Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Ашуро» сўзи луғатда «ўнинчи кун» деган маънони билдиради. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро номи билан машҳур бўлган.
عَنِ الْحَكَمِ بْنِ الْأَعْرَجِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: انْتَهَيْتُ إِلَى ابْنِ عَبَّاسٍ وَهُوَ مُتَوَسِّدٌ رِدَاءَهُ عِنْدَ زَمْزَمَ، فَقُلْتُ لَهُ: أَخْبِرْنِي عَنْ صَوْمِ عَاشُورَاءَ، فَقَالَ: إِذَا رَأَيْتَ هِلَالَ الْمُحَرَّمِ فَاعْدُدْ، وَأَصْبِحْ يَوْمَ التَّاسِعِ صَائِمًا، قُلْتُ: هَكَذَا كَانَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَصُومُهُ؟ قَالَ: نَعَمْ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.
Ҳакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Замзам олдида ридоси устида ёнбошлаб ётган Ибн Аббоснинг ҳузурига бориб:
«Менга Ашуро рўзаси ҳақида хабар бер», дедим.
«Қачон Муҳаррамнинг ҳилолини кўрсанг, санаб бор. Тўққизинчи куни рўза тутган ҳолда тонг оттир», деди у.
Мен:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг рўзасини шундай қилиб тутар эдиларми?» дедим.
«Ҳа», деди у».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аввало ривоят ровийси Ҳакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳу билан танишиб қўяйлик:
Ҳакам ибн Абдуллоҳ ибн Исҳоқ Аъраж ал-Басрий тобеъинлардан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини Ибн Аббос, Ибн Умар, Имрон ибн Ҳусойн, Маъқал ибн Ясор, Абу Бакра, Абу Ҳурайралар орқали ривоят қилдилар. Бу ҳадислар унча кўп бўлмаса ҳам лекин ишончлидир.
Биз танишган ривоятда Ашуро рўзаси Муҳаррам ойининг тўққизинчи куни тутилиши ҳақида сўз кетмоқда. Нима учун бундай эканлиги ҳақида сўз юритишдан олдин бу масалага оид бошқа ҳадисларни ҳам кўриб чиқсак, яхши бўлар, деган умиддамиз.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: صَامَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّهُ يَوْمٌ تُعَظِّمُهُ الْيَهُودُ وَالنَّصَارَى، قَالَ: فَإِذَا كَانَ الْعَامُ الْمُقْبِلُ إِنْ شَاءَ اللهُ صُمْنَا الْيَوْمَ التَّاسِعَ، فَلَمْ يَأْتِ الْعَامُ الْمُقْبِلُ حَتَّى تُوُفِّيَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутдилар ва у куннинг рўзасини тутишга амр қилдилар.
Одамлар:
«Эй Аллоҳниниг Расули, яҳудий ва насоролар бу кунни улуғлайдилар», дейишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Янаги йил келса, иншааллоҳ, (ўнинчи билан бирга) тўққизинчи куннинг рўзасини (ҳам) тутамиз», дедилар.
Бас, келаси йил бўлмасдан туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Ашуро куни рўзасини тутиб, умматларига ҳам ўша куннинг рўзасини тутишни амр қилганларида баъзи хабардор саҳобийлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга яҳудий ва насороларнинг Ашуро кунини улуғлашларини эслатдилар. Чунки саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яҳудий ва насороларникига ўхшаган ишни қилмасликларини, доимо уларникидан бошқача, Ислом умматига хос иш қилишларини яхши билар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо саҳобаи киромларни бошқа дин эгаларига ўхшашдан, уларга эргашишдан қайтариб келар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларнинг Ашуро куни рўзаси ҳақидаги хабарларини бағрикенглик билан қабул қилиб олдилар. Уни ҳисобга олдилар ва янаги йили яҳудий ва насороларга ўхшаб, Муҳаррам ойининг фақат ўнинчи кунининг эмас, балки уларга хилоф қилиб, тўққизинчи кунининг рўзасини ҳам тутишларини айтдилар. Аммо ўзлари келгуси йилнинг Ашуро куни келмасидан Рафиқи Аълога риҳлат қилдилар.
Лекин гаплари ўз кучида қолди. Барча мўмин-мусулмонлар у зотнинг айтганларини қилиб, Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўзасини тутишга одатландилар.
وَعَنْهُ قَالَ: أَمَرَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم بِصَوْمِ عَاشُورَاءَ يَوْمَ الْعَاشِرِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини ўнинчи куни тутишга амр қилдилар».
Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Бу амр аввалги ҳадисда зикр қилинган ҳодисалардан олдин бўлган.
Ушбу ривоятлардан чиқадиган умумий хулоса қўйидагича.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини Муҳаррамнинг ўнинчи кунида тутишга амр қилганлар, ўзлари ҳам тутганлар.
Яҳудий ва насоролар бу кунни улуғлашларини билиб қолганларидан кейин ўнинчи кунга тўққизинчи кунни ҳам қўшиб тутишга қарор қилдилар. Лекин ўзлари бу ишни қилмай туриб, вафот этдилар.
Биринчи ривоятда келганидек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг Ҳакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳунинг саволига жавобан «Тўққизинчи кунни рўза тутган ҳолингда тонг оттир», деганлари Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўзасини тутиш керак, деганлари, яъни, тўққизинчи кунни, сўнг ўнинчи кунни тутасан, деганлари бўлади. Зотан, Ашуро сўзининг луғавий маъноси «ўнинчи кун» эканлигини аввал ҳам айтиб ўтганмиз.
Демак, бу йил 31 августдан ҳижрий 1441 йил бошланади. Унинг биринчи ойи Муҳаррам ойи бўлиб, Рамазон ойидан кейин энг ҳурматли ой ҳисобланади. Ашуро куни эса юқоридаги ҳадисга мувофиқ Муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир. Бундай улкан имконият Аллоҳ таолонинг биз – бандаларига қилган фазл ва марҳаматидир.
Ашуро куни (Муҳаррамнинг 10-куни)нинг рўзасини 9-куни билан қўшиб тутиш суннат амалдир. Фақат Ашуро кунининг ўзида рўза тутиш макруҳдир («Фатвои Ҳиндия» китоби).
Ашуро кунидан аввал ҳам, кейин ҳам бир кун рўза тутиш мустаҳаб бўлади («Фатҳул Қадир» китоби).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким оила аҳлига Ашуро кунида (озиқ-овқат, кийим-кечакда ва бошқа нарсаларда) кенгчилик қилса, йилнинг қолганида Аллоҳ унга кенгчилик қилади» (Имом Байҳақий ривояти).
Имом Суфён ас-Саврий ҳазратлари: «Биз ушбу ҳадисни амалда қўллаб кўрдик ва унинг айтилганидек эканлигига гувоҳ бўлдик,» – деганлар. Суфён ибн Уяйна: «Биз буни 50-60 йил тажриба қилиб кўрдик ва фақатгина яхшилик кўрдик», – деганлар.
Демак, Ашуро куни бозорлик қилиб, рўзғорини бут қилиб олса, йилнинг қолган ойлари ҳам баракали бўлиши умид қилинади. Бу йил Ашуро куни 9 сентябрь душанба кунига тўғри келмоқда. Фазилатли ойлардан бўлган Муҳаррамдаги ҳар бир лаҳзани ғанимат билайлик.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг барча сифатлари ҳам камолот сифатларига дахлдор эканига шубҳа бўлиши мумкин эмас. У кишининг буюк ҳаётларини диққат билан ўрганган уламолар Оиша онамиз розияллоҳу анҳода бошқаларда бўлмаган қирқта комилалик сифатлари бор эканини таъкидлайдилар. Ана шунинг учун ҳам бу ҳақда бир-икки оғиз сўз айтмоқни раво кўрдик.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканмиз, бу сифатлар рўйхатининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадиси шарифлар туришини айтиб ўтмоғимиз лозим. У зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида ажойиб мадҳларни айтганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша! Мана бу Жаброил, у сенга салом айтмоқда», дедилар.
«Ва алайҳиссалому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен кўрмаган нарсани кўрасиз», дедим».
Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа кимга салом айтганлар?
Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа биргина инсонга – Оиша онамиз розияллоҳу анҳога салом айтганлар.
Мана шу улуғ мақомнинг ўзи бир оламга татийди.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар. Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади.
Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир», дедилар».
Иккисини Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда аслида аёлларнинг, хусусан, Марям онамиз, Осиё онамиз ва Оиша онамизнинг бошқа аёллардан устун бўлган фазллари ҳақида сўз боради.
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар».
Эркаклардан баркамол бўлганлар рўйхатининг аввалида Пайғамбар алайҳиссаломлар турадилар. Улардан бошқа баркамол эркаклар ҳам бор. Бу ҳақиқат ҳаммага маълум.
«Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади».
Бу икки улуғ зотнинг баркамол бўлганликлари Қуръони каримда уларнинг биргаликда, хос зикр қилинишларидан ҳам билиб олинади.
Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:
«Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб келтирди. Ўшанда у: «Роббим! Менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва менга золим қавмдан нажот бергин», деб айтди», деган (11-оят).
Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Емак-киймакда тўкин эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин эди. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан, у кофир ва золим эрига ҳамда қавмига қарши чиқди. Аллоҳга иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришини сўради. Бу ҳол эса дунё ҳою ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.
Мўминларнинг иккинчи мисоли Марям бинти Имрондир.
«Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни (мисол келтирди). Бас, унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва У Роббининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди» (12-оят).
Имроннинг қизи Марям Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек, нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ана шу пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган.
«Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир».
Энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари – Оиша онамизнинг фазллари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бошқа аёллардан фазлларини сарийд деб номланадиган таомнинг ўша вақтдаги бошқа таомлардан устунлигига ўхшатмоқдалар.
Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар яшаб турган жамиятнинг шароити ва таомилига кўра, сарийд бошқа таомлардан афзал таом ҳисобланар эди.
Худди шунга ўхшаб, Оиша онамиз ҳам бошқа аёллардан афзал эдилар.
Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?!
Ушбу мақомга бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлдилар.
Термизий ва Бухорий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-Салосил аскарига бошлиқ қилдилар. Қайтиб келганда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг қайсиниси сиз учун энг маҳбубдир?» дедим.
«Оиша», дедилар.
«Эркаклардан-чи?» дедим.
«Унинг отаси», дедилар.
«Сўнгра ким?» дедим.
«Сўнгра Умар», дедилар ва бир неча одамларни санадилар. Бас, мени охирларида қилиб қўймасинлар, деб, сукут сақладим».
Аллоҳнинг Расули учун одамларнинг қайсиниси энг маҳбуб экан?
Аллоҳнинг Расули учун одамлар ичида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо энг маҳбуб эканлар.
Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?
Ушбу мақомга бу дунёда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлибдилар.
Имом Абу Яъло «Муснад»ларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Менга ҳеч бир аёлга берилмаган тўққиз нарса берилган:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланишга амр қилинганларида Жаброил алайҳиссалом суратимни олиб тушиб, у зотга кўрсатган.
– У зот менга бокира ҳолимда уйланганлар. Мендан бошқага бокира ҳолида уйланмаганлар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлари менинг қучоғимда турган ҳолда вафот этдилар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда дафн қилиндилар.
– Фаришталар менинг уйимни ўраб олган эдилар. У зотга мен у кишининг кўрпаларида турганимда ваҳий нозил бўлар эди. У зот мени ўзларидан узоқлаштирмас эдилар.
– Мен у зотнинг халифалари ва сиддиқларининг қизиман.
– Менинг оқловим осмондан нозил бўлган.
– Мен покнинг ҳузурида пок яратилганман.
– Менга мағфират ва карамли ризқ ваъда қилинган».
Имом Қуртубий ўз тафсирларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканлар, жумладан, қуйидагиларни айтганлар:
«Баъзи аҳли таҳқиқлар айтурлар:
«Юсуф алайҳиссалом фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини бешикдаги гўдакнинг тили билан оқлади.
Марям фоҳишаликда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини ўғиллари Ийсо алайҳиссаломнинг тили билан оқлади.
Оиша фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини Қуръон билан оқлади. Аллоҳ у киши учун гўдакнинг оқлашини ёки набийнинг оқлашини раво кўрмади. Аллоҳ у кишини туҳматдан Ўз каломи ила оқлади».
Аллоҳ таоло бу дунёда кимни туҳматдан Ўз каломи ила оқлабди?
Аллоҳ таоло бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳони туҳматдан Ўз каломи ила оқлаган.
"Нубувват хонадони хонимлари" китобидан.