Маълумки, ҳар йили дунёнинг бир қатор давлатларида ёшларни Аллоҳнинг каломини ёд олишга ва мусобақалашишга қизиқтириш ҳамда уларни Қуръони карим хулқлари ва одоблари билан хулқланишига тарғиб этиш мақсадида халқаро Қуръони карим мусобақалари анъанавий тарзда ўтказилиб келинмоқда. Юртимизнинг 2 нафар вакили мазкур мусобақада қатнашди.
Шу йилнинг 7-11 сентябрь кунлари Қуръони каримни ёддан ўқиш ва тафсир қилиш бўйича Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида ўтказилган 41-Халқаро Қуръони карим мусобақаси ўз ниҳоясига етди. Бугун иштирокчилар учун Мадина Мунавварадаги қадамжоларга зиёрат ташкил қилинди. Улар орасида вакилларимиз Тошкент ислом институти талабаси Ҳусниддинов Зуҳриддин қори ва Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” олий мадрасаси талабаси Орифжонов Абдурауфхон ҳам мавжуд. Улар Қуръони каримнинг тўлиқ 30 порасини ва 15 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш йўналишида қатнашишди. Мусобақада 103 та давлатдан келган 146 нафар қорилар рақобатлашди.
Жорий йилнинг 11 сентябрь куни Маккаи Мукаррама шаҳрида Маккаи Мукаррама амири Холид ал-Файсал жаноблари раҳбарлигида ғолибларни тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди. Унда “Масжидул Ҳарам” ва “Масжидун Набавий” идораси Бош мудири Шайх Доктор Абдурроҳман ас-Судайс, Саудия Арабистони Ислом, иршод ва даъват ишлари вазири Доктор Абдуллатиф бин Абдулазиз Ол аш-Шайх, Қироллик девони маслаҳатчиси Шайх Саъд бин Носир, Масжидул ҳаром имом-хатиби Шайх Солиҳ бин Ҳумайд ва бошқа нуфузли шахслар иштирок этишди. Тадбир чоғида юқори уч ўринни қўлга киритган 12 нафар қориларга совринли мукофотлар топширилди. Қуръони каримни тўлиқ 30 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш билан бирга 30 поранинг луғавий маъноларини билиш йўналишида 1-ўринни Саудия Арабистони, 2-ўринни Иордания, 3-ўринни Нигерия давлатлари қорилари эгаллади. Қуръони каримнинг 30 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш йўналишида 1-ўринни Кения, 2-ўринни Иордания, 3-ўринни Нигерия ва Ливия давлатлари қорилари эгаллади.
Қуръони каримнинг 15 порасини ёддан ўқиб бериш йўналишида 1-ўринни Филиппин, 2-ўринни Ливия, 3-ўринни Баҳрайн давлатлари қорилари эгаллади.
Мусулмонлар камчилик бўлган давлатлар иштирокчилари учун Қуръони каримнинг 5 порасини ёддан ўқиб бериш йўналишида 1-ўринни Сербия, 2-ўринни Босния ва Герцеговина, 3-ўринни Шри-Ланка давлатлари қорилари эгаллашди.
Вакилларимизга иштироки тўғрисидаги ташаккурнома ёрлиғи тақдим этилди.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Абдуллоҳ ПАРПИЕВ
тайёрлади
#xabar #mahorat #imom
Бугун, 16 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги масжидларда фаолият юритаётган 80 нафардан зиёд воиз имом домлалар учун Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институтида “Замонавий ахборот маконида диний-маърифий соҳа мутахассисларининг медиа-тарғибот фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб жиҳатлари” мавзусида 72 соатлик малака ошириш ўқуви бошланди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида бўлиб ўтган ўқув курсининг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита бошқарма бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов, мазкур институт директори Ҳусниддин Аҳмедов ва тингловчилар иштирок этди.
Тадбирда Ҳомиджон домла бугунги мураккаб давр барча соҳа вакиллари қаторида имом домлалардан ҳам ўз билим ва малакаларини доимий ошириб бориш, инсонларни тўғри йўлга бошлаш, аҳоли, айниқса, ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш йўлида жидду жаҳд қилишни талаб этаётганини таъкидлади. Шунингдек, нотиқлар мазкур курснинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Икки ҳафта давом этадиган мазкур ўқувда бугунги кунда долзарб бўлган мавзуларда дарс машғулатлари олиб борилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати