Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Октябр, 2024   |   09 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:14
Қуёш
06:32
Пешин
12:14
Аср
16:03
Шом
17:50
Хуфтон
19:02
Bismillah
12 Октябр, 2024, 09 Рабиъус сони, 1446

Уккоша ким эди?

25.10.2019   2961   4 min.
Уккоша ким эди?

 Уккоша ибн Миҳсан улуғ саҳобалардан бўлиб, Бани Абдушшамс ибн Абдуманофнинг иттифоқдоши эдилар. У киши Исломга аввал кирган пешқадамлардан бўлиб, Мадинага ҳижрат қилганлар. Уккоша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча жангларда қатнашдилар.

Бадр кунида жанг қилаётганларида қиличлари синиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига йўғон таёқ бериб: «Мана бу билан жанг қил, эй Уккоша!» – дедилар. Таёқни олиб силкитган эдилар, қўлларида узун ялтироқ қиличга айланди. Уккоша розияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло мусулмонларга ғалабани ато қилгунича ўша қилич билан жанг қилдилар. Бу қилич “Ал-авн” (ёрдам) деб номланарди. Ўша қиличлари доим унинг ёнида бўларди. У Ридда жангида ҳалок бўлганида ҳам қиличи ёнида эди. Ўшанда уни Тулайҳа ибн Хувайлид ал-Асадий ўлдирган эди. Бу воқеани Ибн Асир “Усдул ғоба” китобида келтирганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимдан етмиш минг киши ҳисоб қилинмасдан жаннатга кирадилар” дедилар. Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени ўшалардан қилсин” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим! Уни ўшалардан қилгин!»  – дедилар. Кейин яна бир киши ўрнидан туриб: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени ҳам ўшалардан қилсин” деди. Шунда у зот соллалоҳу алайҳи васаллам: “Уккоша бу борада сендан ўзиб кетди” деб марҳамат қилдилар. Имом Муслим ривоятлари.

Ушбу ҳадисдан мана буларни оламиз:

  1. Яхшиликка шошилиш, мусобақа қилиш, кеч қолмаслик зарурлиги. Яхшилик борасида секинлашиш эса фойдадан маҳрум бўлишга, орзуга етолмасликка, мақсадга етишиш кечикишига, фурсат қўлдан бой берилишига сабаб бўлади.
  2. Яхшиликка уринган, шошилган кишини мукофотлаш.
  3. Солиҳ амалларга шошилувчиларни алоҳида зикр қилиш.
  4. Мукофот амалдан кейин бўлади. Уккоша розияллоҳу анҳу унгача кўп амал қилган, барча жангларда қатнашган эдилар. Аллоҳ таоло Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларига мазкур ҳадисни Уккоша розияллоҳу анҳу борликларида жорий қилди, Уккошага эса тезкорлик билан фурсатни ғанимат билишни насиб этиб, сўнггида мукофотни ато этди.
  5. Жавоб беришдаги лутф, мулойимлик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи сўраган кишига “Сен лойиқ эмассан”, “Сен муносиб эмассан” демадилар. Балки унинг кўнглига ботмайдиган қилиб, “Уккоша бу борада сендан ўзиб кетди” дедилар ва бу билан қайта сўраш эшигини беркитдилар.
  6. “Ўзиб кетди” деган сўз билан яхшилик масаласида мусобақалашиш кераклигини баён этдилар.
  7. Мусобақада ютган кишининг исмини эслатиб, бошқаларга намуна қилиш. Уккоша деб эълон қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Умматимдан етмиш минг киши ҳисоб қилинмасдан жаннатга кириши берилдим. Уларнинг юзлари бадр (ой тўлган) кечадаги ойдек ва қалблари бир одамнинг қалбидек бўлади. Мен Раббим азза ва жалладан яна қўшишини сўрадим. У менга ҳар бирлари билан етмиш мингта қўшиб берди.

Бу ҳадиси шарифни имом Аҳмад “Муснад”ларида ривоят қилганлар. Устозларимиздан Мубашшир Аҳмад ҳафизаҳуллоҳ ушбу ҳадисни таржима қилиб, остига қуйидагича изоҳ ёзганлар: “Мен ҳисоблагични олиб етмиш мингни етмиш мингга кўпайтирдим. 4900000000 (тўрт миллиард тўққиз юз миллион) чиқди. Эй карами кенг Зот, Расулинг соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир сўровларига етмиш минг баробар қўшиб бердинг. Биз ҳам ўзимизнинг ҳолимиздан келиб чиқиб ўтинамиз, бизни ўша тўрт миллард тўққиз юз миллиондан биттаси қилгин! Ё Робб, бизни ҳисоб беришга мажолимиз йўқ.

Аллоҳ таоло бизни ҳам ана шу ҳисобсиз жаннатга кирувчилар сафида қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фарзандлар бизнинг келажагимиз

9.10.2024   2012   2 min.
Фарзандлар бизнинг келажагимиз

Болалар бизнинг келажагимиз, бошлаган эзгу ишларимизнинг давомчилари, кўзимизнинг нури, қалбимиз сурури. Улар билан ҳаётимиз обод, кўнглимиз чароғон. Шу сабабли ҳам болаларимиз бахтли бўлишлари учун ҳамма нарсамизни беришга тайёрмиз.

Деҳқон мевали дарахт экар экан, унинг ҳосилидан умидвор бўлган ҳолда кўчат ўтқазади. Кейин уни парвариш қилади. Керакли озуқа билан таъминлайди, сув ва ўғитларидан тинимсиз хабар олиб туради.

Энг муҳими – унга меҳр беради. Чунки ҳар бир ишда меҳр бўлмас экан, кўзланган мурод ҳосил бўлмайди.

Деҳқон қунт билан йиллар давомида сабр билан ҳосилни кутади. Шу жойда деҳқоннинг улуғлик сифатлари намоён бўлади – у йиллар давомида тер тўкиб, меҳр бериб, қунт қилиб, қалб қўрини ўтказиб кўчат парвариш қилиб кутган ҳосилини бир ўзи емайди. Балки халқ билан баҳам кўради.

Халққа меванинг сараларини тақдим қилар экан, унга қандай баҳо беришларини кутади.

Деҳқоннинг кўчатлари кўп. Кўчатлар ичра энг муҳими – фарзанд.

Фарзанд Аллоҳ таолонинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги энг улуғидир. У дунё ҳаётининг зийнатидир. Шу билан бу улуғ неъмат Аллоҳ таоло томонидан берилган омонат ҳамдир.

Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота-оналар бунинг қадрига етмоқлари, бунга шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари лозим. Яъни унга чиройли исм қўйишлик, яхши таълим-тарбия беришлик ва охир оқибатда Аллоҳ розилигини топадиган, ўз миллати, Ватани, ота-онасига муносиб ўғлон, тенгдошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонган етук бир инсон бўлиши борасидаги масъулиятли вазифаларини чин ихлос билан адо этиш шундай масъулиятли ва шарафли вазифалардандир.

Деҳқон кўчат сирларини билиши нечоғли зарур бўлса, ҳар бир ота-она фарзанд тарбияси усулларини яхши ўрганишлари вожибдир. Акс ҳолда мева кўзланган ҳосилни бермайди. Балки юрт учун, Ватан учун, келажак учун кони зарар бўлиши ҳеч гап эмас.

Бугун биз қўйнимизда табия қилаётган нав-ниҳолимиз эртага юртга, халққа ва Ватанга хиёнаткор бўлмаслиги, минглаб инсонларнинг ёстиқларини қуритмаслиги учун ҳар сохада ҳушёр бўлишга мажбурмиз. Бу мажбурият юки бутун жамиятнинг зиммасида бўлса-да, ота ва онада яна ҳам чандондир.

Биз билишимиз керак бўлган вазифаларимиздан бири ва асосийроғи боланинг ҳуқуқларидир.

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,
Асака туманидаги "Муҳаммадсолиҳ" жоме масжиди имом-хатиби.