Сизни “Фақирлик айб эмас. Аллоҳ фақирларни кўпроқ яхши кўради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фақир бўлганлар. Қаноат туганмас хазинадир. Зоҳидлик фазилат, тамаъ разолатдир. Самимийлик фақирларнинг дастмоясидир. Бойлар бировларнинг қонини сўрувчи кишилардир. Бойлик гиёҳванд модданинг бир туридир” деб, шу гапларга ишонтиришади. Улар сизни фақирлигингиздан роҳатланадиган, эҳтиёжмандлигингиздан лаззатланадиган, заифликка ва тадбирнинг озлигига рози бўладиган қилиб қўйишади.
Бироқ, ҳеч ким сизга Усмон ва “Жайшул Усра”, Талҳа ва унинг саховати, Зубайр ва унинг кўчмас мулклари, Ибн Авф ва унинг тижоратлари, Ибн Абу Ваққос ва унинг садақалари ҳақида ҳаргиз гапирмайди. Аллоҳ таоло барча саҳобалардан рози бўлсин!
Ҳеч ким сизга саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куфрдан ва фақирликдан паноҳ сўраганлари, “Юқори қўл (берувчи қўл) пастки қўл (олувчи қўл)дан яхшироқдир”, “Кучли мўмин Аллоҳнинг наздида заиф мўминдан яхшироқдир” деган ҳадисларини ҳаргиз айтмайди. Балки улар сизга “Фақир, заиф, муҳтож бўлсангиз, ҳеч қиси йўқ” дейишади.
Сиз моддий имконият яхши бўладиган бойлик босқичига ўтманг. Акс ҳолда фақирликдан қутулиб, ўзингизни тиклаб олганингиздан сўнг атрофингиздаги етишмовчилик, ночорлик, камситиш каби ҳолатлар ҳақида суриштира бошлайсиз. Бундай саволларингиз билан сизни фақир ҳолда кўришни истаганларни ноқулай аҳволга солиб қўясиз.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
قُلْ مَنْ حَرَّمَ زِينَةَ اللّهِ الَّتِيَ أَخْرَجَ لِعِبَادِهِ وَالْطَّيِّبَاتِ مِنَ الرِّزْقِ قُلْ هِي لِلَّذِينَ آمَنُواْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا خَالِصَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ كَذَلِكَ نُفَصِّلُ الآيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ
“Сен: “Аллоҳ Ўз бандаларига чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!” деб айт. “Улар ҳаёти дунёда иймон келтирганларга, қиёмат кунида эса фақат ўзларига хосдир”, деб айт. Биладиган қавмлар учун оятларни мана шундай муфассал баён қиламиз” (Аъроф сураси, 32-оят).
Юқорида “Жайшул Усра” деган жумлани келтириб ўтдик. Хўш, ўша воқеа қандай бўлган эди?
Бу ғазот тарих китобларимизда Табук ғазоти номи билан машҳур. Бу урушда мусулмонлар румликларга қарши йўлга чиқадилар. Ҳирақл бошчилигида 40 мингдан ортиқ румликлар қўшини тўпланади. Масофа узоқ, сафар оғир, об-ҳаво иссиқ, сув ва озуқа кам, мусулмонлар сони 30 минг атрофида бўлгани учун етишмовчиликлар бор эди. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни қўшинни керакли жиҳозлар билан таъминлашга чақирдилар. Одамлар ўзларидаги бор нарсаларини олиб келиб, таъминлаш ишига ҳисса қўша бошладилар. Ҳатто аёллар ҳам ўзларидаги тилла тақинчоқларни келтириб берардилар. Ана шу пайтда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қўшинни мингта туя билан таъминладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ўнг минг динор олиб келдилар. Бу пул билан қўшиннинг учдан бирини таъминлаш мумкин эди. Мана шу тарзда буюк саҳобий икки олам сарвари тарафларидан бундай эътироф этилдилар: “Усмонга бугундан кейин қилган амали зарар бермайди”.
Қудуқ ҳодисаси
Мадинадаги барча қудуқлар қуриб қолган, фақат биргина қудуқда сув бор эди. Одамлар сувга муҳтож, ташналиклари зиёда бўлган бир ҳолатда эдилар. Лекин қудуқ бир яҳудийга тегишли бўлиб, мусулмонларга сувни текинга бермасди. Сувга эҳтиёжманд мусулмонлар орасида моддий имконияти камлар ҳам бор эди. Улар сув учун тўлов қилолмасдилар.
Ичадиган сувинг яҳудийнинг қўлида бўлса нима қиласан?
Мусулмонлар сувдан бемалол баҳраманд бўлишлари учун бирор мусулмон ўша қудуқни сотиб олиши керак. Ана шу сотиб олган инсон Усмон розияллоҳу анҳу бўлдилар. У киши қудуқни сотиб олиб, мусулмонларга вақф қилдилар. Шундан кейин мусулмонлар текинга бемалол сув ичадиган бўлишди. Ҳа, Усмон розияллоҳу анҳу мусулмонларни қийин вазиятдан чиқишларига сабаб бўлгандилар.
Менга Мадина бозорини кўрсатиб қўй
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилиб бордилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожирлар билан ансорларни биродар қилиб қўяётган лаҳзаларида Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуни ансорлардан Саъд ибн Робийъ розияллоҳу анҳу билан биродар қилиб қўйдилар. Саъд ибн Робийъ розияллоҳу анҳу молининг ярмини, пулининг ярмини, ерининг ярмини ва аёлларидан баъзисини Абдураҳмонга таклиф қилди. Шунда Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу бу таклифни қабул қилмадилар, балки, “Аллоҳ таоло молингга ва аҳлингга барака берсин! Менга Мадина бозорини кўрсатиб қўй!” дедилар. Шундай қилиб у зот розияллоҳу анҳу Мадина бозорларида савдо ишлари билан шуғулланиб, тез фурсатда саҳобаларнинг энг бойларидан бирига айландилар. Вафот этганларида ўзларидан жуда кўп мол мерос бўлиб қолгани, аёлларининг ҳар бирига меросдан 80 минг динордан улуш теккани тарих китобларида келтирилади.
Демак, динимизда бой бўлишдан қайтарилмаган, ҳадиси шарифларда мусулмоннинг қўлидаги ҳалол мол нақадар яхши эканлиги таъкидланган.
Унутманг, фақирлик айб эмас, шунингдек, бойлик ҳам. Жаннатга фақирлар киради, бойлар ҳам.
Бойлар ҳам жаннатга кириши учун қўлларидаги бойлик Аллоҳ рози бўладиган ишларга сарф этилиши, охиратга ажр сифатида захира бўлиши керак. Бундан ташқари бойлик инсоннинг қалбини эгаллаб олиб, яшашдан мақсади бойлик йиғиш бўлиб қолмаслиги, балки бойликни охиратда улуғ мақом топиш учун бир восита қилиб олиши керак.
Интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов таржима қилди
Бугуннинг гапи
“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
“Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.
Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.
Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!
Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.
Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.
Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.
Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.
Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.
Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.
Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.
Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.
Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.
Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:
Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.
Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.
Толибжон НИЗОМ