22 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодировнинг таклифига биноан Шали шаҳрида бунёд этилган муҳташам масжиднинг очилиш тадбирида иштирок этиш учун ушбу давлатга жўнаб кетди. Ўзбекистон делегацияси таркибига ҳукумат вакиллари, уламолар, мударрислар ва оммавий ахборот вoситaлари вакиллари киритилган.
Ушбу нуфузли маросимда давлат ва дин арбоблари, муфтийлар, таниқли ислом уламолари, соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирок этади. Шунингдек, масжиднинг очилиш маросими доирасида турли диний-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Маълумки, мазкур улуғвор масжид меъморчилик анъаналарини безавол сақлаб келаётган маҳоратли ўзбек меъморлари томонидан лойиҳалаштирилган ва Марказий Осиёга хос услубда қурилган.
Мазкур халқаро тадбир жараёнлари сайтимиз орқали ёритиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 16 октябрь куни Чеченистон Республикаси Президенти Рамзан Қодиров мамлакатимизга қилган сафари мобайнида Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташриф буюрган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси узоқ йиллар диний соҳада фаолият юритган Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовнинг падари бузрукворлари Рихситилла ҳожи отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза бугун пешин намозидан сўнг пойтахтимиздаги Имоми Бухорий жоме масжидида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси