Инсон ҳаётидаги вақт нима, ундан қандай истифода қилиш керак ва унинг моҳияти нимада деган саволларга айрим ҳикмат аҳли шундай зарбулмасал орқали жавоб беради. Вақт – гўё ҳаёт кийими тўқиладиган иплар бўлиб, унинг пишиқ ва нафислигига қараб ҳаёт азиз ва бебаҳо бўлади. Агар иплар ёмон ва тўзиган бўлса, ҳаёт ҳам тубан, маъно ва мазмунсиз бўлади. Вақтнинг яна бир хусусияти шуки, агар у ўтиб кетса, қайтиб келмайди. Вақт инсон сарф қиладиган асосий сармоядир. У қанчалик кўп бўлса ҳам оздир. Оз бўлсаю баракали бўлса, у кўпдир. Инсон ўз ҳаётининг ҳар бир дақиқа ва лаҳзасидан унумли ва баракали фойдаланиб, уни яхши амаллар қилишга сарфлаши вожибдир. Шунда у Ҳазарати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтган ҳадиси шарифлари мазмунига мувофиқ иш тутган бўлади. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунича жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб, нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани ҳақида”.
Ислом таълимоти ялқовлик, лоқайдлик, бепарволик каби ижтимоий иллатлардан узоқда бўлишимизга, ундан паноҳ тилашимизга амр қилади ва ҳар вақт ҳар куни эрта туришга ва хайрли амалларни қилишга, ҳамда ёшлик, сиҳат-саломатлик, бойлик, бўш вақт ва дунё ҳаётини ғанимат билишга чорлайди. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда биз умматларга қандай тавсия берганларига бир диққат қилайлик:
“Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтни, ўлимдан олдин тирикликни ғанимат билинг”. (Бухорий ривояти).
Буюк олим Ҳасан Басрий айтадилар: “Ҳар кун тонг ёришганда Аллоҳ таоло томонидан бир жарчи: “Эй Одам боласи! Мен янги кунман. Сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан бу кунда солиҳ амаллар қилиб, фойдаланиб қол, чунки мен то қиёматгача сенга қайтмайман, деб жар солади”.
Инсон азиз умрини ва олтиндан ҳам қимматли бебаҳо вақтини ғанимат билиши лозимлиги Қуръони каримда шундай баён қилинган:
“…Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!…” (Фотир сураси 37-оят).
Улуғ аждодларимиз кунларини, вақт-у соатларини фойдали иш қилишга, гўзал ахлоқий ва илмий даражаларга етишиш йўлида сарф қилишда доим огоҳ ва сергак эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг бугунлари кечагисидан, эртанги кунлари бугунгисидан аъло ва афзал бўларди. Улар: “Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг у сени кесади”, деган мақол мазмунига амал қилишган.
Ҳар биримиз ўтаётган кунимиз, вақтимиздан ибрат олмоғимиз лозим. Зеро, кеча ва кундуз янгиларни эскиртиради, узоқларни яқин қилади, умрларини қисқартиради, ёшларни қаритади, кексаларни фонийлик сари етаклайди. Ҳукамолардан бири шундай дейди: “Ким кунини бекорга ўтказса, бир яхши амални қилмаса, инсонларга чиройли сўз ёки яхши муомала қилмаса, бир илму-маърифат ҳосил қилмаса, у кунига жабр қилиб, ўзига зулм қилибди”.
Доно халқимизда бир мақол бор, унда шундай дейилади: “Вақтинг кетди, бахтинг кетди”. Ҳа, вақт гўё улуғ бахт кабидир, уни ғанимат билмаслик катта гуноҳдир: Кунлар, вақтлар тинмай ўтса-ю, қайтиб келмас дақиқаларимизга бепарво бўлсак, бундан панду-насиҳат олмасак, икки дунё саодатига асло мушарраф бўла олмаймиз. Албатта, оқилу донишманд инсон атрофга ибрат назари билан боқади, дунёда кечаётган ҳодиса ва ўзгаришларга, олтиндан қимматли вақтни қадрлаш зарурлигини қалбида тасдиқлайди ва шунга мувофиқ иш тутади.
Жамиятимиздаги барча инсонлар, улар ким ва қандай мавқега эга бўлмасинлар, айниқса, келажагимиз бўлган ёшларимиз, азиз фарзандларимиз олтиндан қиммат вақт ва ундан унумли фойдаланиш ва уни ғанимат билиши лозимдир. Бунинг учун ҳар бир киши ҳаётдаги масъулиятини чуқур англаган ҳолда иш тутмоғи зарур бўлади. Шунинг учун ёши улуғ кексаларимиз, муҳтарам ота-оналар фарзандларимиз таълим-тарбиясига бепарво бўлмаслигимиз уларни ўз вақтларини тўғри, солиҳ фойдали амаллар қилишга сарфлашни ўргатишимиз керак. Айниқса, шу кунларда уларни ҳур диёримизда илм масканлари эшиклари касб-ҳунар эгаллаш учун очиб берилганда вақтни ғанимат билиб, барча диққат эътиборларини чуқур билим олишга ундашимиз даркор бўлади. Чунки, бугунги кунимиз ва порлоқ келажагимиз, ана шундай салоҳиятли фарзандларимиз қўлидадир. Инсон ҳаётда ўз олдига маълум бир мақсадни қўйган бўлади, ана шу мақсадга эришишда вақтдан ва ўз имкониятидан ўринли фойдаланишни режага солиши айни муддаодир. “Вақтни зое қилиш” йўлида айрим кишилар тутган йўлдан мутлақо юрмаслик, балки инсонга берилган вақт ва ҳаёт муддати Аллоҳ таоло томонидан чегарали берилганини ва уни ўз ўрнида ишлатиш инсонга ҳаётий дунё бахтини ва ухровий дунё саодатини топиши йўлида асосий омил эканини яхши билиши керак бўлади.
Носиров Ботир
Ховос тумани “Хуснобод” жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан