Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Дуо
Ё Аллоҳ! Меҳрибон Роббим! Хотимамизни гўзал қилгин! Калимаи Шаҳодатни айтиб жон беришимизни осон айлагин, омин!
*****
Муҳим вазифа
- Ассалому алайкум, устоз. Сизга шогирд бўлиб, илм ўрганмоқчиман, қалбим пок бўлишини, ахлоқим гўзал бўлишини хоҳлайман.
- Ва алайкум ассалом. Гуноҳларинг камайганда келасан.
Орадан тахминан уч йил ўтиб, ҳалиги йигит яна келди.
- Ассалому алайкум. Устоз, мен келдим. Шу ўтган йиллар мобайнида гуноҳдан тийилдим. Энди шогирдликка қабул қиласизми? Менга ҳам вазифа берасизми?
- Ва алайкум ассалом. Сенга уч йил олдин берганман вазифани. Гуноҳлардан тийилиш. Шу ишда бардавом бўлгин!
*****
Етмиш йилдан ортиқроқ ўқидим. Мана бундан чиройлироқ ҳикмат топмадим:
«Албатта, тоатнинг машаққати кетади ва савоби қолади. Албатта, гуноҳларнинг лаззати кетади ва иқоби қолади».
Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ
*****
Агар ака-укалар биргалашиб ишласалар, тоғлар ҳам олтин конларига айланади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Тилдан бошқа барча аъзоларга чарчоқ, қарилик етади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Юраётган йўлингга тикон сочма, тиконли ўсимлик экма. Эҳтимол ўша йўлдан ялангоёқ ҳолда ўтишинг мумкин.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳақиқат, гарчи унга ҳамма қарши бўлса ҳам, ҳақиқатлигича қолаверади!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Тарихдаги энг катта иккиюзламачилик ва лаганбардорликлардан бири
Мамлуклар ҳукмронлиги даврида Мисрда зилзила бўлди. Шунда шоирлардан бири подшоҳга: “Мисрда зилзила бўлмаяпти. Балки (Миср) сизнинг адолатингиздан хурсанд бўлиб, рақсга тушяпти” деди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Агар бир инсоннинг ахлоқини билмоқчи бўлсангиз, бошлиқлари билан эмас, балки ўзидан қуйироқ кишилар билан қандай муомала қилишига қаранг!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат бор. Ким унга амал қилса, албатта жаннатга киради. Иккиси осон, аммо унга амал қиладиган оздир.
БИРИНЧИСИ, ҳар бир намоздан сўнг 10 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади, 10 марта Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтади ва 10 марта такбир (Аллоҳу акбар) айтади. Бир кунда 150 та, тарозида эса 1500 та бўлади.
ИККИНЧИСИ, қачон ухлашга ётса, 34 марта такбир (Аллоҳу акбар), 33 марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) ва 33 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади. Жами 100 та, тарозида 1000 та бўлади”, дедилар.
Шунда саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Ё Аллоҳнинг Расули! Нега осон бўлган бу амалларга амал қиладиганлар оз?” деб сўрашди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу амални қилмоқчи бўлганнинг олдига шайтон намозда келиб, уни айтишидан олдин ҳожатини эсига солади. Уйқуга ётганида эса, уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишимизга тавфиқ ато этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади