Асмаъий айтади, Аъробийлардан бўлган бир кимса мана бу воқеани айтиб берди:
Мен энг яхши одам ким-у, ота-онасига оқ бўлганлар кимлигини билиш мақсадида ўз маҳалламдан чиқиб бошқа маҳаллалар оралаб борар эканман, бир қари чолнинг олдидан чиқдим. Унинг бўйнида қудуқдан сув тортадиган челакнинг узун арқони бор эдики, у юкни ҳатто туя ҳам кўтара олмас эди. Бу айни туш пайти бўлиб, жазирама заминни қаттиқ қиздираётган эди. У чолнинг орқасида бир йигит турар, унинг қўлида арқондан қилинган қамчиси бўлиб, у билан чолни урар, ҳатто чолнинг орқаси арқоннинг зарбидан ёрилиб кетган эди. Мен бу ҳолатни кузатар эканман, йигитга: “Аллоҳдан қўрқмайсанми, ахир бу қари чолку, уни жароҳатлаганинг етмаганидек, қаттиқ азоб ҳам беряпсан?!”, дедим. У пинагини ҳам бузмай: “Бундан ташқари у менинг отам ҳам”, деди. Мен: “Аллоҳ сени яхшилик билан мукофотламасин!”, дедим. У: “Жим бўл, бу одам, яъни отам ўз отасига шундай қилган, отаси эса бобосига”, деди. Мен айтдим: “Ҳақиқий оқпадар шудир!”.
Иброҳим Ҳозимийнинг
ОҚПАДАРЛИК ОҚИБАТЛАРИ китобидан
Бугун, 25 июн куни Индонезия ҳаж ва умра асоссиацияларининг доктор Муслим Искандар бошчилигидаги вакиллари Ўзбекистон мусулмонлари идорасида бўлишди. Меҳмонлар билан диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков учрашув ўтказди.
Саккиз нафар делегация аъзолари: Доктор Муслим Искандар, Асип Бисма Суприатна, Заид Муслим Искандар, Мустаин Хаттоб, Муҳаммад Атсир Абдулазиз, Жаннатул Маъво, Муҳаммад Иқбол ҳамда Ҳилман Парифий бирма-бир ўзларини таништириб, “Умра +” лойиҳасини ўрганиш мақсадида 3400 та турфирма номидан вакил бўлиб келишганини билдиришди.
Учрашув аввалида Ҳомиджон домла меҳмонларни ташриф билан қутлаб, келганлари учун миннатдорлик билдирди. Сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий, туризм ва бошқа соҳаларда бўлаётган янгиланишлар ҳақида айтиб ўтди. Хусусан, 2017 йилда тамал тоши қўйилган Ислом цивилазияси маркази, қайта бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуаси, Ҳазрати Имом даҳасида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига тўхталди.
Ўз навбатида делегация раҳбари Муслим Искандар уларга бу таклифни билдирган “Real Dreams” сайёҳлик фирмасидан миннатдор эканликларини айтиб, Ўзбекистон ҳақида жуда ҳам ижобий таассуротларда эканини таъкидлади. Биргина Тошкент шаҳридаги ўрганишлари натижасида Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳаси истиқболли экани, ҳали Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадим ва навқирон шаҳарларни ҳам бориб кўришларини, лекин ҳозирданоқ “Умра +” лойиҳаси жуда истиқболли эканига амин бўлганини баён этди.
Делегация аъзоси, “Kasturi” бирлашмаси раҳбари Муҳаммад Атир 2017 йилда ҳам Ўзбекистонга келганини, ўша пайт билан орадан ўтган қисқа вақтдаги улкан ўзгаришлардан ҳайратда эканини айтиб, бу ишлар юртнинг алламоларига, илмий-маърифий меросга бўлган эътиборидан дарак эканига урғу бериб ўтди.
Шунингдек, делегациянинг бошқа аъзолари – Индонезиянинг “Amphuri”, “Hagatama”, “NRA Group Ltd.” “Jannatul Ma’wah”, “Himpuh” каби минглаб турфирмаларни бирлаштирган асоссиациялари раҳбарлари ҳам мусулмон сайёҳлар эътибори ва оқимини Ўзбекистонга бемалол йўналтириш мумкинлигини, бу хайрли иш икки давлат учун ҳам ҳар томонлама манфаат келтиришини таъкидлашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати