Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

11.10.2019 й. Исломда ватанпарварлик тушунчаси

8.10.2019   5228   14 min.
11.10.2019 й. Исломда ватанпарварлик тушунчаси

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ وَكَفَى، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الْمُصْطَفَى، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.

ИСЛОМДА ВАТАНПАРВАРЛИК ТУШУНЧАСИ

Муҳтарам жамоат! Маълумки, инсонга берилган энг бебаҳо неъматлардан бири – ўз Ватанида яшашдир. Чунки Ватан унинг киндик қони тўкилган, гўдаклик чоғи ўтган, илк қадамларини қўйган, ёшлик, кексалик  даврларини сурадиган, хотиралари муҳрланган, ота-боболарининг юрти, фарзанду набиралари улғайган заминдир! Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга ватанни севиш ва унга муҳаббат қўйиш табиатини ато этган.

(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу жойида ўз сўзи билан жонли тарзда Ватан тушунчаси, Ўзбекистон диёри, ўз ҳудуди ҳақида гапириб берадилар...).

Исломда ватанга муҳаббат бу – туғилиб ўсган юртига нисбатан эъзоздан иборатдир! Демак, мусулмон киши ватанини севади! Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ҳимоя қилади, хурсанд бўлса – хурсанд, хафалик етса – қайғуради. Инсон “Ватан менга нима берди?” деб эмас, балки “мен Ватанимга нима қилдим?” деган олий туйғу билан яшамоғи лозим.

 Шунинг учун ҳам киши ўз юртидан узоқлашганда, уни қумсайди ва соғинади. Бу қумсаш биз умматга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан меросдир. Чунки ислом тарихидан маълумки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз ватанлари  Маккаи мукаррамада 53 ёшларигача яшадилар. Бу давр мобайнида Макка мушриклари томонидан У Зотга бир қанча зулм, душманчилик ва камситишлар бўлди. Шундай бўлса-да ватанларини тарк қилиб бошқа жойга кетмадилар. Аммо Макка мушрикларининг зулмлари ҳаддан ошиб, Расулуллоҳнинг жонларига қасд қилиш даражасига борганларидан кейин Аллоҳнинг буйруғига биноан Маккадан чиқиб кетдилар. Чиқиш вақти келганида кўзга ёш олдилар, кўнгиллари бўшаб, Маккага қараб шундай дедилар:

"مَا أَطْيَبَكِ مِنْ بَلَدٍ، وَأَحَبَّكِ إِلَيَّ! وَلَوْلاَ أَنَّ قَوْمِي أَخْرَجُونِيْ مِنْكِ مَا سَكَنْتُ غَيْرَكِ"

(رواه الإمامُ الترمذي عَنْ عَبْدِ اللهِ بن عباسٍ رضي الله عنهما)

яъни:(Эй Макка) сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим”  (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан узоқлашганлари сари унга бўлган иштиёқлари зиёдалашиб борарди. Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг кўнгилларини кўтариб, Маккага қайтиб келишларини башоратини бериб, Қуръони каримдаги қуйидаги ояти каримани нозил қилди:

إِنَّ الَّذِي فَرَضَ عَلَيْكَ الْقُرْآَنَ لَرَادُّكَ إِلَى مَعَادٍ...

яъни: (Эй, Муҳаммад!) Албатта, Сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган зот, шак-шубҳасиз, Сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир...” (Қасос сураси 85-оят).

Шундан кейин Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам хотиржам сафарларини давом эттирдилар.

Инсоннинг ўз Ватани олдида бир неча вазифалари бўлиб, уларнинг энг муҳимлари учтадир:

  1. Ватаннинг ҳаққига дуо қилиш. Чунки пайғамбарлар ўз ватанлари ҳаққига дуо қилганлар. Масалан, “Пайғамбарларнинг отаси” Иброҳим халилуллоҳ ўз ватанлари бўлмиш Маккаи мукаррамa ҳақига Қуръони каримда дуо қилганлари баён қилинган:

وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَذَا بَلَدًا آَمِنًا وَارْزُقْ أَهْلَهُ مِنَ الثَّمَرَاتِ مَنْ آَمَنَ مِنْهُمْ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ قَالَ وَمَنْ كَفَرَ فَأُمَتِّعُهُ قَلِيلًا ثُمَّ أَضْطَرُّهُ إِلَى عَذَابِ النَّارِ وَبِئْسَ الْمَصِيرُ

яъни: “Эсланг, Иброҳим: “Эй, Раббим, буни (Маккани) тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!”, – деганида, Аллоҳ: “(Улардан) кофир бўлганларини эса, бироз ризқлантириб, сўнгра дўзах азобига мубтало этурман. Бу ўта ёмон оқибатдир”,деди” (Бақара сураси 126-оят).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Мадина мунавварага борганларида унинг ҳаққига қуйидагича дуо қилдилар:

"اللَّهُمَّ حَبِّبْ إلَيْنَا المَدِينَةَ كَحُبِّنَا مَكَّةَ أوْ أشَدَّ، اللَّهُمَّ بَارِكْ لَنَا في صَاعِنَا وفي مُدِّنَا..."

(رواه الإمامُ البخاري والإمام مسلم عن عائشة رضي الله عنها)

яъни: “Эй Аллоҳ! Мадинани бизга Маккани суйганимиздек ёки унданда зиёдароқ суюкли қилгин! Ва уни тошу тарозусига – соъу муддига баракот бергин!” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Мана пайғамбар алайҳиссаломлар яшаб турган юртларига тинчлик ва ризқ сўрадилар. Зеро бу икки неъмат – Ватан фаровонлиги омилларидандир! У иккиси ёки бири топилмаса, бахт саодат йўқолади.

(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу жойида Ватанимиз (айниқса кичик Ватан – оиламиз) ҳаққига қандай дуо қилиш керак эканлигини ўз сўзлари билан жонли тарзда тушунтириб берадилар...).

  1. Ватан ободлиги учун моддий ва маънавий ҳисса қўшиш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди:

هُوَ أَنْشَأَكُمْ مِنَ الْأَرْضِ وَاسْتَعْمَرَكُمْ فِيهَا

яъни: “У (Аллоҳ) сизларни ердан пайдо қилиб, сизларни уни обод этувчи этди(Ҳуд сураси 61-оят). Демак, инсон ер юзини, хусусан яшаб турган юртини, ўз Ватанини обод қилиши – унинг бурчи ҳисобланади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إِنْ قَامَتِ السَّاعَةُ وَفِي يَدِ أَحَدِكُمْ فَسِيلَةٌ، فَإِنِ اسْتَطَاعَ أَنْ لاَ تَقُومَ السَّاعَةُ حَتَّى يَغْرِسَهَا، فَلْيَغْرِسْها

  (رواه الإمام البخاري عَنْ أَنَسٍ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ الله عَنْهُ)

яъни: “Қиёмат қоим бўлиб қолса-ю, бирингизнинг қўлида кўчат бўлса, у қоим бўлгунича экишга улгурса, экиб қўйсин” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳадиси шарифда инсон ўз ҳаётининг охирги лаҳзасини ҳам ғанимат билиб, яшаб турган жойини обод қилиш, уни гуллаб-яшнатишга тарғиб қилинмоқда.

(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу жойида ўз ҳудудларидаги ободончилик ва бунёдкорлик ишларидан жонли мисоллар келтирадилар...).

  1. Ватанда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

وَلَا تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ بَعْدَ إِصْلَاحِهَا وَادْعُوهُ خَوْفًا وَطَمَعًا إِنَّ رَحْمَةَ اللَّهِ قَرِيبٌ مِنَ الْمُحْسِنِينَ

яъни: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси 56-оят).

Ҳар бир шахс ўзи яшаб турган жойини ардоқлаб, уни ҳимоя қилиши – ўз жони, моли, ота-онаси ва фарзандларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Бу иш улкан савоб экани ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

" مَنْ قُتِلَ دُونَ مَالِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ وَمَنْ قُتِلَ دُونَ نَفْسِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ وَمَنْ قُتِلَ دُونَ دِينِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ وَمَنْ قُتِلَ دُونَ أَهْلِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ"

(رواه الإمام الترمذى عن سعيد بن زيد رضي الله عنه)

 яъни: “Моли, жони, дини ва аҳли аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топади” (Имом Термизий ривояти).

Киши ватанига хиёнат қилиши, ундаги ота-онаси, фарзандлари ва халқининг қадрига етмаслиги, уларни ўйламасдан ватанга қарши қурол кўтариши – исломдаги энг оғир гуноҳ ва жуда катта жиноятдир!

Ватанни севишимизга бир қанча сабаблар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло тақдиримизни шу ерга битди. Шу ватанда туғилиб ўсдик, тарбия топдик. Бу ватанда энг севимли қариндошларимиз, яқинларимиз яшашади. Бунинг устига бу заминни сон-саноқсиз улуғ зотлар, Аллоҳнинг дўстлари ватан тутишган.

Афсуски, айрим Ватан қадрига етмаган кимсалар, гўёки “ҳижрат қилиш фарз” деган сохта даъвони қилиб, оиласи бағрида тинч, осуда ҳаёт кечираётган мусулмонларни ўзга юртларга чиқиб кетишга даъват қилмоқда. Аммо бугунги кунда турли сиёсий кучларнинг қўлида қўғирчоқ бўлган айрим ватангадолар дунёнинг нотинчлик ҳукм сурган ва ўзлари қўним топган минтақаларига таассубга берилган шахсларни бир жойга жамлаш ва шу орқали хомийларининг режалаштирилган сиёсий мақсадлари йўлида ҳаракатланишмоқда. Хусусан, улар илм-маърифатдан йироқ, жоҳил кимсаларни ўз атрофларига тўплашга интилиб, ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари бемалол ўқиладиган, хуллас, исломнинг беш арконлари эмин-эркин адо этилиб, мусулмончилик амалда бўлган ва ўзлари тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган ватанларини тарк этишга тарғиб қилинмоқдалар.

Ўз юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлиш айни ислом таълимотига зид ишдир. Ал-Фокиҳий ўзининг “Макка хабарлари” асарида ёзишича, Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ухлаётганида ёстиғи тагидаги ҳамёни ўғирланади. Ўғри ушланиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига олиб борилганида, у ўз қилмишини ушбу маблағ эвазига ҳижрат қилмоқчи эканлиги билан оқламоқчи бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам эса, унинг содир этган ишини қоралаб, Маккага қайтишини ва ўз шаҳрида яшашини буюриб, “ҳижрат тўхтатилди!”, – дея таъкидлайдилар.

Кишининг ўз юртига меҳр-муҳаббатли бўлишига тарғиб қилиб, Имом Муҳаммад Ғаззолий  раҳматуллоҳи алайҳи шундай деганлар: “Инсон ўз туғилиб ўсган ерини ва ундаги нарсаларни, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам, яхши кўради. Ватанга бўлган муҳаббат инсон қалбидаги туғма табиатдир. Бу нарса инсонни ватанида бўлганида хотиржам, мусофирликда соғинадиган, унга ҳужум қилинганда ҳимоя қиладиган, ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди”.

Абу Амр ибн Ало раҳматуллоҳи алайҳ: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, яқинларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”, – деганлар.

(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу жойида ҳазрат Навоий, Бобур ва бошқа юртимиз мутафаккирларининг Ватан тўғрисидаги ҳикматли сўзларидан мисоллар келтирадилар...).

Ватандаги тинчликнинг қадрига етиш ҳақида спорт соҳасидаги раҳбарлардан бири яқинда бўлиб ўтган бир воқеани сўзлаб берди:

Мусобақага қатнашиш учун хорижий мамлакатдан бир фаластинлик спортчи йигит Ўзбекистонга ташриф қилган эди. Фаластинлик йигит ватанига қайтишдан бир кун аввал чуқур, оғир бир нафас олиб: “Афсус эртага мусобақа нихоясига етади, биз ўз юртимизга қайтамиз”, – деган гапни айтди. Биз уни  гапидан таажжуб қилдик ва сўрадик: “Эртага ватанингизга қайтасиз, ватанга кетишдан хам ортиқ бахт борми? Сиз ўз юртингизга, яқинларингизнинг ҳузурига кетасиз-ку, нега ватанга қайтиш учун афсус қиляпсиз?” Фаластинлик меҳмонимиз шундай жавоб қилди: “Тўғри, ватанга кетиш, фарзандларни кўриш, жигарлар билан дийдорлашиш бу бахт, лекин бизни яшаб турган юртимизда ўқ овози эшитилиб туради. Кўчага маълум, белгиланган соатда чиқамиз, ундан бошқа вақтда кўчага чиқолмаймиз. Туғилиб ўсган диёримизда бемалол юролмаймиз, на туй-ҳашам, на хурсандчиликни ўз вақтида ўтказа оламиз. Доимо бирон-бир ўқ келиб умримга хотима ясаб қўяди деган қўрқув ва хавотирда яшаймиз, лекин сизларнинг юртингизга келганимизда шу нарсанинг гувоҳи бўлдикки, биз бу ерда эркин нафас олдик. Кечаси ярим тун бўлсин, ёруғ тонг бўлсин бемалол кўчаларда юрган одамларни кўрдик. Фарзандларини қўлларидан етаклаб ота-оналар истироҳат қилиб турганларини, тўйларингиз тўйлардек, маъракаларингиз маъракалардек ўтиб турганини кўрдик. Бирон-бир ўқ овозини эшитганимиз йўқ. Бирон-бир ножўя ҳаракатни кўрганимиз йўқ. Сизларга ҳавас қилдик. Бундай ватанда яшаш ҳаммага ҳам насиб қилмайди. Юртингизни қадрига етинглар!”, – деб сўзини ниҳоялади.

Шундай экан, ҳар биримиз ўз ватанимизга бўлган муҳаббатимизни янада ошириб, тинчлигини қадрига етиб, уни ободлиги ва ривожланиши йўлида ўз ҳиссамизни қўшиб, кундан-кунга кўпайиб бораётган ислоҳот ва ютуқларига шукр қилиб, ҳар хил ёвуз ниятдаги кимсалардан уни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаб, Ватан равнақи йўлида хизмат қилаётган шахсларнинг ҳаққига дуолар қилиб, ибодатларимизни ўз вақтида бажариб умргузаронлик қилишимиз мақсадга мувофиқдир.

Аллоҳ таоло азиз ва мўътабар Ватанимизни бунданда фаровон ва осмонини мусаффо қилиб, халқимизни тинч ва осуда айлаб, икки дунё саодатига мушарраф айласин! Омин! 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРНИНГ ХАТАРИ” мавзусида бўлади.  

Муҳтарам имом-домла! Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитасининг Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қилган мурожаатига биноан, жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари  бўйича белгилаган тўлов муддати 15 октябрга қадар тўланиши шарт. Ушбу вақтга оз қолганлигини инобатга олган ҳолда жамоатга мол-мулк ва ер солиқлари ҳамда бошқа коммунал тўловларни ҳам ўз вақтида тўлашлари бўйича эслатма беришингизни, шунингдек, кунлар совиб бориши натижасида аҳолининг табиий газдан фойдаланиши ортиб бориши сабабли куз-қиш мавсумини талофатсиз ўтказиш мақсадида газдан тўғри фойдаланиш ва газ туфайли заҳарланишдан эҳтиёт бўлиш чора-тадбирлари ҳақида эслатиб  ўтишингизни сўраймиз.

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Масжиднинг янги биносига илк ғишт қўйилди

26.11.2024   1626   1 min.
Масжиднинг янги биносига илк ғишт қўйилди

Савоб иш қилишга, эзгу амални бажаришга одатланган кишининг кўнгли нурафшон бўлади. Нега? Чунки хайрли амал кишининг қалбини нурлантиради. Шу нур одамнинг юзида балқийди. Бу масжид қуришдек савобли амалларга ўз ҳиссасини қўшаётган азизларимиз тимсолида яққол намоён бўлади. 
 

Бугун Бекобод туманидаги «Янгиобод» жоме масжидининг янги биносига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди. 
 

Тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Обиджон домла Мирҳамидов, Бекобод шаҳар бош имоми Эргашбой домла Ҳамидов, масжид имом-хатиби, маҳалла фаоллари, нуронийларм иштирок этди.
 

Аллоҳга шукр, бугун масжидларимиз қиёфаси кун сайин гўзаллашиб, кўркамлашиб боряпти. Шу билан бирга, масжидларимизни намозхонлар маънавий жиҳатдан ҳам обод қилишмоқда.
 

Илк ғишт қўйилган жоме тез орада фойдаланишга топширилишини Аллоҳ таоло насиб қилсин. 

Тошкент вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

Масжиднинг янги биносига илк ғишт қўйилди Масжиднинг янги биносига илк ғишт қўйилди Масжиднинг янги биносига илк ғишт қўйилди Масжиднинг янги биносига илк ғишт қўйилди Масжиднинг янги биносига илк ғишт қўйилди
Ўзбекистон янгиликлари