Машҳурлар эътирофи
Қуйида Америка, Европа ва Осиё мутафаккирларининг Ислом дини, Қуръони Карим ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларидаги эътирофлари билан танишасиз.
Ҳар сафар Қуръонни ўқиганимда, танам ичидаги руҳим титрайди.
Гёте,
немис ёзувчиси ва файласуфи
*****
Қуръон шариати ақл ва ҳикматга мувофиқлиги, уйғунлиги учун яқинда бутун оламда ҳукмронлик қилади.
Лев Толстой,
рус ёзувчиси
*****
Рисолатлар тарихида Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) олиб келган Қуръондан бошқа ҳарфларигача тўлиқ сақланган китоб мавжуд эмас.
Майкл Ҳарт,
америкалик астрофизик
*****
Қуръон китобларнинг китобидир. Мен ҳам бу китоб ҳақида, худди ҳар бир мусулмон эътиқод қилганидек, эътиқод қиламан.
Гёте,
немис ёзувчиси ва файласуфи
*****
Астроном олим Жеймс Жинс мусулмон аллома Иноятуллоҳ Машриқийнинг إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاء (“Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар”) оятини тиловат қилганини эшитди-да, додлаб юборди ва: “Даҳшат! Ажойиб! Ахир бу (яъни, Аллоҳдан фақат олимлар қўрқиши) эллик йиллик изланишларим натижасида аниқлаган нарсам-ку! Муҳаммадга бу ҳақиқатнинг хабарини ким берган? Ушбу оят ростдан ҳам Қуръонда борми? Агар шундай бўладиган бўлса, унда мен гувоҳлик бераманки, албатта, Қуръон Аллоҳнинг ҳузуридан унга (Муҳаммадга) ваҳий қилинган китобдир!” деди.
*****
Аллоҳ Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни сақлашни ваъда қилиб, وَاللّهُ يَعْصِمُكَ مِنَ النَّاسِ (“Аллоҳ сени одамлардан сақлайдир”) деганда, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қўриқчиларини кетказиб юборган. Киши ҳеч қачон ўзининг зарарига ёлғон гапирмайди. Агар ушбу Қуръон самодан тушмаганда эди, Муҳаммад қўриқчиларини ўзи билан қолдирган бўларди.
Бартелеми-Сент-Илер,
франциялик сиёсат арбоби
*****
Қуръон Аллоҳдан эканида шубҳа йўқ! Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг пайғамбарлиги собитлигида ҳам шубҳа йўқ!
Доктор Эренберг,
Осло университети устози
*****
Қуръон Аллоҳнинг Каломи деган гапни қабул қилишда ҳеч қандай қийинчиликни сезмадим. Чунки, Қуръонда ҳомила сифатларининг баён этилиши еттинчи аср илм-маърифатига асосланиши мумкин эмас. Битта оқилона хулоса шуки, бу тавсифлар Аллоҳ томонидан Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ваҳий этилгандир.
Ёшиеда Кузан,
Токио расадхонаси мудири
*****
Ҳаётимдаги энг катта воқеа шуки, мен Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳаётини синчковлик билан ўрганганиб чиқдим ва улуғворлик ҳамда абадийликни англадим.
Ламартин,
француз шоири
*****
Ким инсоний буюкликни Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) англагандек англади?! Қайси инсон у зот етган комиллик мартабасига ета олди?! Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Холиқ билан махлуқ ўртасида воситачи қилиб олинган ботил эътиқодларни йўқ қилди.
Ламартин,
француз шоири
*****
Мен тарихдан инсоният учун идеал шахсни изладим ва уни араб миллатига мансуб Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шахсиятида топдим.
Гёте,
немис ёзувчиси ва файласуфи
*****
Гёте етмиш ёшга чиққанда Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Карим нозил қилинган ўша муқаддас кеча (Қадр кечаси)ни хушуъ билан нишонлашга азму қарор қилганини атрофидагиларга эълон қилди.
*****
Албатта, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дунё буюкларининг буюгидир. У олиб келган Дин энг комил диндир!
Форис Хурий,
суриялик сиёсатчи
*****
Албатта, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бутун оламни ёритган юлдуздир.
Томас Карлейл,
британиялик ёзувчи
*****
Ислом Пайғамбарининг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳаётини диққат билан такрор-такрор ўқидим. Унда фақат (ҳар бир инсонга зарур бўлган) хулқни кўрдим. Ислом бутун оламнинг йўли бўлишини қанчалар орзу қилдим!
Томас Карлейл,
британиялик ёзувчи
*****
Тўплаб, таржима қилувчи Нозимжон Ҳошимжон
Бир ўтириб, яшаб ўтган шунча йиллик ҳаётимизда бошдан кечирган ғам-ғуссаларимиз ҳақида фикр юритиб кўрсак, қайғулар икки хил эканини кўрамиз:
Биринчиси – ўша пайтда кўзимизга катта кўриниб, ҳатто йиғлашимизга сабаб бўлган қайғуларимиз. Лекин вақт ўтиши билан улар аслида оддий нарса экани, йиғлашга арзимаслиги маълум бўлади. Баъзан ўша кунларни эслаганимизда кулгимиз келиб, «Шу арзимас нарса учун ҳам сиқилиб, йиғлаб юрган эканманми? У пайтларда анча ёш бўлган эканмиз-да», деб қўямиз.
Иккинчиси – ҳақиқатдан ҳам катта мусибатлар. Баъзилари ҳаётимизни зир титратган. Бу қайғулар ҳам ўтиб кетади, лекин ўчмайдиган из қолдириб кетади. Бу излар узоқ йилларгача қалбга оғриқ бериб тураверади. Бу қайғулар баъзан тўхтаб, баъзан ҳаракатга келиб, янгиланиб турадиган вулқонга ўхшайди. Бундай ғам-қайғуларнинг яхши тарафи шундаки, улар ҳаётда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Улар қалбимизда ўчмас из қолдирса, ҳар эслаганда кўзларимизда ёш қалқиса, энг асосийси – ўшанда дуога қўл очиб, сабр билан туриб бера олсак, кўп-кўп яхшиликларга, ажр-савобларга эга бўламиз. Ғам-қайғу янгиланиши билан яхшиликлар ҳам янгиланиб бораверади.
Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.
Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).
Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».
Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.
Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.