Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари жаҳоннинг энг нуфузли 500 мусулмон рўйхатидан жой олдилар. Бу ҳақда «The muslim 500» нашри хабар бермоқда.
Уммонда жойлашган Султонлик Исломий cтратегик тадқиқотлар маркази томонидан шу йилнинг 30 сентябрь куни "Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони" рўйхати эълон қилинди.
Ушбу рўйхат 2009 йилдан бери Американинг George Town университети қошидаги Шаҳзода Ал-Валид бин Талал маркази билан ҳамкорликда мунтазам равишда чоп этиб келинади.
Дунёнинг энг қудратли мусулмонлари рўйхатини покистонлик Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний бошлаб беради.
Иккинчи ўринда Эрон Oлий диний руҳонийси Оятуллоҳ Саид Али Ҳoмaнаий келади. Абу Даби валиаҳди Зайд Ал-Наҳён учинчи ўринда.
Юқори бешликдан Иордания подшоҳи Абдуллоҳ ибн ал-Ҳусайн ва Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдул Азиз ол Сауд жой олганлар.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон олтинчи ўринда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бир неча йиллардан буён ушбу рўйхатдан жой олиб келмоқдалар.
Марказий Осиё давлатлари орасида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам энг нуфузли мусулмонлар қаторидан жой олган.
Амалдаги UFC чемпиони Хабиб Нурмагомедов ҳам таниқли мусулмонлар ичида.
Рўйхатда мусулмон лидерлари ёки уламоларининг сиёсатдан тортиб дин, матбуотдан тортиб, санъат, илм-фан ва тараққиётга қўшган ҳиссалари ҳам инобатга олинган.
"Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони" рўйхати муаллифлари билдиришича, бу каби тадқиқотлар Ислом оламининг дунёга ижобий таъсирига хизмат қилади, одамларнинг Ислом динини яқиндан англашларига кўмаклашади ва Исломнинг мақсади тинчлик ва тарaққиёт эканини таъкидлайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Мамлакатимизда диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар халқаро экспертлар томонидан юксак баҳоланмоқда. Бу ўзгаришлар замирида заминимиздан етишиб чиққан буюк алломалар, шахслар, илм-фанга улкан ҳисса қўшган машҳур аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, бой илмий меросини кенг тарғиб қилиш ишлари мужассам.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган "Мотуридийлик — бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти" мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман фикримизни тасдиқлайди. Ушбу нуфузли анжуманда "Имом Мотуридий ва унинг издошлари илмий меросининг ислом илмлари ривожидаги ўрни", "Мотуридийлик таълимотида умуминсоний қадриятлар талқини", "XXI асрда мотуридийлик таълимотининг аҳамияти" каби шўбаларда муҳокамалар бўлиб ўтди. Муфтийлар, илм-фан арбоблари ва илмий тадқиқотчилар ўз маърузаларида буюк бобомизнинг илмий мероси, мотуридийлик таълимотининг моҳияти каби муҳим масалаларда сўз юритди.
Тадбирда Миср, Туркия, Малайзия, Индонезия, БАА, Саудия Арабистони, Кувайт, Қатар, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби 20 дан ортиқ давлатдан 70 дан зиёд муфтий, нуфузли исломшунос олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, мотуридийшунос тадқиқотчилар, тарихшунослар ва диний-маърифий соҳа вакиллари қатнашди.
Жамолиддин Каримов,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси 2025 йил 1 май, 88-сон