Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2024   |   25 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:24
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
26 Ноябр, 2024, 25 Жумадул аввал, 1446

Қуръон илмлари: КИРИШ

18.10.2019   4418   10 min.
Қуръон илмлари: КИРИШ

КИРИШ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ўзининг мўъжиза Китоби бўлган Қуръони Каримни илмларга асос қилган ва Қуръони Каримга хос илмларни жорий қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!
Қуръони Каримни Роббидан қабул қилиб, умматга омонат билан етказган ва Қуръон илмларига асос солган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва батамом салавоту саломлар бўлсин!
Қуръон ва унинг илмларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабул қилиб, кейинги авлодларга етказган саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин!

Қуръони Каримнинг бизларгача сақланиб келишида восита бўлган, унинг илмларига хизмат қилган барча уламоларга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин!
Аммо баъд: камина ходимингиз араб тилида «Улуми Қуръон» деб аталмиш илм билан бошқа исломий илмларга қараганда кейинроқ танишдим. Аввал Бухородаги «Мир Араб» мадрасасида, кейин Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ўқиб юрган кезларимда ҳам бу илм ҳақида хабар топмадим. Чунки ушбу икки илмий даргоҳда мазкур илм ҳақида ҳатто қисқа хабар тариқасида ҳам маълумот берилмас эди. Шароит юзасидан ҳамда олдиндан йўлга қўйилмаганидан бўлса керак, ҳатто устозларимиз ҳам «Улуми Қуръон» деган илм борлигини эсламас эдилар.

Либияга ўқишга борганимиздагина, «Улуми Қуръон» номли илм борлигини, унинг бошқа фанлар қаторида дарс қилиб ўтилишини биринчи бор кўрдим. Ўқув жараёнида бу илм билан танишар эканман, унинг қадрини, аҳамиятини англаб етдим. «Улуми Қуръон» илмидан дарс берадиган устозимиз шайх Иброҳим Абдуллоҳ Руфайда – Аллоҳ у кишини раҳмат қилган бўлсин – Либиянинг кўзга кўринган уламоларидан эдилар. Дарслик сифатида ливанлик олим Субҳий Солиҳ раҳматуллоҳи алайҳининг «Мабаҳис фи улумил-Қуръан» деган китоби танланган бўлса ҳам, устозимиз ўзлари алоҳида тайёрлаган маърузалар матни асосида дарс ўтар эдилар. Гапларининг орасида «Улуми Қуръон» бўйича китоблар кўп бўлса ҳам, улардан қониқмаганларини тез-тез таъкидлаб турар эдилар.
Дастлаб бир оз мураккаб туюлган бу илмга қизиқишим кейинчалик беқиёс ортди. Кўп нарсалар ихлос билан ўрганилди. Ниҳоят, шаҳодатнома – диплом ҳимояси учун ёзиладиган илмий баҳсим ҳам айнан ушбу фанга оид бўлди. Бу илм юзасидан кўплаб мақолалар ва китоблар ўқилди, уламолар билан суҳбатлар олиб борилди. Шу билан бирга, ушбу маълумотлар ҳақида ватанимизда ҳам ҳеч бўлмаса аҳли илмлар «Улуми Қуръон»дан хабардор бўлишса эди, деган орзу қалбимда тез-тез такрорланадиган бўлди.

Бу орзу Либиядан ўқишни битириб келганимдан кейин Имом Бухорий номидаги Ислом маъҳадида ишлаб юрган кезларимда амалга ошди. Ўша пайтда ўқув барномасини ва дарсликларни қайта кўриб чиқишга муяссар бўлган эдик. Бу ишда бизга давлатимизнинг диний ишлар бўйича кенгаш раҳбари Ўзбек Аъзамович Рустамов ҳам ёрдамчи бўлган эди. Мен ўша вақтда у кишига «янги» фан сифатида киритилган «Мерос илми», «Мусталаҳул-ҳадис», «Аҳком оятлари тафсири» каби Ислом илмларининг аҳамияти ҳақида маълумот берар эдим. У ки-ши диний идорага айтиб, буларни дарс барномасига киритишни маслаҳат берар эди.
«Улуми Қуръон» бўйича қандай маълумот тақдим қилганим аниқ эсимда йўқ, аммо бу илм ҳам ўша пайтда дарс барномасига кириб қолган эди. Ўқув бар-номасидаги барча илмларга тааллуқли китоблар қаторида «Улуми Қуръон»га оид китоблар ҳам келтирилди. Ўзим даставвал мудир ноиби, кейинчалик мудир лаво-зимида фаолият юритган бўлсам ҳам, имконини топиб, тафсир, мерос ва «Улуми Қуръон»дан дарс берар эдим. Шундай қилиб, Аллоҳ таолонинг лутфи ила исло-мий илмлар ичида ниҳоятда аҳамиятли бўлган «Улуми Қуръон» илми бизнинг юртимизда ҳам фан сифатида ўрганила бошлади.

Аллоҳ таолонинг фазли ва карами ила ўз она тилимизда динимизга оид китоблар ёзиш бахти насиб бўлганда, турли илмларга оид китоблар билан бирга «Улуми Қуръон»га тааллуқли китоб ёзилиши ҳам кўзда тутилган эди. Шояд му-сулмонлар оммаси ҳам бу аҳамиятли илмдан бирмунча баҳраманд бўлсалар, деган ният бизга ҳамроҳ эди.
Ушбу эзгу ният «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласининг «Қуръон фазилатлари» деб номланган ўттизинчи жузи нашр этилиши билан қисман рўёбга чиқди. Ушбу китобда Қуръони Карим билан боғлиқ бўлган ҳадиси шарифларни шарҳ қилиш жараёнида «Улуми Қуръон»га оид хабарлар келган ўринда бу илмга доир айрим маълумотларни тақдим қилган эдим. Бу эса кишиларимизга керакли маълумот-ларни ўзига хос равишда етказишга хизмат қилди. Мазкур китобни ўқиган киши-ларимиз буни англаб етганлари жуда ҳам қувонарли ҳолдир.

Бир куни Қўқон тарафдан бир гуруҳ китобсевар зиёратчилар келишди. Уларга ўхшаш одамлар билан суҳбатлашиш инсоннинг руҳини кўтаради. Китоб ўқишнинг ўзи кишига қанчалик завқ берса, у ҳақда суҳбатлашиш ҳам шунчалик завқ бахш этади. Мазкур зиёратчилар билан бўлиб ўтган серзавқ, мазмунли суҳбат давомида улардан бири қуйидагиларни айтди: «“Қуръон фазилатлари” китобингиз учун алоҳида ташаккур айтамиз. Бу китобни ўқиш орқали кўп нарсани билиб ол-дик. Энг муҳими, ўзимиз қандай китобнинг уммати эканимизни англаб етдик ва бу билан фахрландик…»
Бу оддий ўқувчининг гаплари менга қаттиқ таъсир қилди. Яхши ният би-лан қилинган ишнинг ижобий натижасини кўриш, у ҳақда эшитиш ҳар қандай кишига қувонч бахш этади. Ўша кезда мен ҳам мана шундай ҳисни туйдим, лекин шу билан бирга, бу нарса каминага бажарилиши лозим бўлган ишларни яна ҳам жиддийроқ тарзда адо этиб бориш зарурлиги масъулиятини юклади. Бинобарин, ҳадис илмларига оид «Мусталаҳул-ҳадис» китобини ёзиб битиргандан сўнг «Улуми Қуръон» бўйича ҳам бу илмнинг асослари ва қоидаларига амал қилган ҳолда алоҳида китоб битишга азму қарор пайдо бўлди. Қўлимизда мавжуд бўлган манбалардан фойдаланиб, бир китоб таълиф қилишга ожизона қўл урдик.
Аллоҳ таоло барча ишларимиз қатори, бу ишга ҳам Ўзи ёрдамчи бўлсин! Зотан, У Зотдан ўзга ёрдамчи йўқ! У Зот қандай ҳам яхши Хожа ва қандай ҳам яхши Ёрдамчи!


МУНДАРИЖА

Кириш

БИРИНЧИ ҚИСМ

«Улуми Қуръон»нинг таърифи
«Улуми Қуръон»нинг аҳамияти
«Улуми Қуръон»нинг тарихи
Ваҳий
Ваҳийнинг турлари
Ваҳийнинг даражалари
Ҳадис, ҳадиси қудсий ва Қуръон
Қуръони каримнинг таърифи
Қуръоннинг исмлари
Қуръоннинг нозил бўлиши
Қуръон ваҳийсининг бошланиши
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ваҳий
Қуръоний ваҳий ҳолати
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Қуръон
Ваҳийни тушуниб етмаслик
Қуръони каримнинг тарқоқ нозил бўлиши
ҳикматлари
Қуръони каримдаги илк ва сўнгги нозил
бўлган оятлар
Илк нозил бўлган оятлар
Сўнгги нозил бўлган оят
Қуръони карим оятларининг маккий ва маданийга
тақсимланиши
Макки ва маданий оятларнинг таърифи
Маккий ва маданий оятларни билишга элтувчи йўл
Маккий ва маданий оятларнинг аломатлари
«Сабаби нузул» илми
Сабаби нузулни билиш йўли
Сабаби нузулнинг ифода турлари
Сабаб бир нечта, нозил бўлган нарса битта бўлиши
Сабаб битта, нозил бўлган оятлар бир нечта бўлиши
Қуръони карим эъжози
Қуръоннинг арабларни беллашувга чорлаши
Қуръони каримнинг баёний эъжози
Қуръони каримнинг илмий эъжози

ИККИНЧИ ҚИСМ

Қуръони каримнинг жамланиши
Қуръони каримнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи васаллам даврларида қалбларда жамланиши
Қуръони каримнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
васаллам даврларида саҳифаларда жамланиши
Қуръони каримнинг ҳазрати Абу Бакр даврларидаги
жамланиши
Қуръони каримнинг ҳазрати Усмон даврларидаги
жамланиши
Усмоний Мусҳафлар ҳақида
Оят ва сураларнинг тартиби
Қуръоннинг етти ҳарфда нозил бўлиши
Расми Усмонийнинг такомиллашуви

УЧИНЧИ ҚИСМ

Қуръони каримда насх
Насх қилинадиган ҳукмларнинг турлари
Насхнинг ҳикматлари
Насх билан хослаш орасидаги фарқ
Насхнинг ўринлари
Қуръоннинг Қуръон билан насх бўлишининг
қисмлари
Қуръони каримда муҳкам ва муташобиҳ
«Муҳкам» ва «Муташобиҳ» уламолар истилоҳида
Муташобиҳнинг қисмлари
Сураларнинг аввалидаги ҳарфлар ва
муташобиҳ сифатлар
Сураларнинг аввалидаги ҳарфлар
Аллоҳ таборака ва таолонинг муташобиҳ сифатлари
Муташобиҳ сифатлар бўйича салаф ва
халафларнинг тутган йўллари
Муташобиҳ сифатлар ва салафлар
Муташобиҳ сифатлар ва халафлар
Хулосалар
Муташобиҳ сифатларга оид оятлардан намуналар
Муташобиҳ сифатлардан намуналар
Уламоларнинг муташобиҳга муносабатлари
тўғрисидаги хулоса

ТЎРТИНЧИ ҚИСМ

Қироатлар ва қорилар
Қироатларнинг манбаси
Тафсир ва муфассирлар
Мовароуннаҳрда тафсир илми
Янги тафсирлар
Қуръони карим маънолари таржимаси
Манбалар рўйхати

 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб «Қуръон илмлари» деб номланган китоблари.

Муаллиф: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Номи: «Қуръон илмлари»
Нашриёт: «HILOL NASHR» Нашриёти
Сана: 2017
Ҳажми: 504 бет
ISBN: 978-9943-4095-2-1
Ўлчами: 60×90 1/16
Муқова: қаттиқ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 4382-сонли тавсияси ила чоп этилган

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Дажжол ҳозир жазийрада, темир билан боғланган

25.11.2024   1304   12 min.
Дажжол ҳозир жазийрада, темир билан боғланган

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ فَاطِمَةَ بِنْتِ قَيْسٍ قَالَتْ: صَلَّيْتُ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَكُنْتُ فِي صَفِّ النِّسَاءِ الَّتِي تَلِي ظُهُورَ القَوْمِ فَلَمَّا قَضَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَاتَهُ جَلَسَ عَلَى الْمِنْبَرِ وَهُوَ يَضْحَكُ فَقَالَ: «لِيَلْزَمْ كُلُّ إِنْسَانٍ مُصَلَّاهُ»، ثُمَّ قَالَ: «هَلْ تَدْرُونَ لِمَ جَمَعْتُكُمْ»؟ قَالُوا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، قَالَ: «إِنِّي مَا جَمَعْتُكُمْ لِرَغْبَةٍ وَلَا لِرَهْبَةٍ وَلَكِنْ جَمَعْتُكُمْ لِأَنَّ تَمِيمًا الدَّارِيَّ كَانَ رَجُلًا نَصْرَانِيًّا فَجَاءَ فَبَايَعَ وَأَسْلَمَ وَحَدَّثَنِي حَدِيثًا وَافَقَ الَّذِي كُنْتُ أُحَدِّثُكُمْ عَنْ مَسِيْحِ الدَّجَّالِ حَدَّثَنِي أَنَّهُ رَكِبَ فِي سَفِينَةٍ بَحْرِيَّةٍ مَعَ ثَلَاثِينَ رَجُلًا مِنْ لَخْمٍ وَجُذَامَ فَلَعِبَ بِهِمُ الْمَوْجُ شَهْرًا فِي الْبَحْرِ وَأَرْفَئُوا إِلَى جَزِيرَةٍ فِي الْبَحْرِ حِينَ مَغْرِبِ الشَّمْسِ فَجَلَسُوا فِي أَقْرُبِ السَّفِينَةِ فَدَخَلُوا الْجَزِيرَةَ فَلَقِيَتْهُمْ دَابَّةٌ أَهْلَبُ كَثِيرُ الشَّعْرِ لَا يَدْرُونَ مَا قُبُلُهُ مِنْ دُبُرِهِ مِنْ كَثْرَةِ الشَّعَرِ فَقَالُوا: وَيْلَكِ مَا أَنْتِ فَقَالَتْ: أَنَا الْجَسَّاسَةُ قَالُوا: وَمَا الْجَسَّاسَةُ قَالَتْ: أَيُّهَا الْقَوْمُ انْطَلِقُوا إِلَى هَذَا الرَّجُلِ فِي الدَّيْرِ فَإِنَّهُ إِلَى خَبَرِكُمْ بِالْأَشْوَاقِ، قَالَ: لَمَّا سَمَّتْ لَنَا رَجُلًا فَرِقْنَا مِنْهَا أَنْ تَكُونَ شَيْطَانَةً قَالَ: فَانْطَلَقْنَا سِرَاعًا حَتَّى دَخَلْنَا الدَّيْرَ فَإِذَا فِيهِ أَعْظَمُ إِنْسَانٍ رَأَيْنَاهُ قَطُّ خَلْقًا وَأَشَدُّهُ وِثَاقًا مَجْمُوعَةٌ يَدَاهُ إِلَى عُنُقِهِ مَا بَيْنَ رُكْبَتَيْهِ إِلَى كَعْبَيْهِ بِالْحَدِيدِ، قُلْنَا: وَيْلَكَ مَا أَنْتَ؟ قَالَ: قَدْ قَدَرْتُمْ عَلَى خَبَرِي فَأَخْبِرُونِي مَا أَنْتُمْ، قَالُوا: نَحْنُ أُنَاسٌ مِنَ الْعَرَبِ رَكِبْنَا فِي سَفِينَةٍ بَحْرِيَّةٍ فَصَادَفْنَا الْبَحْرَ حِينَ اغْتَلَمَ فَلَعِبَ بِنَا الْمَوْجُ شَهْرًا ثُمَّ أَرْفَأْنَا إِلَى جَزِيرَتِكَ هَذِهِ فَجَلَسْنَا فِي أَقْرُبِهَا فَدَخَلْنَا الْجَزِيرَةَ فَلَقِيَتْنَا دَابَّةٌ أَهْلَبُ كَثِيرُ الشَّعَرِ لَا يُدْرَى مَا قُبُلُهُ مِنْ دُبُرِهِ مِنْ كَثْرَةِ الشَّعَرِ فَقُلْنَا: وَيْلَكِ مَا أَنْتِ؟ فَقَالَتْ أَنَا الْجَسَّاسَةُ قُلْنَا: وَمَا الْجَسَّاسَةُ؟ قَالَتِ اعْمِدُوا إِلَى هَذَا الرَّجُلِ فِي الدَّيْرِ فَإِنَّهُ إِلَى خَبَرِكُمْ بِالْأَشْوَاقِ فَأَقْبَلْنَا إِلَيْكَ سِرَاعًا وَفَزِعْنَا مِنْهَا وَلَمْ نَأْمَنْ أَنْ تَكُونَ شَيْطَانَةً، فَقَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ نَخْلِ بَيْسَانَ، قُلْنَا: عَنْ أَيِّ شَأْنِهَا تَسْتَخْبِرُ؟ قَالَ: أَسْأَلُكُمْ عَنْ نَخْلِهَا هَلْ يُثْمِرُ؟ قُلْنَا لَهُ: نَعَمْ، قَالَ: أَمَا إِنَّهُ يُوشِكُ أَلَّا يُثْمِرَ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ بُحَيْرَةِ الطَّبَرِيَّةِ، قُلْنَا: عَنْ أَيِّ شَأْنِهَا تَسْتَخْبِرُ؟ قَالَ: هَلْ فِيهَا مَاءٌ؟ قَالُوا: هِيَ كَثِيرَةُ الْمَاءِ، قَالَ: أَمَا إِنَّ مَاءَهَا يُوشِكُ أَنْ يَذْهَبَ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ عَيْنِ زُغَرَ، قَالُوا: عَنْ أَيِّ شَأْنِهَا تَسْتَخْبِرُ؟ قَالَ: هَلْ فِي الْعَيْنِ مَاءٌ وَهَلْ يَزْرَعُ أَهْلُهَا بِمَاءِ الْعَيْنِ؟ قُلْنَا لَهُ: نَعَمْ هِيَ كَثِيرَةُ الْمَاءِ وَأَهْلُهَا يَزْرَعُونَ مِنْ مَائِهَا، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ نَبِيِّ الْأُمِّيِّينَ مَا فَعَلَ؟ قَالُوا: قَدْ خَرَجَ مِنْ مَكَّةَ وَنَزَلَ يَثْرِبَ، قَالَ: أَقَاتَلَهُ الْعَرَبُ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: كَيْفَ صَنَعَ بِهِمْ؟ فَأَخْبَرْنَاهُ أَنَّهُ قَدْ ظَهَرَ عَلَى مَنْ يَلِيهِ مِنَ الْعَرَبِ وَأَطَاعُوهُ، قَالَ: قَدْ كَانَ ذَلِكَ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: أَمَا إِنَّ ذَاكَ خَيْرٌ لَهُمْ أَنْ يُطِيعُوهُ. وَإِنِّي مُخْبِرُكُمْ عَنِّي إِنِّي أَنَا الْمَسِيحُ وَإِنِّي أُوشِكُ أَنْ يُؤْذَنَ لِي فِي الْخُرُوجِ فَأَخْرُجَ فَأَسِيرَ فِي الْأَرْضِ فَلَا أَدَعَ قَرْيَةً إِلَّا هَبَطْتُهَا فِي أَرْبَعِينَ لَيْلَةً غَيْرَ مَكَّةَ وَطَيْبَةَ فَهُمَا مُحَرَّمَتَانِ عَلَيَّ كِلْتَاهُمَا كُلَّمَا أَرَدْتُ أَنْ أَدْخُلَ وَاحِدَةً أَوْ وَاحِدًا مِنْهُمَا اسْتَقْبَلَنِي مَلَكٌ بِيَدِهِ السَّيْفُ صَلْتًا يَصُدُّنِي عَنْهَا وَإِنَّ عَلَى كُلِّ نَقْبٍ مِنْهَا مَلَائِكَةً يَحْرُسُونَهَا»، قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَطَعَنَ بِمِخْصَرَتِهِ فِي الْمِنْبَر:ِ «هَذِهِ طَيْبَةُ، هَذِهِ طَيْبَةُ، هَذِهِ طَيْبَةُ»، يَعْنِي الْمَدِينَةَ «أَلَا هَلْ كُنْتُ حَدَّثْتُكُمْ ذَلِكَ»؟ فَقَالَ النَّاسُ: نَعَمْ، قَالَ: «فَإِنَّهُ أَعْجَبَنِي حَدِيثُ تَمِيمٍ أَنَّهُ وَافَقَ الَّذِي كُنْتُ أُحَدِّثُكُمْ عَنْهُ وَعَنِ الْمَدِينَةِ وَمَكَّةَ» ثُمَّ قَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا إِنَّهُ فِي بَحْرِ الشَّأْمِ أَوْ بَحْرِ الْيَمَنِ لَا بَلْ مِنْ قِبَلِ الْمَشْرِقِ مَا هُوَ، مِنْ قِبَلِ الْمَشْرِقِ مَا هُوَ، مِنْ قِبَلِ الْمَشْرِقِ مَا هُوَ»، وَأَوْمَأَ بِيَدِهِ إِلَى الْمَشْرِقِ، قَالَتْ: فَحَفِظْتُ هَذَا مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُ: «حَدَّثَنِي تَمِيمُ الدَّارِيُّ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ نَاسًا مِنْ أَهْلِ فِلَسْطِينَ رَكِبُوا سَفِينَةً فِي الْبَحْرِ فَجَالَتْ بِهِمْ حَتَّى قَذَفَتْهُمْ فِي جَزِيرَةٍ مِنْ جَزَائِرِ الْبَحْرِ فَإِذَا هُمْ بِدَابَّةٍ لَبَّاسَةٍ نَاشِرَةٍ شَعْرَهَا، فَقَالُوا: مَا أَنْتِ؟ قَالَتْ: أَنَا الْجَسَّاسَةُ، قَالُوا: فَأَخْبِرِينَا، قَالَتْ: لَا أُخْبِرُكُمْ وَلَا أَسْتَخْبِرُكُمْ وَلَكِنِ ائْتُوا أَقْصَى الْقَرْيَةِ فَإِنَّ ثَمَّ مَنْ يُخْبِرُكُمْ وَيَسْتَخْبِرُكُمْ فَأَتَيْنَا أَقْصَى الْقَرْيَةِ فَإِذَا رَجُلٌ مُوثَقٌ بِسِلْسِلَةٍ فَقَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ عَيْنِ زُغَرَ، قُلْنَا: مَلَأَى تَدْفُقُ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنِ الْبُحَيْرَةِ، قُلْنَا: مَلَأَى تَدْفُقُ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ نَخْلِ بَيْسَانَ الَّذِي بَيْنَ الْأُرْدُنِّ وَفِلَسْطِينَ هَلْ أَطْعَمَ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنِ النَّبِيِّ هَلْ بُعِثَ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: أَخْبِرُونِي كَيْفَ النَّاسُ إِلَيْهِ، قُلْنَا: سِرَاعٌ، قَالَ: فَنَزَّى نَزْوَةً حَتَّى كَادَ، قُلْنَا: فَمَا أَنْتَ؟ قَالَ: أَنَا الدَّجَّالُ وَإِنَّهُ يَدْخُلُ الْأَمْصَارَ كُلَّهَا إِلَّا طَيْبَةَ»، وَطَيْبَةُ الْمَدِينَةُ. صَلَّى اللهُ عَلَى سَاكِنِهَا وَسَلَّمَ.

Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Эркаклардан кейин турган аёллар сафида Расулуллоҳ алайҳиссаломга иқтидо қилиб намоз ўқидим. Расулуллоҳ алайҳиссалом намозларини ўқиб бўлиб, минбарга ўтирдилар. Сўнг кулимсираб, «Ҳар ким намоз ўқиган жойида қолсин», дедилар. Сўнг у зот сўзларида давом этиб, «Сизларни нима учун тўплаганимни биласизларми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дейишди. У зот шундай дедилар: «Аллоҳга қасамки, мен сизларни бир хоҳиш учун ҳам, қўрқиш учун ҳам жамлаганим йўқ. Сизни жамлаганимнинг сабаби шуки, Тамийм Дорий деган насроний бор эди. У келиб, байъат қилиб, мусулмон бўлди. Сўнг мен сизларга Дажжол Масийҳ ҳақида айтиб юрган гапимга ўхшаш гапларни айтди. У Лахм ва Жузомдан ўттиз киши билан кемада денгизда сафарга чиққан экан. Тўлқин уларни денгизда бир ой олиб юриб, сўнгра кун ботиш пайтида денгиздаги бир оролга тўхтабди. Улар кеманинг қайиқларига ўтириб, оролга киришибди. У ерда уларга бир ғалати жонивор учрабди. Унинг жуни ниҳоятда кўплигидан олдини ортидан ажратиб бўлмас экан. Улар унга «Шўринг қурғур, сен нимасан?» дейишибди. «Мен Жассосаман», дебди у. «Жассоса нима?» дейишибди. «Эй одамлар! Анави хилватхонадаги одамнинг олдига боринглар. У сизнинг хабарингизни шавқ билан кутяпти», дебди жонивор. Насроний айтади: «У бизга ўша одамнинг исмини айтган эди, «Бу урғочи шайтонмикан», деб қўрқдик. Тез бориб, хилватхонага кирдик. Қарасак, бир одам ниҳоятда маҳкам боғлаб ташланган экан. Бунақанги баҳайбат одамни кўрмаган эдик. Унинг икки қўли бўйнига, икки тиззаси икки товонига темир билан маҳкамланган экан. Унга «Шўринг қурғур, сен нимасан?» дедик. «Менинг хабаримни топдингизми? Сизлар кимсизлар?» деди. «Биз араблармиз. Кемада йўлга чиққан эдик, денгизда бўрон турган пайтга тўғри келибмиз. Тўлқин бизни бир ой ўйнатиб, охири мана шу оролга олиб келиб ташлади. Кейин кемадаги қайиқларга ўтириб, оролга кирган эдик, ғалати бир жонивор учради. У ниҳоятда сержун экан, жуни кўплигидан олдини ортидан ажратиб бўлмас экан. Биз унга «Шўринг қурғур, сен нимасан?» десак, «Жассосаман», деди. «Жассоса нима?» десак, «Анави хилватхонадаги одамнинг олдига боринглар. У сизнинг хабарингизни шавқ билан кутяпти», деди. Шунинг учун тезда сенинг олдингга келдик. Биз ундан қўрқиб, урғочи шайтонмикан, деб ўйладик», дедик. У: «Менга Байсон хурмосининг хабарини беринглар», деди. «Унинг нимасини айтайлик?» дедик. «Мен унинг хурмосини сўраяпман, у мева қиляптими?» деди. «Ҳа», дедик. «Лекин у келажакда мева қилмай қўяди. Менга Тобария кўлининг хабарини беринглар», деди. «Унинг нимасини айтайлик?» дедик. «Унинг ичида сув борми?» деди. «Унинг суви жуда кўп», дедик. «Лекин келажакда унинг суви қурийди. Менга Зуғар булоғи ҳақида хабар беринглар», деди. «Унинг нимасини айтайлик?» дедик. «Ўша булоқда сув борми? Ўша булоқнинг сувини унинг аҳли зироатга ишлатадими?» деди. «Ҳа, булоқда сув кўп. Унинг аҳли унинг сувини зироатга ишлатади», дедик. «Менга уммийларнинг Набийси ҳақида хабар беринглар. У нима қилди?» деди. «У Маккадан кетиб, Ясрибга жойлашди», дедик. «Араблар унга қарши уруш қилишдими?» деди. «Ҳа», дедик. «У уларга қандоқ муомала қилди?» деди. Биз унга у зот ўзига яқин араблардан устун келганларини, улар у зотга итоат қилганини айтдик. «Шундоқ ҳам бўлдими?» деди у. «Ҳа», дедик. «Унга итоат қилганлари ўзлари учун яхши. Энди мен сизларга ўзим ҳақимда айтиб берай. Мен масийҳман. Менга келажакда хуруж қилишим учун изн берилади. Мен хуруж қилиб, ер юзида сайр қиламан. Қирқ кечада бирорта қишлоқни қўймай, барига кираман. Фақат Макка билан Тийбага кирмайман, холос. Бу иккиси менга ҳаром қилинган. Улардан бирига кирмоқчи бўлсам, бир фаришта мени қилич яланғочлаб қарши олиб, йўлимни тўсади. Унинг ҳар бир кўчасини фаришталар қўриқлаб туради», деди».

(Фотима) айтади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом қўлларидаги таёқни минбарга тақаб, «Бу Тийбадир! Бу Тийбадир! Бу Тийбадир, яъни Мадинадир! Мен сизларга айтганмидим?» дедилар. Одамлар: «Ҳа», дейишди. У зот: «Тамиймнинг гапига ҳайрон қолдим. Унинг сўзлари мен сизларга у ҳақда, Мадина ва Макка ҳақида айтган сўзларимга мувофиқ келди», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ алайҳиссалом: «У Шом денгизидами ёки Яман денгизидами? Йўқ, машриқ томонда. У машриқ томонда. У машриқ томонда», дедилар, «У» деганларида машриқ томонга ишора қилдилар. Мен буларни Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ўзларидан эшитиб, ёдлаб олганман».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида бундай дейилган: «Тамийм Дорий розияллоҳу анҳу менга шундай деди: «Фаластин аҳлидан баъзи одамлар кемага миниб, денгизга чиқишган экан. Денгиз уларни айлантириб, олиб бориб, денгиздаги ороллардан бирига отибди. Бирдан уларнинг олдидан нималигини билиб бўлмайдиган, жунлари ёйилган жонивор чиқиб қолибди. Улар унга «Сен нимасан?» дейишса, «Жассосаман», дебди. Улар: «Бизга хабар бер», дейишибди. «Мен сизларга хабар ҳам бермайман, сизлардан хабар ҳам сўрамайман. Лекин сизлар қишлоқнинг чеккасига боринглар. Ўша ерда сизга хабар берадиган, сиздан хабар сўрайдиган кимса бор», дебди. «Кейин биз қишлоқнинг четига бордик. Қарасак, занжир билан боғланган бир киши турибди. У: «Менга Зуғар булоғининг хабарини беринглар», деди. «У сувга тўла», дедик. «Менга кўлнинг хабарини беринглар», деди. «У ҳам сувга тўла», дедик. «Менга Урдун билан Фаластин орасидаги Байсон хурмозори хабарини беринглар. У мева бердими?» деди. «Ҳа», дедик. «Менга Набийнинг хабарини беринглар, у юборилдими?» деди. «Ҳа», дедик. «Менга одамлар унга нисбатан қандоқ эканликларининг хабарини беринглар», деди. «Улар у зотга ошиқмоқдалар», дедик. Шунда у шунақанги қаттиқ силкиндики, сал бўлмаса бўшалиб кетай деди. Шунда биз унга «Сен нимасан?» дедик. У ўзининг Дажжол эканлигини, Тийбадан бошқа барча шаҳарларга киришини айтди. Тийба – Мадинадир».

«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан

Мақолалар