Аввал Тошкент вилоятидаги “Заркент бобо” зиёратгоҳида қабр тавоф қилинаётгани, устунлар ўпилаётгани, зиналарга бош қўйиб, сажда этилаётгани каби ширк ҳолатларга нисбатан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўз муносабатини билдирган эди.
Ўз навбатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Тошкент вилояти Паркент тумани имом-хатиблари томонидан зиёратгоҳда кузатилган динимизга зид амалларни бартараф этиш чоралари кўрилди ва у ердаги ҳолат доимий назоратга олинди. Ушбу туман имом-хатиблари томонидан мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Ислом динида баён этилган зиёрат одоблари акс этган пешлавҳаларни идора тасарруфида бўлмаган қадамжоларга ҳам жойлаштириш бўйича саъй-ҳаракатлар Диний идора ташаббуси билан бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси яна бир бор шу каби ўз тасарруфида бўлмаган зиёратгоҳларнинг масъулларини мана шундай кўнгилсиз ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш, зиёрат одобларини тушунтириш борасида ҳамкорликка доим тайёр эканини маълум қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳрида «Мотуридийлик — бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказиляпти. Унда 20 дан ортиқ мамлакатдан етмишдан зиёд уламо ва олимлар, халқаро ташкилот раҳбарлари, муфтийлар, илмий тадқиқотчилар қатнашяпти.
Конференция иштирокчилари 29 апрель куни кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳридаги муборак қадамжоларни зиёрат қилиб, тарихий обидалар ва зиёратгоҳлардан катта таассурот олди.
Хорижий уламолар бу диёр дунё цивилизациялар маркази бўлгани, Ислом тамаддуни ривожига ҳам муҳим ҳисса қўшгани, кўплаб олиму уламоларни етиштириб берганини эътироф этди.
Бугун конференция иштирокчилари Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти моҳияти, мотуридийлик намояндалари ва асарлари, мотуридийлик таълимотига оид замонавий тадқиқотлар, глобаллашув жараёнида мўътадил ислом таълимотининг аҳамияти, замонавий исломшунослик тадқиқотлари сингари муҳим илмий масалаларни муҳокама қилади.
xs.uz