ота-онасига қўл кўтариб, зино, ўғрилик, порахўрлик, зўравонлик ва бошқа жиноят ва гуноҳ ишларни қилиб, одамларга қўли ва тили билан озор бера туриб ўзини “қалби тоза”ликда даво қилаётганларнинг сўзларида каттагина ёлғон бор.

Хўш, аслида тоза қалб қандай бўлади? Бу ҳақда Аллоҳ таолонинг Каломи Қуръони карим ҳамда Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида келтирилган қалб ҳақидаги оят ва ҳадисларнинг айримлари билан танишиб ўтамиз!

Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримнинг бир нечта оятларида шундай марҳамат қилади:        

 “У кунда на молу давлат ва на бола-чақа фойда бермас. Аллоҳ хузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)” (Шуаро сураси, 88-89-оятлар).                                                                                              

“Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳни зикр қилиш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингларки, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олади!” (Раъд, 28-оят).

“Аллоҳ зикр қилинганда мўминлар қалби қўрқувга тушади” (Анфол сураси 2 оят).

“Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келар, (ўша манфаат топар) (Шуаро сураси, 89 оят).

Ҳадиси шарифларда эса қалбга қуйидагича таъриф берилади:      
Нўъмон ибн Башр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Огоҳ бўлингким! Албатта жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким (ушбу нарса қалбдир)”, деганлар”.

Қалбнинг солиҳ бўлиши нима билан билинади?  Кўпчилик  ўзини солиҳ яъни тоза қалб соҳиблари деб биладилар. Аслидачи?

Қалбнинг ойнаси инсоннинг аъзоларидир. Агар инсоннинг  аъзолари Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқларига  мувофиқ ҳаракатланаётган бўлса, демак, бу қалб солиҳ қалбдир. Аксинча, унинг аъзолари Аллоҳнинг буйруқларига бўйсунмаса, қайтариқларидан қайтмаса, бу қалб фасод қалбдир, гарчанд унинг соҳиби ҳар қанча покликни, тозаликни даъво қилса ҳам.

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қуйидаги дуоларни айтиб юришимизни ўргатар эдилар: “Аллоҳим! Албатта мен Сендан ишда собитликни сўрайман ва рушдда (тўғри юришда) азму қарорни сўрайман. Мен Сендан неъматинга шукур қилишни, ибодатингни гўзал қилишни сўрайман. Мен Сендан содиқ тил ва солим(соғлом) қалб сўрайман. Мен Сендан ўзинг билган нарсаларнинг шарридан (ёмонлиги)паноҳ сўрайман. Мен Сендан ўзинг биладиган нарсаларнинг хайридан (яхшилиги)сўрайман. Мен Сендан ўзинг биладиган нарсалардан истиғфор сўрайман. Албатта, Сен ўзинг ғайбларни ўта яхши билгувчидирсан”деганлар”.

Мазкур  машҳур дуони мавзумизга тегишли бўлган қисмига эътибор берадиган бўлсак, “Аллоҳим мен Сендан, содиқ тил ва солим қалб сўрайман”, деган қисмидир.

Содиқ тил дегани ишончли, яхши сўзларни сўзлагувчи деганидир. Сўзимизнинг аввалида қалбни ўзгарувчан, доимо бир хилда турмайдиган дея таъкидлаб ўтдик. Хулоса шуки, қалбни доимо тарбиялаб, асраб авайлаб, уни гуноҳ ва масият орзуларидан, дунё муҳаббатидан тозалаб турмоғимиз лозим! Шундагина бутун танамиз пок бўлади ва биз ҳақиқий тоза қалб соҳибига айланамиз!

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Деструктив ахборот тарқатишнинг хатарлари

13.01.2025   2635   3 min.
Деструктив ахборот тарқатишнинг хатарлари

Бугунги глобаллашув даврида ахборот тарқатиш тезлиги беқиёс даражада ошди. Интернет, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиладиган маълумотлар жамиятнинг турли қатламларига кучли таъсир кўрсатмоқда. Афсуски, бу имкониятлар баъзан миллий низо ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборот тарқатиш учун ҳам ишлатилади. Бундай хатти-ҳаракатлар жамият бирдамлиги ва барқарорлигига жиддий таҳдид солади.


Деструктив, яъни бузғунчи, низоли ахборот тарқатишнинг асосий хатарлари қуйидагилар:

1. Жамиятда адоват ва нафрат уйғотиш. Миллатлар ва диний конфессиялар ўртасида адоватли ахборот тарқатиш жамиятда нафрат уйғотади. Бундай маълумотлар одамлар ўртасида ишончсизликни кучайтиради, ўз навбатида, ижтимоий бирдамликка путур етказади;

2. Жамоат хавфсизлигини бузиш. Миллий ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборот жамоат тартибининг бузилишига олиб келади. Натижада тартибсизликлар ёки ҳатто можаролар келиб чиқиши мумкин;

3. Беқарорликни кучайтириш. Деструктив ахборотлар бошқарув ва ҳокимият тизимларини заифлаштириши мумкин. Миллий ва диний бўлиниш давлат барқарорлигига таҳдид солади, чунки аҳоли ўртасидаги зиддиятлар бошқарувга салбий таъсир кўрсатади;

4. Ёш авлодга салбий таъсири. Бундай ахборотлар ёшлар ўртасида миллатчилик ёки диний радикализмга мойилликни кучайтириши мумкин. Бу эса келажак авлодни ҳам бузилишга олиб келади.

Сабаб ва оқибатлар

Миллий низо ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборотлар аксар ҳолларда уйдирмалар, ёлғон янгиликлар ёки атрофдаги воқеаларнинг бўрттирилиши орқали тарқатилади. Бу ахборотлар қуйидаги оқибатларга олиб келиши мумкин:

  • Тинч аҳоли орасида ёмон муносабатлар шаклланади;
  • Жамиятда иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт секинлашади;
  • Хорижий ёки манфаатдор гуруҳлар томонидан беқарорлик, низолар учқуни алангалатиши мумкин.

Қандай чоралар кўриш керак?

1. Ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш. Ҳар бир шахс тарқатилаётган маълумотнинг ҳақиқийлигини текшириш маданиятини ўзида шакллантириши зарур;

2. Қонунчиликка риоя қилиш ва жавобгарлик. Миллий низо ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборот тарқатган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши муҳим;

3. Таълим ва тарбия орқали онгни ошириш. Мактаб ва олий таълим муассасаларида ахборот хавфсизлиги ва жамиятга салбий таъсир кўрсатадиган маълумотларни танқидий баҳолаш бўйича билим бериш керак;

4. Ижтимоий тармоқлар таҳлили. Ижтимоий тармоқларда ёйилаётган ахборотларни таҳлил қилиб, зарарли контентларни тезкорлик билан аниқлаш механизмларини ишга тушириш зарур.

Хулоса

Миллий ва диний бўлинишга сабаб бўлувчи ахборот тарқатиш нафақат жамият, балки мамлакатлар барқарорлигига катта таҳдид солади. Ҳар бир фуқаро ва жамоат ташкилотлари бундай хатти-ҳаракатларнинг олдини олишда ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Ахборот тарқатиш маданиятини шакллантириш орқали, жамиятда тинчлик ва барқарорлик таъминланади.

Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти, Ҳазорасп тумани, "Шайх Қосим бобо" жоме масжиди имом-хатиби.