Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Октябр, 2024   |   07 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:11
Қуёш
06:29
Пешин
12:15
Аср
16:06
Шом
17:53
Хуфтон
19:05
Bismillah
10 Октябр, 2024, 07 Рабиъус сони, 1446

Уккоша ким эди?

25.10.2019   2923   4 min.
Уккоша ким эди?

 Уккоша ибн Миҳсан улуғ саҳобалардан бўлиб, Бани Абдушшамс ибн Абдуманофнинг иттифоқдоши эдилар. У киши Исломга аввал кирган пешқадамлардан бўлиб, Мадинага ҳижрат қилганлар. Уккоша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча жангларда қатнашдилар.

Бадр кунида жанг қилаётганларида қиличлари синиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига йўғон таёқ бериб: «Мана бу билан жанг қил, эй Уккоша!» – дедилар. Таёқни олиб силкитган эдилар, қўлларида узун ялтироқ қиличга айланди. Уккоша розияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло мусулмонларга ғалабани ато қилгунича ўша қилич билан жанг қилдилар. Бу қилич “Ал-авн” (ёрдам) деб номланарди. Ўша қиличлари доим унинг ёнида бўларди. У Ридда жангида ҳалок бўлганида ҳам қиличи ёнида эди. Ўшанда уни Тулайҳа ибн Хувайлид ал-Асадий ўлдирган эди. Бу воқеани Ибн Асир “Усдул ғоба” китобида келтирганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимдан етмиш минг киши ҳисоб қилинмасдан жаннатга кирадилар” дедилар. Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени ўшалардан қилсин” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим! Уни ўшалардан қилгин!»  – дедилар. Кейин яна бир киши ўрнидан туриб: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени ҳам ўшалардан қилсин” деди. Шунда у зот соллалоҳу алайҳи васаллам: “Уккоша бу борада сендан ўзиб кетди” деб марҳамат қилдилар. Имом Муслим ривоятлари.

Ушбу ҳадисдан мана буларни оламиз:

  1. Яхшиликка шошилиш, мусобақа қилиш, кеч қолмаслик зарурлиги. Яхшилик борасида секинлашиш эса фойдадан маҳрум бўлишга, орзуга етолмасликка, мақсадга етишиш кечикишига, фурсат қўлдан бой берилишига сабаб бўлади.
  2. Яхшиликка уринган, шошилган кишини мукофотлаш.
  3. Солиҳ амалларга шошилувчиларни алоҳида зикр қилиш.
  4. Мукофот амалдан кейин бўлади. Уккоша розияллоҳу анҳу унгача кўп амал қилган, барча жангларда қатнашган эдилар. Аллоҳ таоло Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларига мазкур ҳадисни Уккоша розияллоҳу анҳу борликларида жорий қилди, Уккошага эса тезкорлик билан фурсатни ғанимат билишни насиб этиб, сўнггида мукофотни ато этди.
  5. Жавоб беришдаги лутф, мулойимлик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи сўраган кишига “Сен лойиқ эмассан”, “Сен муносиб эмассан” демадилар. Балки унинг кўнглига ботмайдиган қилиб, “Уккоша бу борада сендан ўзиб кетди” дедилар ва бу билан қайта сўраш эшигини беркитдилар.
  6. “Ўзиб кетди” деган сўз билан яхшилик масаласида мусобақалашиш кераклигини баён этдилар.
  7. Мусобақада ютган кишининг исмини эслатиб, бошқаларга намуна қилиш. Уккоша деб эълон қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Умматимдан етмиш минг киши ҳисоб қилинмасдан жаннатга кириши берилдим. Уларнинг юзлари бадр (ой тўлган) кечадаги ойдек ва қалблари бир одамнинг қалбидек бўлади. Мен Раббим азза ва жалладан яна қўшишини сўрадим. У менга ҳар бирлари билан етмиш мингта қўшиб берди.

Бу ҳадиси шарифни имом Аҳмад “Муснад”ларида ривоят қилганлар. Устозларимиздан Мубашшир Аҳмад ҳафизаҳуллоҳ ушбу ҳадисни таржима қилиб, остига қуйидагича изоҳ ёзганлар: “Мен ҳисоблагични олиб етмиш мингни етмиш мингга кўпайтирдим. 4900000000 (тўрт миллиард тўққиз юз миллион) чиқди. Эй карами кенг Зот, Расулинг соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир сўровларига етмиш минг баробар қўшиб бердинг. Биз ҳам ўзимизнинг ҳолимиздан келиб чиқиб ўтинамиз, бизни ўша тўрт миллард тўққиз юз миллиондан биттаси қилгин! Ё Робб, бизни ҳисоб беришга мажолимиз йўқ.

Аллоҳ таоло бизни ҳам ана шу ҳисобсиз жаннатга кирувчилар сафида қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Оғизни покловчи ва Роббни рози қилувчи амал

9.10.2024   1486   4 min.
Оғизни покловчи ва Роббни рози қилувчи амал

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бутун инсониятга раҳмат ўлароқ юборилган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир амалларида биз учун гўзал намуна бор. Зеро, Аллоҳга муҳаббатни даъво қилаётган киши биринчи галда Расулуллоҳга эргашмоғи зарур. Жумладан, мисвок ишлатиш ҳам у зотнинг суннатлари сирасига киради.

Истеъмолимизда мавжуд бўлган мисвок қилиш деган истилоҳдан тишни ишқалаб ювиш маъноси тушунилади. Мисвокнинг тарихига назар ташласак, ўша вақтда маълум бир буталарнинг, аниқроғи арок номли бутанинг учи юмшатилган новдалари билан тиш тозаланган ва ана шу мисвок дейилган. Мисвокнинг фазилатлари ҳақида Расулуллоҳдан кўплаб ҳадислар ворид бўлган:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мисвок оғизни покловчи ва Роббни рози қилувчидир», дедилар».

Ислом бутун оламни жаҳолат зулматидан ҳидоят нури томон чиқариш учун келди ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни покликка ўргатиш баробарида ўзлари ҳам бунга жонли мисол ўлароқ яшаб ўтдилар. Одатда, киши оғзини поклаш орқали шахсий гигиенага амал қилишини мақсад қилади. Бироқ Ислом бу амалиётни ибодат даражасига кўтарди ва «Роббни рози қилувчи» иш сифатида юқори мартабага олиб чиқди. Бундан кўринадики, мусулмон киши учун мисвок қилиш фақатгина новда, қўл ёки тиш ювиш воситасидан фойдаланиб оғизни ишқалаб, чайиб ташлаш деган оддий бир маънони англатмайди. Балки, тишларни пок сақлаш Аллоҳнинг амри, Расулининг суннати, бир сўз билан айтганда, шариат кўрсатмаси экан. Бундан ташқари, бу фармонга оғишмай, ихлос билан амал қилган мусулмон киши мисвок орқали Аллоҳнинг розилигини қўлга киритиши мумкин. Демак, умумий маънода поклик, хос маънода эса оғиз бўшлиғини пок сақлаш диний ҳамда тиббий нуқтаи назардан ҳам алоҳида эътибор қаратиладиган муҳим ишлардан бири саналади. Шу сабабли мавзунинг тиббий нуқтаи назарига бироз тўхталиб ўтамиз.

Одатда, одамнинг  оғзи озуқа ҳамда дори воситаларининг организм ичига кириши учун эшик вазифасини ўтайди. Баъзида оғиздан нохуш ҳид анқиб туради. Буни тиббий мутахассислар оғиз бўшлиғининг яллиғланиши, тишларнинг чириши, яхши ўрнатилмаган протез ёки сунъий тишлар, тиш ковакларида овқат қолдиқларининг йиғилиши билан боғлиқ деб изоҳлашади. Бу ҳолатни бир сўз билан шахсий тиббий гигиенага риоя қилмаслик дейиш мумкин.

Маълумки, стоматологик касалликлар кенг тарқалган хасталик туркумига мансуб. Стоматологлар тишларни тозалаш, милкларнинг зарарланишини олдини олиш учун турли тиш ювиш воситалари, гель ҳамда чайиш бальзамлари билан бир қаторда барининг энг яхши давоси сифатида мисвокни тавсия қилишади. Бу эса ўн асрдан ортиқ вақтдан бери ўз хусусиятини йўқотмай келаётган шифо услубидир. Ҳозирги кунда одамларга қулай бўлиши учун арок дарахти моддаларидан олинадиган тиш пасталари ҳам кенг оммалашди.

2021 йилда И.А.Гаврилов томонидан “Оценка антимикробной активности мисвака  – Мисвокнинг микробга қарши фаоллигини баҳолаш” мавзусида илмий тадқиқот амалга оширилган ва у  Белорус Давлат тиббиёт университетининг расмий саҳифасида эълон қилинган. Шу ва бундан бошқа тадқиқот ҳамда изланишларда арок дарахтидан олинадиган мисвок инсон танасида қон айланишини яхшилаши, турли микробларга қарши курашувчи, бир қатор фойдали моддаларга бой беназир восита экани эътироф этилмоқда. Бир қарашда оддийдек туюлган мисвак таркибида ўттизга яқин фойдали моддалар мавжуд экани аниқланган. Уларнинг баъзисини Гаврилов ҳам ўз илмий ишида ёритиб ўтган. Жумладан, мисвокнинг таркибида фтор моддаси борлиги сабабли у тишларнинг кариесга чалинишида самарали профилактик восита бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари унинг таркибидаги хлор эса тишларнинг сарғайишини кетказади. Бу жараёнда мисвокнинг таркибий компонентларидан бири бўлган силикат моддаси ҳам ёрдам беради.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ислом мисвокни ибодат даражасига кўтарганини теран англаганимиз ҳолда бу ибодатга астойдил бўлишимиз ҳамда фарзандларимизни ҳам суннат руҳида тарбиялашимиз керак бўлади. Бу эса мусулмоннинг улкан вазифасидир.

Жасурхон КАМОЛОВ,
ТИИ 3-босқич талабаси

 

Мақолалар