Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Октябр, 2024   |   11 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:16
Қуёш
06:34
Пешин
12:14
Аср
16:00
Шом
17:46
Хуфтон
18:59
Bismillah
14 Октябр, 2024, 11 Рабиъус сони, 1446

Уккоша ким эди?

25.10.2019   2980   4 min.
Уккоша ким эди?

 Уккоша ибн Миҳсан улуғ саҳобалардан бўлиб, Бани Абдушшамс ибн Абдуманофнинг иттифоқдоши эдилар. У киши Исломга аввал кирган пешқадамлардан бўлиб, Мадинага ҳижрат қилганлар. Уккоша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча жангларда қатнашдилар.

Бадр кунида жанг қилаётганларида қиличлари синиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига йўғон таёқ бериб: «Мана бу билан жанг қил, эй Уккоша!» – дедилар. Таёқни олиб силкитган эдилар, қўлларида узун ялтироқ қиличга айланди. Уккоша розияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло мусулмонларга ғалабани ато қилгунича ўша қилич билан жанг қилдилар. Бу қилич “Ал-авн” (ёрдам) деб номланарди. Ўша қиличлари доим унинг ёнида бўларди. У Ридда жангида ҳалок бўлганида ҳам қиличи ёнида эди. Ўшанда уни Тулайҳа ибн Хувайлид ал-Асадий ўлдирган эди. Бу воқеани Ибн Асир “Усдул ғоба” китобида келтирганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимдан етмиш минг киши ҳисоб қилинмасдан жаннатга кирадилар” дедилар. Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени ўшалардан қилсин” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим! Уни ўшалардан қилгин!»  – дедилар. Кейин яна бир киши ўрнидан туриб: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени ҳам ўшалардан қилсин” деди. Шунда у зот соллалоҳу алайҳи васаллам: “Уккоша бу борада сендан ўзиб кетди” деб марҳамат қилдилар. Имом Муслим ривоятлари.

Ушбу ҳадисдан мана буларни оламиз:

  1. Яхшиликка шошилиш, мусобақа қилиш, кеч қолмаслик зарурлиги. Яхшилик борасида секинлашиш эса фойдадан маҳрум бўлишга, орзуга етолмасликка, мақсадга етишиш кечикишига, фурсат қўлдан бой берилишига сабаб бўлади.
  2. Яхшиликка уринган, шошилган кишини мукофотлаш.
  3. Солиҳ амалларга шошилувчиларни алоҳида зикр қилиш.
  4. Мукофот амалдан кейин бўлади. Уккоша розияллоҳу анҳу унгача кўп амал қилган, барча жангларда қатнашган эдилар. Аллоҳ таоло Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларига мазкур ҳадисни Уккоша розияллоҳу анҳу борликларида жорий қилди, Уккошага эса тезкорлик билан фурсатни ғанимат билишни насиб этиб, сўнггида мукофотни ато этди.
  5. Жавоб беришдаги лутф, мулойимлик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи сўраган кишига “Сен лойиқ эмассан”, “Сен муносиб эмассан” демадилар. Балки унинг кўнглига ботмайдиган қилиб, “Уккоша бу борада сендан ўзиб кетди” дедилар ва бу билан қайта сўраш эшигини беркитдилар.
  6. “Ўзиб кетди” деган сўз билан яхшилик масаласида мусобақалашиш кераклигини баён этдилар.
  7. Мусобақада ютган кишининг исмини эслатиб, бошқаларга намуна қилиш. Уккоша деб эълон қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Умматимдан етмиш минг киши ҳисоб қилинмасдан жаннатга кириши берилдим. Уларнинг юзлари бадр (ой тўлган) кечадаги ойдек ва қалблари бир одамнинг қалбидек бўлади. Мен Раббим азза ва жалладан яна қўшишини сўрадим. У менга ҳар бирлари билан етмиш мингта қўшиб берди.

Бу ҳадиси шарифни имом Аҳмад “Муснад”ларида ривоят қилганлар. Устозларимиздан Мубашшир Аҳмад ҳафизаҳуллоҳ ушбу ҳадисни таржима қилиб, остига қуйидагича изоҳ ёзганлар: “Мен ҳисоблагични олиб етмиш мингни етмиш мингга кўпайтирдим. 4900000000 (тўрт миллиард тўққиз юз миллион) чиқди. Эй карами кенг Зот, Расулинг соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир сўровларига етмиш минг баробар қўшиб бердинг. Биз ҳам ўзимизнинг ҳолимиздан келиб чиқиб ўтинамиз, бизни ўша тўрт миллард тўққиз юз миллиондан биттаси қилгин! Ё Робб, бизни ҳисоб беришга мажолимиз йўқ.

Аллоҳ таоло бизни ҳам ана шу ҳисобсиз жаннатга кирувчилар сафида қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ажва жаннатдандир

7.10.2024   3259   2 min.
Ажва жаннатдандир

Қуръонда хурмо йигирма мартадан ортиқ зикр қилинган. Жаброил алайҳиссалом Марямга Исо алайҳиссаломни туққанидан кейин янги хурмо мевасидан ейишни маслаҳат берди:

“Хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар” – Марям сураси, 25-оят.

“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шом намозини ўқимасдан олдин бир неча хурмо билан оғиз очар эдилар. Агар хурмо бўлмаса, хурмо қоқиси билан очар эдилар. Агар қуритилган хурмо ҳам бўлмаса, бир неча қултум сув ичар эдилар” – Имом Термизий ривоят қилган, 696.

Ҳадисларда хурмонинг фойдалари, шунингдек, унинг мўминга ўхшашлиги ҳақида кўп марта айтилган. Лекин хурмо навлари орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, айниқса ажвани алоҳида таъкидлаганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади,“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ажва жаннатдандир, у заҳарланишга қарши даводир” – Имом Термизий ривоят қилган, 2066.

Имом Мунавий айтади: “Ажва шакли ва номи жиҳатидан жаннатдаги ажваларга ўхшаб кетади, лекин ширинлиги ва таъми жиҳатидан эмас”. Ажва Ҳижоз бўйича тана учун энг фойдали, ёқимли ва мазали хурмодир. Мана шу хусусиятларига кўра бошқа навлардан устунлигини англатиш учун “ажва жаннатдандир” деган таъриф қўлланилган.

Аксарият олимларнинг фикрига кўра, ҳадисдаги бу хурмо Мадина плантацияларида ўсадиган ажва навига тегишлидир, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳарга барака сўраб дуо қилганлар.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Ё Аллоҳ! Бизга, меваларимизга, шаҳримизга, соъларимизга ва муддларимизга баракот бер”.

Соъ ва мудд ўлчов бирликлари:

Соъ – ўлчов идиши, жумҳур уламолар ва имомайн наздида = 2,750 л. ёки 2,176 кг; Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида = 4,125 л. ёки 3,264 кг.

1 мудд – катта бир ҳовуч = 0,6875 л. ёки 0,544 кг.

Саҳобалар пишиб етилган илк мевани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга келтирардилар. У зот мевани қўлларига олиб, юқоридагидек дуо қилардилар. Сўнгра ўша жойдаги ёш болаларга у мевани берардилар.

Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.

Мақолалар