Давоми
Муҳожирлар кўп икромларга ноил бўлиб, Нажоший ҳимоясида яшадилар. Уларга истаганларидай ҳаракат ва ибодат эркинлиги берилган эди. Кунларнинг бирида Макка мушрикларининг мусулмон бўлгани ҳақида ёлғон хабар келди. Буни эшитиб, ҳасрат чекаётган баъзи муҳожирлар, оилаларига қовушиш орзуси билан орқага қайтмоқчи бўлдилар. Бир қисми эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтишга рухсат бергунларига қадар шу ерда қолишга қарор қилдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ва Руқайя розияллоҳу анҳо ҳам Маккага кайтганлар билан бирга эдилар. Ватан тупроқларига қадамлари етар-етмас, болалик ва ёшлик йиллари ўтган ерларни кўриб, уларнинг кўзлари севинч ёшларига тўлди. Руқайя розияллоҳу анҳо узоқ айрилиқдан сўнг онасини зиёрат қилиш учун ота уйига ташриф буюрди. Бироқ онасини кўролмади. Ҳамма жим эди, ҳеч ким жавоб бермасди. Аммо кўз ёшларини тутиб туролмадилар. Оқаётган кўзёшлар унга энг тўғри жавобни берган эди. Руқайя розияллоҳу анҳо ҳам йиғлади. Бу мусибат ҳам Аллоҳ таолонинг қазо ва қадари эди. Бу аламга ҳам бир мўмина каби сабр этди. Руқайя розияллоҳу анҳонинг Маккада қолиши узоққа чўзилмади. Мушрикларнинг тазйиқи кундан-кун ортиб борарди. Мусулмонлар Мадинага ҳижрат этдилар. Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам улар билан бирга эдилар. Руқайя розияллоҳу анҳога олам-олам қувонч келтирган ўғли Абдуллоҳ Мадинада туғилди. Руқайя бу фарзандни ўтган кунлардаги мусибат, озор ва исканжалар бадалига берилган мукофот дея қабул этди. Лекин мўмин киши доимо имтиҳон қилинади, унга балолар юборилиб, синалади.
«У сизларнипг қайсиларингиз чиройлироқ — яхшироқ амал қилгувчи эканингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир. У қудратли ва мағфиратлидир» (Мулк, 2).
Гўдак беланчакда ухлаётганида бир хўроз юзини чўқиб олди. Яраси оғирлиги учун бир неча кундан сўнг ўлди. Руқайя розияллоҳу анҳо бу мусибатнинг оғирлигига чидай олмади, ҳушидан кетди. Иситмаси кўтарилиб, безгакка чалинди. Суюкли эри Усмон розияллоҳу анҳу унинг ёнидан ҳеч айрилмади. Ғам-қайғуни енгиллатиши учун Аллоҳ таолога тинмай дуолар қилди. Мадинада ансор ва муҳожирлар Шомдан қайтаётан қурайшийларга қарши ҳужумга тайёрланаётган эдилар. Усмон розияллоҳу анҳу ҳам жангга чиқмоқчи бўлди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга хаста завжаси Руқайя розияллоҳу анҳонинг ёнида қолишни буюрдилар.
Руқайя розияллоҳу анҳонинг аҳволи оғирлашиб борарди. Касаллик кучайди. Ниҳоят, дудоқлар орасидан чиқаётган нафас узилиб қолди. Руҳ танни тарк этган эди.
Севимли ёридан айрилиб қолган Усмон розияллоҳу анҳу унинг пешона ва қўлларидан ўпиб, аста юзини ёпар экан, Бадрдан келган чопар мусулмонларнинг зафарини эълон қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмон розияллоҳу анҳунинг уйига кирдилар. Руқайя розияллоҳу анҳонинг ўлими ҳақидаги хабар қаттиқ таъсир этган эди. Руқайя розияллоҳу анҳонинг хонасида йиғлаб ўтирган неваралари Фотимани шафқат ила охиста ўрнидан турғазиб, енглари билан кўз ёшларини артдилар.
Ҳозир бўлган аёллар ўзларини тутолмай, йиғлаб юбордилар. Умар розияллоҳу анҳу қамчиси билан уларни урмоқчи бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қўлидан ушлаб: «Кўздан ва қалбдан нима келса, Аллоҳдан, Унинг марҳаматидандир. Қўл ва тилдан бўлса, шайтондандир», деб уни қайтардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бақиъ қабристонига бориб қизлари Руқайя розияллоҳу анҳонинг ҳаққига дуо қилдилар. Қабр устига ўз қўллари билан тоза тупроқ ташладилар. Сўнг яна ортга қайтдилар. Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ҳижрат соҳиби бўлган қизлари Руқайя розияллоҳу анҳодан Аллоҳ таоло рози бўлсин. Иймони, ҳижрати ва ҳаёти давомида кўрган мусибатлари учун энг гўзал шаклда ажр-мукофотлар берсин. Муслима опа-сингиллармиз эса Руқайя розияллоҳу анҳо каби оналаримиздан ибрат олиб яшасин!
Саидаброр Умаров
"Макка бўлмаганида сени ташлаб кетмас эдим!!!"
Мадина! Сенга йиллар талпингандик, соғингандик, сени ҳажрингдан кўз ёшларимизни тўккандик. Сени севмаган мўмин борми дунёда, сенга интилмаган муслим борми дунёда.
Сени гоҳо тушларимизда кўрардик, бу тушлардан ҳеч-ҳеч уйғонгимиз келмасди, сени нега яхши кўрамиз, сени нега юракдан севамиз!?
Чунки сенда энг яхши кўрганимиз, суюклигимиз, соғинганимиз, сени шарафлантирган Расулуллоҳ алайҳиссалом борлар!
Чунки сенда биз дунёга келмасимиздан туриб бизни соғинган, бизни яхши кўрган Зот бордир.
Чунки сенда, охирга нафасларида ҳам "умматим, умматим" дея ғариб умматларини ҳолидан ташвишланган Зот бордир.
Яна сенда, агар Расулуллоҳ алайҳиссалом айтган бўлсалар мен ҳаммасига ишондим дея Сиддиқ мақомини топган Зот бордир, Расулуллоҳ алайҳиссаломни амакиси иймонга келишини яхши кўрган, Расулуллоҳ сут ичганларида чанқоғи босилган Абу Бакр розияллоҳу анҳу бордир.
Яна сенда, юрган кўчасидан шайтон қочган, сўзларини Қуръон тасдиқлаган, "Умар хато гапирди" дея олган Амирул мўминийн бордир.
Яна сенда фаришталар ҳаё қилган Зуннурайн Ҳазрати Усмон, вафоти Расулуллоҳни кўзларини ёшлатган ўғли Иброҳим, қизлари Умму Кулсум, Руқайя, Фотима, Азвожу мутоҳҳарот оналаримизни ва яна ўн минга яқин саҳобани бағрига олган Жаннатул Бақеъ бордир.
Бизни яхши кўрадиган, биз уни яхши кўрадиган, Саййиди шуҳада Ҳазрати Ҳамзани бағрига олган Уҳуд тоғи бордир.
Яна сенда, тақво асосида барпо қилинган, унда ўқилган икки ракаат намозга умрани савоби бериладиган Масжидил Қубо бордир.
Сендаги фазилатларни санасам тугамайди. Сенда саҳобаларни излари бордир, Расулимизни ҳидлари бордир.
Аллоҳга ҳамд бўлсинки, ошиқ маҳбубига етганидек сени висолингга етдик, суюклигимиз живорига келдик, яхши кўрганларимиз бўйларига тўйдик.
Сендан ҳеч кетгим келмайди, Мадина!
Чунки, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки Мадинада вафот эта олса, унда вафот этсин. Чунки, унда вафот этган кишини шафоат қиламан” дедилар” (Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан Имом Термизий ривояти).
Мадина! Макка бўлмаганида сени ташлаб кетмас эдим!!!
ТИИ “Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчиси Адҳам Юсупов