Уккоша ибн Миҳсан улуғ саҳобалардан бўлиб, Бани Абдушшамс ибн Абдуманофнинг иттифоқдоши эдилар. У киши Исломга аввал кирган пешқадамлардан бўлиб, Мадинага ҳижрат қилганлар. Уккоша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча жангларда қатнашдилар.
Бадр кунида жанг қилаётганларида қиличлари синиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига йўғон таёқ бериб: «Мана бу билан жанг қил, эй Уккоша!» – дедилар. Таёқни олиб силкитган эдилар, қўлларида узун ялтироқ қиличга айланди. Уккоша розияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло мусулмонларга ғалабани ато қилгунича ўша қилич билан жанг қилдилар. Бу қилич “Ал-авн” (ёрдам) деб номланарди. Ўша қиличлари доим унинг ёнида бўларди. У Ридда жангида ҳалок бўлганида ҳам қиличи ёнида эди. Ўшанда уни Тулайҳа ибн Хувайлид ал-Асадий ўлдирган эди. Бу воқеани Ибн Асир “Усдул ғоба” китобида келтирганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимдан етмиш минг киши ҳисоб қилинмасдан жаннатга кирадилар” дедилар. Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени ўшалардан қилсин” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим! Уни ўшалардан қилгин!» – дедилар. Кейин яна бир киши ўрнидан туриб: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени ҳам ўшалардан қилсин” деди. Шунда у зот соллалоҳу алайҳи васаллам: “Уккоша бу борада сендан ўзиб кетди” деб марҳамат қилдилар. Имом Муслим ривоятлари.
Ушбу ҳадисдан мана буларни оламиз:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Умматимдан етмиш минг киши ҳисоб қилинмасдан жаннатга кириши берилдим. Уларнинг юзлари бадр (ой тўлган) кечадаги ойдек ва қалблари бир одамнинг қалбидек бўлади. Мен Раббим азза ва жалладан яна қўшишини сўрадим. У менга ҳар бирлари билан етмиш мингта қўшиб берди”.
Бу ҳадиси шарифни имом Аҳмад “Муснад”ларида ривоят қилганлар. Устозларимиздан Мубашшир Аҳмад ҳафизаҳуллоҳ ушбу ҳадисни таржима қилиб, остига қуйидагича изоҳ ёзганлар: “Мен ҳисоблагични олиб етмиш мингни етмиш мингга кўпайтирдим. 4900000000 (тўрт миллиард тўққиз юз миллион) чиқди. Эй карами кенг Зот, Расулинг соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир сўровларига етмиш минг баробар қўшиб бердинг. Биз ҳам ўзимизнинг ҳолимиздан келиб чиқиб ўтинамиз, бизни ўша тўрт миллард тўққиз юз миллиондан биттаси қилгин! Ё Робб, бизни ҳисоб беришга мажолимиз йўқ.
Аллоҳ таоло бизни ҳам ана шу ҳисобсиз жаннатга кирувчилар сафида қилсин!
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғлини уйлантирган ота бир куни ўғлига қоғоз, қалам ва ўчирғич келтиришни буюрди. Ўғил аввалига отасининг бу талабидан ҳайрон бўлди, ота қистайвергач, ўғил айтилган нарсаларни олиб келди.
Ота ўғилга: “Ёз!”деди.
Ўғил: “Нимани ёзай?” – деди.
Ота: “Ҳохлаган нарсангни ёз”, деди. Ўғил бир жумла ёзди.
Ота: “Энди ёзганингни ўчир”, деди. Ўғил ўчирғич билан ёзган нарсасини ўчирди.
Ота: “Яна ёз!” – деди.
Ўғил: “Нимани, нега ёзай?” – деди.
Ота: “Сен ёзавер”, деди. Ўғил ёзди.
Ота: “Энди ўчир”, деди. Ўғил ўчирди.
Ота: “Ёз!” – деди.
Ўғил: “Сиз мендан нима истайсиз, нега ёзай?” – деди.
Ота: “Айтганни қил!”, деди. Ўғил яна ёзди.
Ота: “Энди ўчир!” – деди. Ўғил ўчирди.
Шундан кейин ота ўғлининг елкасига қўлини қўйиб: “Эй ўғлим, турмуш қургандан кейин оилада битта ўчирғич бўлиши керак. Сен аёлингдан кўрган баъзи бир ёқмайдиган нарсаларни ўчириб туришинг, аёлинг сендан кўрган баъзи бир ёқтирмайдиган нарсаларини ўчириб туриши керак бўлади. Акс ҳолда турмушнинг оппоқ варағи кўп ўтмай ёқимсиз хотиралар билан тўлиб қолади. Натижада, турмуш жаҳаннамга айланади. Эй ўғлим, эр-хотинлик алоқаси меҳр-муҳаббат ва ўзаро бағрикенгликка, бир-бирига нисбатан кечиримли бўлишга асосланади. Агар бирор камчилик ўтса уни такрорламаслик учун муносиб услуб билан тушунтириш лозим бўлади. Мана шу эр-хотинлик алоқасини мустаҳкамлайдиган асосий қоидалардан ҳисобланади”, деди.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ