frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Интернетдаги таҳдидлардан огоҳ бўлайлик

23.10.2019   4514   5 min.
Интернетдаги таҳдидлардан огоҳ бўлайлик

Маълумки, ҳозирги вақтда йирик ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар сони миллионлаб, миллиардлаб кишига етган. Улар ўзаро мулоқот қиладилар, сайтларга ўзларининг, яқинларининг фотосуратлари, видеоларини қўядилар, у ёки бу мавзуда фикр алмашадилар. Кимлардир бу сайтларда ўзларининг унутилиб кетган танишларини ва болаликдаги дўстларини топадилар.

Ҳар яхшининг бир камчилиги бўлганидек, тармоқларнинг ҳам бир қанча ёмон томонлари бор. Аввало, ижтимоий тармоқлар – психологик қарамлик ҳисобланади. Кўпгина фойдаланувчилар бундай сайтларга бир киргач, кун бўйи қолиб кетадилар. Натижада уларнинг онгида ҳақиқий ҳаёт билан виртуал олам аралишиб кетади. Инсон виртуал олам бу хаёлот эканиги, реал ҳаётга доим ҳам тўғри келавермаслигини унутиб қўяди. Бунинг оқибатида аянчли ҳодисалар юз беради.

Эндиликда ижобий ёки салбий мазмундаги фикрларнинг глобал тармоққа чиқиши учун бир сония кифоя. Хабарингиз бор, бундан бир қанча муддат муқаддам Янги Зеландияда фожиали теракт юз берди.

Янги Зеландиядаги иккита масжидда отишма содир этилди.

Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги иккита масжидда жума намозидан кейин содир этилган отишма оқибатида камида 27 киши ҳалок бўлди. Шифохоналарга 30 га яқин ярадор ётқизилди. Дастлаб отишма бир масжидда содир этилгани ва 6 киши яралангани маълум қилинган эди. Маълумотларга кўра ушбу отишмани қуролланган кишилар маҳаллий вақт билан соат 13:45 да ёнма-ён жойлашган “Ал-Нур” ва “Линвуд” масжидига бостириб кириб, чиқиш эшикларини ёпган ҳолда, намозхонларни ўққа тута бошлаган. Отишма содир бўлган вақтда масжидда 300 га яқин киши бўлган.

Ню Зеаланд Ҳералд хабарига кўра, Крайстчерч шаҳридаги масжидларга ҳужум қилганлардан бири Aвстралиялик 28 ёшли Брентон Таррантдир.

Таъкидланишича, Таррант “Aл-Нур” масжидига ҳужумни ижтимоий тармоқларда жонли трансляция қилган, у 17 дақиқа давом этган.

Нашрдан қўшимча қилинишича, ҳужумдан бироз олдин Таррант ижтимоий тармоқларда Германия канслери Ангела Меркел ва Туркия президенти Реджеб Тайиб Эрдоғанни ўлдиришга чақирган.

Аввалроқ, оммавий ахборот воситалари манбаларга таянган ҳолда ҳужум оқибатида 27 киши қурбон бўлганини хабар берган эди. Кейинчалик жиноятчилардан бири “Aл-Нур” масжидига ҳужумни онлайн трансляция қилгани аниқланди.

Трансляция ижтимоий тармоқларда ҳам олиб борилгани маълум бўлди. Шу жумладан, Facebook ижтимоий тармоғида ҳам ушбу қатлиом онлайн олиб берилгани ҳақида интернет сайтларида хабар берилди.

Бундан ташқари, бу фожиада ҳам мусулмонларни айбдор деганлар топилди. “Euronews” берган хабарга кўра, Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳрида жума намози пайтида икки масжидда юз берган терактлардан кейин австралиялик сенатор Фрайзер Эн ўз баёнотида ҳужумларнинг сабаби мусулмон аҳоли сонининг ортиши ва иммигрантлар эканини айтди. Унинг фикрича, Янги Зеландиядаги ҳужумлар жамиятда мусулмонларга нисбатан ортган қўрқувнинг белгисидир[1].

“Бугун Янги Зеландия кўчаларида қон тўкилишининг асл сабаби мутаассиб мусулмонларнинг Янги Зеландияга кўчишига имкон берган иммигратсия сиёсатидир”, - дейди сенатор. Сўзининг охирида у: “Очиқ гапирайлик, бугунги ҳужумнинг қурбонлари мусулмонлар бўлса-да, умуман олганда асл жиноятчилар улар бўлади ва мусулмонлар дунё бўйлаб ўз динлари номидан одамларни ўлдиряпти”, - деди.  Шунингдек, исломофоб сенатор ислом дини зўравонлик мафкурасига таянганини иддао қилди.

Кейинроқ Австралия бош вазири Скотт Моррисон унинг сўзларини “жирканч”, унинг нуқтаи назарини эса мамлакат парламенти учун номуносиб деб атаган.

Шу ўринда эътибордан четда қолган бир жиҳат. Ўзи бу теракт ким томонидан уюштирилди? Терактни амалга оширганлар аслида қайси дин вакиллари ва қандай ғояларга эга инсонлар?

Муҳим бир нуқта яна ислом оламининг эътиборидан четда қолмоқда!

Янги Зеландиядаги мазкур террорист машъум ҳодисадан бироз олдин ўзининг виртуал саҳифасида 70 саҳифалик баёнот берган. Баёнотда, энг асосий душман сифатида беш нарса ҳақида сўз боради.

  • Истанбул
  • Аясофия (Истанбул фатҳининг рамзи)
  • Усмонийлар
  • Турклар
  • Эрдўғaн

Ижтимоий тармоқларда олдинроқ тарқалган суратларда террористнинг қўлидаги қуролларда усмонийлар давлатига қарши жанг қилган ғайридин қўмондонлар, қўзғолончилар ва мусулмонлар қотили бўлган баъзи жаллодларнинг исмлари ёзилгани маълум бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, ўз хоҳишлари билан ёвузликнинг энг тубига тушган инсонларгина бундай жиноятни катта эҳтирос билан бажарадилар. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар берган имкониятлар эса бу истакни кучайтиради. Шунинг учун ҳар бир шахс турли хил террористик ҳаракатларга тарғиб қилувчи виртуал оламнинг зарарларидан ўзини асраб-авайлаши лозим.

 

МАНСУР ЖАМБИЛОВ

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

 

 

 

[1] http://kun.uz/uz/986532457 Исломофоб сенатор: “Барибир мусулмонлар айбдор”

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Жанубий Кореянинг нуфузли телеканали Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг ёритди

26.08.2026   1771   3 min.
Жанубий Кореянинг нуфузли телеканали Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг ёритди

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини Жанубий Кореяда кенг тарғиб этиш мақсадида нуфузли “EBS” телеканали томонидан мамлакатимиз туризм имкониятларига бағишланган махсус теледастур эфирга узатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Сайёҳлар орасида катта аудиторияга эга бўлган “Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат” теледастури орқали жанубий кореялик томошабинларга Ўзбекистоннинг экотуризм, гастрономик, зиёрат, тоғ ва ландшафт туризми борасидаги имкониятлари ҳақида кенг маълумот берилди.

Ўзбекистонга ташриф буюрган “EBS” телеканали ижодий гуруҳи мамлакатимизнинг машҳур сайёҳлик йўналишлари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларининг қадимий меъморий ёдгорликлари, турли ҳудудлардаги замонавий кўнгилочар марказлар, миллий ҳунармандчилик, ўзбек миллий таомлари ҳамда юртимизнинг бетакрор табиат манзаралари ҳақида ҳикоя қилди.

Кўрсатувда жанубий кореялик сайёҳлар учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишнинг афзалликлари ҳам кенг ёритилди. Хусусан, бугунги кунда Тошкентдан мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига замонавий ва қулай “Афросиёб” тезюрар поезди орқали Ипак йўли йўналишлари бўйлаб саёҳат қилиш мумкинлиги таъкидланди.

“EBS” телеканали мухбири Тошкентнинг ўзига хос меъморий қиёфасига алоҳида эътибор қаратган. Унинг фикрича, пойтахт меъморчилигида ўрта асрларга оид тарихий обидалар, замонавий кўп қаватли бинолар ва собиқ иттифоқ даври меъморчилиги анъаналари ўзига хос уйғунлик касб этган.

Дастурда Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имкониятлари ҳақида сўз юритилар экан, мамлакат пойтахтидан тарихий шаҳарларга автомобиль йўллари билан бир қаторда темир йўл орқали ҳам қулай сафар қилиш мумкинлиги маълум қилинган.

“Йилнинг барча фаслида эрталаб ва кечқурун Тошкентнинг бош вокзалидан Бухоро ва Самарқанд йўналишида қулай тезюрар “Афросиёб” поездлари қатнайди. Максимал тезлиги 230 км/соат бўлган ушбу поезд Тошкентдан Бухорогача бўлган қарийб 600 километрлик масофани уч соату 40 дақиқада босиб ўтади. Бу авиапарвозга нисбатан қулай ва арзонроқ”, – дея қайд этилган теледастурда.

Кўрсатувда Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари Марказий Осиёнинг муҳим маданий дурдоналари сифатида эътироф этилган.

“Бухоро шаҳри 2500 йилдан ортиқ тарихга эга. Эски шаҳар марказида Бухоронинг энг диққатга сазовор ёдгорликларидан бири – 1127 йилда қурилган Минораи Калон жойлашган. Унинг баландлиги 47 метр, пойдевори эса 10 метрни ташкил этади”, – дея маълумот берилади манбада.

Самарқанд ҳақида сўз юритилар экан, унинг 2750 йиллик тарихга эга экани, дунёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири сифатида асрлар давомида турли босқинлар ва вайронагарчиликларга гувоҳ бўлганига қарамай, ўзининг бетакрор ва эртакнамо улуғворлигини сақлаб қолгани таъкидланган.

Теледастурнинг яна бир муҳим жиҳати – унда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги тарихий ва меъморий обидалар билан бир қаторда, миллий ҳунармандчилик, урф-одатлар, миллий таомлар ҳамда мамлакатнинг турли ҳудудларидаги гўзал табиат манзаралари ҳақида батафсил маълумот берилганидир.

Кўрсатувда Ўзбекистоннинг меҳмондўстлигига ҳам алоҳида урғу берилган.

“Сайёҳ сифатида қаерга борманг, хоҳ меҳмон уйларида, хоҳ бозорлар ёки шунчаки кўчада маҳаллий аҳоли билан учрашсангиз, самимий меҳмондўстлик ва илиқликни ҳис қиласиз”, – дейди “EBS” телеканали ижодий гуруҳи.

Умуман, Жанубий Кореянинг етакчи телеканалларидан бири бўлган “EBS” орқали Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор табиати, миллий таомлари, меҳмондўстлиги ва замонавий туризм инфратузилмаси кенг аудиторияга намойиш этилгани мамлакатимизнинг ушбу давлат сайёҳлик бозоридаги жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари