Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Феврал, 2025   |   14 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:21
Пешин
12:42
Аср
16:12
Шом
17:57
Хуфтон
19:11
Bismillah
13 Феврал, 2025, 14 Шаъбон, 1446

Дуо ва зикрлар фазли

14.09.2019   4802   9 min.
Дуо ва зикрлар фазли

Аллоҳ зикрини кўп қилган киши бутун ҳаётида, ҳатто уйқусида ҳам ибодат билан машғул бўлган ҳисобланади:

«Мен инсонлар ва жинларни фақат менга ибодат қилишлари учун яратдим» (Зориёт, 56). وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنْسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ

Аллоҳни кўп зикр қилган киши ҳар қандай қийинчилик ва машаққатдан нажот топади: Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло имон келтирган, Ўзининг амрларига итоатда бўлиб, қайтарган нарсаларидан сақланиб, парҳез қилган инсонлар ҳақида бундай марҳамат қилади:

«Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлинг, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур» (Раъд, 28).

الَّذِينَ آَمَنُوا وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُمْ بِذِكْرِ اللَّهِ أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَ

Қуръони каримнинг ўн учта сураси ўн олтита оятида зикр қилишга буюрилган. “Зикр”нинг луғавий маъноси “Аллоҳни ёдлаш”дир. Аллоҳни кўп зикр этган банданинг қалби покланади, имони мустаҳкамланади, дуолари ижобат бўлади, ихлоси ортади. Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: «Қайси бир қавм (жамоа) Аллоҳнинг зикри учун йиғилса, уларни фаришталар тавоф қиладилар, уларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, уларнинг даврасига сакинат (осойишталик) тушади, Аллоҳ уларни Ўзига яқин фаришталар билан бирга ёд этади» (Имом Муслим). Аллоҳга тасбеҳ, такбир, таҳлил айтиш, ҳамд, шукр келтириш, дуо ва салавотлар айтиш, Қуръон тиловат қилиш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот, садақа ва инфоқ қилиш ҳамда ҳаж ва умра қилиш айни зикрдир.Аллоҳ таолонинг зикрини адо этиш учун зокир маънавий ва жисмоний жиҳатдан пок бўлиши шарт. Дил ва тил билан бажариладиган зикрлар, масалан, тасбеҳ, таҳлил, таҳмид, такбир,

Пайғамбаримизга салавотлар ва дуоларни таҳоратсиз, жунуб, ҳайзли, нифосли ҳолда ҳам айтавериш жоиз. Жунуб киши, покланмагунича Қуръон оятларидан хоҳ узун, хоҳ қисқа оят бўлсин, тиловат қилиши ҳаромдир. Йўлда юриб кетаётган ва ҳаммомда ювинаётган ҳолда зикр қилиш мумкин. Зикр Аллоҳга тазарру бўлгани учун, энг гўзал ҳолда, қиблага юзини бурган, ҳақиқий муҳтож кишилардек, ялиниб-ёлворган ҳолда қилинса, савоби улуғ бўлади.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Муфарридлар зафарга эришдилар». Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, “муфарридлар” кимлар?» деб сўрашди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва Аллоҳни кўп зикр этувчи аёллар муфарридлардир», деб жавоб бердилар. Аҳзоб сурасининг 35-ояти каримаси

 إِنَّ الْمُسْلِمِينَ وَالْمُسْلِمَاتِ وَالْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَالْقَانِتِينَ وَالْقَانِتَاتِ وَالصَّادِقِينَ وَالصَّادِقَاتِ وَالصَّابِرِينَ وَالصَّابِرَاتِ وَالْخَاشِعِينَ وَالْخَاشِعَاتِ وَالْمُتَصَدِّقِينَ وَالْمُتَصَدِّقَاتِ وَالصَّائِمِينَ وَالصَّائِمَاتِ وَالْحَافِظِينَ فُرُوجَهُمْ وَالْحَافِظَاتِ وَالذَّاكِرِينَ اللَّهَ كَثِيرًا وَالذَّاكِرَاتِ أَعَدَّ اللَّهُ لَهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا

Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозели (камтар) эркаклар ва тавозели аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақловчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир.

 

 Бу оят мадиналик Умму Амора розияллоҳу анҳунинг Расул соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Қуръонда фақат эркаклар тўғрисида аҳкомлар нозил бўлмоқда. Аёллар зикр қилинмаётир”, – деганида нозил қилинган .

«Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва Аллоҳни кўп зикр қилувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни, жаннат)ни тайёрлаб қўйгандир» тафсирида уламолар турли фикрлар билдиришган. Яъни, «Аллоҳни кўп зикр қилувчилар» деб кимларни айтилади? Саид ибн Жубайрнинг сўзларига кўра, ҳар бир киши бирор амални бажаришда Аллоҳга итоат, Унинг розилигини топиш ниятида бўлар экан, у одам зокирдир. Абу Саид Худрий ривоят қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Эркак киши ярим тунда ўз аёлини уйқудан уйғотса, икковлари ҳам икки ракат намозни ўқисалар, улар «Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва Аллоҳни кўп зикр этувчи аёллар» қаторига ёзилади (Имом Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа).

Имом Абул Ҳасан Воҳидий Ибн Аббосдан эшитиб, айтган фикрларича, улар беш вақт намоздан кейин ҳам, эрталаб ҳам, кечқурун ҳам, ётган жойларида ҳам, уйқудан уйғонган вақтларида ҳам, уйларидан кетаётган ва қайтиб келаётган вақтларида ҳам Аллоҳни зикр этувчилардир. Мужоҳид айтади: «Тик турганида ҳам, ўтирганида ҳам, ётганида ҳам Аллоҳнинг зикрида бўлмаган эркаклар ва аёллар «Аллоҳни кўп зикр этувчилар»дан бўлмайдилар». Ато ибн Рабоҳ айтади: «Беш вақт намознинг ҳақларини мукаммал адо этган кишилар «Аллоҳни кўп зикр этувчилар»дан саналади» (Имом Нававий. “Ал-Азкор”, 10-бет).

«Қасамкиагар сизлар (Менинг берган неъматларимга) шукр қилсангизларалбатта (уларни янада) зиёда қилурман» (Иброҳим сураси, 7-оят);

Гарчи ушбу оятда шукр қилиш ва ношукрлик оқибатлари Исроил авлодига қарата айтилган бўлса-да, лекин унинг ҳукми умумий бўлиб, то қиёматга қадар келадиган барча инсонларга тегишлидир. Шукр қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маънавий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар берилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишини тасаввур этиш, ўзидан қашшоқроқ, қийналганроқ кишиларни ёдга келтириш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Бу иши инъом этувчига ҳам манзур бўлади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади.

 Аксинча, ношукрлик, нонкўрлик каби ҳолатлар инъом этувчида нафрат ва ғазаб пайдо бўлишига олиб келади. Натижада берган неъматларини қайтариб олиш ёки бошқа офат ёхуд мусибатларга дучор қилиш йўли билан жазолаши жоиз бўлиб қолади .

Ношукрлик инсонлараро муносабатларда ҳам ўзининг салбий натижаларини беради. Яхшиликни қадрлаб, имкони бўлса қайтариш айнан олижанобликдир.

«Ҳамду сано …Аллоҳ учундирдеб айтинг»  (Исро сураси,
111-оят);

 Жаннат аҳли бирор нарса ейишни истаб қолсалар тасбеҳ айтар эканлар. Яъни “Субҳонакаллоҳумма” дейишлари билан кўнгиллари истаган таом ва бошқа ноз-неъматлар муҳайё бўлар экан. Муаккал хизматкорлар уларнинг тасбеҳларини эшитишлари билан дастурхонларда етмиш минг хил бир-бирига ўхшамаган таомларни келтирар эканлар.

Таомдан фориғ бўлиб Аллоҳга ҳамд айтишлари билан хизматкорлар дастурхонларни йиғиштириб олиб кетар эканлар. Оятнинг бошқача тафсири – жаннат аҳли Аллоҳнинг зоту сифатларига лойиқ ҳамду сано ва тасбеҳларни айтишдан роҳатланар эканлар. Демак, бу зикрлари хурсандлик ва мамнуният аломатлари экан. Ҳадисда: “Жаннат аҳли еб ичадилар, лекин улардан ҳеч қандай чиқинди, ахлат каби нарсалар чиқмайди. Балки еган овқатлари мушку анбар ҳиди каби буғ ва ел шаклида чиқиб кетади”, – дейилган.

 Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Исро кечаси Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига иккита қадаҳ келтирилди. Бирида шароб, иккинчисида сут бор эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларнинг икковига қараб туриб сутни олдилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом: «Аллоҳга ҳамд бўлсин. У сизни ҳақ бўлган Ислом фитратига ҳидоят қилди. Агар шаробни олганингизда, умматингиз залолатга кетар эди», дедилар. Имом Муслим ривояти. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) «Ҳар бир муҳим иш Аллоҳга ҳамд айтиш билан бошланмаса, охири кесикдир», дедилар. Абу Довуд ва бошқалар ривоятлари.

 Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) «Агар бирор кишининг фарзанди вафот этса, Аллоҳ таоло фаришталарига: «Бандамнинг фарзанди (жони)ни олдингларми?» дейди. Фаришталар: «Ҳа», деб жавоб беришади. Аллоҳ: «Бандам қалбининг мевасини олдингларми?» дейди. Фаришталар яна: «Ҳа», дейишади. Аллоҳ таоло: «Бандам нима деди?» деб сўрайди. Фаришталар: «Сенга ҳамд ва истиржоъ (яъни, «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», деб) айтди», дейишади. Шунда Аллоҳ таоло: «Бандам учун жаннатда бир уй қуринглар ва уни ҳамд уйи, деб атанглар», дейди», дедилар. Имом Термизийривояти. Анасдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.)   «Агар бир банда ҳар луқма тановул қилаётганида ва ҳар ҳўплам ичимлик ичаётганида Аллоҳга ҳамд айтса, Аллоҳ таоло ўша бандасидан албатта рози бўлади», дедилар. Имом Муслим ривояти.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс маркази раҳбари М. Саиджалолова 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

“Зийнатли” кўринган дунё…

11.02.2025   3092   8 min.
“Зийнатли” кўринган дунё…

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

“Дунё” сўзи луғатда “бойлик”, “давлат” деган маъноларни англатади. Биз дунёга келганимиздан то вояга етгунимизча унинг гўзаллигини кўрамиз катта бўлган сари дунёнинг ташвишларга, адолатсизликарига, ғам-ташвишларига гувоҳ бўламиз ва аста-секин бунга кўникамиз. Яқинларимиз ва дўстларимиз билан мулоқот қиламиз, ўз юмушларимиз билан банд бўламиз, оила-аъзоларимиз билан шоду-ҳуррамликда вақт ўтказамиз.

Кундалик режалар ва мақсадлар билан кунимиз қандай ўтканини ҳам сезмай қоламиз. Дунёга, унинг зийнатларига шунчалик берилб кетганимиздан бир-биримизнинг ўртмиздаги меҳр-оқибатни, ота-онага яхшилик қилишни, қариндошлик ришталарини унутганмиз, ҳатто, намозимиздаги ҳушуни ҳам ёқотиб қўйганмиз.

Бунга сабаб нима? Аллоҳ таоло ҳузурида ҳар бир сониямиз учун жавоб беришимизни ўйламаймизми? Бу дунёни Аллоҳ таоло нима учун гўзал ва ундаги нарсаларни зийнатли қилиб яратди? Бунга Аллоҳ таолонинг Ўзи “Каҳф” сурасининг 7 оятида бундай марҳамат қилади: “Биз ер юзидаги нарсаларни, уларнинг қайсилари гўзалроқ амал қилишини синаш учун, зебу зийнат қилиб қўйганмиз”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Дунё осмон билан Ер ўртасида қамалган бўлиб, Аллоҳ таоло яратгандан бери унга қарамайди. Дунё қиёмат куни келганда: “Ё Роббим, бугун мени энг паст мақомдаги дўстларингга бўлса ҳам насиба қилиб бергин”, деб илтижо қилади. Аллоҳ таоло унга: “Эй ҳақир ва тубан нарса, жим бўл, мен сени уларга дунйода раво кўрмаган бўлсам, қандай қилиб энди раво кўрайин?” дейди. Мана, кўриниб турибдики, “дунё”ни ва ундаги зеб-зийнатларни синов учун, қай биримиз бу синовдан ўтолсак,унинг гўзаллигига алданмасак, Аллоҳ таолонинг Ўзи гўзал ажру-мукофот билан мукофотлайди.

Дунёни яхши кўриш узун орзу-ҳаваслар қилиш билан янада мустаҳкамланади. Агар Холиқ Зот дунё ҳақида хабар бериб, мисолини келтирмаганда, албатта, дунё ухлаганни уйғотиб, ғофилни ҳушёр қиларди.Аллоҳ таоло наздида дунёнинг мисқолча қадри йўқ. Пашша қанотича камайтирилмай дунё хазиналари калитлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрстатилганда, уни олишдан бош тортдилар.

Аллоҳ таоло синов-имтиҳон учун солиҳ бандаларидан дунёни пинҳон тутди, алдаш учун душманларига дунёни кенг ва бемалол қилиб қўйди.

Аъло ибн Зиёд: “Тушимда дунёни ўзига оро бериб, афт-башараси буришган кампир қиёфасида кўрдим. Одамлар унга топиниб, ҳар томондан ҳайратланиб қарарди. Кампир олдига бориб, унга бунчалик ажабланиб қараётганларидан ҳайрон бўлдим. Шунда кампирга: “Сен кимсан?”, дедим. У: “Мени танимаяпсанми?”, деди. Мен: “Йўқ”, дедим. “Сен кимсан?”, деб сўрадим. “Мен дунёман”, деди. “Аллоҳдан сенинг ёмонлигингдан паноҳ сўрайман”, дедим. У: “Агар ёмонлигимдан паноҳ топишни истасанг, дирҳамни ёмон кўр!”, деди.

Исо алайҳиссалом: “Дунё-кўприк, унда машғул бўлмасдан ўтинглар”, дедилар. Ҳақиқатан, бу дунё ҳаёти охиратга олиб боришга очиқ ва ёрқин мисолдир. Бешик шу кўприк бошидаги дастлабки масофа бўлса, лаҳад-охирги масофадир. Шу иккови орасида қисқа бир масофа мавжуд. Одамлардан қанчаси шу кўприкнинг ярмига етиб борса, қанчаси учдан бирини ва қанчаси учдан бирининг бирини босиб ўтадилар. Қанчасига бир қадамдан ортиқ юриш насиб қилмади. Ҳар қанақасига кўприкдан ўтилиши шарт. Аммо шу кўприкдан ўтиб олиш ҳақида ўйламай, унинг устида иморат қуриб, турли зийнатларга чалғиб яшаш ғоят жоҳиллик ва ютқизишдир.

Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай дедилар: “Билингларки, сизлар ўликсизлар, ўлгандан сўнг тириласизлар. Амалларингиз олдида турғизилиб, у туфайли жазо(мукофот)ланасизлар. Сизларни дунё ҳаёти алдаб қўймасин. Албатта, у бало-офатлар билан ўраб қўйилган, фонийлиги билан танилган ва алдамчилги билан васф қилинган. Дунёдаги ҳар бир нарсани завол тутади. Дунё ўз аҳли ўртасида гоҳ буёқ, гоҳ буёққа айланади. Дунё ҳеч қачон бир хил турган эмас, унинг ёмонлигидан низо, кураш тўхтаган эмас. Дунё аҳли сурур ва лаззатдан сарҳуш бўлиб турганида, тўсатдан бало ва алдовга йўлиқади”.

Ҳар бир нарсанинг ўртаси, яъни меъёри яхшидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз, дунёни деб охиратни, охиратни деб дунёни ташлаб қўймаганингиздир”, деганларидан кўриниб турибдики, бу дунёда Аллоҳ таоло бераётган неъматларга шукр қилиб, охиратимиз учун ажру-савоблар олиш, яхшиликлар қилиб олиш учун бу дунё айни муддаодир.

Барчамизга маълумки, дунё роҳати абадий эмас, у ажал сари етаклайди. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса эса боқийдир. Бизни бу дунё ташвишлари, тўплаётган молимиз, фарзандларимиз Аллоҳнинг зикридан, ибодатидан жалғитиб қўймаслиги зарур. Бу ҳақда Аллоҳ таоло “Мунофиқун” сураси, 9-оятида: “Эй иймон келтирганлар. Молларингиз ва болаларингиз сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин. Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар ютқазувчилардир”.

Бу ҳаётда озгина баҳраманд бўлиб, йўқлик оламига кўчиб ўтишда беш кунлик дунёда ўйнаб-кулиб ажални кутиб олиб, охиратига ҳеч қандай заҳира тайёрламасдан ўзларига ерни макон тутган инсонлар қанча? Уларга энди ортга йўл йўқдир. Бунга далил эса Муминун сураси, 100-оятида: “Шоядки тарк қилган нарсамда солиҳ амал қилсам, дер. Йўқ! Албатта, бу (қуруқ) сўз бўлиб, у айтгувчи, холос. Уларнинг ортида қайта тириладиган кунларигача тўсиқ бордир”.

Агар амалларимиз гувоҳлик берса, қалбимиздаги нарсалар чиқарилса, диллардаги барча сир-асрорлар ошкор қилинса, Малик ва Жаббор бўлган Зот ҳузурига олиб боришимиз учун турғизилса, қалблар олдинги гуноҳларига раҳм-шавқат сўраб, қўрқиб титраса, пардалар кўтарилиб, айб ва сирларимиз очилса, ана шу вақтда ҳар бир жон ўзи қилиб ўтган амалига яраша жазо олади.

Аллоҳ таоло “Нажм” сураси, 31-оятида: “Осмонлару ердаги барча нарсалар Аллоҳникидир. У ёмонлик қилганларни амалига яраша жазолар ва яхшилик қилганларни гўзал (мукофот) ила мукофотлар” деб марҳамат қилган.

Агар бизга ҳар бир кун шайланган амаллар ошкор қилинса, олдинда келаётган кунимиздан юз буриб қочардик, бой берган вақтимизни ўйлаб, ғам-қайғуга ботардик. Лекин Аллоҳ таоло ажойиб тадбир қўллаб, уларни кўришдан маҳрум қилди. Тасалли ва таскин бўлиши учун дунёнинг бало-офатлари қатига лаззат ва завқни жойлаб, ана шу таъмга машғул-овора қилиб қўйди. Дунёни ва охиратни ҳеч қачон бир-бирига тенглаштириб бўлмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Дунёнинг охиратга нисбати биронтангиз бармоғини денгизга теккизишига ўхшайди. Бундан ўзига нима қайтиб келишига қарсин”, дедилар.

Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар: “Сизларга Аллоҳдан қўрқишни, гарчанд алсо ҳоҳламасангиз ҳам, дунё меросини тарк этишни васият қиламан. Танангиз қариб-қартайиб бораётир, сизлар тетик ва бақувват бўлишни ҳоҳлайсизлар. Сизлар ва дунё мисоли бир йўлда сафарга чиққан қавмга ўхшайди. Гўё улар шу йўлни босиб ўтадигандек, сафарга чиқадилар, гўёки, етиб борадигандек, йўл белгисига қараб юрадилар. Охирига қадар етиб бориш учун йўл масофаси қанча деб ўйлайсиз?

Дунёда бир кун қолиш эҳтимолини қанча деб ўйлайсиз? Дунёнинг зарари ва ғам-қайғуси деб ташвиш чекманг, барибир шу дунёда интиҳо топади. Дунё матоси ва неъматларидан ортиқча ҳурсанд бўлманг, у барибир заволга юз тутади. Дунёни излагувчини ўлим таъқиб эта туриб, дунёни излаши ва ўлим ҳар қадамда пойлаб юрганини била туриб, ғофил бўлганига ҳайронман”.

Дунёда охират учун озуқа еғиб, мусофирлар қарз нарсадан фойдаланганидек, дунёдан баҳраманд бўлсак, ундан ажралган вақтда мусибатларимиз оғир бўлмаслиги учун қалбларимизни тўлиқ бермасак, дунёни муқим қолувчилар учун эмас, ундан ўтгувчиларга берилган зиёфат деб қарасак, дунёю-охиратимиз обод бўлади, инша Аллоҳ.

Дунёга ва унинг зийнатларига чалғиб қолмаслигимиз учун, ибодатларимизда бардавом бўлишимиз ва бу дунёдаги мусибатларга сабр қилиб, карам ва ҳилм билан гўзал тарзда бизга ёрдам беришини меҳрибон Зот Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

 

Нодирабегим ФАҲРУТДИНОВА,
“Янги аср” университети “Филология ва тилларни ўқитиш (мумтоз тиллар бўйича)” факультети 1-курс талабаси.