Агар сийрат китобларини ёш болаларга ўқиб берсангиз Расуллуллоҳ ҳақларида уларда қандай тасаввур ҳосил бўлади? Гўёки ул зотнинг ҳаётлари фақат уруш, ғазотлардан иборатдай туюлади. Бадр, Уҳуд, Худайбия, Макка фатҳи ва шу кабилар ул зотнинг харбий юришларидаги кечирган вақтлари холос. Сийрат китобларида бу ғазотлар орасидаги оддий ҳаётларига кам эътибор берилгандай кўринади. Аслида мана шу оралиқда Мадинада ислом давлатини қуриш билан бир қаторда оддий ҳаёт ҳам ўз йўлида давом этган. Аллоҳнинг расули аёллари, фарзандлари, дўстлари билан доимо бирга мулоқотда бўлганлар.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада истиқомат қилган вақтларида 50, 60 ёш бўлишларига қарамасдан, кўринишлари жуда чиройли бўлиб, улар болалар учун қари бир мўйсафид кўринишида эмасдилар. Уларнинг олдиларига ёш бола қўрқмасдан бора оладиган суратда эдилар. Яъни улар билан бирга ўйнаса бўладиган, ҳазил қилса кўтарадиган, шу билан бирга уларга нисбатан ҳурмат қилинадиган салобатлари бўлган. Худди бола отасини яхши кўриб, унга эркалик қила олганидек, бир вақтни ўзида унинг ҳайбат, салобатидан ўзининг ҳаддини билиб турган каби эди. Чунки ёш болага пайғамбар ким эканлиги, уларга осмон эшиклари очиқлиги, хоҳлаган вақтда уларга ваҳий келиши мумкинлигини тушунтириб бўлмайди. Бу ҳолатларни бола фақат катта бўлгандагина тушуна олиши мумкин. Шунга қарамасдан ёш болалар уларни ким деб тасаввур қилганликлари муҳим. Одатда, хоҳ ёш бола бўлсин, ёки катта инсон бўлсин биринчи кўрган инсон ҳақидаги тасаввур нотаниш инсоннинг кўзига қараб пайдо бўлади. Ул зотнинг кўзлари ҳар доим тиниқ, қон томирчалари ҳеч қачон қизариб бўртиб турмаган, кўзларининг оқ қисми тим оппоқ бўлиб, ёқимли табассум ва ёруғ юз билан мужассам бўлганида бу ҳолатни ифодалаб беришга сўз ожизлик қилади.
Уларнинг юзлари жуда ёқимли эди. Бу гўзал юзнинг ўзи ҳаммани ўзига жалб қилар, уни кўрган инсонлар уларни ҳали ислом динига даъват қилмасларидан олдин ўз хоҳишлари билан исломни қабул қилишга тайёр бўлиб қолар эдилар. Нима учун? Чунки бу гўзал юз, меҳрга тўла кўзлар билан боқилган нигоҳнинг ўзи ҳар бир инсонда ул зотни дунёдаги энг яхши инсон эканлигини, улардан ҳеч ҳам ёмонлик чиқмаслигини, зинҳор ёлғон гапирмасликларини аниқ, тиниқ намоён қиларди. Биргина яҳудий олими бўлган Абдуллоҳ ибн Саломни эсланг: “Мен уларнинг юзларига қараб бу ёлғончи инсон эмас, балки ҳақиқий ростгўй инсоннинг сиймоси эканини бир кўришдаёқ билдим. Асло ёлғончи ё безори инсон эмас, балки унга чин дилдан ишонса бўладиган, хоҳласа ҳам алдай олмайдиган самимий бир инсон эди. Мен унга ишондим ва шу сабаб иймон келтирдим”, деган экан. Демак ул зотнинг муборак юзларига қарашнинг ўзи бошқа дин вакилларида ҳам гўзал бир таассурот қолдирган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларининг у зотнинг муборак юзлари ҳақидаги таасурротлари қандай бўлган?
Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тавсифлаб беринг», деб сўраганларида у киши шундай деган: «У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам оқ (тиниқ) рангли, гўзал юзли эдилар. Агар хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойдек чақнаб кетар ва гўёки у зотнинг юзларида тўлин ой кўриниб тургандек бўлар эди». (Имом Муслим ривояти.)
Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Ул зотнинг юзлари қуёш билан ойга ўхшарди». (Имом Муслим ривояти.)
Яна бу ҳақда уларнинг асҳобларидан бири: “Биз Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни доимо юзларида табассум балқиган ҳолатдагина кўрганмиз. Бирон марта уларни бақирган, жаҳл қилган ҳолатда кўрмаганмиз”, дея таъкидлаганлар. Демак бундай ҳолат уларнинг оддий, кунлик кўринишлари бўлган экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилганларида, ғазотларда иштирок этганларида, ваҳий келган вақтларидагина жиддийлашганлар холос. Бу албатта табиий эди. Гувоҳи бўлганингиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таърифларини келтирган саҳобалар бир овоздан муборак юзларининг нурли, ёрқин ҳамда порлаб турганини ва ўзгача тиниқлик касб этганини таъкидламокдалар.
Тасаввур қилинг, Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизга табассум қилмоқдалар... Яна қўлингиздан тутиб, сизнинг кўзингизга майин нигоҳларини йўналтирдилар... Сизга ёқимли сўзлар билан мурожаат қилмоқдалар... Шу билан бирга яна сизга раҳм-шафқатлидирлар... Сизни бирон нарсада айбламайдилар, сизга бақирмайдилар, тана қилмайдилар, асло сизга қўл кўтармайдилар ёки саҳобаларга “бориб, уни уриб келинг” демайдилар... У зотнинг шахсий қўриқловчилари бўлмаган, у зотнинг нигоҳларида таҳдидни кўрмайсиз, у зот ўзларини миршабдек тутмаганлар, у зотни кўриш биланоқ ҳамма ўзини бехавотир, хотиржам тутган. Уларнинг ҳузурларида катта инсон ўзини бехавотир тутган бўлса, энди у зотнинг ёқимли, тўлин ойга ўхшаган меҳр, мурувват таралиб турган юзларини кўрган ёш болани тасаввур қилинг...
Саодат асрининг болаларига Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига боқишнинг ўзи уларда ҳис-ҳаяжон туғдирарди.
Абдуллоҳ ибн Ҳориса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Қачон мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни учратсам ҳар доим уларнинг юзлари табассумли бўларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра кўпроқ табассум қиладиган инсонни кўрмадим”, дея таъкидлаганлар. (Термизий ривояти.)
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ул зотнинг ҳузурларида ўн йил хизмат қилган бахтли бола эди. Сахобалардан энг охирги 103 ёшга кириб вафот этган бу саҳоба ул зотни эслаб шундай деган эди: “Умримнинг охиригача тушимда Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмаган бирон тун йўқ эди. Ҳар сафар тушимда ул зотнинг юзларини кўрганимда, йиғламаган бирон тун йўқ эди.”
Ҳа, азизлар, бу Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак юзлари васфларидан бир шингил холос... Иншааллоҳ, охиратда ул зотнинг муборак юзларига тўйиб-тўйиб боқиш бахти ҳаммамизга насиб этсин!
Хадичаи Кубро аёл- қизлар билим юрти мударрисаси Г.Қурбонова
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳеч шубҳа йўқки, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларига сабаб бўлган ҳодисалардан тортиб ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўлимларигача бўлган даврда бўлиб ўтган ҳодисалар Ислом учун, мусулмон уммати учун мисли кўрилмаган мусибат бўлди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ўртасида бўлиниш юз берди. Ўша пайтгача бир тану бир жон бўлиб, бутун дунёга Ислом нурини таратиб келаётган, бутун инсониятга хайру баракани улашиб келган дунё тарихидаги энг яхши уммат ичида дарз пайдо бўлди. Авваллари бу уммат вакиллари ихтилоф нималигини билмас эдилар. Вақти келиб, улар аввал иккига, кейинроқ учга бўлиниб ихтилоф қилдилар. Худди ўша машъум ҳодисалар туфайли бошланган бу бўлинишлар секин-аста давом этиб, мусулмон умматининг соғлом танаси ичидан турли-туман тоифалар чиқди. Шийъа, рофиза, хавориж ва шунга ўхшаш бошқа ҳар хил тоифаларнинг келиб чиқиши айнан ана шу ҳодисалардан бошланган эди.
Мазкур ҳодисалар туфайли мусулмон уммати аввал ҳоким шахс ҳақидаги баъзи мулоҳазалар билан баҳс бошлаган бўлса, охири келиб иймон ва куфр борасида баҳс қиладиган, бир-бирини куфрга кетганликда айблайдиган даражага етди.
Ушбу ҳодисалар, аввало, фитначиларнинг ҳазрати Усмонга у киши ишга қўйган баъзи волийлар ҳақида шикоят қилишлари билан бошланган эди. Охири келиб хорижийлар ўзларига мухолиф бўлганларни, ҳатто ҳазрати Алийдек зотни кофирликда айблай бошлашди. Табиийки, қарши томондан ҳам ўзига яраша жавоб бўлди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ичида бир-бирининг қонини ўзи учун ҳалол билиш ва бир-бирини ўлдиришни раво кўриш бошланди.
Биринчи марта фитначилар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қонлари ва молларини ўзларига ҳалол ҳисоблаб, у кишини ўлдириб, молларини талашди. Ана шу нобакорлик оқибатида ишлар ривож топиб, «Туя ҳодисаси»да, «Сиффин»да бир неча ўн минглаб киши ҳалок бўлди. Хорижийлар билан бўлган алоҳида ҳодисаларни қўшадиган бўлсак, бу ҳисоб яна ҳам ортади.
Бир тану бир жон бўлиб, дунё халқларини бирин-кетин бандаларнинг бандаларга сиғинишидан Аллоҳнинг ибодатига, нотўғри динларнинг жабридан Исломнинг адолатига, дунё торлигидан охират кенглигига, жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиқараётган уммат бир-бирини Роббига ибодат қилишдан чиқариш, бир-бирига жабр қилиш, Исломнинг кенглигидан ихтилоф торлигига, Ислом нуридан жаҳолат зулматига ўта бошлади.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон умматининг гули, етакчи кучи бўлмиш саҳобаи киромларнинг кўпчилиги нобуд бўлдилар. Уларнинг маънавий кучларига футур етди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати бошига тушган мусибатларни бирма-бир санаб чиқиш ниҳоятда оғир иш. Шунинг учун бу борада гапни қисқа қилганимиз маъқул.
Энди ижозатингиз билан мазкур ҳодисаларга баҳо бериш ҳақида бир неча оғиз сўз.
Бу ҳодисалар бўлиб турган вақтларнинг ўзидаёқ уларга баҳо бериш бошланган. Унда ҳар бир томон ўзини ҳақ, ўзгани ноҳақ деб билган. Тарафкашлик бўлиб турган жойда бундан бошқа нарса бўлиши мумкин ҳам эмас. Аммо мазкур ҳодисаларга баҳо бериш улар бўлиб ўтганидан кейин ниҳоятда авж олгани кутилмаган ҳол. Ушбу ҳодисалар бўлиб ўтгандан кейин турли сабабларга кўра уларни баҳолаш, «ким нима қилган-у, ким нима қилмаган, аслида нима қилиш керак эди», каби мавзуларда мунозаралар қизиб кетган. Бу борада ҳар ким ўша тўпалонлар юз берган вақтдаги ҳар бир ҳаракат ва саканот, ҳар бир оғиз гап ва сўздан ўз фикрини қўллашга, ўзганинг фикрини рад қилишга далил излаган. Тарафкашлик ва низо оловида қизиб кетиб, далил топа олмай қолган пайтларда ўзидан қўшиб юборишлар бўлмаганига эса ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Тарафкашлик авж олган жойда ҳар ким ўзининг ҳақ эканини исбот қилишга уриниб, ўзида бўлмаган яхши сифатларни бемалол даъво қилганидек, ўзида бўлган салбий сифатларни тараддудсиз инкор этади. Шу билан бир вақтда, қарши тарафнинг барча яхшиликларини инкор этган ҳолда, барча ёмонликларни унга ағдаради. Мана шу жараёнда нима бўлса бўлади.
Ислом уммати ёлғон нима эканини билмас эди. Аммо фитначилар ўз қилмишларини хаспўшлаш, одамларни ортларидан эргаштириш мақсадида бу уммат ичига «ёлғон» деган иллатни олиб киришди. Жумладан, улар: «Бизга Алийдан хат келди» «Бизга Оишадан хат келди», «Бизга фалончидан хабар келди» «У дебди», «Бу дебди» деган ёлғонларни ҳам тарқатишган эди.
Фитначилар мазкур машъум ҳодисалар ўтиб кетганидан кейин ҳам ўз тарафини олиб, ўзгани танқид қилишда давом этаверишди. Бу нарсалар аста-секин авж ола бошлади. Тарафкашликда учига чиққан томонлар эса ўз гапларини тасдиқлаш учун оят ва ҳадисларни ноҳақ таъвил қилганлари етмагандек, ёлғонлар тўқиб, ҳатто уларга ҳадис сифатини беришгача етиб боришди.
Аммо масъул кишилар, уламолар бу нобакорликни дарҳол бўғиб ташлаш йўлига ўтдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оид барча ривоятлар яхшилаб ҳимоя қилинди. Ҳадисларнинг даражаларини аниқлашнинг мустаҳкам қоидалари ишлаб чиқилди. Бу борада фитначиларнинг фитнаси ўтмади.
Аммо тарихчилар келтирган ривоятларга бу қадар эътибор қаратилмади, чунки тарих ҳақидаги ривоятлар дин ва эътиқод масалалари бўйича ривоятлар аҳамиятига эга эмас, деган ўй бор эди. Ўша пайтларда бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақидаги ривоятлар тўпланди. Аммо уларни саралаш ва яроқсизини ташлаб юбориш ишлари қилинмади. Бу нарса айниқса ҳукмдорлик учун ўзаро кураш олиб борган тоифаларга қўл келди. Улар турли асоссиз ривоятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш билан бирга, етмай қолган жойларига ўзларидан қўшиб юборишди.
Аста-секин саҳобаи киромларга тил теккизиш бошланди. Тил теккан саҳобийнинг тарафдорлари ўзига яраша жавоб беришди. Ҳар ким ўзи эргашган шахсни улуғлашга ўтди.
Айниқса, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳақларида бунга ўхшаш гап-сўзлар кўп учрайди. Баъзи ғулувга кетган тоифалар у зотни илоҳлик даражасигача кўтарган бўлишса, хорижийларга ўхшаш кимсалар: «Куфрга кетди», дейишган.
Яна бошқа бир тоифалар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг тарафларини олиш мақсадида у зотни мазлум қилиб кўрсатишга уриниб, бошқа бир нечта катта саҳобаларни эса кофирга чиқариб қўйишган.
Бу масалаларга бағишланган мажлислар, жанжаллар бўлди, китоблар ёзилди, хутбалар ўқилди. Нима бўлса бўлди, лекин ихтилоф кўпайиб бораверди.
Ниҳоят, мусулмонлар жумҳури – аҳли сунна вал жамоа бу масалада ижмоъ ила энг адолатли ва сўнгги нуқтани қўйди: орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда ҳазрати Алий ва у зотнинг тарафдорлари ҳақ бўлганлар. Улар ҳақида бошқача гап бўлиши мумкин эмас. Бунга далил ва ҳужжатлар етарли. Уларнинг энг ишончли ва кучлиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислардир. Хусусан, Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва Зул Садяйнининг ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақидаги, келажакда бўладиган фитналар ҳақидаги ҳадислари фикримизга далил бўла олади.
Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларнинг айбдорлари Ибн Сабаъ бошлиқ фитначилар ва хорижийлардир, барча қилинган гуноҳлар уларнинг бўйнида. Улар ҳақида бошқа гап бўлиши мумкин эмас.
Фитначилар асосан Миср, Басра ва Куфада тухум қўйиб, урчиб кетишди. Фитнанинг бош қароргоҳи Миср эди. Унинг Ислом жамиятининг марказидан узоқда жойлашгани, у ерда ҳақиқий уламоларнинг, хусусан, саҳобаларнинг кам бўлгани ва бошқа шунга ўхшаш омиллар фитначиларнинг ўз фикр-мулоҳазаларини авом халққа етказишларига катта имкон берар эди.
Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда фитначиларга ҳам, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга ҳам қўшилмаган, балки у зотга талаб қўйиб, талаби бажарилгандагина байъат қилишларини айтган тоифа ҳам бор эди. Уларнинг гаплари ва қилган ишлари «Туя» ва «Сиффин» ҳодисаларидан ҳаммамизга маълум. Ушбу тоифанинг машҳур шахслари сифатида Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Муовия ибн Абу Суфён ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумни эслаш мумкин. Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари уларни: «Хато таъвил ва ижтиҳод қилганлар», деб баҳолайди. Улар ҳақоратланмайдилар, ёмонланмайдилар. Балки саҳобий бўлганлар бошқа саҳобаи киромлар билан бир қаторда кўрилади.
Уламоларимиз ва мусулмонлар жумҳури бу ишда ғоятда талабчан бўлгани сабабли бу ҳақда ҳар бир мусулмон шахс эътиқод қилиши лозим бўлган нарсани ақийда китобларимизга битиб ҳам қўйганлар.
Жумладан, аҳли сунна вал жамоанинг энг машҳур ақийда китобларидан бири бўлмиш «Ақийдаи Таҳовийя»да қуйидагилар айтилади:
«Биз уларнинг ҳаммалари ҳақида яхшилик билан: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан», деймиз (Ҳашр сураси, 10-оят).
Аллоҳ таоло бизнинг қўлларимизни ўз вақтида бўлиб ўтган фитнадан асраган. Биз Аллоҳдан тилларимизни ҳам мазкур фитнадан сақлашини сўраймиз».
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди