Британиялик астроном олим Жеймс Жинс ҳиндистонлик мусулмон аллома Иноятуллоҳ Машриқийнинг إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاء (“Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар”) оятини тиловат қилганини эшитганда, додлаб юборди ва:
“Нима? Нима деяпсан? Аллоҳдан фақат олимлар қўрқадилар? Ажабланарли! Жуда ажойиб-ку! Ахир бу (яъни, Аллоҳдан фақат олимлар қўрқиши) эллик йиллик изланишларим натижасида аниқлаган нарсам-ку! Муҳаммадга бу ҳақиқатнинг хабарини ким берган? Ушбу оят ростдан ҳам Қуръонда борми? Агар шундай бўладиган бўлса, унда мен гувоҳлик бераманки, албатта, Қуръон Аллоҳнинг ҳузуридан унга (Муҳаммадга) ваҳий қилинган китобдир!” деди.
Хўш, Иноятуллоҳ ким эди?
Аллома Иноятуллоҳ Машриқий 1888 йилда Ҳиндистоннинг Амритсар шаҳрида туғилган. У 18-19 ёшларида математика фани бўйича магистрлик дипломига эга бўлади. У Ислом олими, математик ва сиёсатшунос сифатида фаолият юритади.
Олим 30 ёшга етганда, Қуръони Каримни аниқ ва табиий фанлардан фойдаланиб тафсир қилишга киришади ва 36 ёшида тафсир китобининг биринчи жилдини якунига етказади. Ишни битиргач, Нобель мукофотини бериш бўйича ҳайъат уни ҳам Нобель мукофотига номзодлар рўйхатига киритади. Мукофотни бериш учун ёзган тафсирини инглиз ёки француз тилига таржима қилишини шарт қилиб қўйишади. У тафсирни урду тилида амалга оширган эди. Олим ҳайъатнинг шартини эшитгач, «Урду тилини ҳурмат қилмайдиган мукофотни олишни истамайман» дея уни олишдан бош тортади.
1963 йилда Покистоннинг Лаҳор шаҳрида вафот этган.
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ноёб ҳужжатли фильм – “Усмон Мусҳафи: Мадинадан Мовароуннаҳр сари” номли лойиҳа устида иш бошланмоқда. Фильмда дунёдаги энг қадимий Қуръон қўлёзмаси – VII асрда пергаментга ёзилган, ҳажми 53х68 см бўлган ва 353 варақдан иборат Усмон Мусҳафининг Мадинадан Мовароуннаҳргача бўлган тарихий йўли ёритилади.
Фильмда қўлёзманинг яратилишидан тортиб, турли цивилизациялар даврида бошдан кечирган мураккаб тарихий жараёнлар, унинг Ўзбекистонга қандай сақланиб келгани ва ҳозирда Ислом цивилизацияси марказида муқаддас мерос сифатида эъзозланаётгани ҳужжатлар, тарихий манбалар ҳамда мутахассисларнинг изоҳларига таянган ҳолда ёритилади.
Мазкур ҳужжатли фильм марказдаги экспозиция таркибига киритилиши режалаштирилган бўлиб, у зиёратчилар ва меҳмонлар учун муҳим маънавий-тарихий тажрибани тақдим этади. Фильм орқали томошабинлар нафақат Қуръоннинг тарихий қадр-қиммати, балки Ўзбекистон заминининг бу бебаҳо меросни асраб-авайлашдаги тутган ўрни ҳақида чуқур тасаввурга эга бўлишади.
cisc.uz