ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ – ОҒИР ГУНОҲ
اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي خَلَقَ الْإِنْسَانَ وَكرَّمَهُ، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ الَّذِي سنَّ الدِّينَ وَعَظَّمَهُ
وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ
Ҳурматли жамоат! Аллоҳ таоло одам боласига жуда кўп неъматлар берган, уларни санаб адоғига ета олмаймиз. Шубҳасиз, улар ичида энг қимматли ва муҳимларидан бири – ҳаёт, тириклик неъматидир. Чунки бу неъмат инсон қолган неъматларни қабул қилиб олишига сабабчи бўлади. Қуръони каримнинг 200 дан ортиқ ояти карималарида араб тилидаги “халқ”, яъни “яратиш” маъносидаги ўзакдан ясалган сўзлар келади. Бу эса бизга инсон бўлиб яралиш Аллоҳ таоло томонидан берилган катта неъмат эканини билдиради. Аллоҳ таоло бандаларига ато қилган неъматлари ҳақида шундай дейди:
أَلَمْ تَرَوْا أَنَّ اللَّهَ سَخَّرَ لَكُمْ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ وَأَسْبَغَ عَلَيْكُمْ نِعَمَهُ ظَاهِرَةً وَبَاطِنَةً وَمِنَ النَّاسِ مَنْ يُجَادِلُ فِي اللَّهِ بِغَيْرِ عِلْمٍ وَلَا هُدًى وَلَا كِتَابٍ مُنِيرٍ
яъни: “(Эй, инсонлар!) Аллоҳ осмонлар ва Ердаги барча нарсаларни сизларга бўйин сундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (моддий ва маънавий) неъматларини комил берганини кўрмадингизми?! Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар ўзлари билмаган, ҳидоят топмаган ва аниқ китоб (ҳужжат)га эга бўлмаган ҳолларида Аллоҳ хусусида (Пайғамбар билан) мунозара қилурлар” (Луқмон сураси, 20-оят).
Шуниси ҳам аниқки, инсон ҳаёти доим бир хил неъматлар ичида кечмайди – гоҳида енгил, гоҳида оғир, баъзида хурсандчилик, баъзида мусибат. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилади:
لَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنْسَانَ فِي كَبَدٍ
яъни: “Ҳақиқатан, инсонни (дин ва дунё ишларида меҳнат ва) машаққатда (бўлиш учун) яратдик” (Балад сураси, 4-оят).
Машҳур бобомиз Алишер Навоий ўз ҳикматларида: “Саксон йил яшаш учун саксон йиллик сабр керак”, – деганлар. Демак, инсон бало ва мусибатларга қарши сабрни қалқон қилиб олиши керак. Чунки динимизнинг таълимоти бўйича дунёда юз берадиган барча ишлар Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси билан бўлади. Мўмин-мусулмон киши ҳаёт қийинчиликларини дунёнинг синови экани, ҳар бир мусибат, ҳатто тиканнинг кириши ҳам ажрсиз қолмаслигини билади. У қийинчиликларга сабр-бардошли бўлади ва савоб умид қилади. Мусибат етганда биз Аллоҳнинг бандаси ва унга қайтиб боришимизни эслашимиз даркор. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ أُولَئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِنْ رَبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ
яъни: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз», – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир” (Бақара сураси, 155-оят).
Демак, имонли кишилар ҳаётда ҳеч қачон тушкунликка тушмаслиги керак, балки яхшиликдан умидвор бўлиб, доим ҳаракатда бўлиши лозим. Афсуски, аҳён-аҳёнда ўз жонига қасд қилган кишилар ҳақидаги сўзлар қулоғимизга чалинади. Айниқса бу каби фожеалар аёллар ичида кўп учраб туриши ачинарли ҳолатдир. Бу гуноҳни оқлаб бўлмайди, лекин маълум бир қисм аёллар ўзларига бўлган зулм-зўравонлик сабабли бу ишга қўл ураётгани сир эмас. Жорий йилнинг 3 сентябрдан “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирди. Бу қонун динимиздаги аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ман қилиниши ҳақидаги кўрсатмаларни қўллаб-қувватлайди.
Шуни билиш керакки, бирор қийинчиликдан қутилиш ёки кимдандир норози бўлиб ўз жонига қасд қилиш – масаланинг ечими эмас. Масалан, қарз ёки молиявий қийинчилик сабабли ўз жонига қасд қилган одам қарзидан қутилиб қолмайди. Балки янада қийинроқ бўлган охиратда қарздор одамга айланади. Қайтанга бу ҳаётда қолиб, мақсади учун курашиб, икки дунёда юзи ёруғ бўлиши – ҳақиқий бандалик мақомидир. Кимдир ўз жонига қасд қилиб гуноҳкор бўлади, орқасида ота-онаси ва яқинларини қаттиқ қайғуда қолдиради. Аслида фарзанд уларни хизматларини қилиб, рози ва хурсанд қилиши керак эди.
Ўз жонига қасд қилишнинг охиратдаги оқибатлари яна ҳам ёмонроқдир. Динимиз таълимотида инсоннинг ўз жонига қасд қилиши катта гуноҳ ҳисобланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
"لَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا"
яъни: “...Ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят).
Аллоҳ таоло бандасига омонат ўлароқ ато қилган жон-тирикликни фақат Ўзи хоҳлаган пайтда қайтариб олади. Жонни банданинг ўзи олишга ҳаракат қилиши – шошилиш ва Аллоҳ таолонинг тақдирига норозиликдир. Токи ажал вақти келгунича банда жонни тўғри йўлда асраб-авайлаб ишлатиши керак. Бу мавзуда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
الَّذِي يَخْنُقُ نَفْسَهُ يَخْنُقُها فيِ النَّارِ وَالَّذِي يَطْعَنُ نَفْسَهُ يَطْعَنُها فيِ النَّارِ (ﺭَﻭﺍﻩ الامَامُ ﺍﻟﺒُﺨَﺎﺭِﻱ عن ابي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Ким ўзини-ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини тиғ билан ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобга қолади” (Имом Бухорий ривояти).
Бу гуноҳнинг ёмонлигини билдириш учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган қавмлар ҳаётидан ҳам мисол келтирдилар:
"كَانَ مِمَّنْ كَانَ قَبْلَكُمْ رَجُلٌ بِهِ جُرْحٌ فَجَزَعَ، فَأَخَذَ سِكِّيْنًا فَحَزَّ بِهَا يَدَهُ، فَمَا رَقَأَ الدَّمُ حَتَّى مَاتَ، قَالَ اللهُ تَعَالَى: "بادَرَني ابْنُ آدَمَ بنَفْسِهِ فَقَتَلَها، فَقَدْ حَرَّمْتُ عَلَيْهِ الجَنَّةَ"
مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ عَنْ جُنْدَبُ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ رضي الله عنه
яъни: “Сизлардан олдин ўтган қавм орасида бир яраланган кимса бор эди. У оғриққа чидай олмасдан, қўлига пичоқ олиб, яраланган қўлини кесди. Натижада у қон йўқотиш туфайли вафот этди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни ҳаром қилдим”, – деди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Аслини олганда динимиз ўз жонига қасд қилишга олиб борадиган йўлларни ҳам беркитган. Масалан, мусулмон киши ўзига ўлим тилаши мумкин эмас. Чунки амаллар солиҳ бўлиб, умрнинг узун бўлиши биз учун катта мукофот ҳисобланади.
Бу мавзуда энг катта муаммо – руҳий изтиробнинг мавжудлиги, қалб хотиржамлиги ва имонга суянадиган ироданинг йўқлиги, деб ҳисоблаймиз. Бунинг устига ўсмирлик даврида йигит-қизларнинг қаровсиз қолиши, турли нобоп йўлларга кириши, ёмонлар билан дўст тутиниши, маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддаларга берилиб қолиши ҳам ўз жонига қасд қилишнинг кўпайишига сабаб бўлади. Албатта, ёшлар тарбиясига уйда ота-она, ўқув муассасаларида эса устозлар масъулдир. Вақти-вақти билан интернетда ўз жонига қасд қилишни ўргатувчи видеолар, қизиқтирувчи ўйинлар тарқалиб туради. Афсуски, бекорчилик ва ота-оналарнинг эътиборсизлиги сабабли баъзи ёшларимиз бу “тўр”ларга тушиб қолмоқдалар.
Юқоридаги муаммоларнинг ечими – Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидворлик, қалб хотиржамлиги ва сабр тоқатдир. Аллоҳ таоло Зумар сурасида шундай марҳамат қилади:
قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنْفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِنْ رَحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ
яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир” (Зумар сураси, 53-оят).
Яна бир ояти каримада шундай дейилади:
الَّذِينَ آَمَنُوا وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُمْ بِذِكْرِ اللَّهِ أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ
яъни: “Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)” (Раъд сураси, 28-оят).
Банда Аллоҳ таолонинг неъматларини тафаккур қилса, ўзиданда ёмон аҳволда бўлган минглаб одамлар борлиги ва уларнинг аксарияти шукр қилиб яшаётганини тушиниб етса, тилига беихтиёр “шукр” келади, камчиликлари учун истиғфор айтади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
انْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ أسْفَلَ مِنْكُمْ وَلاَ تَنْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ فَوْقَكُمْ فَهُوَ أجْدَرُ أنْ لاَ تَزْدَرُوا نِعْمَةَ الله عَلَيْكُمْ
رواه الامام مسلم عن أَبي هريرة رضي الله عنه
яъни: “Ўзингиздан устун кишиларга эмас, ўзингиздан паст одамларга қаранг. Мана шу (иш) Аллоҳнинг неъматларини паст санамаслигингиз учун яхшироқ бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадисга амал қилган киши Аллоҳ унга жуда кўп неъматлар берганини мулоҳаза қилади. Шукрли инсон бу дунё қийинчиликларини осон енгади. Мўмин кишининг иши ажойиб, у ҳеч қачон ютқазмайди. Яхшилик келса – шукр қилади, савоб олади. Бошига синов келса – сабр қилади, яна савоб олади. Банда Аллоҳ таолонинг зикридан ва шукридан ғофил қолса, шайтон унинг қалбига васваса қила бошлайди. Қачон Аллоҳнинг зикрини қилса, ортга чекинади. Аллоҳ таоло бизга бу дунё қийинчиликларини қандай енгиб ўтиш йўлини кўрсатди:
وَاسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلَاةِ وَإِنَّهَا لَكَبِيرَةٌ إِلَّا عَلَى الْخَاشِعِينَ
яъни: “(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз. Дарҳақиқат, у (намоз) оғир ишдир. Илло, итоатли (хокисор) кишиларга (оғир) эмас” (Бақара сураси, 45-оят).
Қийинчиликларга дуч келинганда Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда келган дуоларни лозим тутиш керак. Дуо ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:
وَذَا النُّونِ إِذْ ذَهَبَ مُغَاضِبًا فَظَنَّ أَنْ لَنْ نَقْدِرَ عَلَيْهِ فَنَادَى فِي الظُّلُمَاتِ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ
яъни: “Зуннун (Юнус)нинг (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унга қарши чиқа олмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғи зулматлар ичра: «Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим», – деб нидо қилган (пайтини эсланг!)” (Анбиё сураси, 87-оят).
Кейинги ояти каримада эса юқоридаги дуони қабул қилгани айтилади:
فَاسْتَجَبْنَا لَهُ وَنَجَّيْنَاهُ مِنَ الْغَمِّ وَكَذَلِكَ نُنْجِي الْمُؤْمِنِينَ
яъни: “Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз” (Анбиё сураси, 88-оят).
Уламоларимиз мана шу оятга мувофиқ кимнинг бошига иш тушса, «Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим» (Анбиё сураси, 87-оят) дуосини кўп айтсин, дейишади. Яна истиғфор (“астағфируллоҳ” калимаси)ни кўп айтиш ҳам камбағаллик, бефарзандлик ва қурғоқчилик каби муаммоларни кетказишига Қуръони каримда ишоралар бор.
Албатта, бу масалада диний тарбиянинг ўрни муҳим. Фарзандларга динимиз асослари, ибодатнинг маъноси, гуноҳ-савоб, ҳалол-ҳаромни оиладан ўргатиб боришимиз керак. Уларнинг олдига юксак марралар ва мақсадлар қўйиб, ўша томонга етаклашимиз, керакли ёрдамни беришимиз керак. Яна уларни турли зарарли одатлардан сақласак, бўш вақтларини билим ўрганиш, спорт билан шуғулланишга сарфласак, натижа яхши бўлади.
Хулоса шуки, мўмин-мусулмон киши доимо Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, азобидан қўрқиши керак. Ана шунда унинг имони саломат бўлади, шайтон васвасаларидан омонда бўлади. Яна бир муҳим жиҳати – доимо олим кишилардан панд-насиҳатлар эшитиш ва солиҳ кишилар, соғлом табиатли одамлар билан дўстлашиш, улар билан бирга бўлишдир. Бу ишлар кишининг руҳиятини тетик ва яшовчан қилади.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг фиқҳий масалалар қисмида саждада оёқнинг ердан узилиши ҳақида баён қиламиз. Саждада икки оёқ бармоқларини ерга теккизиб туришни кўпчилик ҳанафий уламоларимиз вожиб амал дейдилар. Бунга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари далил бўлади:
"أُمِرْتُ أَنْ أَسْجُدَ عَلَى سَبْعَةِ أَعْظُمٍ: الْجَبْهَةِ - وَأَشَارَ بِيَدِهِ عَلَى أَنْفِهِ - وَالْيَدَيْنِ وَالرِّجْلَيْنِ وَأَطْرَافِ الْقَدَمَيْنِ"
رواه الإمام البخاري والإمام مسلم عن عبدالله بن عباس رضي الله عنهما
яъни: “Етти аъзо билан сажда қилишга буюрилдим. Улар: пешона (дея қўллари билан бурунга ишора қилдилар), икки қўл, икки тизза ва икки оёқнинг бармоқлари” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бошқа ривоятда эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
"إِذَا سَجَدَ الْعَبْدُ سَجَدَ مَعَهُ سَبْعَةُ أَطْرَافٍ: وَجْهُهُ وَكَفّاهُ وَرُكْبَتَاهُ وَقَدَمَاهُ"
رواه الإمام مسلم عن عباس ابن عبد المطلب رضي الله عنهما
яъни: “Банда сажда қилганда у билан еттита аъзо сажда қилади: юзи, икки кафти, икки тиззаси ва икки қадами”, – деганлар (Имом Муслим ривояти).
Уламоларимиздан Имом Қудурий ва Имом Фахриддин Қозихон: “Саждада оёқларни ерга қўйиш фарз амал саналади. Агар сажда асносида ҳар икки оёқ ердан узилса, намоз бузилади”, – дейишган. Мўътабар фатво китобларимиздан яна бири “Фатавои ҳиндийя”да ҳам ушбу маъно қуйидагича таъкидланган:
وَلَوْ سَجَدَ وَلَمْ يَضَعْ قَدَمَيْهِ عَلَى الْأَرْضِ لَا يَجُوزُ وَلَوْ وَضَعَ إحْدَاهُمَا جَازَ مَعَ الْكَرَاهَةِ إنْ كَانَ بِغَيْرِ عُذْرٍ
яъни: “Намозхон сажда қилсаю, оёқларини ерга қўймаса, жоиз бўлмайди. Агар сабабсиз икки оёғидан бирини қўйса, макруҳлик билан намози дуруст бўлади”.
Сажда қилганда оёқ бармоқлари Қибла тарафга имкон қадар йўналтирилиши – суннат. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом сажда қилганларида муборак оёқларининг муборак бармоқлари Қиблага қаратилган бўлар эди. Бу ҳақида Абу Ҳумайд разияллоҳу анҳу шундай деганлар:
أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا سَجَدَ وَضَعَ يَدَيْهِ غَيْرَ مُفْتَرِشٍ وَلاَ قَابِضِهُمَا وَاسْتَقْبَل بِأَطْرَافِ أَصَابِعِ رِجْلَيْهِ الْقِبْلَةَ
رواه الإمام البخاري
яъни: “Набий алайҳиссалом сажда қилганларида икки қўлларини ёймасдан ва йиғмасдан (ўз ҳолича) ерга қўярдилар. Оёқ бармоқларини Қибла томонга қаратардилар” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, намозхон сажда қилганда оёларини ердан узмасликка эътиборли бўлиши лозим. Акс ҳолда намозига путур етиши мумкин.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлида собитқадам қилсин ва хайрли ишларга йўлласин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “МУСУЛМОННИНГ МУСУЛМОН УСТИДАГИ ҲАҚЛАРИ” мавзусида бўлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан