Таҳажжуд намози ҳам нафл ибодатлар қаторига кириб, улар ичида ӯқилиш вақти бир оз ноқулайлик туғдирса ҳам, унга бериладиган савоблар ва ажр-мукофотларига кӯра энг олийси ҳисобланади. Зеро, ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз таҳажжуд намозидир», деганлар.
( Имом Муслим ривояти)
Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган: “Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжуд (нафл) намозини ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” (Исро сураси, 79-оят).
Оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб. Хоссатан таҳажжуд намозини адо қилишга буюрмоқда ва бу намоз Қиёмат кунида гуноҳкор умматлари учун қилинадиган шафоатлари учун сабаб бўлишига ишора қилмоқда. Айнан шу сабабдан, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозига қаттиқ эътибор берардилар. Ўзлари узрсиз асло тарк қилмаган ҳолда, умматлари учун ҳам бир қанча башоратлар бериб, ушбу намозга тарғиб қилувчи бир қанча ҳадисларни қолдирганлар. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта, жаннатда ташқариси ичидан, ичкариси ташқаридан кўриниб турадиган хоналар бор. Аллоҳ у хоналарни – таом едирган, саломни ёйган ва кечаси одамлар уйқуда ётганда тунги (таҳажжуд) намозни ўқиган зотлар учун тайёрлаб қӯйгандир» (Имом Аҳмад ривояти)
Бошқа ҳадисда эса: «Сизлар тунги (таҳажжуд) намозини лозим тутинглар, чунки у сизлардан олдинги солиҳ кишиларнинг одати, Раббингизга яқинлашув, ёмонликларга каффорат ва гуноҳдан қайтарувчидир» ( Имом Термизий ривояти)
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда шундай дейилган:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам (Мадинага) келдилар. Мен одамлар орасида у зотни кўриш учун келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларини кўрганимда, албатта, у зотнинг юзлари ёлғончи, каззобнинг юзи эмаслигини билдим. У зотнинг биринчи гапирган гаплари: “Эй инсонлар! Саломни орангизда кенг ёйинглар, таом улашинглар, қариндошлар билан алоқани боғланглар ва тунда, одамлар ухлаётган пайтда намоз ўқинглар. Шунда жаннатга саломат ҳолда кирасизлар” дейиш бўлди”.
Ҳадисларда айтилади: “Аллоҳ таолонинг бандага энг яқин бўладиган ҳолати кечанинг охирги қисмидадир. Агар ўша соатда Аллоҳни зикр қилувчилардан бўла олсанг, шундай бўл!” деганлар. Яна бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг шарафи кечаси ўқиган намози ва азизлиги инсонларнинг қўлларидаги нарсадан беҳожат бўлишидир” деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон эр кечаси ўз аҳлини уйғотиб, икковлари бир бўлиб намоз ўқисалар, зокир ва зокиралар қаторига ёзиладилар», дедилар».
Шарҳ: Бу эса улуғ саодатдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда зокир ва зокираларга мағфират ва улуғ ажр тайёрлаб қўйганини айтгандир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон эр кечаси хотинини уйғотиб, икковлари бир бўлиб таҳажжуд намози ўқиб туришлари керак.
Муҳаммад ибн Юсуф айтдилар: «Суфён Саврий тунда бизни уйғотиб, «Эй йигитлар! Ёшликда тунги таҳажжуд намозини ўқинглар. Кучга тўлган, ёш пайтингизда ўқимасангиз, қачон ўқийсиз?», дер эдилар.
Салафи солиҳлар ҳам таҳажжуд намозига қаттиқ эътибор берардилар. Чунки улар таҳажжуднинг файдаларини кўрган ва лаззатларидан баҳраманд бўлган эдилар.
Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ айтган эдилар:
«Пайғамбарлар, соф кишилар, яхши инсонлар ва покиза зотларнинг қалбида уч хил сифат бор: ҳалимлик, Аллоҳга тавба қилиб ёлвориш ва таҳажжуд намозидан насибадорлик».
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан: «Нима учун тунда таҳажжуд ўқийдиганларнинг юзи гўзал бўлади?» деб сўрашди. У зот шундай дедилар: «Улар Раҳмон сифатли Зот – Аллоҳ билан холи қолишганда У Зот уларга Ўз нуридан ато этади».
Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ: «Роббининг ҳузурида ҳожати бўлатуриб, саҳар вақти, яъни тонгда ухлаган киши оқил эмас», деган эканлар. Яъни, ҳожатларингизни тундаги таҳажжуд намозида сўрашни ўрганинг!
Каъб айтдилар: “Тундаги таҳажжудда қоим кишилар борки, улардан миннатдор бўлингандир. Тунда ухловчилар борки, уларнинг гуноҳлари мағфират қилингандир. Масалан, икки мўмин киши Аллоҳ йўлида бир бирини яхши кўради. Улардан бири намоз ўқиб биродари ҳаққига дуо қилади. Ва Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилади”.
Ибн Ажлон шундай деган эканлар: “Аллоҳ таоло мўминнинг кучини жисмига эмас, қалбига жойлади. Ахир қарияларни қаранг, иссиқ ҳароратда ҳам рўза тутиб, тунда таҳажжуд намозини адо қиладилар. Ваҳоланки, ёшлар бу амаллардан ожиз бўлишади”.
Абу Сулаймон Дороний: «Таҳажжуд ўқувчилар тунни ўйин-кулги билан ўтказувчилардан кўра кўпроқ лаззатга чўмганлардир», дедилар.
Иброҳим Ҳаввос айтадилар: “Қалб касалларини даволаш беш иш билан бўлади: Қуръонни тадаббур билан (маъносини англаб) тиловат қилиш, кечаси таҳажжуд намози ўқиш, саҳарларда Аллоҳга ёлвориш, дўстлар билан суҳбат ва кам ейиш”.
Баъзи орифлар шундай деган эканлар: «Аллоҳ таоло саҳарда уйқусидан уйғонувчиларнинг қалбига нур тўлдириб қўяди. Уларнинг қалбига фойдалар тушиб, нурга бурканади. Сўнгра фойдалар уларнинг қалбидан таралиб, ғофиллар қалбига етиб боради».
Ҳикматларда айтилади:
“Жаннатдаги аввалги манзилингга қайтишни хоҳласанг, тунда таҳажжуд ўқийдиганлар водийсига кўтарилгин, чунки карвон ана шу ердан ўтади. Тонг саҳардаги дуо қазои қадарнинг ўқи эканини ҳам унутма”.
“Тунги намоз ўқиладиган уйда нур пайдо бўлади. Уни осмон аҳли кўради. Биз тунда осмонга қараганимизда, юлдузлар ёруғлигини кўрганимиздек, осмон аҳли ердаги нурнинг намоз ўқувчининг уйидан таралаётганини кўради. Ундан ҳам ажабланарлиси шуки, ҳар куни уйингдаги нурни кўришга одатланган фаришталар тунги намоз ўқимаган кунинг сени сўраб-суриштирадилар, чунки улар уйингда зулматни кўрадилар. Уларга сенинг беморлигинг ёки ғамга ботиб қолганинг айтилади. Фаришталар сенга шифо ва ғамдан халос бўлишингни сўрайдилар ёки эҳтиёжингга қараб дуо қиладилар. Чунки улар сенинг намозинг сабабли нур таралаётган уйингни кўришни истайдилар”.
“Таровеҳ ёки таҳажжуд намозида ота-онангнинг ҳаққига қилган дуоинг уларга атаб сўйган ўнта туянгдан афзалдир”.
“Агар бизнинг кунлик режамизда икки ракатли зуҳо намози, Қуръондан кунлик вазифа, тунги витр ва таҳажжуд намози, яхши сўзлар, фақат Аллоҳ биладиган яширилган амаллар, тонг ва кечки пайт айтиладиган зикрлар бўлмаса ҳаётнинг қандай мазаси бор. Сиз кунлик жадвалингизни тартибга солиб, уни кунлик вазифаларингиздан қилиб олинг. Шунда иншааллоҳ кунингизни роҳат ва фароғатда топасиз”.
Азиз дўстим! Ушбу маълумотларни ўқигандан кейин лоақал икки ракаат таҳажжуд намозини ўқишни қасд қилган бўлсангиз, лоақал яхши ният қилган бўлсангиз, биз мақсадимизга етдик. Дуоларда эслаб қўйинг!
Манбалар асосида : Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби Ёрбек Исломов тайёрлади
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси