2018 йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббус -“Маърифат ва диний бағрикенглик“ деб номланган махсус резолюция қабул қилинган эди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган.
Давлатимиз раҳбарининг БМТ минбаридаги нутқида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган резолюциянинг асосий мақсади “барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат“ эканини қайд этган эди. Ҳужжат “бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашиш“га қаратилган.
Бугунги кунда таълим муассасаларида тизимли равишда ўтказилаётган “Жаҳолатга қарши маърифат билан” шиори остидаги тадбирлар ана шу халқаро дастур мазмун-моҳиятини етказишга қаратилган. Бунда диний соха ходимлари, хусусан имом-хатиблар фаол иштирок этмоқда.
Қашқадарё вилоятида ҳам ушбу йўналишдаги учрашувларда имом-хатиблар маърифий исломни етказмоқдалар. Динимиз аввало илм дини эканлиги, мусулмон киши яхши ишларда мусобақалашиши, ўзга дин вакилларига ҳурматда бўлиш ота-она, устозга эҳтиром, кийиниш маданияти ва бошқа мавзулардамаъруза қилмоқдалар.
Суҳбатлар ёш авлод вакиллари учун анча манфаатли бўлиб, исломни, ундаги икки дунё бахт-саодатига эриштирувчи гўзал ҳаёт йўлини ўрганмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд ғазоти шаҳидларини дафн қилаётиб: «Абдуллоҳ ибн Ҳаром билан Амр ибн Жамуҳни битта қабрга қўйинглар. Улар бир-бирини яхши кўрар эди!» дедилар.
Аслида, ўлим фироқ эмас. Ҳаммамиз куни келиб вафот этамиз. Ҳақиқий фироқ биримиз жаннатда яна биримиз дўзахда бўлишимиздир.
Ажойиб нарса ўқиган эдим. Бир киши бувисининг бир одати ҳақида шундай ёзган эди: «Бувим бизни бомдод намозига уйғотиб: «Туринглар! Жаннатда сонимиз камайиб қолишини истамайман», дер эдилар».
Ким сизни ҳақиқий яхши кўрса, у дўзахга тушишингизни истамайди. Иброҳим алайҳиссалом оталари Озарни яхши кўришларига қаранг. У киши бундай деган эдилар: «Эй ота! Мен сизни Раҳмоннинг азоби ушлашидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингиздан қўрқаман» (Марям сураси, 45-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини гўзаллигига боқинг: «Улар бир-бирини яхши кўрар эди!».
Инсоннинг ўзгалар олдида муҳаббат, шижоат, саховат ва олийжаноблик каби чиройли сифатлар билан танилиши нақадар гўзал! Унинг номи зикр қилинганида тингловчининг юзида унинг сурати худди қип-қизил юрак сингари порласа. Шунингдек, унинг сурати биз қўяётган гўзал иборалар ортида ҳам порлаб турса!
Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ «Сияру аъломин нубало» китобида Муҳаммад ибн Маймун ҳақида бундай ёзади: «Абу Ҳамза Сукарий Муҳаммад ибн Маймун ал-Марвазий. У шакар сотгани учун «сукарий» дейилмаган. Унинг сўзлари ширинлиги учун шу ном билан танилган!».
Бизни танийдиганлар ҳам исмларимизни уларга қиладиган муомаламиз туфайли сифатларимизга алиштириб олишганида нима бўлар эди?!
Ота-онамиз бизга «Ота-онани рози қиладиган, муборак ва яхшилик қиладиган ўғил», деб ном қўярмиди ёки «сурбет, қўпол ва оқпадар ўғил» дебми?!
Хотинимиз бизга «Меҳрибон, сахий ва бағрикенг эр», деб ном қўярмиди ёки «қайсар ва қаттиққўл эр» дермиди?!
Эрлар аёлига «меҳрибон, суюкли, олийжаноб ва сабрли хотин», деб ном қўярмиди ёки «бағритош, тили заҳар ва қўпол сўзли хотин» дебми?!
Қўшнингиз сизни «сахий ва марҳаматли» дермиди ёки «хиёнаткор, очкўз ва бадхулқ қўшни» деб атармиди?!
Ҳамкасбингиз сизни «сир сақлайдиган, ишончли, тарбияли ва одобли ҳамкасб» дермиди ёки «чақимчи ва шарманда» деб ном қўярмиди?!
Исмларимиз бизники. Сифатларимиз эса одамларники. Улар бизга муомаламизга қараб сифат беришади. Куни келиб исмлар кетади, сифатлар қолади. Ортимизда бизга Аллоҳдан раҳм қилишини сўраб турадиганлар қолсин!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди