Асмаъий айтади, Аъробийлардан бўлган бир кимса мана бу воқеани айтиб берди:
Мен энг яхши одам ким-у, ота-онасига оқ бўлганлар кимлигини билиш мақсадида ўз маҳалламдан чиқиб бошқа маҳаллалар оралаб борар эканман, бир қари чолнинг олдидан чиқдим. Унинг бўйнида қудуқдан сув тортадиган челакнинг узун арқони бор эдики, у юкни ҳатто туя ҳам кўтара олмас эди. Бу айни туш пайти бўлиб, жазирама заминни қаттиқ қиздираётган эди. У чолнинг орқасида бир йигит турар, унинг қўлида арқондан қилинган қамчиси бўлиб, у билан чолни урар, ҳатто чолнинг орқаси арқоннинг зарбидан ёрилиб кетган эди. Мен бу ҳолатни кузатар эканман, йигитга: “Аллоҳдан қўрқмайсанми, ахир бу қари чолку, уни жароҳатлаганинг етмаганидек, қаттиқ азоб ҳам беряпсан?!”, дедим. У пинагини ҳам бузмай: “Бундан ташқари у менинг отам ҳам”, деди. Мен: “Аллоҳ сени яхшилик билан мукофотламасин!”, дедим. У: “Жим бўл, бу одам, яъни отам ўз отасига шундай қилган, отаси эса бобосига”, деди. Мен айтдим: “Ҳақиқий оқпадар шудир!”.
Иброҳим Ҳозимийнинг
ОҚПАДАРЛИК ОҚИБАТЛАРИ китобидан
Мадиналик ансория аёллардан Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:
يا رسولَ اللهِ علِّمْني كلماتٍ أَدْعو بهِنَّ
“Ё Аллоҳнинг Расули, менга шундай калималарни ўргатингки улар билан дуо қилай”, деди.
У зот алайҳиссалом:
قال: تُسبِّحينَ اللهَ عَشْرًا وتَحمَدينَه عَشْرًا وتُكبِّرينَه عَشْرًا ثُم سَلي حاجَتَكِ
“Ўн марта тасбеҳ (“Субҳаналлоҳ”), ўн марта таҳмийд (“Алҳамдулиллаҳ”) ва ўн марта такбир (“Аллоҳу акбар”) айтиб, сўнгра Аллоҳдан ҳожатингни сўрайсан, Шунда Аллоҳ таоло:
فإنَّه يقولُ: قد فعَلْتُ قد فعَلْتُ
“батаҳқиқ амалга оширдим”, “батаҳқиқ амалга оширдим”, деб айтади”, дедилар (Имом Термизий ва Насоий ривояти).
Ушбу ҳадисда саҳобия аёлларнинг илмга рағбати, дуо қилишдан олдин Аллоҳни зикр қилиш лозимлиги, дуонинг ижобат бўлиши каби бир қанча фойдалар мужассам.
Қолаверса, бошқа ҳадисларда бир марта “Алҳамдулиллаҳ” деб айтиш қиёмат куни амаллар тарозисини, “Субҳаналлоҳ” ва “Алҳамдулиллаҳ” дейишнинг савоби эса, ер ва осмон ўртасини тўлдириши баён этилган.
Даврон НУРМУҲАММАД