Ёз кунлари чивинларнинг ҳужумидан қочишга уринамиз. Улар чақиб кетган жойни қашийвериб, ҳатто ярага айлантириб юборишимиз мумкин. Қулоғимиз остига келганда визиллаган овози эшитилади, чақиб кетганда қичишади, турли касалликларнинг тарқалишига сабаб бўлади. Ушбу мақолада чивин ҳақидаги баъзи маълумотларни тақдим этамиз.
Агар биз ер юзидаги хатарли жонзотларни санамоқчи бўлсак, хаёлимизга дарров асрлон, фил, акула кабилар келади. Лекин аслини олганда чивин сайёрамиздаги энг хатарли жонзотдир, ҳашаротдир. Қадим-қадимдан чивин миллионлаб одамларнинг вафот этишига сабаб бўлган. Чунки чивин ўзи билан кўплаб касалликлар вирусини олиб юради. Улар орасида инсоният учун ўта хатарли ва ҳалокатли бўлганлари бор. Чивин ташийдиган касалликларга мисол қилиб вабо, безгак, сариқ иситма, менингит, денге геморрагик иситмаси, “фил касали” ҳамда мушакларда, бошда оғриқ, иситма, терида тошмалар билан кечувчи Чикунгуня касаллиги кабиларни келтириш мумкин. Чивин тарқатган касаллик сабабли бир йилда 70 миллион одам касалланади, шундан 2 миллионга яқини вафот этади.
Эркак чивинлар гул нектари билан озиқланади. Фақат урғочи чивинлар инсонни чақади, қонини сўради. Бунга сабаб инсондаги оқсил моддаси урғочилар ичидаги тухумчалар учун жуда ҳам зарурдир. Шу боис урғочи чивин инсонга ёпишади.
Чивин нафақат инсонларга, балки қушлар, амфибиялар (сувда ҳам, қуруқликда ҳам яшовчилар)га ҳам ҳужум қилади.
Чивин бир соатда 1,5 – 2,5 километр масофани босиб ўтади. Инсон тахминан бир соатда 5 километр масофани босиб ўтади. Бошқа ҳашаротлар эса чивинга нисбатан анча тезроқ учади. Ҳа, чивин нисбатан секинроқ учадиган ҳашаротдир.
Эркак чивин имкон қадар урғочисини жалб этишга уринади. Бунда у урғочи чивин яқинига бориб қанотининг овозини эшиттиришга уринади. Шу йўл билан урғочисининг эътиборини тортишга ҳаракат қилади.
Биз чивинлар ҳеч қаерга кўчиб кетмай, уйларда яшайди деб ўйлаймиз. Аслида эса чивинлар орасида кўчиб юрадиганлари ҳам бор. Масалан, ботқоқликларда яшовчи чивинлар 160 километрлаб масофаларни босиб ўтиб, ўзига муносиб жой ахтариб кўчиб юради. Одатда шўр сувли ботқоқликларни топганда, ўша ерда яшайди.
Чивинларнинг ҳамма тури тухум қўйиш учун сувга эҳтиёж сезади. Сувнинг қанчалиги муҳим эмас. Озгина кўлмак ҳам кифоя қилади. Муҳими ўша жой нам бўлса бўлди.
Урғочи чивин бир марта тухум қўйганида 100 – 300 донагача тухум қўяди. Умри давомида эса 3000 тагача тухум қўяди.
Балоғатга етган чивиннинг ёши тахминан 5-6 ой атрофида бўлади. Чивин шу муддат давомида жуда кўп касалликларнинг тарқалишига сабаб бўлади.
Чивинлар карбонат ангидрид газини 75 қадам узоқликдан сеза олади. Маълумки, инсон кислород ютиб, карбонат ангидрид газини чиқаради. Чивин эса шу газ орқали инсонни топиб, ундан қон сўриш чорасини кўради.
Чивин ҳавога кўтарилишдан олдин 30 миллисония вақт давомида қанотини қоқиб туради. Кейин орқа оёғига таяниб юқорига сакрайди.
Чивин қон сўрганидан сўнг унинг вазни икки-уч баробар ортиб кетади. Кейин у шу оғирликда учиб кетади. Бу эса ўрта ёшли инсон ўз вазнидан уч баробар ортиқ юк – 200 килограммни кўтариб ўчишига тенгдир.
Ер юзида 3,500 турдаги чивинлар мавжуд. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам инсонни чақувчи, қон сўрувчи эмас. Юқорида айтганимиздек, фақат урғочи чивинлар қон сўради.
Ўрганишлар натижасида чивинни баъзи қон гуруҳлари ўзига кўпроқ тортиши маълум бўлди. Чивин ўзидаги қонни таҳлил қилувчи найча орқали қонни таҳлил қилади, қайси гуруҳга мансублигини аниқлайди.
Маълум бўлишича, ҳомиладор аёллар ва спиртли ичимликларни истеъмол қилувчилар кўпроқ миқдорда карбонат ангидрид гази чиқарар экан. Шу боис чивинлар ҳомиладорлар ва спиртли ичимликларни истъмол қилувчиларга кўпроқ ёпишиши аниқланди.
Баъзиларнинг терисида кучли қичишиш сезилса, баъзиларда бу ҳол жуда кам сезилади.
Чивиннинг терини тешиб кирадиган хартуми бор. Хартумда эса 6 та қисмлар мавжуд бўлиб, ҳар бирининг ўзига хос вазифаси бор. Улардан тўрттаси жуда ўткир пичоқлар, қолган иккитаси эса ичи бўш найчалардир. Бундан ташқари урғочи чивин хартумида 47 та ўткир тиғлар (тишчалар) мавжуд. Бу унга терини тешиб киришда ас қотади.
Чивинда 3 та юрак бор. Бири марказий юрак, қолган иккитаси ҳар бир аъзо учун юраклардир.
Маълумки, чивин қон сўриш учун хартумини теримизга киритганида танамиздаги мудофаа тизими ишлай бошлайди ва қон ташқарига чиқиб кетмаслиги учун ферментлар ишлаб чиқарилади. Бу моддалар терининг тешилган жойида қоннинг ивиб, қуюқлашишига сабаб бўлади. Чивин эса бундай шароитда қон сўра олмайди. Аммо унда қон ивишига қарши модда мавжуд бўлиб, у ўша суюқликни қон ивиган жойга қуяди. Натижада, ўша ҳудуд сезгини йўқотиб, қон қуюлишининг олдини олади. Ана шу модда ўша ҳудуднинг шишиб, қичишишига олиб келади. Бу жараёнларнинг ҳаммаси бир неча сонияда амалга ошади. Инсон териси эса қон сўраётган чивинни сезмай қолаверади.
Жарроҳлик амалиётидан олдин беморга наркоз бериш яқинда, аниқроғи ўн тўққизинчи асрнинг ўрталарида кашф этилгандир. Аммо чивинлар туғилганидаёқ шу хусусият билан туғилади. Инсон карахт қилувчи моддаларни лаборатория шароитида катта қийинчилик билан тайёрлайди. Аммо кичик махлуқ бўлмиш чивинда карахт қилувчи модда қаердан пайдо бўлди экан? Албатта, чивинга бундай қобилият, керакли аъзолар ва имкониятларни Аллоҳ таолонинг Ўзи бергандир!
У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
إِنَّ اللَّهَ لاَ يَسْتَحْيِي أَن يَضْرِبَ مَثَلاً مَّا بَعُوضَةً فَمَا فَوْقَهَا فَأَمَّا الَّذِينَ آمَنُواْ فَيَعْلَمُونَ أَنَّهُ الْحَقُّ مِن رَّبِّهِمْ وَأَمَّا الَّذِينَ كَفَرُواْ فَيَقُولُونَ مَاذَا أَرَادَ اللَّهُ بِهَـذَا مَثَلاً يُضِلُّ بِهِ كَثِيراً وَيَهْدِي بِهِ كَثِيراً وَمَا يُضِلُّ بِهِ إِلاَّ الْفَاسِقِينَ
“Албатта, Аллоҳ чивин ёки ундан устунроқ нарсани мисол келтиришдан уялмас. Иймон келтирганлар, албатта, у Роббиларидан келган ҳақлигини биладилар. Аммо куфр келтирганлар. Аллоҳ бу мисолдан нимани ирода қилади, дейишади. У билан кўпчиликни залолатга кеткизади ва кўпчиликни ҳидоятга солади. У билан фақат фосиқларнигина залолатга кеткизади” (Бақара сураси, 26-оят).
Бу оятда Аллоҳ таоло чивинни мисол қилиб келтирмоқда. Ҳа, чивин эслашга арзимайдиган ҳашарот эмас. Унинг тузилиши, қандай имкониятларга эгалиги ва танасидаги жиҳозлари ҳақида ўзингиз ўқиб билдингиз.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин!
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Илм йўлида юрганларга ёрдам – Қуръон ва суннат нурида
Илм – бу инсоният тараққиётининг асоси бўлиб, динимиз эса бу ҳақиқатни ҳар жиҳатдан юксак даражада таъкидлаб келади. Ислом дини илмни нафақат мақтайди, балки уни талаб қилишни ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга вожиб деб санайди. Айниқса, илм талаб қилаётган кишиларга ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлаш, йўлларини очиш ва уларга енгиллик яратиш – бу фақат инсонийлик эмас, балки ибодатнинг ўзидир. Ушбу мақолада Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва уламолар ҳикматлари асосида бу мавзу чуқурроқ таҳлил қилинади.
Қуръони каримда илм аҳлига эҳтиром
“Агар ҳар бир жамоатдан бир гуруҳ чиқиб, динни ўрганиб келса ва ўз қавмларини огоҳлантирса, эҳтимолки, улар (гуноҳлардан) сақланурлар эди” (Тавба сураси, 122-оят).
Бу оят илм талаб қилишнинг ижтимоий ва диний масъулият эканлигини очиқ-ойдин ифодалайди. Динни чуқур тушунадиган кишилар жамиятнинг маънавий устунидир. Уларнинг тайёргарлиги учун шароит яратиш – бу жамоанинг иймонига далолатдир. Ҳар бир мусулмон илм аҳлини рағбатлантириши, моддий-маънавий ёрдам бериши бу оят асосида шаръий масъулият бўлиб қолади.
“Айтинг: билганлар билан билмаганлар тенг бўлурми? Фақат ақл эгалари ибрат олурлар” (Зумар сураси, 9-оят).
Аллоҳ таоло илм эгаларининг даражасини улуғлаб, уларни билмаганлардан ажратмоқда. Бу оят, илм эгасини қадрлашни, унга хизмат қилишни ва унга ёрдам кўрсатишни Аллоҳнинг марҳаматига яқинлаштирадиган амаллардан бири деб англашга ундайди.
Ҳадиси шарифлар: Илм йўлида юрганларга жаннат йўли очилади
“Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат сари йўлни осон қилади” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис илм йўлида юрган кишини қўллаб-қувватлаган ҳар бир инсонни жаннат йўлининг шерикларидан бири бўлиши мумкинлигини билдиради. Илм олувчига сув олиб бериш, китоб олиб бериш, йўл харажатига ёрдам бериш, ҳатто унга дуолар қилиш ҳам бу йўлга хизмат қилишдир.
“Агар Аллоҳ бир кишига яхшиликни хоҳласа, уни динни тушунишга муваффақ қилади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу ҳадисда Аллоҳнинг бир бандага берган энг катта неъматларидан бири – илмга рағбатдир. Шундай инсонларни қўллаб-қувватлаш, Аллоҳ иродасини бажараётгандай ажр олиб келади.
Талаба – Аллоҳнинг розилигини истаётган банда. Унга ёрдам – бу розилик сари қўл чўзишдир.
Уламолар ҳикматларида:
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Илм талаб қилувчига хизмат қилиш Аллоҳга ибодат қилишдир”.
Бу сўзлар илмга хизмат қилишнинг даражасини аниқ белгилайди. Бу фақат одамга эмас, балки Аллоҳга қилинаётган хизмат сифатида баҳоланади.
Ибн Қаййим Жавзийя раҳимаҳуллоҳ: “Илм эгаларини кўтариш, уларга йўл очиш – жамиятнинг юксалиши учун замин яратади”.
Илм аҳли ёрдам олмаса, жамият заифлашади. Уларнинг илм олишига, ривожланишига, хизмат қилишига ёрдам бериш жамиятнинг тараққиётига хизматдир.
Илм йўлида ҳаракат қилаётган кишилар – бу умматнинг келажак пойдеворидир. Уларга ёрдам бериш, уларга хизмат қилиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш – Қуръон ва Суннат кўрсатмасидир. Ҳар биримиз бу йўлда ҳисса қўшсак, Аллоҳ ҳузурида ажру савоб оламиз ва охиратда илм билан дўстлашганлардан бўламиз, иншаАллоҳ.
Хулоса қилиб айтганда “Илм эгасига берганинг – Аллоҳга берганингдир!” бу сўзлар ҳар бир мусулмон қалбига ёзилиши керак.
Анвар ХУЖАХАНОВ,
Тошкент Ислом институти талабаси.