Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Октябр, 2024   |   08 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:12
Қуёш
06:31
Пешин
12:15
Аср
16:04
Шом
17:51
Хуфтон
19:04
Bismillah
11 Октябр, 2024, 08 Рабиъус сони, 1446

Уккоша ким эди?

25.10.2019   2937   4 min.
Уккоша ким эди?

 Уккоша ибн Миҳсан улуғ саҳобалардан бўлиб, Бани Абдушшамс ибн Абдуманофнинг иттифоқдоши эдилар. У киши Исломга аввал кирган пешқадамлардан бўлиб, Мадинага ҳижрат қилганлар. Уккоша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча жангларда қатнашдилар.

Бадр кунида жанг қилаётганларида қиличлари синиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига йўғон таёқ бериб: «Мана бу билан жанг қил, эй Уккоша!» – дедилар. Таёқни олиб силкитган эдилар, қўлларида узун ялтироқ қиличга айланди. Уккоша розияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло мусулмонларга ғалабани ато қилгунича ўша қилич билан жанг қилдилар. Бу қилич “Ал-авн” (ёрдам) деб номланарди. Ўша қиличлари доим унинг ёнида бўларди. У Ридда жангида ҳалок бўлганида ҳам қиличи ёнида эди. Ўшанда уни Тулайҳа ибн Хувайлид ал-Асадий ўлдирган эди. Бу воқеани Ибн Асир “Усдул ғоба” китобида келтирганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимдан етмиш минг киши ҳисоб қилинмасдан жаннатга кирадилар” дедилар. Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени ўшалардан қилсин” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим! Уни ўшалардан қилгин!»  – дедилар. Кейин яна бир киши ўрнидан туриб: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени ҳам ўшалардан қилсин” деди. Шунда у зот соллалоҳу алайҳи васаллам: “Уккоша бу борада сендан ўзиб кетди” деб марҳамат қилдилар. Имом Муслим ривоятлари.

Ушбу ҳадисдан мана буларни оламиз:

  1. Яхшиликка шошилиш, мусобақа қилиш, кеч қолмаслик зарурлиги. Яхшилик борасида секинлашиш эса фойдадан маҳрум бўлишга, орзуга етолмасликка, мақсадга етишиш кечикишига, фурсат қўлдан бой берилишига сабаб бўлади.
  2. Яхшиликка уринган, шошилган кишини мукофотлаш.
  3. Солиҳ амалларга шошилувчиларни алоҳида зикр қилиш.
  4. Мукофот амалдан кейин бўлади. Уккоша розияллоҳу анҳу унгача кўп амал қилган, барча жангларда қатнашган эдилар. Аллоҳ таоло Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларига мазкур ҳадисни Уккоша розияллоҳу анҳу борликларида жорий қилди, Уккошага эса тезкорлик билан фурсатни ғанимат билишни насиб этиб, сўнггида мукофотни ато этди.
  5. Жавоб беришдаги лутф, мулойимлик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи сўраган кишига “Сен лойиқ эмассан”, “Сен муносиб эмассан” демадилар. Балки унинг кўнглига ботмайдиган қилиб, “Уккоша бу борада сендан ўзиб кетди” дедилар ва бу билан қайта сўраш эшигини беркитдилар.
  6. “Ўзиб кетди” деган сўз билан яхшилик масаласида мусобақалашиш кераклигини баён этдилар.
  7. Мусобақада ютган кишининг исмини эслатиб, бошқаларга намуна қилиш. Уккоша деб эълон қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Умматимдан етмиш минг киши ҳисоб қилинмасдан жаннатга кириши берилдим. Уларнинг юзлари бадр (ой тўлган) кечадаги ойдек ва қалблари бир одамнинг қалбидек бўлади. Мен Раббим азза ва жалладан яна қўшишини сўрадим. У менга ҳар бирлари билан етмиш мингта қўшиб берди.

Бу ҳадиси шарифни имом Аҳмад “Муснад”ларида ривоят қилганлар. Устозларимиздан Мубашшир Аҳмад ҳафизаҳуллоҳ ушбу ҳадисни таржима қилиб, остига қуйидагича изоҳ ёзганлар: “Мен ҳисоблагични олиб етмиш мингни етмиш мингга кўпайтирдим. 4900000000 (тўрт миллиард тўққиз юз миллион) чиқди. Эй карами кенг Зот, Расулинг соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир сўровларига етмиш минг баробар қўшиб бердинг. Биз ҳам ўзимизнинг ҳолимиздан келиб чиқиб ўтинамиз, бизни ўша тўрт миллард тўққиз юз миллиондан биттаси қилгин! Ё Робб, бизни ҳисоб беришга мажолимиз йўқ.

Аллоҳ таоло бизни ҳам ана шу ҳисобсиз жаннатга кирувчилар сафида қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўз табиатинг билан муомала қил

10.10.2024   1121   2 min.
Ўз табиатинг билан муомала қил

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Кекса бир донишманд дарё бўйида ўтирса, сувда мушук оқиб келаётганига кўзи тушди. Мушук сувдан чиқишга урунар, аммо уддалай олмас эди. Донишманд мушукни қутқаришга қарор қилди ва унга қўлини узатди. Мушук эса, донишманднинг қўлини тимдалаб олди.

Донишманднинг жони оғриб, додлаганча қўлини тортиб олди. Бироздан сўнг яна мушук томон қўлини узатди. Мушук эса, яна унинг қўлини тимдалаб олди. Бу гал ҳам қўли қаттиқ оғриган донишманд додлаб қўлини тортиб олди. Шу ерга яқинроқ жойда бошқа бир киши донишманднинг ҳатти-ҳаракатини кузатиб турган экан.

Донишманд учинчи бор мушукни сувдан чиқариш учун қўлини чўзганда бояги киши унга қараб: Эй мўйсафид, биринчи марта ҳам, иккинчи марта ҳам қўлингизни тимдалаб олганидан хулоса қилмай, яна учинчи марта ҳам уни қутқариш учун қўлингизни чўзяпсизми? деди.

Донишманд эса, унинг гапига эътибор бермай мушукка қўлини чўзди ва бу гал уни сувдан чиқариб олди. Шундан кейин донишманд бояги кишининг олдига бориб, унинг елкасига қўлини қўйди ва: “Эй иним, мушукни иши тимдалаш, мени ишим эса меҳр кўрсатиш. Нима учун мен унинг табиатидаги нарса учун ўз табиатимдаги нарсадан воз кечишим керак. Сен шуни истайсанми? Эй иним, сен бошқаларга ўз табиатинг билан муомала қилгин, уларнинг табиати билан эмас, гарчи уларнинг табиати сенга озор берсада. Яна шуни билгинки, бошқалар сенинг олийжаноб муомалангга муносиб бўлмасаларда, уларга ўшандай муомала қилишингдан сени қайтарадиганларнинг чақириғига қулоқ солма!”.

Модомики, сен ўзгаларни бахтли қилиш учун яшар экансан, албатта Аллоҳ таоло сени бахтли қиладиган бошқа кишиларни ҳам чиқариб қўяди. Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир. Хулқингни гўзал қилсанг халойиқ сени яхши кўради. Ҳеч қачон бошқаларни бахтли қилган лаҳзанг учун надомат чекма, гарчи ўшалар бу яхшилигинга арзимасаларда, деди.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

Мақолалар