ИСЛОМ ВА ИМОН ШАРТЛАРИ
Ислом дини тинчлик, поклик, ҳалоллик, меҳр-мурувват, инсонларни икки дунё саодатига етказувчи диндир. Бу дин инсонларни ягона илоҳ – Аллоҳ таолога, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Унинг хоҳиши билан бўлишига, ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишонишга чақиради. Ана шуларга қалбан ишонганлар мусулмон, имонли бўладилар.
Мусулмон кишига ҳар куни беш маҳал намоз ўқиш, Рамазон ойида рўза тутиш, закот бериш, яъни бойлиги нисобга (муайян миқдорга) етса йилда бир марта маълум миқдорини ҳақдорларга бериш, ҳаж қилиш, яъни моддий ва соғлиғи жиҳатидан қурби етганда ҳамда йўллар бехатар бўлганида белгиланган ойларда Маккаи мукаррамага бориб умрида бир марта ҳаж амалларини адо этиш фарздир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Биласизми? Силикат моддасига бой бўлган тупроққа дафн қилинган инсоннинг скелети вақт ўтиши билан тош ва харсангга айланади.
Агар у пирит (темир сульфиди) моддасига бой минтақага дафн қилинса, ундай жасад темир ҳайкалга айланиб қолиши мумкин!
Бу илмий ҳақиқат яқинда аниқланган бўлса-да, Қуръонда бу ҳақида 1445 йил олдин ҳайратланарли тарзда жуда аниқлик билан баён этилган. Қуръонда бундай дейилган:
وَقَالُوا أَإِذَا كُنَّا عِظَامًا وَرُفَاتًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ خَلْقًا جَدِيدًا
"Улар: “Биз суякларга ва чанг- тупроқларга айланиб кетганимиздан кейин ҳам, янгитдан тирилтириламизми?” дедилар. “Сен уларга, тошга ёки темирга айланинглар”, деб айт"
(Исро сураси, 50-оят).
Бу оят яқин йилларда кашф этилган — суяклари тошга айланган ёки темир ҳайкалга айланган қазилмаларга очиқ ва равшан ишора қилмоқда. Гўёки Қуръонда хабар берилган ушбу далиллар олимлар кашф қилишларини узоқ асрлардан бери кутиб ётгандек.
Шундай экан, ақлли инсон бундай очиқ-ойдин ва равшан мўъжизани қандай инкор қила олади? Қуръоннинг бу мўъжизаси кундуздаги қуёшдек равшан эмасми?
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ