Хўжагон тасаввуфий тариқатининг муршиди, кейинчалик нақшбандия тариқати ва таълимотининг ҳақиқий асосчиси, улуғ инсонпарвар сўфий Абдухолиқ Ғиждувоний ҳисобланади. Улуғ мутасаввуф олим, шайх Абдухолиқ Ғиждувоний Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг тўртинчи халфалари (муридлари) бўлиб, 1103 йилда Ғиждувон шаҳрида таваллуд топганлар. Тасаввуф ва суфийлик маданиятига бағишлаб кўплаб асарлар ёзиб қолдирган.
Улардан қуйидагилар: «Рисолаи соҳибия», «Мақомати шайхул-шуйух Юсуф Ҳамадоний», «Насиҳатнома», «Васиятнома», «Рубоийёт» ва бошқалар.
Илк устози тафсир илмининг султони Имом Садриддин ҳисобланиб, йигирма икки ёшда Юсуф Ҳамадоний билан учрашади ва унинг муридига айланади. Хожа Юсуф Ҳамадоний Абдухолиқ Ғиждувоний қалбида Аллоҳга бўлган чексиз муҳаббат борлигини билгач, суфийлар жамоасига олиб киради. Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний устози билан боғлиқ тарихни ўрганувчи барча мусулмон ва европалик олимлар "Рашахот айнул ҳаёт" асарига ишончли манба сифатида мурожаат этадилар.
Фахруддин Али Сафий ибн Ҳусайн Воиз Кошифийнинг "Рашахот айн ул ҳаёт" асарида Хўжаи Жаҳон Абдухолиқ Ғиждувонийнинг хўжагон нақшбандия таълимотининг асосчиси эканлиги, бу таълимотнинг моҳияти, ўзига хос томонлари, бу таълимотнинг барча табақалар учун маъқул эканлиги ҳақида ёзилган. Бу манба Хўжагон тариқатининг моҳиятини ўрганишда кенг китобхонлар оммасига ёрдам беради.
XV асрнинг мўътабар адиби ва мутафаккири Абдураҳмон Жомий тасаввуфнинг йирик намояндалари ҳақида қомусий маълумотларни қолдирган. Бу улуғ зотнинг ҳозирча - 2 та асарида: "Нафахотул унс" ва "Баҳористон"да Абдухолиқ Ғиждувоний ҳақида ёзиб қолдирган маълумотлар бор. "Нафахотул унс" (Қувончли туҳфалар") Абдураҳмон Жомийнинг тасаввуф аҳли таржимаи ҳоли ва ижодини ўз ичига олган тазкираси 1475-1476 йилларда ёзилган. Асарда турли даврларда яшаган тасаввуф тариқатининг 600 дан зиёд вакили ҳақида маълумот берилади. Асарнинг 242-243 бетларида Ҳазрат Хўжа Абдухолиқ Ғиждувонийга оид тавсиф баён этилган. Алишер Навоий бу асарлардан илҳомланиб, "Насойимул муҳаббат" номли асар яратган. Алишер Навоийнинг "Насойимул муҳаббат мин шамойимул футувват" тарихий-фалсафий асарида улуғ зот ҳақида маълумот бериб, Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний ҳақида тавсифлар ифодаланган.
"Абдулланома" тарихий асарининг муаллифи Ҳофиз Таниш Бухорий (XVII аср) "Хожайи Жаҳон Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний" деб ҳурмат билан ул зотнинг номларини тилга олади. Бундан маълум бўладики, у кишини Хўжаи Жаҳон деганлар, шу манбада туғилган йили 1111, вафоти 1179 йил деб кўрсатилган. Қабрлари ўз она юртлари Ғиждувонда деб кўрсатилган.
Бухоро вилояти Ғиждувон шаҳридаги “Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний” жомеъ масжиди соҳибикаромат Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари номлари билан аталади. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний “Хўжаи жаҳон”, “Зикр қалб султони”, “Икки олам Хўжаси”, “Қутби замон”, “Офоқи замон” каби жуда кўп сифатлар берилган. Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний “бўз тўқиш” касби билан шуғулланганлар. Хўжагон тариқати асоси Қуръон ва ҳадисга таяниб, бидъату хурофот, сохта пиру-муридликка қарши қаттиқ курашиб, тама ва миннатдан инсониятни қайтариб халол меҳнат орқасидан кун кечиришга Аллоҳ берган ризқни кўпчилик билан баҳам кўришга ундаб келганлар.
Буюк аждодларимиздан соҳибқирон Амир Темур Хитой урушидан қайтгандан сўнг Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг шарафларига атаб мадраса ва мақбара қуришни ният қилади, аммо ниятини амалга оширолмайди. Ёш бўлишига қарамасдан бобосининг ёнида юриган невараси Мирзо Улуғбек бу эзгу ниятни амалга ошириб, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний шарафларига атаб 1433 йилда болаларни Қуръон ва ҳадис, фиқх ва тафсир илмлари ўрганишлари учун мўжаз бир мадраса, Ғиждувон шаҳрида кутубхона ва тошҳаммом қурдириб беради. Бухоро амири Амр Абдуллохон томонидан Абдулхолиқ Ғиждувоний шарафларига атаб масжид, минора ва ҳовуз барпо этади.
Тошкент ислом институти
Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси
ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.