Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Қуръон илмлари: КИРИШ

18.10.2019   4433   10 min.
Қуръон илмлари: КИРИШ

КИРИШ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ўзининг мўъжиза Китоби бўлган Қуръони Каримни илмларга асос қилган ва Қуръони Каримга хос илмларни жорий қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!
Қуръони Каримни Роббидан қабул қилиб, умматга омонат билан етказган ва Қуръон илмларига асос солган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва батамом салавоту саломлар бўлсин!
Қуръон ва унинг илмларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабул қилиб, кейинги авлодларга етказган саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин!

Қуръони Каримнинг бизларгача сақланиб келишида восита бўлган, унинг илмларига хизмат қилган барча уламоларга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин!
Аммо баъд: камина ходимингиз араб тилида «Улуми Қуръон» деб аталмиш илм билан бошқа исломий илмларга қараганда кейинроқ танишдим. Аввал Бухородаги «Мир Араб» мадрасасида, кейин Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ўқиб юрган кезларимда ҳам бу илм ҳақида хабар топмадим. Чунки ушбу икки илмий даргоҳда мазкур илм ҳақида ҳатто қисқа хабар тариқасида ҳам маълумот берилмас эди. Шароит юзасидан ҳамда олдиндан йўлга қўйилмаганидан бўлса керак, ҳатто устозларимиз ҳам «Улуми Қуръон» деган илм борлигини эсламас эдилар.

Либияга ўқишга борганимиздагина, «Улуми Қуръон» номли илм борлигини, унинг бошқа фанлар қаторида дарс қилиб ўтилишини биринчи бор кўрдим. Ўқув жараёнида бу илм билан танишар эканман, унинг қадрини, аҳамиятини англаб етдим. «Улуми Қуръон» илмидан дарс берадиган устозимиз шайх Иброҳим Абдуллоҳ Руфайда – Аллоҳ у кишини раҳмат қилган бўлсин – Либиянинг кўзга кўринган уламоларидан эдилар. Дарслик сифатида ливанлик олим Субҳий Солиҳ раҳматуллоҳи алайҳининг «Мабаҳис фи улумил-Қуръан» деган китоби танланган бўлса ҳам, устозимиз ўзлари алоҳида тайёрлаган маърузалар матни асосида дарс ўтар эдилар. Гапларининг орасида «Улуми Қуръон» бўйича китоблар кўп бўлса ҳам, улардан қониқмаганларини тез-тез таъкидлаб турар эдилар.
Дастлаб бир оз мураккаб туюлган бу илмга қизиқишим кейинчалик беқиёс ортди. Кўп нарсалар ихлос билан ўрганилди. Ниҳоят, шаҳодатнома – диплом ҳимояси учун ёзиладиган илмий баҳсим ҳам айнан ушбу фанга оид бўлди. Бу илм юзасидан кўплаб мақолалар ва китоблар ўқилди, уламолар билан суҳбатлар олиб борилди. Шу билан бирга, ушбу маълумотлар ҳақида ватанимизда ҳам ҳеч бўлмаса аҳли илмлар «Улуми Қуръон»дан хабардор бўлишса эди, деган орзу қалбимда тез-тез такрорланадиган бўлди.

Бу орзу Либиядан ўқишни битириб келганимдан кейин Имом Бухорий номидаги Ислом маъҳадида ишлаб юрган кезларимда амалга ошди. Ўша пайтда ўқув барномасини ва дарсликларни қайта кўриб чиқишга муяссар бўлган эдик. Бу ишда бизга давлатимизнинг диний ишлар бўйича кенгаш раҳбари Ўзбек Аъзамович Рустамов ҳам ёрдамчи бўлган эди. Мен ўша вақтда у кишига «янги» фан сифатида киритилган «Мерос илми», «Мусталаҳул-ҳадис», «Аҳком оятлари тафсири» каби Ислом илмларининг аҳамияти ҳақида маълумот берар эдим. У ки-ши диний идорага айтиб, буларни дарс барномасига киритишни маслаҳат берар эди.
«Улуми Қуръон» бўйича қандай маълумот тақдим қилганим аниқ эсимда йўқ, аммо бу илм ҳам ўша пайтда дарс барномасига кириб қолган эди. Ўқув бар-номасидаги барча илмларга тааллуқли китоблар қаторида «Улуми Қуръон»га оид китоблар ҳам келтирилди. Ўзим даставвал мудир ноиби, кейинчалик мудир лаво-зимида фаолият юритган бўлсам ҳам, имконини топиб, тафсир, мерос ва «Улуми Қуръон»дан дарс берар эдим. Шундай қилиб, Аллоҳ таолонинг лутфи ила исло-мий илмлар ичида ниҳоятда аҳамиятли бўлган «Улуми Қуръон» илми бизнинг юртимизда ҳам фан сифатида ўрганила бошлади.

Аллоҳ таолонинг фазли ва карами ила ўз она тилимизда динимизга оид китоблар ёзиш бахти насиб бўлганда, турли илмларга оид китоблар билан бирга «Улуми Қуръон»га тааллуқли китоб ёзилиши ҳам кўзда тутилган эди. Шояд му-сулмонлар оммаси ҳам бу аҳамиятли илмдан бирмунча баҳраманд бўлсалар, деган ният бизга ҳамроҳ эди.
Ушбу эзгу ният «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласининг «Қуръон фазилатлари» деб номланган ўттизинчи жузи нашр этилиши билан қисман рўёбга чиқди. Ушбу китобда Қуръони Карим билан боғлиқ бўлган ҳадиси шарифларни шарҳ қилиш жараёнида «Улуми Қуръон»га оид хабарлар келган ўринда бу илмга доир айрим маълумотларни тақдим қилган эдим. Бу эса кишиларимизга керакли маълумот-ларни ўзига хос равишда етказишга хизмат қилди. Мазкур китобни ўқиган киши-ларимиз буни англаб етганлари жуда ҳам қувонарли ҳолдир.

Бир куни Қўқон тарафдан бир гуруҳ китобсевар зиёратчилар келишди. Уларга ўхшаш одамлар билан суҳбатлашиш инсоннинг руҳини кўтаради. Китоб ўқишнинг ўзи кишига қанчалик завқ берса, у ҳақда суҳбатлашиш ҳам шунчалик завқ бахш этади. Мазкур зиёратчилар билан бўлиб ўтган серзавқ, мазмунли суҳбат давомида улардан бири қуйидагиларни айтди: «“Қуръон фазилатлари” китобингиз учун алоҳида ташаккур айтамиз. Бу китобни ўқиш орқали кўп нарсани билиб ол-дик. Энг муҳими, ўзимиз қандай китобнинг уммати эканимизни англаб етдик ва бу билан фахрландик…»
Бу оддий ўқувчининг гаплари менга қаттиқ таъсир қилди. Яхши ният би-лан қилинган ишнинг ижобий натижасини кўриш, у ҳақда эшитиш ҳар қандай кишига қувонч бахш этади. Ўша кезда мен ҳам мана шундай ҳисни туйдим, лекин шу билан бирга, бу нарса каминага бажарилиши лозим бўлган ишларни яна ҳам жиддийроқ тарзда адо этиб бориш зарурлиги масъулиятини юклади. Бинобарин, ҳадис илмларига оид «Мусталаҳул-ҳадис» китобини ёзиб битиргандан сўнг «Улуми Қуръон» бўйича ҳам бу илмнинг асослари ва қоидаларига амал қилган ҳолда алоҳида китоб битишга азму қарор пайдо бўлди. Қўлимизда мавжуд бўлган манбалардан фойдаланиб, бир китоб таълиф қилишга ожизона қўл урдик.
Аллоҳ таоло барча ишларимиз қатори, бу ишга ҳам Ўзи ёрдамчи бўлсин! Зотан, У Зотдан ўзга ёрдамчи йўқ! У Зот қандай ҳам яхши Хожа ва қандай ҳам яхши Ёрдамчи!


МУНДАРИЖА

Кириш

БИРИНЧИ ҚИСМ

«Улуми Қуръон»нинг таърифи
«Улуми Қуръон»нинг аҳамияти
«Улуми Қуръон»нинг тарихи
Ваҳий
Ваҳийнинг турлари
Ваҳийнинг даражалари
Ҳадис, ҳадиси қудсий ва Қуръон
Қуръони каримнинг таърифи
Қуръоннинг исмлари
Қуръоннинг нозил бўлиши
Қуръон ваҳийсининг бошланиши
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ваҳий
Қуръоний ваҳий ҳолати
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Қуръон
Ваҳийни тушуниб етмаслик
Қуръони каримнинг тарқоқ нозил бўлиши
ҳикматлари
Қуръони каримдаги илк ва сўнгги нозил
бўлган оятлар
Илк нозил бўлган оятлар
Сўнгги нозил бўлган оят
Қуръони карим оятларининг маккий ва маданийга
тақсимланиши
Макки ва маданий оятларнинг таърифи
Маккий ва маданий оятларни билишга элтувчи йўл
Маккий ва маданий оятларнинг аломатлари
«Сабаби нузул» илми
Сабаби нузулни билиш йўли
Сабаби нузулнинг ифода турлари
Сабаб бир нечта, нозил бўлган нарса битта бўлиши
Сабаб битта, нозил бўлган оятлар бир нечта бўлиши
Қуръони карим эъжози
Қуръоннинг арабларни беллашувга чорлаши
Қуръони каримнинг баёний эъжози
Қуръони каримнинг илмий эъжози

ИККИНЧИ ҚИСМ

Қуръони каримнинг жамланиши
Қуръони каримнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи васаллам даврларида қалбларда жамланиши
Қуръони каримнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
васаллам даврларида саҳифаларда жамланиши
Қуръони каримнинг ҳазрати Абу Бакр даврларидаги
жамланиши
Қуръони каримнинг ҳазрати Усмон даврларидаги
жамланиши
Усмоний Мусҳафлар ҳақида
Оят ва сураларнинг тартиби
Қуръоннинг етти ҳарфда нозил бўлиши
Расми Усмонийнинг такомиллашуви

УЧИНЧИ ҚИСМ

Қуръони каримда насх
Насх қилинадиган ҳукмларнинг турлари
Насхнинг ҳикматлари
Насх билан хослаш орасидаги фарқ
Насхнинг ўринлари
Қуръоннинг Қуръон билан насх бўлишининг
қисмлари
Қуръони каримда муҳкам ва муташобиҳ
«Муҳкам» ва «Муташобиҳ» уламолар истилоҳида
Муташобиҳнинг қисмлари
Сураларнинг аввалидаги ҳарфлар ва
муташобиҳ сифатлар
Сураларнинг аввалидаги ҳарфлар
Аллоҳ таборака ва таолонинг муташобиҳ сифатлари
Муташобиҳ сифатлар бўйича салаф ва
халафларнинг тутган йўллари
Муташобиҳ сифатлар ва салафлар
Муташобиҳ сифатлар ва халафлар
Хулосалар
Муташобиҳ сифатларга оид оятлардан намуналар
Муташобиҳ сифатлардан намуналар
Уламоларнинг муташобиҳга муносабатлари
тўғрисидаги хулоса

ТЎРТИНЧИ ҚИСМ

Қироатлар ва қорилар
Қироатларнинг манбаси
Тафсир ва муфассирлар
Мовароуннаҳрда тафсир илми
Янги тафсирлар
Қуръони карим маънолари таржимаси
Манбалар рўйхати

 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб «Қуръон илмлари» деб номланган китоблари.

Муаллиф: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Номи: «Қуръон илмлари»
Нашриёт: «HILOL NASHR» Нашриёти
Сана: 2017
Ҳажми: 504 бет
ISBN: 978-9943-4095-2-1
Ўлчами: 60×90 1/16
Муқова: қаттиқ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 4382-сонли тавсияси ила чоп этилган

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Закотини бермаган жаннатга кирмай қоладими?

26.11.2024   1223   6 min.
Закотини бермаган жаннатга кирмай қоладими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ صَاحِبِ ذَهَبٍ وَلَا فِضَّةٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا إِلَّا إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ صُفِّحَتْ لَهُ صَفَائِحَ مِنْ نَارٍ، فَأُحْمِيَ عَلَيْهَا فِي نَارِ جَهَنَّمَ، فَيُكْوَى بِهَا جَنْبُهُ وَجَبِينُهُ وَظَهْرُهُ، كُلَّمَا بَرَدَتْ أُعِيدَتْ لَهُ، فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ الْعِبَادِ، فَيَرَى سَبِيلَهُ إِمَّا إِلَى الْجَنَّةِ وَإِمَّا إِلَى النَّارِ. قِيلَ: يَا رَسُولَ، اللهِ فَالْإِبِلُ؟ قَالَ: وَلَا صَاحِبِ إِبِلٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا، وَمِنْ حَقِّهَا حَلَبُهَا يَوْمَ وِرْدِهَا، إِلَّا إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ بُطِحَ لَهَا بِقَاعٍ قَرْقَرٍ أَوْفَرَ مَا كَانَتْ لَا يَفْقِدُ مِنْهَا فَصِيلًا وَاحِدًا، تَطَؤُهُ بِأَخْفَافِهَا وَتَعَضُّهُ بِأَفْوَاهِهَا، كُلَّمَا مَرَّ عَلَيْهِ أُولَاهَا رُدَّ عَلَيْهِ أُخْرَاهَا فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ الْعِبَادِ، فَيَرَى سَبِيلَهُ إِمَّا إِلَى الْجَنَّةِ وَإِمَّا إِلَى النَّارِ. قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، فَالْبَقَرُ وَالْغَنَمُ؟ قَالَ: وَلَا صَاحِبِ بَقَرٍ وَلَا غَنَمٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا، إِلَّا إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ بُطِحَ لَهَا بِقَاعٍ قَرْقَرٍ لَا يَفْقِدُ مِنْهَا شَيْئًا، لَيْسَ فِيهَا عَقْصَاءُ وَلَا جَلْحَاءُ وَلَا عَضْبَاءُ، تَنْطَحُهُ بِقُرُونِهَا، وَتَطَؤُهُ بِأَظْلَافِهَا، كُلَّمَا مَرَّ عَلَيْهِ أُولَاهَا رُدَّ عَلَيْهِ أُخْرَاهَا، فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ الْعِبَادِ، فَيَرَى سَبِيلَهُ إِمَّا إِلَى الْجَنَّةِ وَإِمَّا إِلَى النَّارِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир тилла ёки кумуш соҳиби унинг ҳаққини адо этмас экан, албатта, қиёмат кунида унинг учун оловдан бўлган тахтачалар тайёрланади. Улар жаҳаннам оловида қиздирилади. Сўнгра улар пешонасига, икки ёнбошига ва орқасига босилади. Совиб қолиши билан (яна қайтадан қиздирилиб,) унга қайтарилади. Миқдори эллик минг йил бўлган кунда одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундай қилинади. Кейин йўлини билади: ёки  жаннатга ёки дўзахга бўлади», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, туя-чи?» дейилди. У зот: «Қайси бир туя соҳиби ҳам унинг ҳаққини бермаса, сувга борган куни уни соғиш ҳам ҳаққидандир. Албатта, қачон қиёмат куни бўлса, уни у(туя)ларнинг олдига теп-текис, сип-силлиқ ерга ташлаб берилади. Уларнинг ҳаммаси, битта бўталоғи ҳам қолмай, тўлиқ бўлади. Уни туёқлари билан босадилар, оғизлари билан тишлайдилар. Унинг устидан бири ўтса, бошқаси қайтиб келаверади. Миқдори эллик минг йил бўлган кунда, одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундай қилинади. Кейин йўлини билади: ёки жаннатга ёки  дўзахга бўлади», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, қорамол ва қўй-чи?» дейилди.

«Қайси бир қорамол ва қўй соҳиби ҳам ундан ҳаққини бермаса, албатта, қиёмат куни бўлганда у уларнинг олдига теп-текис, сип-силлиқ ерга ташлаб берилади. Улардан бирортаси ҳам қолмайди. Уларнинг ичида шохи буралгани, шохсизи, шохи сингани бўлмайди. Уларнинг ҳаммаси шохи билан уни сузади ва туёғи билан тепкилайди. Унинг устидан бири ўтса, бошқаси қайтиб келаверади. Эллик минг йил бўлган кунда, одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундай қилинади. Кейин йўлини кўради: ёки жаннатга, ёки  дўзахга», дедилар» (Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган).

Бу ҳадиси шарифда закотни бермаган кишиларнинг ҳоли қиёмат куни қандай бўлиши жуда жонли тарзда васф қилинмоқда.

Қиёмат кунининг сифатларидан бири – миқдори эллик минг йил бўлган кундир. Ўша куни одамларнинг ҳаммаси тўпланиб, уларнинг ҳисоб-китоби битиб, жаннатий ёки дўзахий эканлиги ҳақида ҳукми илоҳий чиққунича ҳозирги дунё кунлари билан ҳисобланганда ана шунча муддат ўтади.

Бу дунёда закоти берилмаган олтин ва кумушлар қиёмат куни оловдан бўлган тахтачалар ҳолига келтирилиб, жаҳаннам оташида яна роса қиздирилиб, ўз эгасининг пешонасига, ёнбошларига ва орқасига босилар, унинг ўша аъзолари жизғинак қилиб куйдирилар экан. Агар у тахтачалар сал совиб қолса, яна қайтадан қиздирилар ва яна шиддат билан босилар экан. Шу ҳолат бу дунёнинг ҳисоби билан ҳисоблаганда, эллик минг йил давом этар экан.

Сўнгра ҳукм чиқиб, мазкур закотни бермаган одам дўзахий бўлса, дўзахнинг азобини тортгани равона бўлар экан. Агар Аллоҳ раҳм қилиб, бошқа амаллари кўплиги учун жаннатга ҳукм қилса, миқдори эллик минг йил бўлган кундаги тортган азоби билан қутулиб қолар экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу баённи эшитганлар туясининг закотини бермаганларнинг ҳоли нечук бўлишини сўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳолини ҳам батафсил баён қилиб бердилар.

Сўнгра саҳобаи киромлар қорамол ва қўйларнинг закотини адо этмаганларнинг ҳоли қандай бўлишини сўрадилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бунга ҳам батафсил жавоб бердилар.

Ушбу ҳадисда Маҳшар куни закоти чиқарилиши фарз бўлган молу мулкнинг уч тоифаси бўйича закотни адо этмаганларнинг ҳоли қандай бўлиши васф қилинмоқда. Улар бутун халойиқнинг олдида шармандаи шармисор бўлиб, шунчалар азоб тортишар экан.

Албатта, бошқа тоифадаги мол-мулкнинг закотини бермаганлар ҳам муносиб жазо тортишлари турган гап. Тўғри, улар жаннатга киришлари мумкин. Лекин жаннатга киргунча шунча вақт азоб тортиш осонми?! Қолаверса, закотни бермаган банданинг жаннатга кирмай қолиш хавфи устун. Шунинг учун бу дунёда закотни ўз вақтида адо этишга ҳаракат қилмоқ зарур.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Мақолалар