Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

30.08.2019 йил МУСТАҚИЛЛИК – УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ

26.08.2019   7175   13 min.
30.08.2019 йил МУСТАҚИЛЛИК – УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَنْعَمَ عَلَيْنَا نِعْمَةَ الْحُرِّيَّةِ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمَ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِي بَلَّغَ الِّرِسَالَةَ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.

МУСТАҚИЛЛИК – умумхалқ байрами

Азиз юртдошлар! Маълумки, шу кунларда катта хурсандчилик –давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида турибмиз. Фурсатдан фойдаланиб, барчаларингизни мустақиллик байрами билан чин дилдан табриклаймиз! Аллоҳ таоло Ватанимизни доимо обод, фаровон ва тинч юртлардан қилсин! Ватанимиз равнақи йўлида астойдил, фидокорона меҳнат қилаётган раҳбару ходимларнинг хайрли ишларида Аллоҳ таоло мададкор бўлсин!

Муҳтарам азизлар! Аллоҳ таоло Қуръони каримда: 

وَأَمَّا بِنِعْمَةِ رَبِّكَ فَحَدِّثْ (سورة الضحي الآية-11)

яъни: “Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!”, – деб марҳамат қилган.  (Зуҳо сураси, 11-оят).

Ушбу оятнинг ҳукмига биноан ўтган йиллар давомида юртимизда амалга оширилган хайрли ишлар, эришилган ютуқларимизни яна бир карра эслаб ўтмоғимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, эришилган неъматларни зикр қилиш ҳам шукрона неъмат ҳисобланади.

Маълумки, юртимизда ҳар соҳада янгиликлар, халқ фаровонлиги йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Шахсан муҳтарам Президентимизнинг ўзлари ҳар соҳанинг ичига бевосита кириб бориб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўл-йўриқларини ҳам оқилона тарзда кўрсатиб бермоқдалар. Жумладан, аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар қаторида кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган кишиларни ҳам алоҳида имтиёз асосида уй-жойлар билан таъминлаб берилаётгани таҳсинга сазовордир.

Юртимизда таълим соҳасига, хусусан, ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлаш, ойлик маошларини оширилишига, уларга уй-жой олиш имкониятларини яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўз-ўзидан бу келажагимиз ворислари бўлмиш ёшларимизнинг таълим-тарбиясини юқори даражага олиб чиқишга асос бўлади. Зеро, ҳар бир ўзини ҳурмат қилган халқ бугунги кунини ўйлаши билан бирга, келажаги ҳақида ҳам қайғуради. Агар биздан фарзандларимизга обод юрт мерос қолишини истасак, ёшларимизга, уларнинг тарбиясига бепарво бўлмаслигимиз керак.

Охирги йиллар давомида диний соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Кейинги икки йилда муборак Ҳаж сафарига борувчилар сони икки мингтага оширилгани ва йил давомида Умра зиёратига бориш имконияти мавжуд бўлгани мўмин-мусулмонларимиз қалбида мамнуният пайдо қилди. Аллоҳ таолонинг байтини Ҳаж қилиш ҳар бир мусулмоннинг орзуси саналади. Жорий йилда нархлар арзонлаштирилди ва хизмат сифати янада яхшиланди.

Муҳтарам жамоат! Адолат ўрнатиш, авф қилиш – динимизнинг асосий ғояларидандир. Адолатпарварлик ва кечиримлилик – жамият фаровонлиги ҳамда юрт ободлиги учун муҳим омил ҳисобланади.

Турли хил сабаблар билан уруш бўлаётган минтақаларга кетиб қолган ва тутқунликда бўлган бир қанча ватандошларимиз юртимизга қайтариб олиб келинди.  

Шариатимизда бағрикенглик ва афв этишга кўп даъват қилинган. Чунки, афв қилиш – Аллоҳ таолонинг улуғ сифатларидан биридир. Парвардигоримиз ояти каримада:

﴿ وَإِنْ تَعْفُوا وَتَصْفَحُوا وَتَغْفِرُوا فَإِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ ﴾ (سورة التغابن الآية-14)

яъни: “...Агар сизлар афв этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам сизларга нисбатан) мағфиратли ва раҳмлидир”, – деган (Тағобун сураси, 14-оят).

Алдов оқибатида ўзга юртларга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу ватандошларимизга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилди, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилди.

Шунингдек, ўтган Муборак Рамазон ҳайити байрами арафасида 600 га яқин маҳбусни афв этилиши туғрисида Президент Фармони эълон қилинди. Унга кўра бир қанча маҳбуслар жазодан бутунлай озод этилди, бир қисмининг эса жазо муддати қисқартирилди. Фармон ижросини таъминлаш мақсадида афв этилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви, уларни фойдали меҳнатга жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишига кўмаклашиш юзасидан масъул вазирликлар, идоралар ва ҳокимликларга тегишли топшириқлар берилди.

Бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек: “Ҳар бир миллатнинг тараққий этиши, юксалиши, давлат ва ҳукуматларнинг бардавом бўлиши адолатга боғлиқдир”. Ушбу фикрнинг исботи кўз ўнгимизда намоён бўлиб турибди – мамлакатимиз кундан-кун чирой очиб, юртдошларимизнинг ижтимоий аҳволи яхшиланиб, энг муҳими – халқимизда давлатга бўлган ишонч туйғуси мустаҳкамланиб бормоқда.

Муҳтарам жамоат! Албатта, бу эришилаётган ютуқлар ва амалга оширилаётган хайрли ишларнинг замирида юртимиздаги тинчлик, осойишталик ва фаровонлик алоҳида ўрин тутади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:

"مَنْ أَصْبَحَ مِنْكُمْ آمِنًا فِي سِرْبِهِ، مُعَافًى فِي جَسَدِهِ، عِنْدَهُ قُوتُ يَوْمِهِ، فَكَأَنَّمَا حِيزَتْ لَهُ الدُّنْيَا"

(رَوَاهُ الْإِمَامُ البُخَارِيُّ وَالْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни: “Қайси бирингиз оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик ризқи бор ҳолда тонг оттирса, гўёки бутун дунёни қўлга киритибди” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилган).

Бу неъматларнинг давомли ва зиёда бўлиши эса шукронага боғлиқдир. Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:

مَنْ عَرَفَ نِعْمَةَ اللّهِ بِقَلْبِهِ، وَحَمِدَهُ بِلِسَانِهِ، لَمْ يَسْتَتِمَّ ذَلِكَ حَتَّى يَرَى الزّيَادَةَ

яъни: “Ким Аллоҳнинг неъматини қалбан ҳис қилиб, тилида эътироф этса, эътирофи охирига етмасдан неъматнинг зиёдалигини кўради”.

Муҳтарам азизлар! Табиийки, инсон қаерда дунёга келса, ана шу ер унинг учун азиз Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир! Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам ўзлари туғилиб ўсган шаҳар Маккаи мукаррама ҳақида шундай деганлар:

"مَا أَطْيَبَكَ مِنْ بَلْدَةٍ وَأَحَبَّكَ إِلَيَّ، وَلَوْلَا أَنَّ قَوْمِي أَخْرَجُونِي مِنْكَ، مَا سَكَنْتُ غَيْرَكَ"

(رَوَاهُ الْإِمَامُ ابْنُ حِبَّانَ عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنه).

яъни: Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Менга қандай ҳам севимлисан! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, сендан бошқа жойда яшамаган бўлардим!” (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш – инсон табиатида мавжуд бўлган нозик ҳисдир! Ватанни севиш фақат тилда қолиб кетмаслиги, балки ватандошлар юрт равнақи учун бирлашиши, бир-бирига хайриҳоҳ бўлиб, дунё-охиратда фойдали ишларга ҳаракат қилишлари керак. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

﴿...وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

(سورة المائدة الآية-2).

яъни: “...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Мана шу севимли Ватанда яшаётган ҳар бир мўмин-мусулмон, авваламбор – ўзи, аҳли-аёли, яқинлари ва жамиятга фойдали бир инсон бўлишга ҳаракат қилиши керак. Бунинг учун ўзига юклатилган вазифани чиройли адо қилиши даркор. Биз бир пайтнинг ўзида ҳам фарзанд, ҳам ота, ҳам фуқаро, ҳам турли идора ва ташкилотларда ходиммиз. Мана шу мажбуриятларимизни масъулият билан бажариб, ўзаро бир-биримизни қўллаб-қуватлаб, атрофимиздагиларга имкон қадар ёрдам беришимиз керак. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللهِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاسِ" (رَوَاهُ الْإِمَامُ الطَّبَرَانِىُّ عَنْ ابْنِ عُمَرَ رضي الله عنه).

яъни: “Одамларнинг Аллоҳга энг севимлиси бошқаларга фойдаси кўпроқ тегадиганидир” (Имом Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло биз, бандаларини, Ўзининг беҳисоб неъматларидан баҳраманд этган экан, ўз навбатида ана шу неъматларининг қадрига етиб, шукрини адо этиб боришимизга буюради. Аллоҳ таолонинг неъматларини катта-кичик демай, шукрини бажо келтиришимиз – зиммамиздаги бурчдир. Шу билан бирга Аллоҳ таолонинг шариатига амал қилиб, Ўзи буюрганидек имон-эътиқодда ва тақвода ҳаёт кечириб борсак, Аллоҳ таоло икки дунёда ҳам мукофотларни ваъда қилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

﴿ وَلَوْ أَنَّ أَهْلَ الْقُرَى آَمَنُوا وَاتَّقَوْا لَفَتَحْنَا عَلَيْهِمْ بَرَكَاتٍ مِنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ ﴾ (سورة الأعراف/96).

яъни: “Агарда (мазкур) юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик” (Аъроф сураси, 96-оят).

Бу оятда катта ибрат бордир. Аллоҳ таоло бандаларидан жуда кўп ва оғир нарсани талаб қилмади. Имон келтириб, ширк ва гуноҳлардан ўзларини тийсалар бас. Шу ишлари эвазига еру осмондан баракот ато этаман, деб ваъда қилмоқда. Бу шарт ва мукофот ваъдаси то Қиёматгача дунёга келиб-кетувчи барча бандаларга ҳам тегишлидир.

Маълумки, янги ўқув йили ҳам бошланмоқда. Ҳар бир ота-она фарзандларини янги ўқув йилига тайёрлаб, уларга керакли ўқув қуролларини олиб беришлари лозим. Зеро, илм-фанга эътибор кучайган сари юртимиз  ривожланиб, обод бўлиб боради.

Ҳақ таоло барчамизни Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизга ривож берсин! юртимиз мустақиллигини бундан ҳам мустаҳкам айлаб, мустақил юртда униб-ўсаётган фарзандларимизни  буюк аждодларимизга муносиб, ўз ватани ва халқига фидоий, юрт корига ярайдиган авлодлар бўлиб етишишларини насиб айласин! Барчаларимизга мустақиллик байрами муборак бўлсин! Омин!

 

31 АВГУСТ – ҲИЖРИЙ 1441 ЙИЛНИНГ БИРИНЧИ КУНИ

Маълумки, 31 августдан ҳижрий 1441 йил бошланади. Унинг биринчи ойи Муҳаррам ойи бўлиб, Рамазон ойидан кейин энг ҳурматли ой ҳисобланади. Ашуро куни эса Муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир. Муҳаррам ойи ва унда рўза тутишнинг фазилати ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадис ривоят қилинган. Жумладан:

"أَفْضَلُ الصِّيَامِ بَعْدَ رَمَضَانَ شَهْرُ اللهِ الْمُحَرَّمُ" (رَوَاهُ الْاِمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Рамазондан кейин рўзаларнинг афзали Аллоҳнинг ойи Муҳаррам (рўзаси)дир” (Имом Муслим ривояти). Яна бир ҳадисда шундай марҳамат қилинган:

"صِيَامُ يَوْمِ عَاشُورَاءَ إِنِّي أَحْتَسِبُ عَلَى اللَّهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ " (رَوَاهُ الْاَمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَبِي قَتَادَةَ).

яъни: Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ашуро куни рўзаси (сабабли) Аллоҳ ўтган йилги гуноҳларни кечиришини умид қиламан” (Имом Термизий ривояти).

Бундай улкан имконият Аллоҳ таолонинг биз – бандаларига қилган фазл ва марҳаматидир.

                Ашуро куни (Муҳаррамнинг 10-куни)нинг рўзасини 9-куни билан қўшиб тутиш суннат амалдир. Фақат Ашуро кунининг ўзида рўза тутиш макруҳдир (“Фатвои Ҳиндия” китоби).

         Ашуро кунидан аввал ҳам, кейин ҳам бир кун рўза тутиш мустаҳаб бўлади (“Фатҳул Қадир” китоби).

Ашуро куни оила аҳлига кенгчилик қилиш борасида ҳадиси шарифда шундай деганлар:

"مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ فِي سَائِرِ سَنَتِهِ (َروَاهُ الْاِمَامُ الْبَيْهَقِيُّ عَنْ عَبْدِ اللهِ ابْنِ مَسْعُودٍ).

яъни: Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким оила аҳлига Ашуро кунида (озиқ-овқат, кийим-кечакда ва бошқа нарсаларда) кенгчилик қилса, йилнинг қолганида Аллоҳ унга кенгчилик қилади” (Имом Байҳақий ривояти).

Имом Суфён ас-Саврий ҳазратлари: “Биз ушбу ҳадисни амалда қўллаб кўрдик ва унинг айтилганидек эканлигига гувоҳ бўлдик,” – деганлар. Суфён ибн Уяйна: “Биз буни 50-60 йил тажриба қилиб кўрдик ва фақатгина яхшилик кўрдик”, – деганлар.

Демак, Ашуро куни бозорлик қилиб, рўзғорини бут қилиб олса, йилнинг қолган ойлари ҳам баракали бўлиши умид қилинади. Бу йил Ашуро куни 9 сентябр душанба кунига тўғри келмоқда.

Фазилатли ойлардан бўлган Муҳаррамдаги ҳар бир лаҳзани ғанимат билайлик. Янги ҳижрий йил юртимиз, халқимиз, оиламиз учун тинчлик, хотиржамлик, хайрли-баракали йил бўлишини Аллоҳ таоло насиб айласин! Омин!

 

                                     

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ҲАЛОЛ САВДО БАРАКА ОМИЛИмавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фароиз илми билимдони эди

25.11.2024   1766   3 min.
Фароиз илми билимдони эди

Улуғ устозларнинг ибратли ҳаёт йўллари, солиҳ амаллари, гўзал хислатлари барчамизга ўрнакдир. Ана шундай етук олимлардан бири Шайх Дўстмуҳаммад домла Турсундир. У киши 1938 йили Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Домла дастлабки таълимни бобоси мулла Абдуллоҳ Охундан, сўнгра замонасининг етук уламолари муфтий Равшан ҳазрат, Маҳмуд домла, тошкентлик Лазгин домла, Душанбе шаҳар қозиси Абдурашид домла, Абдуллоҳ охундлардан Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида имларини олган. 


Шайх Дўстмуҳаммад домла аллома Мавлавий Ҳиндистонийдан сабоқ олган. Шунингдек, Нақшбандия тариқати шайхи Ҳазрати Муҳаммад Шариф Ҳисорий, Шайх Абдуссалом Ғилоний, Ҳожи Муқимхон Эшон Ургутий, Абдусаломхон эшон, Шайх Миён Бўритош Нақшбандий, Шайх Аҳмаджон Махдум, Шайх Абдулҳай, Зиёвуддин Бобохон каби улуғ устозлардан иршод олиб, муршиди комил даражасига етган.


Дўстмуҳаммад домла илм олиш билан бирга уни халққа етказиш, маърифат тарқатишда ҳам фаол бўлган. Буюк фақих фаолияти давомида Денов шаҳридаги “Саййид ота” мадрасасида мударрислик қилиб, талабаларга фиқҳдан таълим берган. Шу билан бирга у киши олимларни эъзозлаган ва шогирдларини ҳам шунга тарғиб қилган. Давраларда бирор кишининг хатосини гапирмаган. Ҳаммани яхшилик билан тилга олар, динга, элга, бирдамликда хизмат қилиш кераклигини таъкидлаган. Янги диний адабиётлардан ҳар доим хабардор эди. Давраларда ҳамсуҳбатларини яхшиликка, китобхонликка чорлаган.


Бундан ташқари, Шайх Дўстмуҳаммад домла Шўрчи туманидаги “Домла Қосим” масжидининг бунёд этилишида ҳам ташаббускорлик кўрсатган ва кўп йиллар ушбу масжидга имом бўлган.


Дўстмуҳаммад домла замондош уламолар билан яқин алоқада бўлиб, улар билан суҳбатлар қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам у кишининг фиқҳий масалаларда етук уламо бўлганини эътироф этган.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар, у илмнинг ярмидир, у унутилади, у менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган нарсадир” (Имом ибн Можа ривояти), деганлар.


Дўстмуҳаммад Турсун домла, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, уммат орасидан илк бор кўтарилиб кетаётган фароиз, яъни мерос тақсимоти масаласида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида 17 бобдан иборат “Мерос рисоласи” асарини ёзган. Китобда марҳумнинг мол-дунёси нималарга сарфланиши ва ундан кимлар мерос олиши оят ва ҳадислар асосида баён қилинган.


Инсонларни бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга ташвиқ қилган, ёшларни ҳамма вақт замона фитналарига аралашиб қолмасликларини тайинлаган. Динимиз ривожида домланинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади. Ўзидан кўплаб китоблар ва қўлёзмалар мерос қолдирди. Шайхнинг шогирдлари бугунги кунда ҳам домла бошлаб берган илм йўлини давом эттирмоқда.


Шайх Дўстмуҳаммад домла 2013 йилда оламдан ўтиб, Шўрчи туманидаги “Ҳошимхон эшонбобо” қабристонига дафн этилган. Айни кунда Музработ туманида у кишининг номи билан “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди фаолият юритмоқда.


Аллоҳ таоло домлани раҳматига олсин!

Акбар ШУКУРОВ,

Музработ тумани “Дўстмуҳаммад бобо”

жоме масжиди имом ноиби

Фароиз илми билимдони эди
Мақолалар