Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Июн, 2025   |   25 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:40
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
21 Июн, 2025, 25 Зулҳижжа, 1446

Мотуридия таълимоти

03.10.2019   12653   2 min.
Мотуридия таълимоти

Абу Мансур Мотуридийнинг тўлиқ номи Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандийнинг кўпроқ манбаларга қараганда 870 йилда Самарқанднинг Мотурид қишлоғида (ҳозирги Жомбой тумани) туғилган.
Абу Мансур Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш мотуридия таълимотининг асосчиларидан ҳисобланади. Фиқҳ олими, калом илмининг мотуридийлик оқими асосчиси. «Имом ал-ҳудо» («Ҳидоят йўли имоми»), «Имом ал-мутакаллимин», («Мутакаллимлар имоми») номлари билан улуғланган.
Мотуридийлик ақидавий йўналишини кенг қулоч ёзиши, хусусан
усмонийлар давлати даврига тўғри келади.
Мотуридийнинг кўплаб асарлари мавжуд бўлиб, бу асарларни
мавзуларга кўра номларидан келиб чиқиб уч қисмга бўлиш мумкин:
1. Тафсир:
Мотуридийнинг “Таъвилот ал-аҳли сунна” ёки “Таъвилот ал-Қуръон” номи билан танилган тафсири бўлиб, бу китоб Мотуридия ақидасида маълум-у машҳур бўлиб, Мотуридия ақидавий йўналишидаги кишилар учун бу тафсир аввалда ҳам, кейин ҳам бемисл деб саналган.
2. Калом илми:
1. “Китоб ат-тавҳид” Мотуридийнинг бу китоби калом илмига оид асарларининг энг аҳамиятга моликлиги ҳисобланади. Бу асарда у зотнинг калом илмига тегишли қарашлари қарор топган ва яна энг муҳим эътиқодий масалаларни баён қилган.
2. Ақида бўйича рисолалар.
3. Рисола фил имон бу рисолани Абу Муъин Насафий Тамҳид китобида зикр этади.
4. Мақолот: Мотуридийнинг “Мақолот” китоби дастлабки “Мақолот” жанридаги китоблардан ҳисобланади. Бироқ китоб бизгача бирон-бир нусхаси бизгача етиб келмаган.
5. Баён ваҳмий ал-муътазила;
6. Радд таҳзибий ал-жадал;
7. Радд ваидий ал-фусақ;
8. Радд аваилий ал-адилла;
9. Радд ал-усул ал-ҳомсат ила Аби Муҳаммад Боҳилий.
3. Усул ал-фиқҳ.
Мотуридия ва ашъария таълимотларига бир-бирига жуда ҳам яқин. Ушбу ўзаро яқинлик, ораларидаги иттифоқ ва келишувни вужудга келтиради. Натижада ҳар иккаласи «Аҳли сунна-вал-жамоа» йўналиши бўлиб танилган икки тоифага айланди.
Мотуридий ўз таълимотини анъаналарини ва илмий асарлари билан
Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожланишига катта улуш қўшди.
Илоҳиёт илмлари тўла шаклланиб камол топишига хизмат қилди. Уларни
қайта ишлаб чиқиб, маълум тизимга солишдек бир ишни амалга оширди ва
ҳанафий талимотини Ўрта Осиё халқларининг урф-одатлари билан
боғлиқлигини ўз қарашлари орқали кўрсатиб берди. Унинг таълимоти
ислом динининг буюк ақидавий оқимидан бири сифатида танилди.
Машҳур турк олими Тошкуброзоданинг таъкидлашича: «Аҳли-суннавал жамоа»да калом илми раислари икки киши бўлиб, улардан бири Ҳанафий иккинчиси Шофиъийдир. Ҳанафий Абу Мансур ал-Мотуридий Шофиъий эса Абул Ҳасан Ашъарийдир”.
Кўриниб турибдики, бизнинг диёрларимизда ақида масалаларида мотуридия таълимотларига амал қилинади.

Муҳаммадийхон Ҳожиев

Асака тумани «Мирзахолиқ ота» жоме масжиди имом хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Нима учун жума куни қайғуларингиз камаяди?

22.11.2024   9863   3 min.
Нима учун жума куни қайғуларингиз камаяди?

Бир қиз айтади:

«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.

 

Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).


Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.

Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!

Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.