Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Ноябр, 2024   |   03 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:38
Қуёш
06:58
Пешин
12:12
Аср
15:33
Шом
17:17
Хуфтон
18:32
Bismillah
04 Ноябр, 2024, 03 Жумадул аввал, 1446

Фитна-фасоддан сақланинг!

2.10.2019   4159   6 min.
Фитна-фасоддан сақланинг!

Аллоҳ таоло Ўз иродаси билан инсон зотини яратди ва унга ақл, идрок, онг ато этиб, бошқа барча жонзотлардан азиз ва мукаррам айлади. Аллоҳ та­оло марҳамат қилиб айтди:

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).

Шу билан бир қаторда унга буюк масъулият — Аллоҳ ва унинг Расулига иймон келтириш, ер юзини обод этиш, инсон наслини давом эттириш, жамиятга фойда келтириш, зулм ва разолатни бартараф этиш, турли гуноҳлардан сақланиш ва доимо яхшилик қилиш каби улкан омонатни ҳам фақат унинг зиммасига юклади. Бу ҳақда Парвардигор марҳамат қилиб айтади:

“Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди…” (Аҳзоб, 72).

Инсоннинг юрти ва миллатига хиёнат қилиши оғир гуноҳ бўлиб, ўз зиммасига олган илоҳий омонатга мувофиқ амал қилмаган бўлади.

Разил, иймони йўқ, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосидан келаётган катта-катта маблағлар эвазига қутураётган кимсаларнинг хуружи юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталиги, фарзандларимизнинг келажагига қаратилган тажовуздан ўзга нарса эмас.

Террорчилик ҳаракатлари, зулм, зўравонлик муқаддас динимизнинг инсонпарварлик, меҳр-оқибатга йўғрилган таълимотига мос келадими? Йўқ, албатта. Бу инсониятга қаратилган мудҳиш жиноят ҳисобланиб, Ислом таълимоти уни қатъий қоралаб, рад қилади. Аллоҳ таоло айтади:

“…Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир. Уларга расулларимиз (илоҳий) ҳужжатларни келтирганлар. Сўнгра уларнинг кўпчилиги ўшандан кейин (ҳам) Ерда исроф қилувчилардир” (Моида, 32).

Ушбу оятдаги “исроф қилувчилардир” хабаридан мурод — мол-дунёни исроф қилиш эмас, балки умрни гуноҳ ва жиноий ишлар билан исроф қилиб ўтказишдир.

Истиқлол катта эркинликлар берди, юзлаб масжидлар очилди, алломалар номи тикланди, ибодат учун эмин-эркин шароитлар яратилди. Давлат бошлиғи олиб бораётган — нафақат дин соҳасида, балки халқ маънавияти, иқтисодиёти, ёшлар камолоти, келажак борасидаги сиёсатни бутун дунё тан олаётир. Оддий мисол, иқтисодий инқироздан чиқиш ва мамлакат турмушини енгил қилиш бўйича дастурини бутун дунё ўрганиб, эътироф этаётгандир. Шундай пайтда диндошига, юртига тажовуз қилиш хиёнатдир. Чунки бундай хиёнаткорнинг амали холис эмас. Кимларнингдир ноғорасига ўйнаётир.

Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарнинг олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд кимса атрофида нималар бўлаётганига эътибор бермай, охир-оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ақл-фаросати ва онгини ишлатмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмаган, бугунги куннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси, Ватан тинчлиги, миллат осойишталиги тўғрисида қайғурмайдиган кимсалар ҳақида бундай марҳамат қилади:

“Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир” (Аъроф, 179).

Тафсир китобларида ушбу оятдаги “англамайдилар”, “кўрмайдилар”, “эшитмайдилар” феъллари мажозий маънода айтилган бўлиб, ҳақ гапни эшитсалар-да, тафаккур қилмаганлари, ҳидоят ва тўғри йўлни кўрсалар-да, унга юрмаганлари, панду насиҳатни эшитсалар-да, унга амал қилмаганлари қораланмоқда.

Жаҳондаги барча халқлар, шy жумладан, мусулмонлар ҳам, улар қаерда ва қандай мазҳабда бўлишларидан қатъий назар, террорчилик йўли билан амалга ошириладиган ҳар қандай амални кескин рад қиладилар ва уни бегуноҳ инсон ҳаётига тажовуз қилиш, деб баҳолайдилар. Террорчиликнинг ҳар қандай кўриниши охир-оқибатда тинч ҳаётни бузиш, қонуний давлат тузумига қарши чиқиш, бегуноҳ инсонлар қони тўкилиши ва аёллар тул, болалар етим қолишига олиб келади. Албатга, бу ишлар Аллоҳ наздидаги энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган, халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳлантирган эдилар:

“Умматимдан қайси бири умматимга қapши чиқса, унинг яхши ва ёмони фарқига бормаса, мўминга зиён етказишдан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!” (Муслим ва бошқалар).

Ватанга муҳаббат — баландпарвоз сўз эмас! Ватанга муҳаббат — бахт топган остонангиз — оилангизга, сизни элу юртга қўшган урф-одатлар, удумлар — миллий қадриятларга, сиз югуриб ўсган тупроқ, отангиз эккан ва сиз билан бирга улғайган дарахт, онангиз тебратган бешикка бўлган муҳаббатдир. Фақат буни ҳис қила билиш керак, холос. Буни қалбдан сезмаслик, элдан чиқиш дегани. Халқимиз доимо элдан чиқишни оқламаган.

Ислом дини душманлари қанчадан-қанча маблағ сарфлаб, ўз унсурларини жангариликка ўргатиб, уларнинг қўлларига қурол бериб, инсониятга зид бўлган қабиҳ режаларини амалга оширишга харакат қилмоқдалар. Улар билишмайдики, Аллоҳ ҳақ томонида ва ҳақни Ўзи ҳимоя қилади ва айтадики:

“Гарчи жиноятчилар ёқтирмасалар-да, Аллоҳ ўз сўзлари (амрлари) билан ҳақиқатни рўёбга чиқарур” (Юнус, 82).

Дуо қилайлик, Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитна-фасод ва ихтилофлардан сақласин! Юртимизни ва динимизни турли ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан пок сақлаб, Ўзининг ҳифзу ҳимоясига олсин!

Абдураҳмонжон АБДУРАҲМОНОВ,
Олтиариқ тумани “
Бирлашган” масжиди имомноиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Ўзингизга ўлим тилаганмисиз?

1.11.2024   4255   5 min.
Ўзингизга ўлим тилаганмисиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир кун келиб, фарзандларингизни ҳам қарғаб қўйсангиз нима бўлади?

Қиз бола мусибат келганда, қийинчилик пайтида ўзини ўзи қарғашга ўрганиб қолса, афсуски, бу нарса тилига ўрнашиб қолади. Йиллар ўтиб, худди шу ишни фарзандларига ҳам қилмайди деб, ким кафолат бера олади? Бундай ёмон одатга ўрганиб қолган аёл болалари ёшлик қилиб, жаҳлини чиқарса, уларни қарғаб ташлайди, уларга қўшиб, «Худо жонимни олса-ю, шулардан қутулсам» деб, ўзини ҳам қарғайди. Аслида бошингизга тушган ҳар қандай мусибат – Аллоҳнинг синовидир. Ёмон дуоларингиз, қарғишларингиз ижобат бўлиб, афсус-надоматда қоладиган кун келиб қолмасин, бугуноқ ўзингизни ўнгланг! Зеро, ҳаётда фарзандларини дуоибад қилган учун қанча-қанча оилалар хароб бўлган!

 

Ўзингизга ўлим тилаганмисиз?

Бошимизга оғир иш тушиб қолса, кўзимизга дунё қоронғи бўлиб, яшагимиз келмай қолади. Бу – Аллоҳни танимаслик, динни тушунмаслик, ҳаётнинг қадрига етмасликдир. Бундай кимса учун гўё келажак ҳаёти зимистондан иборат, уни ҳеч қандай яхшилик кутмаётгандек туюлади. Гўёки бу ҳаётда бирорта меҳрибони қолмагандек бўлиб қоади. Бундай ҳолатда инсон беихтиёр ўлимни орзу қилиб қолади, бундай азоблардан халос этишини сўраб, Аллоҳ таолога ёлвора бошлайди.

Шу ўринда бир савол туғилади: қаршимиздаги ҳамма эшиклар ёпилиб, яшашдан умидимиз узилиб қолса, бу азоблардан қутулиш учун ўлимни орзу қилишга ҳаққимиз борми ўзи?

Бу саволга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай жавоб берганлар:

«Ҳеч бирингиз бирор кулфат туфайли ўзига ўлим тиламасин! Шунда ҳам бошқа чораси қолмаса, «Аллоҳим, агар мен учун яшаш хайрли бўлса, мени яна яшатгин. Агар мен учун ўлим хайрли бўлса, жонимни олгин», десин».

Саҳобалар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал одоблари билан зийнатланганлар. Шунинг учун ҳаётларининг энг қийин онларида ҳам ўлимни орзу қилмаганлар.

 

Қайсдан ривоят қилинади: «Ҳаббоб ибн Аратни кўргани бордик. У қорнидаги ярага етти марта куйдирма босган экан. Борсак, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни ўлим тилашдан қайтармаганларида, ўзимга ўлим тилаган бўлардим», деди» (Имом Бухорий ривояти).

 

Бир қиз айтади: «Гўдаклигимда отам менга Пайғамбаримизнинг «Ҳеч бирингиз зинҳор ўзига ўлим тиламасин», деган сўзларини ўргатганлар. Отам бу ҳадисни менга жуда кўп эслатар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳим, мен учун яшаш хайрли бўлса, мени яна яшатгин. Агар мен учун ўлим хайрли бўлса, жонимни олгин», дейишни ўргатганларини яхшилаб ёд олишга ундар эдилар. Отам: «Инсон ҳаётда кўп қийинчиликларга, мусибатларга дуч келиши мумкин. Аллоҳ асрасин, шундай пайт келиб қолса, ҳеч қачон ўзингга ўлим тиламагин! Умидсизликка тушсанг, Аллоҳга таваккул қилгин-да, «Аллоҳим, мен учун яшаш хайрли бўлса, мени яна яшатгин. Агар мен учун ўлим хайрли бўлса, жонимни олгин», деб дуо қилгин!» дер эдилар.

Отам бу дуони ёд олишимга нима учун бунчалик ҳаракат қилганларига, ўзига ўлим тиламасликни бунчалик қаттиқ тавсия қилганларига ҳайрон бўлиб юрардим. Йиллар ўтиб, ўсмирлик ёшига етдим. Ўша даврга хос муаммоларга дуч кела бошладим. Ана шунда беихтиёр отамнинг сўзларини эслаб қолдим. Кўпчилик дугоналарим салгина қийналса ҳам, ўзига ўлим тилаётганини кўриб, ҳайрон қолар эдим. Мен ҳам улардек бўлиб қолишим ҳеч гап эмас эди. Лекин отам ўргатган набавий дуолар туфайли Аллоҳ мени бундай қисматдан асради.

Пайғамбаримизнинг ўлимни орзу қилишдан қайтаришларида яна бир гўзал маъно борлигини англаб етдим. Ўлимни орзу қиладиган, яшашни ёмон кўрадиган қиз Аллоҳга ўлим тилаб дуо қилаверса-ю, Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилмаса, ўз жонига қасд қилишга ҳам журъат қилиб қолиши мумкин. Бу эса жуда катта гуноҳ! Ўлим тилашнинг нечоғлик хатарли эканини яхши англаган қиз эса жонига қасд қилиш нақадар ёмонлигини тушуниб, бу ҳақда ўйлашдан ҳам эҳтиёт бўлади. Жуда қайғуга ботиб, умидсизликка, тушкунликка тушиб қолса ҳам, «Аллоҳим, мен учун яшаш хайрли бўлса, мени яна яшатгин. Агар мен учун ўлим хайрли бўлса, жонимни олгин», деб дуо қилса, Аллоҳга таваккул қилса, мабодо вафот этиб қолса ҳам, албатта яхшилик бўлади. Аллоҳ унга умр берса, Аллоҳга ишонгани учун «Демак, ҳали ҳаётимда жуда кўп яхшиликлар бор экан», деб яшайди. Аллоҳ таоло банданинг дуосини албатта ижобат қилади. Мана шундай тушунча қиз болани умидсизликдан, жонига қасд қилиш каби хаёллардан асрайди. Мен бу дуонинг фойдасини ҳаётимда жуда кўп синаб кўрганман, бу дуо менга ҳар доим умид бахш этган, мени янада кўпроқ сабр қилишга чорлаган, келажакка умидимни оширган. Албатта, буларнинг барчаси Аллоҳнинг фазлидир».

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.