Эй биродар, қаранг, ўлим келмасдан олдин ишларингизни ислоҳ қилиб олинг. Чунки сиз қачон ўлим келиб қолишини билмайсиз. Билингки, умр озгина, ҳасрат эса узоқдир. Эй биродар, “Лаа илаҳа иллаллоҳ” сўзини кўпайтирмоқ ва унга шукр қилмоқ лозим. Шукр улуғ неъмат учундир. Чунки у шукр билан боқийдир.
Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилади: “Ўликларингизга “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни секин айтиб туринг. Чунки у гуноҳларни парчалаб ташлайди”. Сўрадилар: “Эй Аллоҳнинг элчиси, агар уни ҳаётлигида айтса-чи?”, У зот алайҳиссалом айтдилар: “У гуноҳларни парчалайди, парчалайди” деб такрорладилар.
Аллоҳ таоло муқаддас каломида бундай марҳамат қилади: “Эҳсон – яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир (Раҳмон сураси 60-оят).
Анас ибн Молик Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилади: У киши айтадилар: “Ла илаҳа иллаллоҳ жаннатнинг қийматидир”. Бошқа хабарда: “Жаннатнинг калитидир”, дейилган.
Айтилади: “Ла илаҳа иллаллоҳ жаннатнинг калити, лекин эшикни очиш учун калитнинг тишлари бўлиши керак. Унинг тишлари ғийбат ва гуноҳлардан пок, Аллоҳни зикр қилувчи тил, ҳасаддан ва ғийбатдан қўрқувчи пок қалб, шубҳа ва ҳаромдан пок қорин ва гуноҳлардан пок хизмат билан шуғулланадиган аъзолардир”.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Ким лаа илаҳа иллаллоҳ деса, унинг оғзидан кўк қуш чиқади. Унинг икки оқ қаноти дур ва ёқут билан қопланган бўлади. Сўнгра осмонга кўтарилади ва ундан асаларининг товуши каби ғунғиллаш эшитилади, унга: “Жим тургин”, дейилади. Сўнгра у: “Йўқ, соҳибимнинг гуноҳи кечирилмагунча жим турмайман”, дейди, шунда у айтган кишининг гуноҳи кечирилади. Сўнг у қушда етмишта тил пайдо бўлиб, қиёмат кунигача эгасининг гуноҳини кечиришини сўрайди. Қиёмат куни бўлса, у қуш келади ва эгасининг қўлидан ушлаб, унга жаннатни кўрсатувчи ва йўл бошловчи бўлади.
Аллоҳ таоло Фиръавнни сувга ғарқ қилди ва Мусо алайҳиссаломни қутқарди. Мусо айтдилар: “Эй Аллоҳ, менга бир амални далолат этгинки, уни қилсам, Сен менга берган неъматга шукр қилай”. Аллоҳ айтди: “Эй Мусо, лаа илаҳа иллаллоҳ, деб айт. Мусо алайҳиссалом зиёда қилишни сўрадилар”. Аллоҳ айтдики: “Эй Мусо, агар етти осмон ва етти ерни тарозининг бир палласига қўйсанг лаа илаҳа иллаллоҳ калимасини бир палласига қўйсанг, албатта, лаа илаҳа иллаллоҳ калимаси оғир келади”.
Уламолардан бирлари айтади: “Учта нарса борки, уни Аллоҳ таолодан ҳеч нарса тўсолмайди: лаа илаҳа иллаллоҳ калимаси, ижобат бўлишига ишонган ҳолда қилинган дуо, отанинг фарзанди ҳаққига ва мазлумнинг золимга қарши қилган дуоси”.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Кимга ўлим вақтида лаа илаҳа иллаллоҳ сўзини талқин қилинса жаннатга киради”.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлари ривоят қилинган: “Кимнинг дунёдаги охирги каломи лаа илаҳа иллаллоҳ бўлса, жаннатга киради”.
Аллоҳ таоло барчаларимизни “лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасини давомий айтиб юришда бу дунёдан ўтаётган вақтимизда ҳам “лаа илаҳа иллаллоҳ”ни айтишлик бахтини насиб айласин.
Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандийнинг
“Танбеҳул ғофилин” китоби асосида
Имом-Термизий ўрта маҳсус таълим муассаси
талабаси Муродулло Чориев тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.