Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Ноябр, 2024   |   29 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:35
Қуёш
06:55
Пешин
12:12
Аср
15:36
Шом
17:21
Хуфтон
18:36
Bismillah
01 Ноябр, 2024, 29 Рабиъус сони, 1446

1917 йилги Тошкентдаги «Шўройи исломия» съездида тўйлар масаласи муҳокама қилинган

23.10.2019   2226   6 min.
1917 йилги Тошкентдаги «Шўройи исломия» съездида тўйлар масаласи муҳокама қилинган

Шу йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 22 ялпи мажлиси ўтказилди ҳамда мазкур йиғилишда аҳоли ўртасида кўпгина муҳокамаларга сабаб бўлган «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қўшма қарорини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
Kun.uz шу ва бошқа масалалар бўйича фикрлашиш ва ҳамон очиқ қолаётган айрим саволларга жавоб топиш мақсадида Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, Регламент ва одоб комиссияси раиси Иқболжон Мирзаалиев (Иқбол Мирзо) билан суҳбат ўтказди.
— Иқболжон ака, шу пайтга қадар бизда тўйлар бўйича турли қарор ва фармонлар қабул қилинган. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар томонидан ҳам ички қоидалар киритилган, лекин буларнинг бирортаси амалий натижа берган эмас. Хўш, яқиндаги қўшма қарор нега қабул қилинди. Ва қандай натижалар кутилмоқда?
Ўзи умуман, халқимизда тўйлар юзасидан баҳслар юз йил олдин ҳам бўлган, юз йил кейин ҳам бўлса керак. Бу қўшма қарор бирор иш беришига ишонасизми?
— Ишонаман. Хабарингиз бор, 1917 йил Тошкенда уламо ва олимларимиз йиғилиб, «Шўройи исломия»нинг съездини чақиришади. Мазкур йиғилишда айнан тўйлар масаласи муҳокама қилинади.
Тасаввур қилинг, ўша пайтда биринчи жаҳон уруши давом этаётганди, ҳамма томонда очарчилик ва бизнинг уламолар томонидан тўйлар масаласи кун тартибига қўйилиб, муҳокама қилинган, унинг норма ва меъёрларини белгилашган. Мазкур съездга Мунаввар қори Абдурашидхонов бошчилик қилган.
Бу йиғин якунида тўйлардаги исрофгарчиликларни жиловлаш бўйича қарор қабул қилиниб барча ҳудудларга юборилади. Бу қарорда бир қанча нормалар белгиланган эди. Масалан, никоҳ тўйларида куёвнавкарлар сони қирқтадан ошмаслиги, тўйлардан кейин «қирқ», «йигирма», «етти» деган хурофий маросим ва маъракалар ўтказилмаслиги, ортиқча мато, кўрпаликлар бериш тўхтатилиши кераклиги кўрсатилганди.
Бу съезд қарорининг менга таъсир қилган жиҳатларидан бири шуки, унда жамиятдаги бадавлат, давлатманд кишиларга мурожаат қилиниб, хайр-эҳсонни очдан ўлаётганлар ва касалларга бериш сўралади.
Қарор якунида эса кўрсатилган меъёрларни бузган кишиларга нисбатан баённома тузилиб, унинг ижроси жойлардаги қозилар, миршабларга юклатилади ва «Нажот» газетасининг 1917 йил 27 апрель сонида босилиб чиқади. Қарор: «Тежамкор бўлинглар, Аллоҳ тежамкор кишиларни севади», дея якунланган.
Бу демак ўша пайтда урушдан ҳам жиддийроқ ёки уруш даражасидаги масала бўлиб кўринган. Негаки, бу ерда халқнинг тақдири, нонкўрлик, исрофгарчилик, миллат бирлигига рахна соладиган иллатлар масаласи турибди. Орадан 102 йил вақт ўтди, хўш, бугун шу масалалар бизга керакми?
Ҳозирда сайтлар ва ижтимоий тармоқларда қарорга нисбатан турли муносабатларни кузатяпмиз. Мен аввало, бу масалага нисбатан танқидий муносабат билдираётганларга ҳам, ижобий муносабат билдираётганларга ҳам миннатдорчилигимни айтмоқчиман, чунки улар бефарқ бўлишмаяпти.
Виктор Гюгонинг шундай гапи бор, «Мен сизнинг эркин фикр айтиш ҳуқуқингиз учун жонимни беришга ҳам тайёрман, лекин сенинг фикрингга қўшилиш-қўшилмаслик бу менинг ҳуқуқим» (Вольтер - таҳр.). Шу маънода айтилаётган баъзи бир фикрлар, масалан, «Сенатнинг бошқа иши йўқми?», «Жамиятда бошқа каттароқ муаммо йўқми?», каби саволларга мен айтиб берган вазият ҳам жавоб бўлади.
Шукрки, юртимиз тинч, лекин тўйларимиздаги бугунги ҳолатлар бизни қонун қабул қилиш даражасигача олиб келди.
Тўғри, биз аввалроқ бу борада жойларда учрашув, турли тадбирлар ўтказиб бошлаганимизда баъзи бир ташаббускорлар буни бизнинг ўзимизга қўйиб беринг, жамоатчилик ўзимиз тартибга сола оламиз дейишганди ва шу асос билан Сенат қарорлари тавсия кучида қолдирилганди. Яъни, биз айтгандик бу ҳолатни жойларда маҳаллий раҳбарлар, фаоллар ўзларингиз келишган ҳолда ҳал қилинглар деб.
Лекин кейинги ҳолатларни ўзингиз ҳам кўряпсиз, пул сочишлар, пулдан кўйлак тикишлар, тўйхонага от етаклаб киришлар, умуман одамни гапиришга тили бормайдиган, беҳаёлик, бешармликлар кўпайиб кетдики, бунга чидаб бўлмайди.

Биз шу сабабдан ҳам тўйларни қонун билан тартибга солишга мажбур бўлдик.
— Хўш, бу қўшма қарорни амалга ошириш механизми қандай бўлади, чунки қарор қабул қилинди, лекин унинг механизми бўйича ҳамон тушунмовчиликлар сақланиб қолмоқда.
— Агар қарор билан танишиб чиққан бўлсангиз, очиқ саволлар қолмаган деб ҳисоблайман. Фақат уни бузганларга нисбатан чоралар кўриш масаласида маҳаллий ҳокимликлар, Ички ишлар, Солиқ идорасига ва маҳаллий органларга катта ваколатлар бериляпти. Қарор ижросини айнан мана шу органлар назорат қилади. Қоидалар бузилган тақдирда Адлия вазирлиги томонидан шу йилнинг биринчи ноябрига қадар ишлаб чиқиладиган маъмурий жазо чоралари билан ҳаётга татбиқ қилинади.
Бунинг ричаглари бор.
Агар буни баландпарвоз гапга йўймасангиз, асосий ричаг халқимизнинг ўзининг қўлида турибди деб ўйлайман. Чунки, бизга билдирилаётган фикрларнинг 90-95 фоизи ижобий фикрлар ҳисобланади.
Яъни, бу қарор халқимизга маъқул, халқимиз шуни кутиб турибди.
Шахсан ўзимга ҳам қўнғироқ қилиб айтаётганлар, ёки уйимга келиб раҳмат айтиб кетаётганлар, мана шу масалани кўтарган қонун ташаббускорларига раҳмат айтаётганлар минглаб.
Яқинда Ўзбекистон телеканалида эфирга узатилувчи «Муносабат» кўрсатувида ҳам бу масала ўртага ташланди ва аксарият овоз берганларнинг 90 фоизи ўзгаришларни қўллаб-қувватлаб овоз беришди.
Менимча, қарорга қарши бўлаётган 5-10 фоиз кишилар ҳам ҳали бу масаланинг таг-замирига кириб бора олишгани йўқ. Чунки бу ерда мақсад баъзи бировлар айтаётганидек, одамлар эркини чегаралаш, кимнингдир ҳуқуқини поймол қилиш эмас, аксинча, бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қилиняпти.
Яъни, сен тўй қилиб, пул сочиб, атрофдагиларни ижирғантириб, уларнинг нафсониятига тегиб, бошқаларда турлича тасаввур уйғотаётганингда уларнинг ҳуқуқлари ҳақида ўйламаяпсан-ку? Сен агар тўй менинг шахсий ишим, дейдиган бўлсанг ва тўйнинг ижтимоий воқелик эканлигини тан олмайдиган бўлсанг, уни фақат ўзинг ўтказгин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Жаннат оналар оёғи остида

1.11.2024   1096   1 min.
Жаннат оналар оёғи остида

Ўқитувчи ўқувчиларга уйга вазифа берди: “Эртага ҳамма жаннатдан бир тупроқ олиб келсин. Нимага жаннатдан эканлигини тушунтириб берасизлар” дея таъкидлаб ўқувчиларга жавоб берди. 
Эртаси куни ўқитувчи ўқувчилардан сўради: “Қани кимни уйга вазифага тайёр”, дея сўради. Ўқувчилар бирин-кетин доска ёнига чиқиб ўзларининг жавобини айта кетди. 
Аҳмадхон: “Мен тувача олиб келдим. Бунда одамлар сув ичишади. Сув эса оби ҳаёт”,  деди. Фотима: “Интернетда дунёда энг қимматли нарса тупроқ дейишган экан. Мен тупроқ жаннатдан бўлса керак деб ўйладим”. 
Ўқитувчи: “Яна ким тайёр” деб сўради. Дилшод ҳаяжон билан қўлини кўтарди.  Ўқитувчи: “Қўрқма доскага чиқ” деди. Унинг қўлида бир парча тупроқ бор эди. Буни кўрган ўқувчилар кулишди. Ўқитувчиси эса “Бу тупроқ жаннатданми” деб сўради? Дилшод эса “Бу тупроқда Онам юрган эдилар. Жаннат оналар оёғи остидадир” деб жавоб берди... 

Акбаршоҳ Расулов таржимаси

Ибратли ҳикоялар