Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсиз?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафрат (боиси)дир” (Саф, 2-3).
Оятда кўриниб турибдики, илмга амал қилмаслик Аллоҳнинг нафратига сабаб бўлар экан. Илмга амал қилмаслик, айтганларини аввал ўзи бажармаслик катта гуноҳ, ор ва шармандаликдир.
Илмга амал қилмасликнинг бир қанча сабаблари бор. Қуйида уларни бирма-бир кўриб чиқамиз.
1. Амал қилишга ундайдиган етарли даражада илм бўлмаслиги.
Қуръони карим амал қилиш учун нозил қилинган. Саҳобалар илмни амал қилиш учун ўрганар эдилар. Ушбу ҳадисларга диққатимизни қаратсак, ҳаммаси ойдинлашади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дедилар: “Менга бир дуо ўргатинг, у билан намозимда дуо қилай”. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Эй Аллоҳим, мен ўз нафсимга катта, Қутайба “кўп” деган, зулм қилдим. Гуноҳларни фақатгина Сен мағфират этасан. Ҳузурингдаги мағфират ила мени кечиргин ва менга раҳим қилгин. Албатта, Сен гуноҳларни кўплаб кечирувчи ҳамда ўта раҳимли Зотсан” деб айт” дедилар”. Муслим ривояти.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши дедилар: “Мен Набий алайҳиссаломдан “Эй Аллоҳнинг Расули, бандани жаннатга яқинлаштирувчи амал қайси?” деб сўрадим. У зот: “Ўз вақтида ўқилган намоз” дедилар. Мен: “Кейинчи, эй Аллоҳнинг Расули?” дедим. У зот: “Ота-онага яхшилик қилиш” дедилар. Мен: “Яна нима, эй Аллоҳнинг Расули?” дедим. У зот: “Аллоҳ йўлида жиҳод” деб жавоб бердилар”. Муслим ривояти.
Бу ҳадисларга яхшилаб эътибор берсак, барча саҳобаларнинг Пайғамбар алайҳиссаломдан амал қилиш мақсадидагина савол сўраганларига гувоҳ бўламиз. Дарҳақиқат, барчамиз илмни фақатгина унга амал қилиш мақсадидагина ўрганишимиз кераклигини тушуниб олишимиз лозим. Қуръонни ҳам унга амал қилиш мақсадида ўқишимиз керак. Зеро, ундаги буйруқ ва қайтариқлар бизга қарата айтилган, биздан бошқаларга эмас. Қолаверса, билганига, ўқиганига амал қилиш кишида яхшиликни ва сабот (мустаҳкамлик, пухталик)ни зиёда қилади. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилади: “Борди-ю, улар айтилган насиҳатларга мувофиқ иш қилганларида эди, ўзлари учун яхшироқ ва (имонлари) мустаҳкамроқ бўлур эди” (Нисо, 66). Демак, амал инсоннинг иймонини, илмини мустаҳкамлар экан.
2. Тарбиянинг заифлиги.
Мусулмон болага уйда, мактаб-мадрасада ва жамиятнинг бошқа барча манзилларида заиф тарбия берилса, бу ҳам амал қилишнинг сусайишига сабаб бўлади. Баъзи хонадонларда солиҳ ота-она фарзандига чиройли тарбия беради, илмга амал қилишда, аввало, ўзлари намуна бўлишади. Айрим хонадонларда эса, вазият умуман ночор. Мактаб-мадрасалар ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Баъзи мадрасаларда таълим бераётган мударрису устозлар ўқувиларга ўргатаётган нарсаларига олдин ўзлари амал қилишади. Буни кўрган талабалар ҳам уларнинг изида боришади. Айримларида эса, аҳвол анча ачинарли.
3. Амалга бериладиган ажру мукофотларни билмаслик ҳам унга нисбатан сусткашликни келтириб чиқаради.
Нима учун Аллоҳ таоло бизга ажрларни маълум қилди? Албатта, амал қилсинлар деб. Борди-ю сизга бир киши “Агар мана бу ишни қилсанг, лавозимингни ошириб, даражангни кўтараман” деса, сиз ўша ишни қилишга дарҳол киришиб кетган бўлар эдингиз. Ҳадисларда амалларга бериладиган ажрлар кўплаб келган бўлиб, улар бизни амал қилишга қизиқтиради. Абдураҳмон ибн Абу Амрадан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Бир куни Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу шом намозидан кейин масжидга кириб, бир ўзлари ўтирган эдилар. Мен ҳам у кишининг олдиларига бориб, ўтирдим. Шунда у киши дедилар: “Эй биродаримнинг ўғли, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай деганларини эшитганман: “Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, гўё кечанинг ярмини ибодат билан ўтказгандек савобга эга бўлади. Кимки бомдодни жамоат билан ўқиса, кечанинг ҳаммасини ибодат билан ўтказганнинг савобига эришади”. Яна шундай амаллар ҳам борки, уларни қилган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади. Усмон розияллоҳу анҳунинг мавлолари Ҳумрондан ривоят қилинади, у киши Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг бир идишда сув келтиришларини сўраганини, сув келгач, икки кафтига сувни уч бор қуйиб уларни ювганини, кейин ўнг қўлини идишга киритиб, ундан сув олиб, у билан оғиз-бурунларини ювганини, кейин юзини уч бор, икки қўлини тирсаклари билан қўшиб уч бордан ювганини, кейин бошига масҳ тортганини, охирида эса, икки оёғини уч бордан ювганини, таҳоратдан сўнг “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимки менинг мана шу таҳоратимдек таҳорат олса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унда нафси ила гаплашмаса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” деганларини кўрган. Бухорий ривояти. Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Ким таом еб бўлгач: “Ўзимнинг ҳеч қандай ҳаракатим ва қувватимсиз менга ушбу таомни едирган ва у билан мени ризқлантирган Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, ўтган гуноҳлари кечирилади”. Термизий ривоят қилган ва “Бу ҳадис ҳасан” деган.
4. Мустаҳаб ва нафл ибодатларга қизиқмасдан, фақатгина фарз ва вожиблар билан чекланавериш амалнинг сусайишига сабаб бўлади.
Нима мустаҳабларда ажр йўқми? Сизга қўшимча ажр керак эмасми? Нега бизнинг ҳаётмизда суннату мустаҳабларнинг мартабаси пасайиб боряпти? Баъзи толиби илмлар, янги ибодатга кирган ёшлар бошида динга, ибодатларга ҳарис бўлишади. Катта-ю кичик амалларнинг барчасини қилишга ҳаракат қилишади. Ичимликни суннатга мувофиқ ўтириб ичишади, намозда сутрага жиддий эътибор беришади. Кейинчалик эса, бу каби нарсаларга нисбатан сусткашлик пайдо бўлади. Улардан бунинг сабабини сўрасангиз, бундан ҳам муҳим амаллар, фарз ва вожиботлар борлигини айтишади. Тўғри, фарз ва вожиб амаллар биринчи галда қилиниши лозим. Аммо, улардан кейинги ўринда турадиган суннат ва мустаҳабларни қилиб, уларнинг савобидан баҳраманд бўлишга ҳиммат йўқми? Нима учун суннатларга бепарволик кучайиб боряпти? Суннатни ўрганиб, уни ҳаётга татбиқ этишга ҳарис бўлган саҳобалардан ўрнак олиш қаерларга кетиб қолди?
Зиёд ибн Жубайрдан ривоят қилинади: “Ибн Умар розияллоҳу анҳу бир кишининг олдига борганларини кўрдим. У одам туясини сўйиш учун чўктирган эди. Ибн Умар унга: “Туянгни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига биноан тик турғизиб, боғланган ҳолда сўй” дедилар”. Бухорий ривояти.
Саҳобалар суннатга бутун умр вафо қилиб яшашган. Қуйидаги ривоят сўзимизга ёрқин далил бўлади.
Абу Рофеъдан ривоят қилинади: “Мен Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан хуфтон намозини ўқидим. У киши “Изас самааун шаққот” сурасини ўқидилар ва унда сажда қилдилар. Мен у кишидан: “Бу қандай сажда?” деб сўрадим. У киши: “Мен Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларида шу сурада сажда қилган эдим. Шундан бери то у зотга йўлиққунимча сажда қилавераман” дедилар”. Бухорий ривояти.
5. Муҳитнинг таъсири.
Инсон илмга кам амал қилинадиган муҳитда яшаса, атрофидагилар амал қилиш билан эмас, балки, ўрганган илмлари устида баҳсу мунозара қилиш, уни фақатгина ривоят қилиш билан вақтларини ўтказадиган бўлсалар, бу жамиятда яшайдиган киши ҳам шулардан таъсирланмай иложи йўқ. Бугунги фитна, фаҳш ва гуноҳлар бемалол содир этиладиган замонда илмга амал қилиш борасида барчага намуна бўладиган етакчининг ўрни каттадир. Акс ҳолда инсон номақбул муҳитнинг таъсиридан қутулиши жуда-жуда қийин бўлади.
Аллоҳ таоло Сабаъ маликаси Билқис ҳақида шундай марҳамат қилади: “Уни эса Аллоҳни қўйиб ибодат қилган нарсаси (мусулмон бўлишдан) тўсгандир. Чунки у кофирлар қавмидан эди” (Намл, 43).
Билқисни Аллоҳга ибодат қилишдан нима тўсди? Ибодат қиладиган бут-санамлари, сиғинадиган қуёши. Нима учун ўша қуёш уни Аллоҳдан тўсиб қўйди? Чунки, Билқис кофирлар қавмидан эди. Уларнинг орасида яшарди. Шунинг учун у ҳам кофир, мушрик бўлди. Ақлли, фаросатли бўлишига қарамасдан ўзи яшаб, раҳбарлик қилиб турган халқ ва муҳит таъсирига тушиб қолди. Сулаймон алайҳиссаломнинг олдиларига келгандагина исломни қабул қилди.
6. Илмни ҳаётга татбиқ қилиш, унга амал қилишда воқеликдан узоқлашиб кетиш.
Толиби илм худди ўлжасига ташланган шердек ибодатларга ўзини уради. Фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб ва бошқа барча амалларни қилишга ўта иштиёқманд ва ҳарис бўлади. Тоқат қилиб бўлмайдиган даражада кўп амал қилади. Вазият шу даражага етадики, бир оғирроқ амални қилишга тўғри келиб қолганда, ўзини қийнаб қўяди. Мана шунда ибодатнинг савобларини кетказиб қўювчи малоллик, ёқтирмаслик каби ноқулай ҳолатлар вужудга келади. Охирида у йигит қилиниши зарур бўлган ибодатлардан ҳам узилиб қолади.
Абу Аббосдан ривоят қилинади, у киши дедилар: “Мен Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг шундай деганларини эшитганман: “Менга бир куни Набий алайҳиссалом: “Эшитишимча, сен кечалари ухламай ибодат қилиб, кундузлари доим рўза тутар эмишсан?” дедилар. Мен: “Ҳа, Аллоҳнинг Расули, шундай қиламан” дедим. Шунда у зот: “Агар сен шу тарзда ибодат қилаверсанг, кўзинг толиқиб, нафсинг чарчаб қолади. Зеро, нафсингни сенда ҳақи бор, аҳлингни ҳам ҳақи бор. Шундай экан, рўза тут, оғзинг очиқ ҳам бўлсин, кечаси ибодат ҳам қилгин, ухлагин ҳам” дедилар”. Бухорий ривояти. Бу ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом умматларини ибодатда иқтисодли бўлишга ундамоқдалар. Токи нафс малолланиб қолиб, ибодатларнинг савоби кетиб қолмасин.
7. Охират, жаннат, дўзах, ҳисоб-китоб, мезон ва бошқа нарсаларга бўлган иймонимиз заифлигидан амалларга сустлик қиламиз.
Шунинг учун ҳам гоҳида Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг барча молларини садақа қилганларига, Ҳазрати Умарнинг мол-дунёларининг ярмини садақа қилганларига ҳайрон бўлиб, ишонқирамай қараймиз. Уларни ақлимиз лол қоладиган даражада бу каби садақалар қилиб, динга жонларини фидо этишларига сабаб нима? Албатта, сабаб уларнинг қалбларидаги жаннат, дўзах, ҳисоб-китоб ва бошқа Аллоҳ тақводорлар учун тайёрлаб қўйган мукофотларга кучли иймон келтирганларидир. Бизда ҳам шу каби нарсаларга бўлган иймонимиз мустаҳкам ва кучли бўлса, амалимиз ҳам шунга яраша бўлади.
8. Қуръон ва Суннатга заиф боғланиш ҳам илмга амал қилишни сусайтиради.
Нима учун Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо Умму Айман розияллоҳу анҳони зиёрат қилгани боришганда у киши йиғладилар? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёда боқий қолишларини истаганларидан йиғладилар. Тўғри, у киши Аллоҳнинг ҳузурида Пайғамбар алайҳиссаломга тайёрлаб қўйилган мукофотларни билардилар, лекин у зот (с.а.в.)нинг вафотлари билан ваҳий тўхтаб қолган эди. Шунга йиғладилар. Бу Қуръон ва Суннатга боғланишнинг ёрқин намунасидир.
9. Орзуларнинг кўплиги ва узунлиги ҳам амалнинг камайишига таъсир кўрсатади.
Аллоҳ таоло узундан-узун орзу қилувчилар ҳақида шундай дейди: “Албатта, Биз билан мулоқотда бўлишни кутмай, дунё ҳаёти билан қаноатланган ва у билан (дили) таскин топганлар ҳамда оятларимиздан ғофил бўлган (кофир)лар, ана ўшаларнинг жойлари – қилмишлари туфайли – дўзахдир” (Юнус, 8).
“Эҳ, қанийди...”, “Кошки эди...” деган сўзлар билан вақтларимиз беҳуда совурилиб, амал қилишга бепарво бўлиб қоляпмиз. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бир ишга машғул бўлишингдан аввал бўшлигингни ғанимат бил”, бошқа бир ҳадисда эса: “Амалларга шошилинглар!” деганлар.
10. Шайтон бизларни амал қилишдан тўхтатишга жуда ҳарисдир.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки хислат бор. Қайси бир мусулмон банда ўша ишларни доимо қилиб юрса, жаннатга киради. У иккисини қилиш осон, аммо қиладиганлар кам. Биринчиси: ҳар намоздан кейин ўн марта тасбеҳ, ўн марта таҳмид, ўн марта такбир айса, тилда 150 та, тарозуда 500 та бўлади; иккинчиси: уйқусига ётаётганда 34 марта такбир, 33 марта таҳмид, 33 марта тасбеҳ айтса, тилда 100 та, тарозуда эса, 1000 та бўлади” дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўша зикрларни қўллари билан санаб бажараётганларини кўрдим. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, қандай қилиб у иккисини қилиш осон-у, қиладиганлар кам?” деб сўрашди. Шунда у зот: “Тўшакка ётганингизда шайтон келиб, уларни айтмасингиздан олдин ухлатиб қўяди. Намозда ҳам келадида, ўша зикрларни айтишингиздан олдин бир ҳожатингизни эслатади. Натижада зикрларни эсингиздан чиқарасиз” дедилар”. Абу Довуд ривояти.
Муолажа йўллари
1. Илмнинг қимматли нарса эканлигини ҳис этиш.
Ўтган уламолар илмни улкан хазина деб билишар эди. Шунинг учун ҳам унинг қадрига етиб, илмни амал қилиш билан мустаҳкамлар эдилар. Биз эса бугунги кунда кўп илм оламиз. Хоҳ дунёвий илм бўлсин, хоҳ диний илм бўлсин, ҳаммасини эгаллаймиз. Аммо амал қилишга келганда эса дангасаликка, сусткашликка йўл қўямиз. Чунки биз улкан хазинани қўлга киритганимизни тушуниб етмаймиз. Хазина дейилса бизнинг хаёлимизга фақат олтину кумушларга лиқ тўла сандиқ ёки кўза келади.
2. Ўтган уламоларнинг ояту ҳадисларга қанчалик амал қилганларини тафаккур қилиш ҳам кишида ҳимматни уйғотиб, амал қилишга ундайди.
Марвазий айтади: “Менга Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтган эди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор ҳадисни эшитадиган бўлсам, уни китобимга ёзишдан аввал ўзим амал қилардим. Бир куни “Набий алайҳиссалом қон олдирдилар ва Абу Тийбага бир динор бердилар” деган ҳадисни эшитиб қолдим. Уни китобимга ёзишдан аввал ўзим ҳам бир динорга қон олдирдим” дедилар”.
3. Уйда ота-оналар фарзандларига, мактаб-мадрасаларда, олийгоҳларда устозлар шогирдларига илмга амал қилишни ўргатишлари, бу борада ўзлари намуна бўлишлари лозим ва лобуддир.
Бировга яхшиликни, одоб-ахлоқни ўргатаётган инсон, аввало, ўзи амал қилиб, кейин уни бошқаларга ўргатмаса, унинг барча ҳаракатлари бефойда кетади. Ўзи амал қилмайдиган кишининг сўзида таъсир бўлмайди. Ўша одамнинг ўзи амал қилмаслигини бошқалар билиши шарт эмас. Барибир таъсири сезилмай қолаверади. Шунинг учун устоз шогирдларига сўз билан ҳам, амал билан ҳам ибрат бўлиши матлубдир.
4. Аллоҳдан илм билан бирга амални ҳам беришини сўрашимиз лозим.
Абу Бакр ибн Арабий айтади: “Мен ҳижрий 489 йили Маккада турдим. Шу пайтда замзам сувидан тўйиб-тўйиб ичдим. Ҳар сафар ичаётганимда илм ва иймонни зиёда қилишини ният қилиб ичдим. Унинг баракаси билан Аллоҳ менга илм эшикларини очиб қўйди. Замзамни амал нияти билан ичишни унутибман. Эҳ, қанийди ўшанда илм ва амални ният қилиб ичганимда эди, Аллоҳ илм билан бирга амални ҳам берган бўлармиди. Мен илмдан ҳам кўпроқ амални танлайман”.
Аллоҳдан фойдали илм беришини ва ўша илмга қўшиб амал қилиш неъматини ҳам ато этишини сўраймиз.
Нозимжон Ҳошимжон
Энг кўп қандай дуо қиласиз?
Марвазий: “Энг кўп қайси дуони қиласиз?”.
Имом Аҳмад: “Аллоҳ таоло бизни одамлар ўйлаганларидек солиҳлардан қилсин ва биз ҳақимизда билмаганларини мағфират этсин”[1].
Қандай тонг оттирдингиз?
Имом Аҳмад Аллоҳдан қаттиқ қўрқарди, Унинг азоби ва иқобидан доимо хавфдан бўларди.
Кунларнинг бирида талабаларидан бири Нажийб Марвазий устозининг ҳолидан хабар олиш учун унинг олдига кириб: “Қандай тонг оттирдингиз?” деб сўради.
Имом Аҳмад лаблари титраб: “Роббиси фарз ибодатларни, Набийи суннат амалларни, фаришталар солиҳ амалларни, иблис фаҳш ишларни, ўлим фариштаси жон олишни, аҳли-аёли нафақасини талаб қилган ҳолда тонг оттирдим”.
Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Халиф Восиқнинг ҳузурига кирди.
Имом Аҳмад: “Ассалому алайкум, эй мўминлар амири”.
Восиқ: “Сенга Аллоҳнинг саломи бўлмасин”.
Имом Аҳмад: “Эй мўминлар амири, жуда беодоб экансиз. Ахир Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай буюрган-ку: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз” (Нисо сураси, 86-оят).
Аллоҳга қасамки мен учун бундан гўзалроқ ва яхшироқ нарса йўқ.
Имом Аҳмад: “Қуръон ҳақида нима дейсиз?”.
Восиқ: “Махлуқ”.
Имом Аҳмад: “Қуръон махлуқ эмаслигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ҳазрат Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳум билишган-ку?! Ёки улар билмаган деб ўйлайсиз-ми?”.
Восиқ: “Улар билишмаган”.
Имом Аҳмад: “Субҳаналлоҳ! Набий алайҳиссалом, хулафои рошидийн розияллоҳу анҳум билмаган нарсани сиз биласиз-ми?”.
Халифа бироз хижолат бўлиб: “Билишган, аммо одамларни унга даъват этишмаган”, деди.
Имом Аҳмад: “Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?”.
Шундан сўнг, Восиқ ўзи ёлғиз ўтирадиган хонасига кириб кетди. Имом Аҳмад айтган гапларни ҳаёлидан такрор-такрор ўтказди. Ниҳоят, унга айтилган гапларнинг ростлиги аён бўлди. Халифа дарҳол ўрнидан туриб, имомдан кишанларни ечишни, тўрт юз динор танга беришни ҳамда озод қилишни буюрди.
Ғийбатчини афв этди
Мўминлар амири Мутаваккил Имом Аҳмадни кўп ғийбат қилувчи бир кишини тутиб олди. Ва имомга: “Агар истасанг ўзим унинг адабини бераман, хоҳласанг уни сенга бераман”, деди.
Имом Аҳмад: “Уни кечирдим”, деди.
Мутаваккил: “Наҳотки, сени шунча ғийбат қилиб, чақимчилик қилган одамни кечирсанг?!” деди.
Имом Аҳмад: “Эҳтимол, унинг ёш фарзандлари бўлса, уларга бундан махзунлик етади”[2].
Мукофоти Аллоҳнинг зиммасида
Кеч тушди. Атрофни зимистон эгаллади. Имом Аҳмад уйғониб, кун ёришгунча хўнграб йиғлади. Шогирдларидан бири: “Устоз нима сабабдан кечаси кўп йиғладингиз?” деб сўради.
Имом Аҳмад: Муътасимнинг берган азоблари Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини тиловат қилганимда ёдимга тушди: “(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас” (Шуро сураси, 40-оят).
Шунда Аллоҳга сажда қилиб уни кечиришини дуо қилиб сўрадим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари
Фазл ибн Робиънинг фарзандлари зиндонда ётган Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳни кўргани келишди. Имом Аҳмадга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларидан учта тола беришди. Буни кўрган имомнинг кўзлари ёшга тўлди. Чуқур-ҳурмат ва эҳтиром билан сочларни кўзларига суртди. Агар имом бемор бўлса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларини сувга солиб ичар ва тезда тузалиб кетарди.
Имом Аҳмад вафотидан олдин: “Вафот этсам, икки кўзимга ва тилимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч толаларини қўйинг!” деб васият қилди. Имом оламдан кўз юмганда унинг васияти бажарилди.
Ношукрлик бўлади
Фаҳиқлар имоми, муҳаддислар шайхи Имом Аҳмадга беморлик етди. Тўшакка михланиб қолди. Оғриқнинг азобидан имом “оҳ, оҳ” деб инграрди.
Шунда унга: “Товус ибн Кайсон раҳматуллоҳи алайҳини беморни инграши ношукрлик бўлади деб айтгани эслатилди”.
Шундан сўнг, Имом Аҳмаднинг то вафот этгунига қадар бирорта овози чиқмади[3].
Фақат сажда қиларди
Кеч тушди. Имом Аҳмаднинг шогирди Сулаймон ибн Абу Матор уйқуга кетди. Устози унга кечаси туриб таҳорат олиши учун сув тайёрлаб қўйди.
Тонгда отди. Имом Аҳмад сув ишлатилмаганини билди. Шунда у: “Субҳаналлоҳ, ахир талабани кечаси бажарадиган вазифаси (вирди) йўқ-ми?” деди насиҳат овозда.
Шогирди Сулаймон: “Мусофирман-ку”, деди.
Имом Аҳмад: “Мусофир бўлсанг ҳам! Масруқ ҳаж ибодатини адо этганда, ҳар кечани ибодат билан ўтказган эди”, деди[4].
Қайтаришни ният қилганман
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ дўстидан икки юз дирҳам қарз олди. Бироз муддат ўтгандан сўнг Имом Аҳмад қарзини қайтарди. Шунда дўсти: “Сендан бу пулларни қайтариб олиш ниятим йўқ эди”, деди.
Имом Аҳмад қатъиятлик билан: “Лекин мен қайтариб беришни ният қилганман”, деб қарзини узиб, жўнаб кетди.
Икки ярим миллион жамоат қатнашган жаноза
Имом Аҳмад бемор бўлганларида бутун Ислом олами ташвишга тушди. У киши яшаётган шаҳар одамга тўлиб, юриб бўлмай қолди. Миршаблар фақат Имомнинг ўзлари истаган одамнигина кўришга қўйишар эдилар.
Имом Аҳмад ҳижрий 241 сана 12 робиъул аввал жума куни вафот этдилар. Жанозаларига келган жамоат масжидларни, кўчаларни тўлдириб юборди.
Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, у зотнинг жанозаларига икки ярим миллион одам қатнашган.
Аллоҳ таоло улуғ имомни раҳмат этсин, Ислом ва мусулмонлар учун қилган хизматларини муносиб мукофотласин[5].
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Маноқибул Имом Аҳмад. 251.
[2] Маноқибул Имом Аҳмад. 318.
[3] Маноқибул Имом Аҳмад. 353.
[4] Маноқибул Имом Аҳмад. 191.
[5] Маноқибул Имом Аҳмад. 361.