Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади: “Бас, шундай намозхонлар ҳолига войки, улар намозларини «унутиб» қўядилар” (Моъун, 4-5).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло қиёмат куни умматимнинг ўнта тоифасига ғазаб қилади, уларни лаънатлайди ҳамда улар учун аламли азоб тайёрлаб қўйган. Аллоҳ уларни дўзахга киритади” дедилар. Шунда саҳобалар: “Улар кимлар, эй Аллоҳнинг Расули?” деб сўрашди. У зот шундай жавоб бердилар: “Зинокор қария, золим раҳбар, доим ароқ ичувчи, закотни ман қилувчи, ёлғон гувоҳлик берувчи, одамлар орасида чақимчилик қилувчи, ота-онасининг юзига ғазаб билан боқувчи, хотинини талоқ қилиб, кейин ҳаром ҳолатда ушлаб турувчи, зулм ва жабрга ҳукм қилувчи, бадани соғ бўла туриб намозни тарк қилувчи”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан соғ бўла туриб намозни тарк қилувчи одамнинг тавҳиди ҳақида сўралди. У зот: “Намозни тарк қилувчи кишининг тавҳиди йўқ, намозни тарк қилувчи кишининг закоти йўқ, намозни тарк қилувчи кишининг рўзаси йўқ” деб жавоб бердилар.
Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилади: “Сўнгра уларнинг ортидан намозни зое қилган ва шаҳватларга эргашган кимсалар ўрин олдилар. Энди улар, албатта, ёмонликка (ёмон жазога) йўлиқурлар” (Марям, 59).
Ушбу оятдаги “ёмонлик” деб таржима қилинган сўз арабчада “ғойй” деб номланади. “Ғойй” эса жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, унга фақатгина намозни узрсиз тарк қилувчилар тушади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай дедилар: “Қиёмат куни банда биринчи бўлиб намоздан сўралади. Агар намози қабул бўлса, бошқа амаллари ҳам қабул бўлади”.
Намоз ўқимайдиган одам Аллоҳ билан боғланиш неъматидан маҳрум бўлади.
Намоз ўқимайдиган одам Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, унга муножот қилишдан, шу ибодатнинг руҳий, маънавий лаззатларидан бебаҳра қолади.
Намоз ўқимайдиган одам омонлик, хотиржамлик ва нажотдан мосуво бўлади.
Намоз хато ва гуноҳларни ювишнинг энг ишончли йўл бўлиб, у доимо ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради. Намоз ўқимайдиган одам эса бундай фойдалардан бенасиб қолади.
Намоз ўқимайдиган одам Аллоҳдан узоқлашади.
Намоз ўқимайдиган одамнинг иродаси заиф бўлади.
Намоз ўқимайдиган одам мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғатлардан қуруқ қолади.
Намоз ўқимайдиган одам ғафлат уйқусида ухлаётган бўлади.
Намоз ўқимайдиган одам ҳаётга теранроқ назар сола олмайди.
Намоз ўқимайдиган одам беинтизом, бетартиб бўлади.
Намоз ўқимайдиган одам вақтнинг қадрига етмайди.
Намоз ўқимайдиган одам қўрс, шошқалоқ, пасткаш, бесабр бўлади.
Намоз ўқимайдиган одам мусулмонлар билан бўладиган ижтимоий боғланишлардан, яхшилик йўлидаги ҳамкорликлардан бенасиб қолади.
Намоз ўқимайдиган одамда меҳрибонлик, ёрдамга шошилиш, ғамхўрлик ҳисси бўлмайди.
Намоз ўқимайдиган одамда мустаҳкам ишонч бўлмайди.
Намоз мусулмон кишини ғайримусулмондан ажратиб турувчи энг асосий белгидир.
Намоз ўқимайдиган одамни ҳеч ким ҳурмат қилмайди.
Намоз ўқимайдиган одамдан ҳеч ким хотиржам бўлмайди.
Маълумки, намоз поклик ва озодалик рамзидир.
Намозхон одамнинг энг аввало, қалби пок бўлади. Қолаверса, бадани, кийим-боши ва макони ҳам пок бўлади.
Намоз ўқимайдиган одамнинг эса кийими, бадани ва энг асосийси, қалбининг поклигида шубҳа бор.
Намоз ўқимайдиган одамнинг юзида нур бўлмайди.
Намоз ўқимайдиган одамнинг юраги тор, ўта инжиқ бўлади.
Намоз ўқимайдиган одамнинг ризқи танг бўлади.
Намоз ўқимайдиган одамга ҳамма ғазаб билан қарайди.
Намоз ўқимайдиган одамни ҳамма ёмон кўради.
Намоз ўқимайдиган одам жамиятнинг ишончсиз кишиси ҳисобланади.
Намоз ўқимайдиган кишга ҳеч ким ишонмайди.
Намоз ўқимайдиган одамнинг гувоҳлиги ўтмайди.
Қачонгача ғафлат уйқусида ухлаймиз?!
Қачонгача Роббимизнинг тоатидан бўйин товлаб юрамиз?!
Ўз нафсимизга раҳмимиз келсин. Эртага охиратда талофат етишидан олдин унга насиҳат қилайлик. Чунки, сафар узоқ, озуқа эса кам.
Вақтни ғанимат билиб, ўлим учун ҳозирлик кўрайлик.
Аллоҳ барчамизни беш вақт намозни ўз вақтида, масжидда, жамоат билан адо этадиган бандаларидан қилсин, омин!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Айни кунларда ҳаж сафарига киришган илк зиёратчиларимиз Мадина шаҳридаги беш юлдузли “Zamzam Pullman” замонавий меҳмонхонасида истиқомат қилишмоқда.
Мазкур меҳмонхона Масжиди Набавийнинг ёнида жойлашган бўлиб, зиёратчиларимиз беш маҳал намозни адо этиш, Равзаи шарифга кириш ва бир неча бор Расул алайҳиссаломга салом йўллаш саодатига эга бўлмоқда.
Меҳмонхонада ҳозирланган шароитлар барча ҳожиларимизни мамнун этмоқда. Ҳар бир хонада кийим жавони, ёзув столи, совутгич ва музлатгич, қибла кўрсаткичи, жойнамоз, Қуръони карим, телевизор бор. Фойе, лифт ва хоналар кенг ва ёруғ.
Ҳожиларга хизмат кўрсатадиган ошхона-ресторанда ҳам зарур ўринлар ва барча қулайликлар яратилган. Бир неча минг кишилик ошхонада ибодатга қувват бўладиган лазиз таомлар, салатлар, сархил мевалар, ширинликлару шарбатлар тортиқ қилинмоқда.
Мазкур меҳмонхонада жойлашган Ўзбекистон ишчи гуруҳи штаби барча ташкилий ишларни рисоладагидек бўлиши учун 24 соат давомида узлуксиз зиёратчилар хизматида бўлмоқда.
Мавсум давомида ҳожиларимиз тетик, соғлом бўлишлари учун аввало, ўзлари, сўнгра тиббиёт ходимлари ҳам масъул. Бу йил ҳам ҳожиларимизнинг соғликларини доимий кузатиб бориш учун олий тоифали шифокорлар жалб этилган. Улар ҳамюртларимиз саломатликлари учун туну кун хизматда бўлиб туришибди.
Тиббиёт ходимлари ҳожиларнинг сиҳатларини кўздан кечириб, керакли ёрдам, маслаҳат ва дори-дармонлар бермоқда. Тиббий хизмат марказларида муолажа учун керакли жиҳозлар, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун шароитлар мавжуд. Барча турдаги касалликларга биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида юртимиздан етарли даражада дори-дармонлар олиб борилган.
Жорий мавсумда ҳожиларимизга яна бир қулайлик ва туҳфа улашилди. Ўзбекистон алоқа оператори тарафидан бу йилги ҳар бир зиёратчига интернет трафиги ва бонусли дақиқалари мавжуд бўлган бепул телефон сим картаси, махсус сумка, термос, соябон ва бош кийим кабилар тақдим этилди.
Жорий мавсумда бўлғуси ҳожиларга хизмат кўрсатиш сифати янги босқичга олиб чиқилгани ва шароитлар сезиларли даражада яхшилангани барчани чексиз мамнун этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати