Британиялик астроном олим Жеймс Жинс ҳиндистонлик мусулмон аллома Иноятуллоҳ Машриқийнинг إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاء (“Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар”) оятини тиловат қилганини эшитганда, додлаб юборди ва:
“Нима? Нима деяпсан? Аллоҳдан фақат олимлар қўрқадилар? Ажабланарли! Жуда ажойиб-ку! Ахир бу (яъни, Аллоҳдан фақат олимлар қўрқиши) эллик йиллик изланишларим натижасида аниқлаган нарсам-ку! Муҳаммадга бу ҳақиқатнинг хабарини ким берган? Ушбу оят ростдан ҳам Қуръонда борми? Агар шундай бўладиган бўлса, унда мен гувоҳлик бераманки, албатта, Қуръон Аллоҳнинг ҳузуридан унга (Муҳаммадга) ваҳий қилинган китобдир!” деди.
Хўш, Иноятуллоҳ ким эди?
Аллома Иноятуллоҳ Машриқий 1888 йилда Ҳиндистоннинг Амритсар шаҳрида туғилган. У 18-19 ёшларида математика фани бўйича магистрлик дипломига эга бўлади. У Ислом олими, математик ва сиёсатшунос сифатида фаолият юритади.
Олим 30 ёшга етганда, Қуръони Каримни аниқ ва табиий фанлардан фойдаланиб тафсир қилишга киришади ва 36 ёшида тафсир китобининг биринчи жилдини якунига етказади. Ишни битиргач, Нобель мукофотини бериш бўйича ҳайъат уни ҳам Нобель мукофотига номзодлар рўйхатига киритади. Мукофотни бериш учун ёзган тафсирини инглиз ёки француз тилига таржима қилишини шарт қилиб қўйишади. У тафсирни урду тилида амалга оширган эди. Олим ҳайъатнинг шартини эшитгач, «Урду тилини ҳурмат қилмайдиган мукофотни олишни истамайман» дея уни олишдан бош тортади.
1963 йилда Покистоннинг Лаҳор шаҳрида вафот этган.
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Икки сажда орасида “Аллоҳуммағфирлий” деб бошланадиган дуо бор экан. Шу дуони сажда орасида қилиш мумкинми? Уламолар бу ҳақда нима дейишган?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намознинг икки саждаси орасида мазкур дуо ўқилгани ҳақида ҳадислар келган. Жумладан, Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятда “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки сажда орасида “Аллоҳуммағфирлий, варҳамний ва аъфиний, ваҳдиний, варзуқний”, дер эдилар”, дейилган. Бошқа ривоятларда бир оз фарқли лафзлар айтилган.
Мазҳабимиз уламолари бу борада келган барча ҳадисларни ўрганиб, намозхон ушбу дуони ёки “Роббиғфирлий” ни 2 марта ўқиши мутлақо жоиз, аммо имомликка ўтган шахс эса буни ўқишда қавм малолланмаслигини ҳисобга олади, деганлар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сизлардан бирингиз одамларга имом бўлса, енгил ўқисин, чунки уларнинг орасида касал, заиф, қарилар бўлади. Агар ўзи ёлғиз ўқиса, истаганича узун ўқийверсин”, деган тавсиялари ана шуни тақозо этади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.