Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Ноябр, 2024   |   04 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:39
Қуёш
06:59
Пешин
12:12
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:31
Bismillah
05 Ноябр, 2024, 04 Жумадул аввал, 1446

Лоқайдлик - тараққиётга тўсиқ

18.10.2019   5069   8 min.
Лоқайдлик - тараққиётга тўсиқ

Лоқайдлик бу – бурч ва масъулиятни ҳис қилмаслик, атрофдагиларнинг, ўзининг тақдири ва келажагига дахлдор воқеликларга эътиборсизликдир. Барча даврларда зиёлилар бундай иллатга қарши курашганлар, халқни огоҳлантириб келганлар.

Ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг мақсади кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш концепсиясидир. Бунда фуқаролардан давлат ва жамиятнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этишлари талаб этилади. Бунинг учун халқни бир мақсад йўлида, эзгуликлар сари сафарбар этиш, инсонлардаги лоқайдлик ва бепарволикка барҳам бериш лозим бўлади. Мустақилликка эришганимиздан сўнг, бундай иллатга қарши кураш алоҳида аҳамият касб эта бошлади. Президентимиз ҳам доимо фуқароларимизни огоҳликка ва эътиборли бўлишга чақиради. Бу шунинг учун керакки, лоқайдликнинг маъно мазмуни на муқаддас динимиз моҳиятига, на бошқа тараққиёт қонунларига тўғри келади. Уни яна дангасалик, танбаллик, боқимандалик, боқибеғамлик ва бепарволик каби салбий иллатлар билан боғлаш мумкин. Булар жамиятни тубанлаштирадиган омиллардандир. Ҳозирги даврнинг талаби – аниқлик ва янгиликлардан тезкорлик билан хабардор бўлиш. Лоқайдлик эса бунга тамомила зиддир.    Бу иллатнинг жамият учун қанчалик зарарли эканини инобатга олиб машҳур шахсларнинг қуйидаги фикрларини келтирамиз:

Шайх Саъдий айтади: “Магар сен ўзгаларнинг қайғусиға лоқайдлик ила қарасанг, сен инсон деган номға нолойиқсен”.

Соҳибқирон Амир Темур эса ўзининг тузукларида: “Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий тадбиркор ва ҳушёр бир киши минглаб тадбирсиз лоқайд кишилардан яхшидир”, - деб таъкидлайди.

Немис ёзувчиси Георг Лихтенберг айтади: “Қаердаки лоқайдлик – у ерда хато, қаердаки совуққонлик – у ерда жиноят”.

Юсуф Хос Ҳожибнинг қуйидаги мисралари ҳам кишини хушёр бўлишга чорлайди: “Ҳар бир ишда ҳам ғофиллик қилма, ҳушёр бўл, ғофилларнинг ишлари ҳеч қачон кўнгилдагидек бўлмайди”.

Баҳоуддин Нақшбанд эса адашаётган кишиларга тўғри йўлни кўрсатишга чорлайди:

Кўр кетар экан билмай истиқболда чоҳ,

Уни огоҳ этмасанг сендадир улуғ гуноҳ.

Ҳозирги кунда халқимиз орасида ҳам лоқайдлик ва бепарволик иллатлари учрайди. Аммо ҳеч ким ўз шахсий манфаатлари учун лоқайд эмас.

Хулоса шуки, янги даврда янги жамият қураётган эканмиз, нотўғри ақида ва ғоялардан, зарарли иллатлардан воз кечишимиз биз учун сув ва ҳаводек зарур. Абдулла Авлоний айтганидек, “Маърифат соҳиби бўлмак учун аҳволи оламдан хабардор бўлмак керак”.

 Мавзуга доир мутафаккирларнинг сўзлари:

 Ғофил одам кўз юмиб ғафлат уйқусига ботади, эй иродали мард, ғофил бўлма, ҳушёр бўл.

ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ

 

Кимдир бошқаларга тилар омонлик,

Кимдир соғинади фақат ёмонлик.

Бир қарасанг ўхшаш рангу рўйлари,

Бироқ тамом бошқа фикру ўйлари.

Сиртдагисин кўриб турибсан ҳар он,

Ичдаги оламдан огоҳ бўл, инсон!

АБДУЛЛА ОРИПОВ

 

Элигнинг[1] ҳушёрлиги элга фойда келтирди, шулар туфайли элда тинчлик   ва тотувлик қарор топди.

ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ

 

Ғофиллик давлатни қўлдан кетказар.

НИЗОМУЛМУЛК

 

Ҳар киши нокас билан ҳамкосадир,

Минг шарофатни касофат босадир.

МАШРАБ

 

Амирнинг ғофиллиги, вазирнинг хиёнати подшоҳликни йўқ қилар.

НИЗОМУЛМУЛК

 

Агар бирор қайғу-алам юз бергани ёки таьзияли жойни эшитсанг, дарҳол у ерга бор, агар зиёфату меҳмондорчиликка чақирилсанг, унда ўзинг ўйлаб иш тут (ўзинг биласан).

МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ

 

Эрурсен шоҳ – агар огоҳсен сен,

Агар огоҳсен – шоҳсен сен.

АЛИШЕР НАВОИЙ

 

Инсон ибрат назари ила боқуб, дунё китобидан ўз қадр-ҳиссасини билиб олмаги лозимдур. Шунинг учун ақл соҳиблари, фатонат эгалари ўзларига фойдаси бўлса-бўлмаса, синчиклаб қарағон нарсаларидан бир ҳисса олмай қўймаслар.

АБДУЛЛА АВЛОНИЙ

 

Ғафлат аро хуш кўрибон хуш дема,

Вақиф[2] ўлиб, сўнгра пушаймон ема.

АЛИШЕР НАВОИЙ

 

Белни боғла, даврингни сур,

Дўсту, душманни синаб юр,

Ёмон сўздан қулоқни бур,

Сен ғафлатда қолма, болам.

Молим йўқ деб, қийнама жон,

Давлат топилур ҳар қачон,

Душманингга берма омон,

Ҳар чоқ ҳушёр бўлгин, болам.

БЕРДАҚ

 

Огоҳ кишини эҳтиёткорликнинг оқибати билан таништиргин. Ҳидоятга бошловчиларни эслатиш орқали уни мулоҳаза юритишга кўндириб, олижаноб ишларни қилишга чақир.

МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ

 

Ғолиб душмандин ҳардам ғофил қолма,

Ўчиролмас исён ўтин ўз ҳарамингга солма.

АЛИШЕР НАВОИЙ

 

Ҳушёр ва заковатли одам улдурки, унинг фикр доираси кенг, узоқни яқиндек кўра оладиган ғафлат уйқусидан йироқ, балки ҳамиша фикру зикри билан уйғоқ, махфий ишоратдан ҳам ўзига хулоса чиқара ола биладиган, сўқир кўздан ҳам ёш оқиза оладиган бўлур.

МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ

 

Ҳушёрликсиз бирор нафас ҳам олмаган,

Назари қадамидан ўзга ерда бўлмаган.

АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ

 

Худо кўрсатмасин, агар сени қайғу-ҳасратларнинг кучли еллари ўраб олса, унда дод-фарёду фиғонларинг фойда бермас.

МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ

 

Дўстлар фикридин ва душманлар макридин бепарволиғ жоиз эрмас ва шу иш надоматдин ўзга натижа бермас.

АЛИШЕР НАВОИЙ

 

Огоҳ бўлингизки, карим ва ҳурматли, вафодор одамни йўқотиш эр кишига вафотдан кўра ҳам оғирроқдир.

МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ

 

Одамни ғафлат уйқусига ботирувчи ғофилликдир, ғафлат уйқусига ғарқ бўлган одам жами ишларини ташлаб қўяди.

ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ

 

Ғофил бўлмагинки, ғофиллик зулматнинг моясидир,

Дўст ёри билан бўл, қалбингни нурли қилади.

АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ

 

Ғофил одамнинг ҳаёти – уйқу бирла хомхаёл,

Хайфдир жоҳил билан суҳбатда ўтган дамларинг.

 ЗЕБУННИСО

 

Қашшоқлиқ, тенгсизлик, одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган бошқа ҳамма нарса ҳам ўтади: уйсиз уйлик бўлади, оч тўяди, гап бунда эмас, ҳамма гaп шундаки, мана шу одамларда одамлик ғурури карахт бўлган, бу одамларда шундай ҳаётга қарши исён руҳи йўқ, аксинча, булар шу ҳаётни қариликдай табиий, ўлимдек ҳақ деб билишар экан.

АБДУЛЛА ҚАҲҲОР

 

 Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсу ислом билим юрти 3-курс талабаси Ҳайдаров Иброҳим тайёрлади.

 

[1] Халқ

[2] Воқиф

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўзлаб беринг

1.11.2024   4374   3 min.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўзлаб беринг

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйлари қандай эди?

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, ўрта бўй эдилар.

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас эдилар...”.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тана ва юзларининг ранги қандай эди?

Ранглари оқ-қизил, юзлари буғдойранг эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тана аъзолари қандай эди?

Тана аъзолари бир-бирига мутаносиб, хушбичим, баданлари туксиз эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак пешоналари, киприклари, қошлари қандай эди?

Пешоналари кенг, киприклари узун, қошлари қўшилмаган, эгик эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бурунлари ва соқоллари қандай эди?

Бурунлари бироз баланд, қиррали, соқоллари қалин эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тишлари қандай эди?

Тишлари майда, ялтироқ, олдинги тишлари бир-биридан алоҳида кўринар эди. Агар сўзласалар, тишларининг ораларидан гўё нур каби бир нарса чиқарди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадам ташлари қандай эди?

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинга мойил бўлиб юрардилар.

Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот худди пастликка тушаётганга ўхшаб юрар эдилар”, деди (Имом Муслим ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак елкалари, кафтлари, қадамлари қандай эди?

Икки елкаларининг ораси кенг эди. Икки елкалари ўртасида пайғамбарлик муҳри бор. Муҳри нубувват каптар тухумидек келадиган қизғиш гўшт, усти тукли эди. Кафт ва қадамлари тўла, гўштдор эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бошлари, юзлари, кўзлари қандай эди?

Бошлари катта, юзлари думалоқроқ, кўзлари қора, суякларининг қўшилган ери йўғон эди.

Баро розияллоҳу анҳудан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари қиличга ўхшармиди?” деб сўрашди. Шунда Баро розияллоҳу анҳу: “Йўқ. Тўлин ойга ўхшар эди”, деб жавоб берди (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўкраклари ва билаклари қандай эди?

Кўкраклари кенг, билаклари узун эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари қандай эди?

Сочлари икки қулоқларининг ярмига тушарди. Сочларини тараб, фарқ очардилар. Сочга ёғ суртардилар.

Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Анас розияллоҳу анҳудан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қандай эди?” деб сўрадим. У: “Сочлари тўлқин сифат: жуда жингалак ҳам, жуда юмшоқ ҳам эмас эди. Икки қулоқлари билан елкалари ўртасида турарди”, деди (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Аллоҳумма солли ъала саййидина Муҳаммадин ъабдика ва набиййика ва ҳабибика ва Расуликан Набиййил уммиййи ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи ва саллим.

 

Даврон НУРМУҲАММАД