Дубай Ислом банки Қуръони каримнинг дунё бўйлаб тарқалиши ва чоп этилиши учун “Дар ал-Бир” уюшмасига 550 000 дирҳам ажратганини эълон қилди.
IQNAнинг “Al-Bayan” матбуот хизматига таяниб хабар беришича, Дубай Ислом банки бу ташаббусни Қуръони карим ҳофизлари ва қориларини қўллаб-қувватлаш, банкнинг хайрия фаолиятини амалга ошириш сифатида баҳолаган.
“Дар ал-Бир” уюшмаси директори Муҳаммад Соҳаил ал-Маҳири бу саъй-ҳаракатни юқори баҳолаб бундай деди: “Дубай Ислом банки мазкур акциянинг стратегик ҳамкори бўлиб, уюшманинг турли хайрия ташаббуслари ва хайрия лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди”.
Қарийб 44 йилдан буён ушбу банк турли гуманитар соҳаларда дунё мусулмонлари орасида хайрия ва хизмат кўрсатиш соҳаларида масжидлар ва Қуръони каримни ёдлатиш марказлари қурилишида улкан ишларни амалга ошириб келмоқда.
Ал-Маҳири “Дар ал-Бир” уюшмасининг келгуси режалари ҳақида маълумот бериб, жумладан бундай изоҳ берди: “Бу чора-тадбирлар Ислом дини таълимоти ва хайрия ишларини амалга оширишнинг аҳамиятига асосланади. Уюшма фаолиятининг асосий қисми Қуръони каримни дунёнинг турли мамлакатларида чоп этиш ва тарқатиш, масжидлар ва Ислом марказларини қўллаб-қувватлашга қаратилган”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади
Британиянинг “Em Insight” журналида Ўзбекистонда бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Нашрда ёзилишича, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафоруми хорижлик ОАВда катта қизиқиш уйғотган.
Рақамли платформалар, сунъий интеллект ва ахборот хуружлари авж олган ҳозирги замонда оммавий ахборот воситаларининг мамлакатлар, маданиятлар ва цивилизациялар ҳақидаги тасаввурларни шакллантиришдаги ўрни тобора ортиб бормоқда.
Мақолада таъкидланишича, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Беруний, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Мирзо Улуғбек каби жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар юрти бўлмиш Ўзбекистон бу каби глобал муҳокамалар учун энг мақбул майдондир.
Қатарнинг “The Peninsula” газетаси масъул муҳаррири Муҳаммад Осмон форумнинг рақамли ахборот асридаги аҳамиятига тўхталиб, Имом Бухорийнинг ҳадисларни тўплаш ва уларнинг ҳаққонийлигини текширишдаги қатъий ёндашувини тилга олди.
У ушбу методологияни манбаларни чуқур ўрганиш ва верификация қилишнинг ўчмас намунаси деб атади ва бу тамойиллар фейк хабарлар ҳамда сунъий интеллект маҳсулотлари кўпайган ҳозирги даврда жуда аҳамиятли эканини билдирди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги муҳаррири Ўткир Алимов форумнинг Мустақилликнинг 35 йиллиги остонасида ўтказилаётганига эътибор қаратган. У 50 мамлакатдан 300 га яқин ОАВ вакилларининг Тошкентда жамлангани Ўзбекистоннинг цивилизациялар чорраҳаси сифатидаги ўрни ортиб бораётганидан далолат беришини таъкидлади.
Мақолада Тошкентдаги халқаро медиафорум журналистика масъулияти, тарихий тадқиқотлар чуқурлиги ва замонавий технологиялар имкониятларини бирлаштирган ҳолда Ислом цивилизациясини янги, замонавий қиёфада дунёга танитишга хизмат қилиши баён этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати