Бу дунё ажиб бир дунёдир. Унда баъзилар еганини ҳазм қилиш учун бир неча мил пиёда юрса, бошқалари эса қорнини тўйдириш учун бир неча миллаб таом излайди. Бири берилган неъматни исроф қилса, бошқа бири берилган неъматни паст санаб ношкурлик қилади.
Доимо чанқаганимизда сув ёки бирор бир шарбатларни ичамиз. Оч қолганимизда эса бир неча хил таомларни тановул қиламиз. Бироқ, кўпчилигимиз аксар ҳолларда бу неъматларни ким яратганлиги ва қандай қилиб бизга насиб қилганини эслашни унитиб қўямиз.
Таомланишдан олдин “Бисмиллаҳ”ни ва еб бўлгач “Алҳамдулиллаҳ”ни унутиб, ўзимизни гўёки бу неъматлар ота-боболаримиздан бизга мерос қолгандай тутамиз.
Агар таомда таъм ва лаззатни ҳис қилишни истасак, аввало “Бисмиллаҳ” билан бошлашимиз ва “Алҳамдулиллаҳ” билан тугатишга одатланишимиз керак бўлади. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлиб, шу билан бир қаторда ушбу кичик бир сўзда жуда кўплаб ҳикматллар ва фойдалар бор.
Инсон таом ер экан ҳар замон “Алҳамдулиллаҳ” деса, еяётган таоми ҳақида тафаккур қилади. Натижада фақирларни, етим-есирларни ва ночорларни эслаб, Аллоҳ таолога шукр қилади. Бу иши билан еяётган нарсасининг таъмини ва лаззатини ҳис этади.
Аммо ҳайвон каби шоша-пиша, кам нафас олиб ва пала-партиш ейдиган кимсалар эса, на ҳамд айтади ва на шукр қилади. Натижада одобсиз таомланиб, таомнинг таъмини ҳам, лаззатини ҳам ҳис қилмайди. Бу эса энг хунук ҳолатдир.
Демак, кимда ким сув ичар экан уни ким яратганини, таом ер экан уни ким ато қилганини тафаккур қилса, ўзга ҳаёт ва ўзга оламни ҳис қилади ҳамда руҳан таскин топади.
Хулоса шуки, агар тоамимизни таъми ва лаззатини топишни истасак, уларни яратган ва берган Зотни эслашимиз лозим бўлади.
Эй Роббимиз, бизни бу неъматга сазовор қилгин.
ТИИ ўқитувчиси, “Шайх Зайниддин” масжиди имом хатиби Абдурахманов Яҳё
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу бомдод намозига чиқаётганларида, хорижийлардан бўлган Абдурраҳмон ибн Мулжам Муродий деган одам у кишини заҳарланган қилич билан жароҳатлади. Бу мудҳиш ҳодиса ҳижрий 40 йил Рамазон ойининг ўн саккизинчи кунида, милодий 660 йилда содир бўлди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу уч кундан кейин вафот этдилар. У зотнинг халифаликлари тўрт йилу тўққиз ой давом этди.
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ўлдирилганларидан кейин одамлар у кишининг ўғиллари имом Ҳасанга байъат қилишди. У киши 6 ой давомида халифалик қилдилар. Ана шу олти ой мобайнида имом Ҳасан розияллоҳу анҳу ўз асҳобларининг нотавонликларини, умматни бирлаштириш зарурлигини сездилар ва сулҳни афзал кўрдилар. Халифаликдан воз кечиб, Муовияга «Сиз халифа бўлаверинг» деган маънода гап айтдилар. Бу воқеа ҳижрий 40 йил робиъул аввал ойида, милодий 661 йилда бўлиб ўтди. Ислом уммати бир халифа раҳбарлиги остида қайта бирлашган ушбу йил «Жамоат йили» деган номни олди.
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари билан рошид халифалик ҳам барҳам топган, энди Аллоҳ таолонинг йўлида тўлиқ юриш ҳам ниҳоясига етган эди.
Мана шу ердан аста-секин нотўғри ҳолатга бурилиш бошланди.
Рошид халифалар давридаги энг муҳим ҳодисалар:
– ҳижрий 11 йилда ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар.
– ҳижрий 12 йилда Ридда урушлари бўлди.
– ҳижрий 13 йилда Ярмук жанги бўлди.
– жумодус соний ойида ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафот этдилар.
– ҳижрий 14 йилда Дамашқ фатҳ бўлди.
– ҳижрий 15 йилда Қодисия жанги бўлди.
– ҳижрий 16–19 йилларда Форс ерлари фатҳ қилинди.
– ҳижрий 20 йилда Миср фатҳ қилинди.
– ҳижрий 21 йилда Наҳованд жанги бўлди.
– ҳижрий 22–23 йилларда Хуросон фатҳ қилинди.
– зулҳижжа ойида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шаҳид бўлдилар.
– ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар.
– ҳижрий 27 йилда Тароблус фатҳ қилинди.
– ҳижрий 28 йилда Кипр фатҳ қилинди.
– ҳижрий 31 йилда Зотус-саворий жанги бўлиб ўтди.
– ҳижрий 32 йилда Хуросон қайта фатҳ қилинди.
– ҳижрий 36 йил зулҳижжа ойида ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу шаҳид бўлдилар.
– ҳазрати Алий ибн Абу Толиб халифа бўлдилар.
– туя жанги бўлди.
– ҳижрий 37 йилда Сиффин жанги бўлиб, ҳакамлик ишга тушди.
– ҳижрий 38 йилда Наҳравон жанги бўлди.
– ҳижрий 40 йил Рамазон ойида Алий розияллоҳу анҳу шаҳид бўлдилар.
Шу билан рошид халифалик даври ниҳоясига етди.
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди