Бағрикенглик тушунчасини ифодалашда адолат ва бардош, эътиқодлилик каби муҳим ва асосий сифатларга тўхталиб ўтиш зарур. Шу билан бирга баъзи кишилар томонидан қўлланиб келаётган бағрикенглик ҳақидаги бир ёқлама тушунчани ҳам муолажа қилиш лозим. Чунки бағрикенглик фақат бардош яъни бошқа дин вакиллари томонидан амалга оширилаётган ҳар қандай ишга сабр қилиб тоқатни маҳкам этиш деб, баҳолаб ҳам, таърифлаб ҳам бўлмайди. Бағрикенгликнинг асоси адолат. Шу маънода бағрикенглик тушунчасига қўйидагича таъриф бериш мумкин: Бағрикенглик деб, жамиятдаги қонун – қоидалар ва ҳуқуқий нормаларни жамият аъзолари орасидаги турли дин, миллат ҳамда ирқ вакиллари орасида ҳам бирдек адолат билан қўллаш, бағрикенглик ва бардош жиҳатдан ушбуни қўшиш мумкин: уларнинг диний ёки маълум ўзларига хос, қонунга хилоф бўлмаган ҳаракат ва тадбирларига чиройли муносабатда бўлиб, ғазаб ёки нафратни “изҳор” қилмаслик деганидир.
Ана энди ўзимиз келтирган таъриф асосида бағрикенглик аввало шахсга кейин эса жамиятга ва бутун давлатга келтирадиган фойдалари ва мамлакат тараққиёти йўлидаги манфаатларида ўзига хос алоқалари ҳақида тўхталиб ўтамиз. Адолат деган тушунчани ривожлантириш ва жамият орасида уни татбиқ қилиш борасида Аллоҳ Қуръони Каримда кўп оятлар нозил қилган. Улардан бири:
“Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида хукм қилсангиз, адолат или хукм қилишни амр қилур. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир”. (Нисо сўраси 58-ояти карима.)
Кўриб турганингиздек Аллоҳ одамлар орасида қандай дин ёки миллат соҳиби бўлса ҳам адолат билан ҳукм килишни ва уни бош мезон этиб олишни буюрмоқда.
Адолатли жамиятларда ривожланиш энг юқори чўққига чиқиб олишига тарихдан ҳам кўплаб гувоҳлар келтиришимиз мумкин. Келинг, “Тарих китоби”ни варақлашда биринчи бўлиб ҳурмат ва одоб юзасидан Аллоҳнинг ҳабиби, инсоният муаллими Муҳаммад алайҳиссаломнинг ибрат ва ҳикмат чироқлари билан ёритилган ҳаётларига назар ташлаймиз. Чунки Ислом-бу адолат дини. Исломга эргашганлар хам адолат ва ҳақиқат умматларидир. Бунинг барига эса расулуллоҳнинг мана бу биргина ишлари улкан намуна бўла олади.
“У зот Бадр куни саҳобаларининг сафларини қўлларидаги кичик таёқ билан тўғирлаб борардилар, шунда Адий ибн Нажжор жамоасининг шериги Савод ибн Узайянинг ёнларидан ўтаётиб, у сафдан чиқиб турганини кўргач, тўғри тургин эй Савод!, дея қўлларидаги таёқча билан тегиб қўйдилар. Шунда у: “Расуллуллоҳ, оғритдингиз, Аллоҳ сизни адолат ила юборган, мен ҳам энди сиздан ўч олайин”, деди. Расуллуллоҳ: “Майли, олақол!”, дедилар. Савод бўлса: “Менга таёқни теккизганингизда куйлагим йўқ эди, деганди, Аллоҳнинг пайғамбари қоринларини очиб бердилар-да, мана ўчингни олгин!, дедилар. У бўлса у зотнинг қоринларини маҳкам қучиб, ўпиб олди ...
Мана сизга Исломнинг ўрнатган адолати-ю, унинг чексиз фойдаларидан бир кўриниш. Бошқа подшоҳлик ва амирликлар тарихида адолатни кўрмоқчи бўлсангиз Жаҳонгирмирзо, Амир Темур ҳазратларининг тузган салтанатларига бир назар ташаб қўйинг!
Бағрикенгликнинг таърифимиздаги иккинчи асоси бардошлилик ҳақида ҳам кўплаб гапириш мумкин. Аммо... Бардошлилик – яхши хислат ва фазилатлардан саналади. Шундай экан бардошли киши барча жамият аъзолари томонидан севилади. Чунки бундай инсон жиззаки бўлмайди. Ичи бировнинг сирлари билан тўлиб кетса ҳам, уни ошкор қилмайди. Қалбида ғазаб ёки нафратни кўтариб юрмайди. Шундай бўлганидан кейин у жамият манфаатлари ва тараққиёти йўлида муҳаббат билан ҳаракат қилади. Натижада ташқи таъсирларга ҳам ўзига хос муносабат билдира олади. Ҳозирги кунда авж олган “Халифалик тузиш”, “Ислом давлати”ни барпо қилиш ғоясининг вакилларида айни шу жамият ва давлатга нисбатан нафрат ва ғазаб бор. Демак, бағрикенгликнинг бир қисми бўлган “бардошлилик” жамият аъзоларини бундай ғояларга ўралашиб қолиб, давлат ривожланишига улкан зарар келтиришдан сақлайди.
Бағрикенглик орқали турли миллат ва дин вакилларининг орасида муҳаббат уйғонади. Бу эса “давлат цивилизация” си учун муҳим ўрин тутади.
Чунки ривожланиш учун ҳамма бирдек ҳаракат килиши лозим. Агар жамиятдаги кишилар бир – бирини дини, миллати сабабли ажратиб бир ёқадан бош чиқармаса, кутилган ривожланишни “ТУШ” да кўриш мумкин, холос.
Бағрикенглик орқали жамият аъзолари содда тил билан айтганда халқ орасида психологик барқарорлик ҳамда хавфсизликни пайдо бўлишида “Подшоҳнинг тожи” (чунки тожсиз подшоҳни тасаввур қилиш қийин)каби вазифани ўтайди.
“Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бағрикенглик орқали инсоннинг иммунетити мустаҳкам бўлади. Шу билан бирга депрессион ҳолатлар содир бўлиши кузатилмайди”, дейилади АҚШда чоп этилган журналларнинг бирида.
Хулоса шуки, бугунги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар халқимизнинг тарихий-маданий тажрибаси маҳсули сифатида Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи устувор йўналишидан келиб чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг турли миллат ва конфессиялар ўртасида ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлаш, конфессиялар, миллатлар ва маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ва асраш, юртимизда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган стратегияси халқаро ҳамжамият томонидан тўла қўллаб-қувватланаётганининг яққол далилидир.
Тухтаев Илҳомжон
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти 3 курс талабаси
Маросим Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта конференц-залида ўтказилди. Тадбир иштирокчиларига «Жаҳон жамоатчилигининг Ислом цивилизацияси марказига нигоҳи» махсус фильми намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Президенти матбуот котиби, Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари Шерзод Асадов табрик сўзи билан иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси маслаҳатчиси Музаффар Комиловнинг форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходими Раҳматулла Арзиев ўқиб эшиттирди.
Форум иштирокчиларига йўлланган қутлов сўзларида хорижий меҳмонлар ва медиа ҳамжамияти вакилларига миннатдорлик билдирилди. Форумнинг профессионал мулоқот, халқаро ҳамкорлик ва Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини илгари суриш майдони сифатидаги аҳамияти таъкидланди.
Маросимнинг асосий воқеаларидан бири Euronews бош директори ва бош муҳаррири Клаус Штрунцнинг «Янги яқинлик: маданият, медиа ва ғоялар орқали Европа ва Марказий Осиёни бирлаштириш — Ислом цивилизацияси маркази глобал ахборот маконида» мавзусидаги махсус маърузаси бўлди.
Штрунц ислом цивилизациясининг тарихий, илмий, маънавий ва маданий меросини замонавий медиа форматлар орқали жаҳон аудиториясига етказиш, шунингдек, Европа ва Марказий Осиё ўртасида ахборот алмашинувини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, медиа воситалари турли мамлакатлар ва жамиятлар ўртасида нафақат ахборот алмашинувини таъминлаши, балки мулоқот учун кўприклар ҳам қуриши керак.
«Медиа воситалари фикрлар ва янгиликлар алмашинуви учун кўприклар қуриши мумкин ва қуриши шарт. Ахир медиа коммуникациясининг моҳияти ҳам айнан шунда — кўприклар қуришда. Бугун бу ерда, қадимий Ипак йўлида, келажагимиз учун айнан шу жараён содир бўлмоқда», — деди Клаус Штрунц.
Euronews раҳбари Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги ахборот маконини янада яқинлаштиришни тарихий Ипак йўли анъаналари билан қиёслади. Унинг таъкидлашича, минтақалар ўртасидаги замонавий медиа алоқалар иқтисодий, маданий ва ижтимоий ҳамкорликнинг янги имкониятларини ҳам очиши мумкин.
«Ипак йўлида ахборот оқими қандай кечган бўлса, бир-биримиз билан мулоқот қилиш, бир-биримизнинг тилимизни тушуниш ҳам шундай бўлсин. Бу оддий техник жараёндан кўра кенгроқ тушунча. Бу ҳақиқий ҳамкорликнинг янги кўриниши, келажакдаги бутун иқтисодий тараққиёт учун ҳаракатлантирувчи куч бўладиган янги ахборот маконидир», — деди у.
Клаус Штрунц, шунингдек, Ўзбекистонда ёш авлоднинг катта улушга эга эканини алоҳида қайд этиб, бу мамлакатнинг келажаги учун улкан имконият эканини таъкидлади. У турли мамлакатлар ёшларини бирлаштирувчи медиа ва маданий лойиҳаларни амалга ошириш таклифини илгари сурди.
Унинг фикрича, турли соҳалар — спорт, илм-фан, таълим ва маданият вакилларидан иборат ёшларни бир жойга тўплаб, уларнинг тажриба алмашинуви, ҳужжатли фильмлар суратга олиши ва қўшма лойиҳаларда иштирок этиши учун имконият яратиш мумкин. Бундай ташаббуслар орқали мамлакатлар ва минтақалар ёшлари ўртасида янги алоқаларни шакллантириш мумкин.
«Бу фақат чиройли нутқларда эмас, балки аниқ ва амалий лойиҳаларда ўз ифодасини топиши керак», — деди Euronews бош директори.
Штрунц медиа соҳасидаги инновациялар ҳам айнан шу мақсад — ўтмиш меросини асраб, келажакни биргаликда яратишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.
«Энг муҳими, медиа доимо инновацияларни ҳаракатга келтирувчи куч бўлиши керак. Аммо бу инновациялар бугун мен эшитган ажойиб мақсадга хизмат қилиши лозим: медиа соҳасида инновацияларни илгари суриш, қалбимизда ўтмишни асраб, келажакни яратиш», — деди у.
Euronews раҳбари форумда иштирок этишни медиа соҳасининг жамият олдидаги масъулияти билан боғлади. Унинг таъкидлашича, журналистика ва медиа фаолияти фақат бизнес ёки касб эмас, балки турли жамиятларни яқинлаштиришга хизмат қиладиган муҳим вазифадир.
«Ушбу ноодатий тадбирда медиа ҳамкор сифатида иштирок этаётганимиздан фахрланамиз. Биз учун бу шунчаки бизнес эмас, оддий касб ҳам эмас. Бу — ўз бурчимиз ва даъватимиздир», — деди Клаус Штрунц.
Шу тариқа, форумнинг очилиш маросимида медиа соҳасининг замонавий вазифалари, халқаро ахборот ҳамкорлигини ривожлантириш, маданий меросни янги форматларда жаҳон аудиториясига тақдим этиш ва турли минтақалар ўртасида янги ахборот кўприкларини барпо этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, WOSCU Бошқарув раиси Фирдавс Абдухалиқов «Ислом цивилизацияси маркази — янги турдаги маданий-маърифий медиа платформа» мавзусида махсус маъруза қилди.
Абдухолиқов Марказ концепциясини тарихий мерос, илм-фан, музей иши ва янги медиаларни бирлаштирувчи замонавий халқаро майдон сифатида тақдим этди. У ислом цивилизацияси мероси ҳужжатли фильмлар, телевизион лойиҳалар, рақамли реконструкциялар, мультимедиа ва иммерсив экспозициялар, шунингдек, нашриёт ташаббусларида қандай янги талқин касб этаётгани ҳақида маълумот берди. Марказнинг халқаро медиа лойиҳалари, дунёдаги етакчи оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги, шунингдек, тарихий меросни ўрганиш ва оммалаштиришда сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маросим иштирокчиларига, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази ҳақида презентацион ролик намойиш этилди.
Халқаро медиафорумда 50 та давлатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 нафарга яқин вакили иштирок этмоқда. Улар орасида халқаро телеканаллар ва ахборот агентликлари раҳбарлари ҳамда вакиллари, журналистлар, ноширлар, кинематографистлар, олимлар, тадқиқотчилар ва рақамли технологиялар соҳаси мутахассислари бор.
iccu.uz