Muslim.uz сайтининг фидойи ходимлари бугундан эътиборан Ислом динининг беш устунидан бири бўлган намоз ўқишнинг тартиб-қоидаларини Ҳанафий мазҳаби бўйича тушунарли қилиб, матнли ва овозли шаклда тақдим этиб борадилар. Ҳар бир овозли аудио mp3 шаклда тайёрланган, кўчириб олиб фойдаланишингиз мумкин (тижорий мақсадда фойдаланиш тақиқланади).
Шунингдек, имон ва ислом шартлари, Аллоҳнинг сифатлари, масжид одоблари, таҳорат, ғусл таяммум тартиблари, энг фазилатли дуолар ҳақида қисқа ва муҳим маълумотлар тақдим этилади. Ушбу маълумотлар “Мовароуннаҳр” нашриёти томонидан чоп этилган “Мен ҳам намоз ўқийман” номли китоби асосида тайёрланди.
Аллоҳ таборака ва таоло ушбу хайрли ишни муваффақиятли ва мўмин-мусулмонларимиз учун манфаатли қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
СЎЗБОШИ
Мўмин-мусулмонларга бир кунда беш маҳал намозни фарз қилган ва: «Намозни баркамол ўқингиз...» (Бақара сураси, 43-,110-оятлар) дея амр этган Аллоҳ таолога Ўзининг улуғлиги ва қудратича, дунё яралганидан то қиёматгача имон келтирган барча бандалар томонидан ўқиладиган барча намозлар ракатлари ададидан ҳам ортиқ, ҳар бир руку, барча саждаларда айтиладиган тасбеҳлар миқдоридан ҳам каррот-каррот кўп ҳамду санолар бўлсин. Муборак ҳадиси шарифларида намозга: «Жаннатнинг калити», «Диннинг устуни», «Мўминнинг меърожи», дея жуда чиройли таъриф берган, умматларини ушбу ибодатни баркамол адо этишга ҳамда: «Менинг намоз ўқиганимни кўрганингиздек сизлар ҳам намоз ўқингиз» (Имом Бухорий ривояти), деган суюкли Пайғамбаримиз, оламлар сарвари Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳадсиз, ҳисобсиз дуруду салавотлар бўлсин. Ислом динининг бизгача бекаму кўст етиб келишида жуда катта ҳисса қўшган, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитган ҳар бир сўзни, ҳадисни хотирасига жо айлаб, жуда катта масъулият ва ягона мақсад – Аллоҳ ризоси учун кейинги авлодларга етказган саҳобаларга, тобеинларга, табаа тобеинларга, муҳаққиқ уламоларга Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати бўлсин. Намоз шундай ибодатки, ундаги лаззат, роҳат, фароғат, ҳузур-ҳаловат, хотиржамликни сўз билан таърифлаш жуда қийин. Таъбир жоиз бўлса, банда саждага бош қўйиб, ўзининг ожизлигию Буюк Яратувчининг қодири мутлақлигини эслаш билан туйиладиган маънавий лаззатни бошқа бирор ҳолатда туйиш мушкул.
Дарҳақиқат, саодат калити – намознинг фойдалари бисёр. Зотан, Аллоҳ таоло буюрган ҳар бир амал бандалар учун кони фойдадир. Уларда кўплаб ҳикматлар яширинган. Аллоҳ амрларига амал қилган киши кўнглида ихлос ила икки дунё саодатидан умидвор бўлса, рағбату мукофот олиши муқаррар. Намоз – одамни ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан чиниқтирадиган ибодат. Покланиш жараёни – таҳоратдан то намознинг ҳаракату қоидалари: такбир, қиём, руку, сажда, жалса ва таслим — буларнинг барчаси Аллоҳнинг бандаларига беназир инъоми, буюк туҳфасидир. Шундай экан, бу амалларни сўзда эмас, балки чин ихлос билан амалда бажарсаккина, улкан фойдаларга эришамиз. Намознинг маънавий фойдалари – савобини эса Аллоҳ таоло ниятимизга, ихлосимизга яраша кўпайтириб бераверади. Муҳтарам мўмин-мусулмонлар! Юртимизда тоат-ибодатлар Имоми Аъзам – Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (раҳматуллоҳи алайҳ) асос солган ҳанафий мазҳабида адо этилади. Шу боис, ибодатларни ҳанафий мазҳаби қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда адо этсангиз, турли фитналарнинг олдини олишга ҳисса қўшиб, улкан ажрларга эга бўлган бўласиз, иншоаллоҳ.
Ушбу китоб, иншоаллоҳ, Аллоҳ таоло амрига бўйсунган, Расули муҳтарам Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нингкўрсатмаларига риоя қилишни ич-ичидан истаётган мўмин-мусулмонлар учун тоат-ибодатларни бекаму кўст адо этишларида жуда зарур қўлланмадир. Ҳозир юртимизда эл-юрт манфаати, халқ
фарвонлигини кўзлаб барча соҳаларда улкан ислоҳотлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари авж олган. Беш вақт намозлардан сўнг мамлакатимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини, хайрли ишлар бардавомлигини сўраб, Аллоҳ таолога дуо-илтижолар қилиш нур устига нур бўлади.
Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,
муфтий
Уламолар бирор бир мазҳабга эргашиш борасида Қурон оятлари ва ҳадиси шарифлардан ишоралар келтириб айтишадики,«...Агар билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан сўрангиз» (16:43).
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда: «Мен сизларнинг орангизда яна қанча қолишимни билмайман. Шундай экан, мендан сўнг у иккиси: Абу Бакр ва Умарга иқтидо қилинг» (Термизий, Ибн Можа, Аҳмад), дейилган.
Имом Муслим «Саҳиҳ» асарининг шарҳловчиси Имом Нававий муайян имомга тақлид қилишнинг шартлигини шарҳлаб: «Сабаб шундаки, мазҳаблардан бирини танлашга рухсат бериш кишиларни, улар ўз хоҳишларига мос келадиган осон нарсага эргашишига олиб келади. Улар ҳалол ва ҳаром, рухсат этилган ва ман этилган нарсаларнинг орасидан ўзларига мосини танлайдилар. Бу мазҳаблар осонлаштирилмаган, тизимлаштирилмаган ёки машҳур бўлмаган илк ислом давридан фарқли равишда масъулият ташвишидан озод қилишга олиб келади. Шулар асосида киши ўзи қатъий равишда амал қиладиган мазҳаблардан бирини танлаши лозим бўлади», деган .Бошқа манбада: «Бу уммат ижмо қилган, тўғирланган, ёзиб қўйилган тўрт мазҳабдир. Бизнинг кунимизгача одамлар унга тақлид қилишиб ўзларини ўшандан деб ҳисоблайдилар. Бунда, айниқса, қатъиятлилик камайган, хоҳишларимиз онгимизга ўрнашган ва одамнинг аҳмоқона эҳтироси худди фазилат сифатида қараладиган бугунги кунда, кўпгина аниқ устунлик бор», деб ёзган.
Янги Наманган тумани "Абдуллоҳ ибн Масъуд" жоме масжиди
имом-хатиби Ш.Тўхтабаев