Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов вилоятнинг туман ва шаҳарларида қайта қуриш ишлари олиб борилаётган масжидларни бориб кўрди.
Жорий йилда Тошкент вилоятида тегишли дастур асосида 29 та масжид янгидан қурилмоқда. Х.Турматов Пискент, Бўка, Юқори Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ, Паркент туманларидаги қурилиш жараёнлари билан танишар экан, меъморчилик услубларида ва миллий анъаналарга уйғун ҳолда замонавий масжидларнинг услубларидан ҳам фойдаланилганига алоҳида эътибор қаратди. Бундай кўриниш зиёрат туризми доирасида мамлакатимизга ташриф буюрадиган меҳмонлар учун ҳам ҳилма-хилликни тақдим этишини билдирди.
Шунингдек бош имом-хатиб Қуйи Чирчиқ туманидаги саккизбурчак шаклида қурилаётган “Олмазор” масжидининг ёруғлик тизимига юқори баҳо бериб: “Масжидларнинг ойналари қанчалик кўп ва кенг бўлса намозхоннинг баҳри дили очилади”, дея таъкидлади.
Масжидлардаги имкониятлар бўйича зарурий тавсилар берилар экан, таҳоратхоналарда кексалар ҳолатини алоҳида ҳисобга олиш ҳамда ногиронлиги бор фуқаролар учун ҳам махсус шароитлар қилиш юзасидан таклифлар берилди.
Аллоҳнинг байтини қуришдек савоби улуғ ишларда меҳнат қилаётган, елиб югураётган фидоий ходимлар, уста ҳунармандлар, ишбошилар, ҳомийлар ҳаққларига дуолар қилиниб, янги ибодат уйларини тез орада халқимизга туҳфа этишларига тилак билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Бугун, Зулҳижжанинг 8-куни меҳмонхонадан ташкилий гуруҳ бошчилигида автобусларда талбия айтиб, Минога етиб келган бўлғуси ҳожиларимиз: "Аллоҳим бу Минодир. Сен дўстларингга ато этган эҳсонларингдан менга ҳам инъом эт!”, деб дуолар қилишди.
Мино майдонида Ўзбекистон ҳожилари учун алоҳида жой ажратилган. Бу ерда ҳожиларимиз бемолол ибодат қилишлари учун шароит ҳозирланган. Шунингдек, тамадди қилишлари учун турли хил таомлар, чой, сув каби ичимликлар чодирларга олиб келиб улашилмоқда.
Набий алайҳиссалом суннатларига мувофиқ, бугун Минода тарвия куни пешин, аср, шом, хуфтон намозлари ўқилади. Айни пайтда ўзбекистонлик зиёратчилар Мино водийсида эрта тонгдан то кун ботгунга қадар уламоларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиб, тоату ибодат ва дуою илтижолар билан ўтказишмоқда.
Аллоҳ таоло барча ҳожилар қаторида, юртимиз ҳожиларининг ҳам дуо ва ибодатларини қабул айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати